Забыли пароль?
Регистрация
Вопрос
ЯТТ сифатида руйхатдан ўтмасдан чакана савдо билан шуғулланган фуқарога кандай чоралар кўрилади? ПК 2270 карор 11 иловасида ЯТТ нинг чакана савдо фаолияти учун белгиланган солик ставкаси - тургун савдо шахобчаси оркали чакана савдо килувчи ЯТТ лар учун белгиланган эмасми? Умуман чакана савдо фаолияти билан шугулланувчи ЯТТ бўлиш учун қандай шартлар бажарилиши керак?
Солик инспекцияси ходимлари томонидан деҳқон бозорида ўтказилган рейд текширувида кичкина аравачада трикотаж кийим кечаклар билан савдо қилганлик учун далолатнома расмийлаштирилиб, сотишга олиб чикилган 564,0 минг сумлик товар моддий бойликлари олиб куйилган. Кейинчалик фукарога нисбатан суд оркали МЖТК 176-2 бандига асосан маъмурий жарима кулланилган ва 564,0 минг сум бойликлар мусодара килинган. Фукаро якка тартибда тадбиркор сифатида давлат руйхатидан утиб ишлашга молиявий имконияти йуклиги сабабли рўйхатдан ўтмаган. Солик инспекцияси маъсул ходимлари юкорида кўрилган чоралардан кейин УзР Президентининг ПК2270- сонли қарори 11 иловасига асосан ЯТТ лар учун белгиланган ставканинг чакана савдо фаолияти учун белгиланган ставкада 12 ойлик ставка микдорида бир йиллик солик суммаси миқдорида молиявий жарима қўллаш максадида судга бериш чоралари кўрилишини билдиришди. Ушбу холатда фукарога битта қонунбузарлик учун 2 марта жазоланаётганга ўхшаб колмокда.


Ответы экспертов
Ответов: 278
10.07.2016

«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг[1] (бундан кейин – Қонун) 3-моддасида белгиланишича, тадбиркорлик фаолияти (тадбиркорлик) тадбиркорлик фаолияти субъектлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган, ўзи таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускорлик фаолиятидир.

Тадбиркорлик субъектлари белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслардир (Қонун 4-моддасининг биринчи қисми).

Фуқаролик кодекси 24-моддасининг биринчи қисмида белгиланганидек, фуқаро якка тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга ҳақлидир. Бундан кўриниб турибдики, тадбиркорлик (шу жумладан якка тартибдаги) билан давлат рўйхатидан ўтмасдан шуғулланишга йўл қўйилмайди. Хаттоки молиявий имкониятига эга бўлмаган фуқаролар учун. Ноқонуний тадбиркорлик фаолияти Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси (МЖтК) 176-моддасининг тегишли қисми бўйича, жуда кўп миқдордаги[2] назорат қилинмайдиган даромад олган ҳолда уни амалга ошириш эса Жиноят кодексининг 188-моддаси бўйича таъқиб этилади.

МЖтК 176-моддасининг иккинчи қисми тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтмасдан анча миқдордаги[3] назорат қилинмайдиган даромад олган ҳолда амалга ошириш учун ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг 7 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солиш тарзидаги маъмурий жазони назарда тутади.

Олий суди Пленумининг 1996 йил 15 мартдаги «Савдо соҳасидаги жиноятлар ва бошқа ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида»ги 9-сонли қарори 4-бандининг учинчи хатбошида тушунтирилганидек, ноқонуний тадбиркорлик фаолияти (маҳсулотлар, ишлар, хизматларни реализация қилиш) натижасида олинган назорат қилинмайдиган даромадни аниқлашда, мазкур фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ чиқимлар чегириб ташланган ҳолда ҳисобга олинган тушум суммасидан келиб чиқиш лозим.

Энди, Президентнинг ПК-2270-сонли қарорига 12 иловасини, аниқроғи ундаги изоҳнинг 3-бандини қўллаш масаласи юзасидан. Ушбу бандга кўра, жисмоний шахслар томонидан ЯТТ сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият турлари амалга оширилганлиги ҳолатлари аниқланган тақдирда, солиқ органлари белгиланган ставкадан келиб чиққан ҳолда йиллик ҳажмда тегишли фаолият тури бўйича бир йўла қатъий белгиланган солиқни ундирадилар, бундан жисмоний шахснинг рўйхатидан ўтмасдан фаолият кўрсатаётганлиги далили аниқланган санадан бошлаб 30 кун мобайнида унинг ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтганлиги аниқланган ҳолатлар мустасно. Бундай шахсга ҳисоблаб ёзилган йиллик қатъий белгиланган солиқ суммасини Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган тартибда[4] ушбу давр учун қатъий белгиланган солиқ бўйича келгусидаги солиқ мажбуриятлари ҳисобига 12 ой мобайнида тўлаш ҳуқуқи тақдим этилади.

Кўриниб турибдики, ушбу нормада Солиқ кодекси мазмунидаги молиявий санкция[5] умуман назарда тутилмаган. Унда йиллик ҳажмда қатъий белгиланган солиқни айнан шу муддат мобайнида ўзи тўлаш учун фуқарога имконият беришга ёки, акс ҳолда, ушбу тўловни мажбурий ундиришга йўналтирилган чоралар ҳақида гап юритилмоқда. Низом 7-бандининг иккинчи хатбошида кўрсатилишича, қарз суммаси Солиқ кодексида белгиланган тартибда ундирилади.

Демак, сиз айтиб ўтган фуқаро у битта ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун икки марта жазоланганлиги тўғрисида фикр юритишга ҳуқуқий асос мавжуд эмас.

Шу билан бирга МЖтК 176-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган изоҳга ҳам қаратамиз. Унга кўра, ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган шахс ноқонуний тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромад давлатга ихтиёрий равишда тўланган, шунингдек тадбиркорлик субъектини белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш амалга оширилган тақдирда ҳуқуқбузарлик ашёлари мусодара қилинмаган ҳолда жавобгарликдан озод қилинади. (Бу ҳақда батафсилроқ 2463-сонли Низомга қаранг.)

Шуни ҳам назарингизга олишингиз керакки, ҳар навбатдаги йил учун Президентнинг қарори билан тасдиқланадиган ЯТТлардан олинадиган қатъий белгиланган солиқ ставкалари амалдаги ЯТТларга ҳамда ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтмасдан фаолият турлари амалга ошираётган (оширган) (шу жумладан тургун савдо шахобчаси орқали ёки бундай шахобчасиз чакана савдо қилувчи) жисмоний шахсларга нисбатан қўлланилади.

Чакана савдо фаолияти билан шуғулланувчи ЯТТ бўлиш учун асосий шартлар қуйидагича. Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида Низомнинг (ВМнинг 2002 йил 26 ноябрдаги 407-сон қарорига илова, бундан кейин – 407-сонли Низом) 22-бандига биноан ЯТТлар чакана савдо билан турғун чакана савдо шохобчалари орқали чакана савдо билан қуйидагилар асосида шуғулланишлари мумкин:

юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар;

ЯТТда чакана савдони амалга ошириш учун моддий-техник базанинг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

солиқ органининг назорат-касса машинасини олдиндан рўйхатдан ўтказганлик тўғрисидаги маълумотномалари.

ЯТТ томонидан савдо комплексларида чакана савдо юқорида номланган гувоҳнома ва савдо комплекси маъмуриятининг унга турғун савдо шохобчаси бериш тўғрисидаги маълумотномаси асосида амалга оширилади (407-сонли Низомнинг 35-банди).

Бундан ташқари, жисмоний шахс ЯТТ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин тижорат банкида талаб қилиб олинадиган депозит ҳисоб рақами очиши шарт.

ЯТТларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларни ҳисобга қўйиш ва ўзингизга керакли бошқа қўшимча маълумотларни сиз қуйидаги норматив-ҳуқуқий хужжатлардан олишингиз мумкин:

Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисида низом (Президентнинг 2006 йил 24 майдаги ПҚ-357-сон қарорига илова);

Тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарларни олиб келувчи юридик шахс бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 2004 йил 2 сентябрдаги 413-сон қарорига 1-илова);

Савдо фаолиятини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан товар операциялари ва даромадларни ҳисобга олиш тартиби тўғрисида низом (АВда 2003 йил 8 январда 1197-сон билан рўйхатга олинган МВ, Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, ДСҚнинг қарорига илова).

 


[1] 2012 йид 2 майдаги ЎРҚ-328-сон Қонуни таҳриридаги 2000 йил 25 майдаги 69-II-сонли Қонун.

[2]Жуда кўп миқдор – энг кам ойлик иш ҳақининг беш юз баравари ва ундан ортиқ бўлган миқдор (Жиноят кодексининг саккизинчи бўлими).

[3] Анча миқдор деганда энг кам иш ҳақининг 100 бараваридан 300 бараваригача бўлган доирадаги, кўп миқдор деганда эса, энг кам иш ҳақининг 300 бараваридан 500 бараваригача бўлган доирадаги миқдор тушунилади (МЖтК 164-моддасининг олтинчи қисми).

[4] Қаранг: Давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслардан қатъий белгиланган солиқни ундириш тартиби тўғрисидаги низом (АВда 2013 йил 31 майда 2463-сон билан рўйхатга олинган МВ ва ДСҚсининг қарорига илова, бундан кейин – 2463-сонли Низом.)

[5] Солиққа оид ҳуқуқбузарликларнинг турлари ҳамда уларни содир этганлик учун жавобгарлик чоралари (молиявий санкциялар) Солик кодексининг 113, 114, 118-121-моддаларида назарда тутилган.

Ответы экспертов отражают их мнение и создают информационную основу для принятия Вами самостоятельных решений. Пользование этим сервисом осуществляется по правилам, с которыми Вы согласились, задавая вопрос на сайте. Просмотр всех вопросов и ответов открыт в свободном доступе.
Ответы актуальны на дату публикации.

Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика