Забыли пароль?
Регистрация
Вопрос
Аутсорсинг шартномаси бўйича ишга жалб этилган ходимлар жамият ходимларининг ўртача йиллик сонига таъсир қиладими?
Қурилиш материалларига мувофиқлик сертификатини бериш ва қурилиш-синов лабораторияси хизматларини кўрсатиш билан шуғулланадиган жамиятимиз 2016 йилда микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига киради. Ходимларнинг ўртача йиллик сони 24 кишини ташкил этиб, жамият ягона солиқ тўловчиси ҳисобланади. Бугунги кунда буюртмачи-ташкилотлардан янги шартномалар тузиш ва хизмат кўрсатиш кўламини кенгайтиришимизга доир таклиф-сўровномалар келиб тушмоқда. Мазкур тузиладиган шартномаларни бажарилишини таъминлаш учун эса жамиятга қўшимча тарзда яна 7 та ходим ишга олиниши зарур бўлмоқда. Агарда қўшимча тарзда 7 та ходим ишга олингудек бўлса, ходимларнинг ўртача йиллик сони 25 бирликдан ошиб кетиши юз бериб жамият микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига кирмайди ва сабаб-оқибатда жамият умумий тартибда ўрнатилган солиқларни тўлаш тизимига ўтишга мажбур бўлиб қолмокда. Микрофирмалар ва кичик корхоналар муносабатларини ва солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини сақлаб қолиш мақсадида жамият бошқа юридик шахслар билан ходимлар таъминоти бўйича аутсорсинг шартномаси тузишни режалаштирмоқда. Бошқа юридик шахслар томонидан аутсорсинг шартномаси асосида таъминланган 7 та ходим ёрдами билан жамият томонидан тегишли хизматлар амалга оширилади.


Ответы экспертов
Ответов: 14
22.08.2016

Аутсо́рсинг (инг. тилидан outsourcing: (outer-source-using) ташқи манба ва/ёки ресурсдан фойдаланиш) — ташкилот томонидан ишлаб чиқариш тадбиркорлик фаолиятининг маълум бир тури ёки функциясини юритишни тегишли тармоқда фаолият кўрсатаётган бошқа компанияларга шартнома асосида берилиши. Бир марталик, эпизодик ва тасодифий характерга эга бўлган ҳамда бошланиши ва тугаши чегараланган хизматлардан фарқли ўлароқ, алохида олинган системанинг ва ёки инфраструктуранинг узлуксиз ишлашини касбий махорат асосида қўллаб-қувватлаш функцияси узок муддатли контрактлар (1 йилдан кам бўлмаган муддатларда) асосида аутсорсингга берилади.

Аутсорсинг хизматларини кўрсатиш кўпчилик холатларда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 38-«Ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш» боби нормалари билан тартибга солинади. «Ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси» бўйича ижрочи (аутсорсер фирмаси) буюртмачининг топшириғи билан ашёвий шаклда бўлмаган хизматни бажариш (муайян ҳаракатларни қилиш ёки муайян фаолиятни амалга ошириш), буюртмачи эса бу хизмат учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади (ФК 703 моддаси 1 кисми). Бу борада айрим холатларда буюртмачига техник ёки абонентлик хизмати кўрсатиш тўғрисидаги шартномалар ҳам тузилиши мумкин. Аутсорсингнинг айрим кўринишлари комплекс сервис хизматларини кўрсатишни уз ичига олиши мумкинлиги сабабли буюртмачи ва аутсорсинг-фирмаси ўзаро алоқаларидаги барча жихатларни тартибга келтириши мумкин бўлган аралаш шартномалар асосида расмийлаштирилиши лозим. Ваҳоланки кўриб чиқилаётган аутсорсинг хизматлари пудрат билан умумий жихатларга эга бўлган иш ва бошқа  хусусиятлари ўз ичига олмоқда. Шу сабабли пудрат тўғрисидаги умумий қоидалар ва маиший пудрат тўғрисидаги қоидалар ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш қоидалари ва хусусиятларига зид бўлмаса, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасига, шу жумладан аутсорсинг шартномасига  нисбатан ҳам қўлланади (ФК 708 моддаси).

Бироқ амалиётда аутсорсинг шартномаси ҳар доим ҳам юқорида баён этилган тартибда талқин этилмаяпти. Кўпчилик холатларда аутсорсинг деганда «Ходимларни тақдим этиш шартномаси» тушунилмоқда. Масалан, шартнома шартларига кўра ижрочи ташкилот ходимларни ўзи танлаб олган холда буюртмачи ташкилот ихтиёрига маълум бир ишни бажаришлари учун  тақдим этиши назарда тутилган шартномалар аутсорсинг деб номланмоқда ва ушбу шартноманинг шартларига кўра буюртмачи ташкилот ижрочи ташкилотга маълум бир ишни бажариш учун ўз ходимларини такдим этишни топширмоқда, ижрочи ташкилот эса буюртмачига ўзининг ходимларини тақдим этишни ўз зиммасига мажбурият сифатида олмоқда. Бизга маълумки бугунги кунда қонунчилигимизда «Ходимларни тақдим этиш шартномаси» тушунчаси мавжуд эмас ва бу холат ташкилотларга ушбу хуқуқий тузилмадан фойдаланишни ман этмайди. Шартнома тузиш эркинлиги принципларидан келиб чиқгудек бўлсак, у холда томонлар «Ходимларни тақдим этиш шартномаси» ни тузишда қонунан хақлидирлар ва бу шартнома республикамизнинг амалдаги қонунчилигига зид эмас (ФК 354 модда). 

Алохида кўрсатиб ўтиш жоизки, мазкур шартнома шартлари иш берувчи ва ёлланма ишчи ўртасидаги меҳнат қонунчилиги муносабатлари тартибини белгиламайди ҳамда ишчини меҳнат қилишга мажбурламайди. Кўриб чиқилаётган холатда иш берувчи деб ижрочи ташкилот ҳисобланади. Мазкур шартнома асосида тақдим этилаётган ишчилар иш берувчи, яъни ижрочи ташкилот штатида ҳисобда туришади ва шу ташкилот билан меҳнат муносабатлари, жумладан меҳнат шартномалари тузиш, иш хақини олиш, касаллик варақалари асосида тўловларни амалга ошириш ва компенсациялар олиш каби муносабатларда бўлишади. Шунга кўра ишчи ва ижрочи ташкилот ўртасидаги муносабатлар меҳнат тўғрисидаги қонунчилик билан, буюртмачи, яъни Сиз билан ижрочи ташкилот ўртасидаги муносабатлар фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар билан тартибга солинаётган бир пайтда буюртмачи ташкилот билан аутсорсинг асосида такдим этилаётган ишчи ўртасидаги муносабатлар республикамизнинг на фуқаролик ва на меҳнат қонунчилиги билан тартибга келтирилмаган.

Юқорида баён этилган холатлардан келиб чиқиб, ходимлар таъминоти бўйича аутсорсинг шартномасини тузиш Сизни микрофирмалар ва кичик корхоналар тоифасига киритиш мезонларини аниқлаш учун зарур бўлган ходимларнинг ўртачи йиллик сонини ошишига олиб келмайди.

Шунинг билан бир қаторда қуйида баён этилган ҳар хил тортишувли холатларга дуч келишингизнинг олдини олишни кўзлаб «аутсорсинг» каби тушунчаларни шакллантиришдан воз кечган холда маъноси аниқроқ бўлган тушунчалардан фойдаланиб шартномаларни номлашни тавсия этамиз. Масалан «Ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси» шартларининг барча жихатларини ўзида мужассам этган «Қурилиш материалларига мувофиқлик сертификатини бериш ва қурилиш-синов лабораторияси хизматларини кўрсатиш шартномаси» ва ёки маълум бир ишни амалга ошириш бўйича пудрат шартномаси, жумладан «Қурилиш материаллари мувофиқлигини  сертификатлаштириш ва қурилиш-синов лабораторияси хизматларини кўрсатиш бўйича пудрат шартномаси» деб номланган шартномаларни тузиш мақсадга мувофиқдир.

Аутсорсингда дуч келиниши мумкин бўлган тортишувли  холатларни келиб чиқишига асосан қуйидагиларнинг мавжудлиги сабаб бўлиши мумкин:

-биринчидан, юқорида айтиб ўтганимиздек, «Ходимни тақдим этиш шартномаси» асосида жалб этилган ходим билан Сизнинг ўртангиздаги муносабатлар амалдаги қонунчилик билан тартибга келтирилмаган ва бу холат тортишув предметига айланиши мумкин;

- иккинчидан, «Ходимни тақдим этиш шартномаси» тушунчаси қайсидир маънода «Ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш» шартномаси мазмунидан фарқлидир, чунки ходимни тақдим этаётган ташкилот қандайдир бир хизматни (бошқарув, ишлаб чиқариш, қурилиш ва шунга ўхшаш сохадаги хизматни) кўрсатишни ўз зиммасига мажбурият сифатида олмайди, вахоланки унинг ягона мажбурияти маълум бир малака талабларига жавоб берадиган ходимлар миқдорини тақдим этиш билан чекланган. Бу шартноманинг маъноси эса бир ташкилот томонидан иккинчи бир ташкилот ихтиёрига охиргининг манфаатларини кўзлаган холда маълум бир функцияларни амалга ошириш учун тегишли малака талабларига жавоб берадиган ходимларни тақдим этилишидир.

Ответы экспертов отражают их мнение и создают информационную основу для принятия Вами самостоятельных решений. Пользование этим сервисом осуществляется по правилам, с которыми Вы согласились, задавая вопрос на сайте. Просмотр всех вопросов и ответов открыт в свободном доступе.
Ответы актуальны на дату публикации.

Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика