Забыли пароль?
Регистрация
Вопрос
“А” юридик шахс “Б” юридик шахсга қарашли бўлган бинони ижарага олиб, бинода ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланмоқчи. Ижара шартномасида электр энергия ва табиий газ харажатлари “А” юридик шахс, яъни ижарага олувчи ҳисобидан қопланиши назарда тутилса, “А” юридик шахс электр энергия ва табиий газ харажатларини коммунал ташкилотлар билан шартнома тузмасдан туриб тўловни тўғридан-тўғри коммунал ташкилотларнинг ҳисоб-рақамига ўтказиб бериши мумкинми?


Ответы экспертов
Ответов: 277
26.07.2016

Йўқ, мумкин эмас. Чунки ижарага олувчи томонидан коммунал хизматлар ҳақининг тўғридан-тўғри уларни етказиб берувчиларга тўланиши бўйича муносабатлар бошқа муҳим шартлар каби улар билан тузилган тегишли шартномага асосланиши лозим.

Энергия таъминоти шартномасига доир махсус нормалар Фуқаролик кодекси (бундан кейин - ФК) 29-бобининг 6-параграфи, 2009 йил 30 сентябрдаги «Электр энергетикаси тўғрисида»ги ЎРҚ-225-сонли Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 22 августдаги 245-сон қарори билан тасдиқланган Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларида (бундан кейин – Қоидалар) кўрсатилган.

ФК фуқаролар ва юридик шахслар учун ушбу шартномани тузишнинг турлича тартибини ўрнатади:  фуқаро томонидан тармоққа амалда уланиш бўйича конклюдент ҳатти-ҳаракатларни[1] бажариш, юридик шахс билан эса ёзма шартнома тузиш йўли билан. Электр энергиядан турмушда (рўзғорда) фойдаланадиган фуқаро билан шартнома тузилганлигини эътироф этиш учун у тармоққа амалда уланганлиги етарлидир ва шу билан бирга зарурдир.

Юридик шахс – абонент билан энергия таъминоти шартномаси оддий ёзма шаклда тузилишлиги тўғрисидаги хулоса ФКнинг 108-моддасининг, 1998 йил 29 августдаги  «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги 670-I-сонли Қонуни 11-моддаси биринчи қисмининг ҳамда Қоидалар бир қатор бандларининг мазмунидан келиб чиқади. Масалан, Қоидалар 2-бандининг олтинчи хатбошида келтирилган электр таъминоти шартномаси тушунчасидан у ёзма битим эканлиги назарда тутилади.

Қоидаларнинг 3-бандида кўрсатилишича, электр энергиясини етказиб бериш, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва энергия қурилмалари шу ташкилот тармоғига бевосита уланган истеъмолчи ўртасида тузилган электр таъминоти шартномаси асосида амалга оширилади. Унинг намунавий (бинобарин, ёзма) шакли «Ўзбекэнерго» АЖ томонидан ишлаб чиқилади ва белгиланган тартибда «Ўздавэнергоназорат» ДИ томонидан тасдиқланади.

Шартномада, Қоидаларнинг 3-бандида келтирилган шартлар билан бир қаторда, электр энергиясининг тегишли тарифлари бўйича бундай энергияси учун истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар (Қоидаларнинг 52-банди) ва ҳ.к. тўғрисидаги шартлар назарда тутилиши керак.

Эътиборингизни Қоидалардаги айрим бошқа нормаларга ҳам қаратамиз:

худудий электр тармоқлари корхонаси турар жой ва нотурар жой фонди биноларининг эгалари ва ижарачиларюридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар билан электр таъминоти шартномаси тузади ва уларга шахсий ҳисоб рақамлари очади (93-банднинг биринчи хатбоши);

ижарачилар (юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар) турар жой ва нотурар жой фонди биносининг эгаси билан шартнома тузилгандан кейин уч кун муддатда ижарага олинган бинода электр энергиясидан фойдаланиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш учун ҳудудий электр тармоқлари корхонасига мурожаат қилиши шарт (100-баднинг биринчи хатбоши);

электр энергиясини электр таъминоти шартномасисиз истеъмол қилиш ҳолати худудий электр тармоқлари корхонаси ёки унинг электр таъминоти корхонаси томонидан электр энергиясини истеъмолчига етказиб беришни тўхтатиб қўиш (узиб қўйиш) учун асос бўлади (129-банднинг учинчи хатбоши).

Қолаверса,  ФК 234-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилганидек, мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ФКда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади. Ижарага олувчи томонидан коммунал хизматлар ҳақининг тўғридан-тўғри уларни етказиб берувчиларга тўлаш мажбурияти эса шартномадан келиб чиқишлиги аниқ.

Шундай қилиб, яна бир бор таъкидлаймиз: ягар ижара шартномасида ижарага олувчининг электр энергияси тўлаш билан боғлиқ харажатларни (ижарага берувчига тушунмоғлиги лозим) қоплаш мажбурияти назарда тутилган бўлса, ижарага олувчи ушбу энергияни етказиб берувчига тегишли шартнома тузмасдан тўғридан-тўғри тўлашга ҳақли эмас.

Газ таъминоти шартномасини тузиш масаласида ҳам худди шундай фикрга асосланиш керак[2].

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, қўйилган савол билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш учун амалдаги қонун ҳужжатларга (хеч бўлмаса Қоидаларнинг ўзига) тегишли ўзгартириш ва/ёки қўшимачалар киритиш  ва шу билан бирга ушбу ҳужжатларнинг нормаларини такомиллаштириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

 


[1] Яъни шахснинг ўзини тутишидан битимни тузиш истаги яққол кўринадиган ҳулқ-атвори орқали тузилиши мумкин.

[2] ФК 478-моддасининг иккинчи қисмига биноан агар қонун ҳужжатларида, шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ёки у мажбурият моҳиятидан келиб чиқмаса, туташтирилган тармоқ орқали газ, нефть ва нефть маҳсулотлари, сув ва бошқа товарлар билан таъминлаш муносабатларига нисбатан электр таъминоти қоидалари қўлланади (ФК 29-бобининг 6-параграфи). Конун ҳужжатларида мазкур масаласи бўйича бошқача тартиб назарда тутилмаган.

Ответы экспертов отражают их мнение и создают информационную основу для принятия Вами самостоятельных решений. Пользование этим сервисом осуществляется по правилам, с которыми Вы согласились, задавая вопрос на сайте. Просмотр всех вопросов и ответов открыт в свободном доступе.
Ответы актуальны на дату публикации.

Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика