Забыли пароль?
Регистрация
Вопрос
Корхона ҳисобидан яроқлилик муддати ўтган тайёр маҳсулотлар (бинт, тиббий вата), сифати бузилган хом ашё (пахта, химикатлар, реагентлар), яроқсиз ҳолатдаги инвентарлар, маънавий ва жисмонан эскирган асосий воситалар ҳамда компьютер техникасини чиқариш (йўқ қилиш)нинг тартиби қандай? Бунинг учун четдан қандай назорат қилувчи ташкилотлар иштироки талаб этилади?
Корхонамиз Банк муассасасидан банкрот ҳолатидаги пахта маҳсулотлари (бинт, тиббий вата) ишлаб чиқарувчи жамиятга тегишли мол-мулкни сотиб олган. Олинган мол-мулк таркибида бино, хом ашё ва материаллар, тайёр маҳсулот, компьютер техникаси ҳамда асбоб-ускуналар мавжуд. Лекин ушбу мол-мулкнинг аксарият қисми истеъмолга яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Ҳозирги вақтда корхонамиз шу турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни давом эттирмокда. Корхона омборларида сақланаётган, яроқлилик муддати ўтган тайёр маҳсулотлар (бинт, тиббий вата), сифати бузилган хом ашё (пахта, химикатлар, реагентлар), яроқсиз ҳолатдаги инвентарлар, маънавий ва жисмонан эскирган асосий воситалар ҳамда компьютер техникасини ҳисобдан чиқариш зарурати мавжуд.


Ответы экспертов
Ответов: 423
01.06.2016

ТМЗни ҳисобдан чиқариш

ТМЗ (шу жумладан тайёр маҳсулотлар, хом ашё ва материаллар, инвентарь) балансдан сақлаш муддати тугагач яроқсизлиги сабабли, жисмонан ва маънан эскирганлиги натижасида чиқарилиши мумкин (№4-сон БҲМС «Товар-моддий заҳиралар»нинг 49-банди).

ТМЗни тиклашнинг мумкин эмаслигини ёки иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмаслигини аниқлаш, уларнинг ишлаб чиқаришда фойдаланишга яроқсизлигини белгилаш ҳамда уларни ҳисобдан чиқаришга ҳужжатларни расмийлаштириш учун корхона раҳбари томонидан буйруқ асосида доимий комиссия тузилиши мумкин. Комиссия таркибига корхонанинг тегишли мутахассислари, бухгалтерия ходимлари ва ҳисобдан чиқарилаётган активларга моддий жавобгар шахслар киритилиши керак. Комиссия ҳисобдан чиқариш керак бўлган моддий қимматликларнинг бевосита кўригини амалга оширади, бунда уларни зарур техник ҳужжатлар ва бухгалтерия ҳисоби маълумотлари билан солиштиради. Ҳисобдан чиқариш жараёнини яроқсиз ТМЗларни тугатиш (йўқ қилиш) тўғрисидаги далолатнома (тугатиш сабабларини кўрсатган ҳолда) билан расмийлаштириш керак. Далолатнома икки нусхада тузилади, корхона раҳбари томонидан тайинланган комиссия аъзолари томонидан имзоланади ва корхона раҳбари томонидан тасдиқланади. Биринчи нусхаси бухгалтерияга берилади, иккинчи нусхаси моддий жавобгар бўлган шахсда қолади.

Чиқиб кетиш муносабати билан товар-моддий захираларни исталган ҳисобдан чиқариш суммаси ва уларга доир барча зарарлар ҳисобдан чиқариш юз берган ёки зарар етказилган ҳисобот даври мобайнида харажат сифатида ҳисобга олиниши керак. (№4-сон БҲМС «Товар-моддий заҳиралар»нинг 51-банди).

  “Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида Низом” (ЎзР ВМ 05.02.1999 й. 54-сон қарорига илова) нинг 2.3.15.11-бандига мувофиқ Хўжалик юритувчи субъектнинг асосий воситалари ва бошқа мол-мулки (активлари)нинг чиқиб кетиши (балансдан чиқариш)дан кўрилган зарарлар бошқа операция харажатларига киритилади ва 9430 “Бошқа операция харажатлари” счётида акс эттирилади.

Асосий воситаларни ҳисобдан чиқариш

Асосий воситалар тикланиши мумкин бўлмаган ёки иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлмаган ҳолатларда уларни тугатиш муносабати билан балансдан ҳисобдан чиқарилиши мумкин. Асосий воситаларни тугатиш тўлиқ эскириш ҳисоблаб ёзилганидан кейин; жисмоний эскириш, ҳалокатлар, табиий офатлар, фойдаланишнинг рисоладаги шарт-шароитларини бузиш оқибатида яроқсиз ҳолга келганида; корхона ва ташкилотларнинг қурилиши, кенгайтирилиши, реконструкция қилиниши, замонавийлаштирилиши ва техник қайта жиҳозланиши муносабати билан, шунингдек тегишли давлат органларининг қарорлари бўйича амалга оширилиши мумкин. (Асосий воситалар қийматини балансдан чиқариш тартиби тўғрисида Низомнинг 6-банди, АВ томонидан 29.08.2004 й. 1401-сон билан рўйхатга олинган). Шу билан биргаликда 1401-сон Низомнинг 7-бандига мувофиқ асосий воситаларни тугатишни қуйидагилар амалга оширадилар:

а) бюджет ташкилотлари - юқори ташкилот билан келишган ҳолда, юқори ташкилот мавжуд бўлмаганда - қонун ҳужжатларига мувофиқ мустақил равишда;

б) унитар корхоналар томонидан хўжалик юритиш ҳуқуқи билан уларга тегишли бўлган кўчмас асосий воситалар - корхона мол-мулкининг мулкдори розилиги билан, қолган асосий воситалар эса - қонун ҳужжатларига асосан мустақил равишда;

в) тезкор бошқарув ҳуқуқига асосланган давлат унитар корхоналари томонидан (бундан кейин  давлат корхоналари) корхона муассисининг розилиги билан;

г) бошқа корхона ва ташкилотлар - қонун ҳужжатларига мувофиқ мустақил равишда

Корхоналарда асосий воситаларни тугатиш муносабати билан уларни ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш учун худди ТМЗлар каби раҳбар (раҳбар ўринбосари) ёки бош муҳандис раислигида комиссия тузилади. Комиссия корхона раҳбарининг буйруғи билан тузилади. Комиссия таркибига корхонанинг тегишли мутахассислари, бухгалтерия ходимлари ва моддий жавобгар шахслари киритилиши керак. Комиссия ҳисобдан чиқариш керак бўлган асосий воситаларнинг бевосита кўригини амалга оширади, бунда зарур техник ҳужжатлар, шунингдек, бухгалтерия ҳисоби маълумотларидан фойдаланади; уларни тиклашнинг мумкин эмаслигини ёки иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмаслигини аниқлайди; асосий воситаларни ҳисобдан чиқариш сабабларини аниқлайди; тугатилаётган асосий воситаларнинг айрим узеллари, деталлари, материаллари, рангли ва қимматбаҳо металларидан фойдаланиш имкониятини белгилайди ва уларни баҳолайди ҳамда тегишли омборга топширилишини назорат қилади.

Қисмларга бўлинган ва демонтаж қилинган асосий воситанинг бошқа асосий воситани таъмирлаш учун яроқли бўлган барча узеллари, деталлари, материаллари, рангли ва қимматбаҳо металлари улар ҳисобга олинадиган тегишли ҳисобварақларга асосий воситаларни тугатиш комиссияси томонидан белгиланадиган эҳтимолий фойдаланиш нархи бўйича кирим қилинади. Яроқсиз узеллар, деталлар, материаллар, рангли ва қимматбаҳо металлар иккиламчи хом ашё (темир-терсак, қийқинди ёки ўтин) сифатида кирим қилинади ҳамда корхона ёки ташкилотнинг хоҳиши бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишлатилади.

Асосий воситаларни уларнинг тугатилиши сабабли ҳисобдан чиқариш тўғрисида комиссия томонидан қабул қилинган қарор натижалари мазкур Низомга 1-сон иловага асосан асосий воситаларни тугатиш тўғрисидаги далолатнома билан (АВ-4-сон шакл), шу жумладан транспорт воситалари бўйича 1401-сон Низомга 2-сон иловага асосан транспорт воситаларини тугатиш тўғрисидаги далолатнома (АВ-4а-сон шакл) билан расмийлаштирилади. Шуни назарда тутиш керакки, тугатиш далолатномалари тасдиқлангунига қадар асосий воситаларни қисмларга бўлиш ва демонтаж қилишга йўл қўйилмайди

Тугатиш жараёни якунланганидан сўнг корхона ёки ташкилот бухгалтерияси томонидан асосий воситаларни тугатиш билан боғлиқ харажатлар ва уларни тугатишдан моддий бойликларнинг келиб тушиши тўғрисида 1401-сон Низомга 3-сон иловага асосан маълумотнома тайёрланади.

Асосий воситаларни тугатилиши бухгалтерия ҳисобида 1401-сон Низомнинг 21,22-бандларига мувофиқ амалга оширилади. 

Порядок уничтожения непригодных ТМЦ

Йўқ қилиш ёки утилизация қилиш усуллари (ёқиш, синдириш, эзиш, тўкиш, кўмиш) мулк эгаси томонидан белгиланади, аммо усбу усул норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бериши керак. Жорий қонунчиликда хавфли чиқиндиларни утилизация қилишнинг алоҳида тартиби белгиланган.

Чиқиндилар бу ишлаб чиқариш ёки истеъмол қилиш жараёнида хом ашё, материаллар, хомаки маҳсулотлар, бошқа буюмлар ёки маҳсулотларнинг ҳосил бўлган қолдиқлари, шунингдек ўзининг истеъмол хусусиятларини йўқотган товарлар (маҳсулотлар)дир (Ўзбекистон Республикасининг 05.04.2002 й. 362-II-сон "Чиқиндилар тўғрисида"ги Қонунининг 2-моддаси). “Махсустранс” ИЧБ ёки бошқа ваколатли чиқиндиларни йўқ қилиш жойига етказувчи ташкилотлар яроқсиз хом ашёларни омбордан олиб чиқиб кетиши мумкин.

Чиқиндиларни йўқ қилишда қуйидаги қонун ҳужжатларига асосланишингизни маслаҳат берамиз:

-    "Чиқиндилар тўғрисида"ги Қонун;

-    Қўллаш учун яроқсиз дори воситалари ва тиббий буюмларни йўқ қилиш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома (АВ томонидан 25.05.2010 й. 2106-сон билан рўйхатга олинган);

-      Симобли лампаларнинг ишлатилиб бўлган ресурсларини тўплаш ва уларни утилизация қилишни ташкил этиш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 21.09.2011 й. 266-сон қарорига илова);

-    Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида давлат ҳисоби ва назоратини олиб бориш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 27.10.2014 й. 295-сон қарорига илова);

-    Қоғоз чиқиндиларини тўплаш, тайёрлаш ва қайта ишлаш учун етказиб бериш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 01.07.2009 й. 1979-сон билан рўйхатга олинган);

-    Қора ва рангли металлар парчалари ва чиқиндиларини тайёрлаш, сақлаш, эҳтиётлаш ва топшириш Тартиби (ЎзР ВМ 05.02.1999 й. 49-сон қарорига 1-илова).

"Чиқиндилар тўғрисида"ги Қонуннинг 14-моддасига мувофиқ, юридик шахслар чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органларидан чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги санитария нормалари ва қоидалари, экологик нормативлар тўғрисида белгиланган тартибда ахборот олишга ҳақлидирлар. Шунинг учун, табиатни сақлаш давлат идоралари билан юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш учун сизга Табиатни Сақлаш Давлат Қўмитаси (www.uznature.uz) га нима ва қанча миқдорда утиллаштирилиши кераклигини кўрсатган ҳолда хат ёзишингизни маслаҳат берамиз. Қўмита мутахассислари чиқиндиларни йўқ қилиш усуллари ва жойини аниқлаштириб бериши ёки чиқиндиларни экологик экспертизадан ўтказиб, утиллаштириш учун қайси ташкилот билан шартнома тузишингиз мумкинлиги ҳақида маълумот беришади.

Ответы экспертов отражают их мнение и создают информационную основу для принятия Вами самостоятельных решений. Пользование этим сервисом осуществляется по правилам, с которыми Вы согласились, задавая вопрос на сайте. Просмотр всех вопросов и ответов открыт в свободном доступе.
Ответы актуальны на дату публикации.

Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика