Забыли пароль?
Регистрация
Вопрос
Футбол клубларида тушум ва харажатларни юритиш тартиби қандай? Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот қандай тўлдирилади, унда ҳомийлик ёрдами акс эттирилиши лозимми?
Ўзбекистон Республикасида футбол клублари фаолиятни асосан ҳомий ташкилотлар маблағлари ҳисобидан амалга оширадилар. Бундан ташқари футбол ўйинларига чипта сотишдан даромад оламиз. Ҳар йили футбол клубининг йиллик сметаси тузилади ҳамда ҳомийлар томонидан тасдиқланади. Футбол клублари барча солиқ ва мажбурий тўловлардан озод қилинган (ЯИТ, фуқароларнинг Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари ва даромад солиғидан ташқари). Бизнинг футбол клубимиз МЧЖ шаклида тузилган бўлиб, Футбол федерацияси аъзоси ҳисобланади. ХХТУТ коди 91700 “Жисмоний тарбия ва спорт”.


Ответы экспертов
Ответов: 314
24.02.2016

Бухгалтерия ҳисоби

Ўзбекистон Республикасида футбол клуби тўғрисидаги Намунавий низомдан (Давлат спорт қўмитаси ва Футбол федерацияси томонидан 25.01.1996 йилда тасдиқланган, АВ томонидан 26.01.1996 йилда 218-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган) келиб чиқиб футбол клуби (кейинги ўринларда ФК деб юритилади) адлия органларида рўйхатдан ўтказилади. ФК турли мулкчилик шаклига эга бўлиши мумкин, клубнинг молиявий фаолияти тўла хўжалик ҳисоби, ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш ва ўз харажатларини ўзи қоплаш асосида амалга оширилади. ФК тугатилаётганда барча мажбуриятлар сўндирилгандан кейин қоладиган мол-мулк муассислар ўртасида тақсимланади.  Бошқача айтганда ФК тижорат корхонаси шаклида барпо этилади.

Сизнинг хатингиздан футбол клуби ХХТУТ 91700 “Жисмоний тарбия ва спорт” коди билан МЧЖ шаклида барпо этилганлиги, яъни тижорат ташкилоти ҳисобланиши келиб чиқади. Тижорат ташкилотлари “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонун, Бухгалтерия ҳисоби миллий стандартлари ва бошқа норматив ҳужжатларга мувофиқ бухгалтерия ҳисобини юритади.

ФКда даромад ва харажатларни ҳисобга олиш бошқа тижорат ташкилотларида каби Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида низомга (ЎзР ВМнинг 05.02.1999 йилдаги 54-сон қарорига илова) мувофиқ юритилади.

Тижорат ташкилотлари Молиявий ҳисобот шаклларини тўлдириш бўйича қоидаларга (АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган, Молия вазирининг 27.12.2002 йилдаги 140-сон қарорига 2-илова) мувофиқ “Молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот”ни (2-сон шакл) тўлдиради.

Футбол ўйинларига чипталарни сотишдан олинадиган тушум ФКнинг асосий фаолиятига киради ва 9030 “Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар” счёти бўйича акс эттирилади. 2-сон шаклда, 010 “Маҳсулотларни (товарларни, ишларни, хизматларни) сотишдан олинган соф тушум” сатрида акс эттирилади.

“Сотилган маҳсулот (товарлар, ишлар ва хизматлар) таннархи” моддаси бўйича (020-сатр) сотилган маҳсулот (товарлар, ишлар, хизматлар) таннархини ҳисобга олиш ҳисобварақларида (9100) ҳисобга олинган, сотилган маҳсулот (товарлар, ишлар, хизматлар) таннархининг суммаси кўрсатилади.

“Давр харажатлари, жами” моддаси бўйича (040-сатр) ҳисобот санасига барча давр харажатлари суммаси кўрсатилади (маъмурий харажатлар, сотиш харажатлари, бошқа операцион харажатлар).

Ҳомийлик ёрдами пул маблағларини ҳисобга олиш счётлари билан корреспонденцияда 9380 “Текин олинган пул маблағлари” кредитида ҳисобга олинади. 2-сон шаклда “Асосий фаолиятдан бошқа даромадлар” моддаси бўйича (090-сатр) кўрсатилади.

Шундай қилиб,  “Молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот” шаклида ҳисобот даврида ФК томонидан ҳисобланган барча даромадлар (шу жумладан чипталар сотишдан олинган тушум, ҳомийлик ёрдами) ва харажатлар кўрсатилади. 2-сон шаклнинг якуний сатрларида ФК фаолиятининг молиявий натижаси аниқланади.

Солиқ солиш

ЎзР ВМнинг “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш масалалари тўғрисида”ги қарорида (01.06.2012 йилдаги 158-сон) профессионал футбол клубларига 2018 йил 1 январгача солиқлар ва йиғимларнинг барча турлари (ягона ижтимоий тўловдан ташқари) бўйича имтиёзлар тақдим қилинган. Имтиёз бўшаб қоладиган маблағлар футболни ривожлантиришга мақсадли йўналтириш шарти билан тақдим қилинган.

Футбол клуби қонунчиликда кўзда тутилган тартибда рўйхатдан ўтказилган тақдирда, сиз солиқлар ва йиғимларнинг барча турлари (ЯИТдан ташқари) бўйича имтиёзларни қўллашга ҳақлисиз.

Мақсадли ишлатиш билан солиқ имтиёзларини ҳисобга олиш Юридик шахсларга солиқлар, божхона ва мажбурий тўловларни   бюджетга   тўлаш   бўйича   берилган имтиёзларни расмийлаштириш ва бухгалтерлик ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисида низомга (АВ томонидан 02.04.2005 йилда 1463-сон билан рўйхатдан ўтказилган) асосан амалга оширилади.

Солиқлар ва божхона имтиёзлари бўшаётган маблағларни мақсадли вазифаларни бажариш учун йўналтириш шарти билан берилганда солиқлар, божхона ва мажбурий тўловларни бюджетга ҳисоблаб ёзиш қонун ҳужжатларига мувофиқ умумбелгиланган тартибда амалга оширилади. Бироқ бунда ҳисоблаб ёзилган солиқлар ва тўловлар бюджетга ўтказилмайди, балки бўшаган маблағлар мақсадли вазифаларни бажариш учун йўналтирилиши керак.

Бўшаётган маблағларни мақсадли вазифаларни бажаришга йўналтириш шарти билан солиқлар ва божхона имтиёзларининг бухгалтерлик ҳисоби 8840 "Мақсадли ишлатиладиган солиқ имтиёзлари" счётида, берилган солиқлар ва божхона имтиёзларининг турлари бўйича юритилади.

ФКнинг солиқ ҳисоботи танланган солиқ солиш тизимига мувофиқ белгиланган тартибда тўлдирилади. Имтиёзли солиқлар ҳисоблаб ёзилади, бироқ бюджетга тўланмайди, балки мақсадли вазифаларни бажариш (футболни ривожлантириш) учун клуб тасарруфида қолади.

Ответы экспертов отражают их мнение и создают информационную основу для принятия Вами самостоятельных решений. Пользование этим сервисом осуществляется по правилам, с которыми Вы согласились, задавая вопрос на сайте. Просмотр всех вопросов и ответов открыт в свободном доступе.
Ответы актуальны на дату публикации.

Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика