Забыли пароль?
Регистрация
Вопрос
1. Жамиятнинг устав фондини шакллантириш учун иштирокчи томонидан пул маблағлари киритилган бўлса лекин жамиятнинг таъсис хужжатлари қайта расмийлаштирилмаган бўлса, бундай холатда жамиятга нисбатан қанақа чоралар кўрилади? 2. Жамият устав фондининг кўпайтирилиши амалга ошмаган тақдирда иштирокчи томонидан киритилган қўшимча пул ҳиссаларини қайтариш эвазига жамиятнинг балансидаги автомобилни иштирокчи ўз номига қайта расмийлаштириб олиши мумкинми? Расмийлаштириш тартиби қандай бўлади ва бунда солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти келиб чиқадими? 3. Жамият балансидаги асосий воситаларни (кўчмас мулк ва транспорт воситалари) жамият иштирокчиси номига ўтказишни қандай тартибда амалга оширса бўлади? Бунда қандай солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти вужудга келади?
Умумовқатланиш ва чакана савдо фаолиятини амалга оширувчи «Юлдуз» МЧЖ 2013 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг устав фонди 5000,0 минг сўм этиб белгиланган ва тўлиқ шакллантирилган. 2015 йил 1 август куни жамиятнинг ягона иштирокчиси ўз омонат ҳисоб рақамидан жамиятнинг асосий ҳисоб рақамига 25000,0 минг сўм пул маблағларини «жамият низом жамғармасини шакллантириш учун» киритган. Лекин жамият низоми шу кунга қадар рўйхатдан ўтказиш инспекциясида қайта расмийлаштирилмаган. 2015 йил 5 август куни жамият ҳисоб рақамидан 25000,0 минг сўм пул маблағлари эвазига жамият балансига автомобил сотиб олинган. Бугунги кунга келиб (2016 йил октябрь ойи) жамият иштирокчиси жамият балансидаги ушбу автомобилни ўз номига (жисмоний шахсга) расмийлаштирмоқчи.


Ответы экспертов
Ответов: 232
15.11.2016

1. МЧЖларнинг тузилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши соҳасидаги муносабатлар «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги ЎзР Қонуни билан тартибга солинади (кейинги сатрларда Қонун деб юритилади).

Сизнинг МЧЖ бир иштирокчидан таркиб топганлиги учун жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши ваколатлари жумласига кирувчи масалалар юзасидан қарорлар жамиятнинг ягона иштирокчиси томонидан якка тартибда қабул қилинади ва ёзма равишда расмийлаштирилади (Қонунинг 37-мод.).

Қонун талабларидан келиб чиқиб, жамиятнинг устав фондини кўпайтирилиши қуйидаги тартибда амалга оширилиши лозим:

1)   Иштирокчи томонидан жамиятнинг устав фондини кўпайтириш тўғрисидаги қарори қабул қилинади. Қарорда иштирокчининг қўшимча ҳиссаси миқдори қўшимча ҳиссани тўлиқ қўшиш муддати белгиланиши керак (Қонуннинг 18-мод. 1-қисми).

2)   Қўшимча ҳиссани қўшишнинг муддати тугаган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай қўшимча ҳиссани қўшиш якунларини тасдиқлаш ҳақида, шунингдек жамият устав фонди миқдорини кўпайтириш билан боғлиқ ўзгартишларни жамиятнинг таъсис ҳужжатларига киритиш тўғрисида жамият иштирокчисининг қарори қабул қилинади (Қонуннинг 18-мод. 5-қисми).

3)   Ўзгартишларни жамиятнинг таъсис ҳужжатларига киритиш тўғрисидаги жамият иштирокчисининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай ҳужжатлар юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органга тақдим этилиши лозим (Қонуннинг 18-мод. 7-қисми).

4)   Таъсис ҳужжатларидаги мазкур ўзгартишлар юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан кучга киради (Қонуннинг 18-мод. 7-қисми).

Юридик шахсларнинг таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган тақдирда тегишли қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб бир ой мобайнида рўйхатдан ўтказган органга ҳужжатларни тақдим этиш кераклиги ҳақидаги талаблар «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисида»ги Низомда ҳам қўзда тутилган (ПҚ-357 24.05.2006й. илов. 33-банди).

Сизнинг холатингизда таъсис ҳужжатларига ўзгартириш киритиш учун рўйхатдан ўтказувчи органга тегишли хужжатларни белгиланган муддатларда тақдим этмаслик, юқорида кўрсатилган Қонун ва Низом талабларини бузиш ҳисобланади, бу эса айбдор бўлган шахсларни қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.

2. Бухгалтерия ҳисобида устав капитали рўйхатдан ўтказилган ҳажмда акс эттирилади. Устав капиталининг ҳажми рўйхатдан ўтказилган таъсис ҳужжатларидаги суммадан ошиб кетиши мумкин эмас. Корхона устав капиталининг кўпайиши фақат таъсисчиларнинг қарори асосида ва таъсис ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилгандан кейингина амалга оширилиши мумкин (21-сон БҲМС 2-илова 341-банд).

Жамиятнинг таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилгунга қадар, иштирокчи томонидан киритилган қўшимча пул ҳиссалари бухгалтерия ҳисобида таъсисчиларга бўлган қарзларни ҳисобга олувчи счётларда акс эттириш мумкин. Бунинг учун 6600 счётларнинг гуруҳида қўшимча 6630 «Таъсисчилар олдида устав капиталига киритилган мулк бўйича қарзлар» счёти очилиши мумкин.

Жамиятнинг устав фондини кўпайтирилиши юзасидан жамиятнинг таъсис хужжатларига ўзгартиришларни киритиш муддатларига риоя этилмаган тақдирда жамият устав фондининг кўпайтирилиши амалга ошмаган деб эътироф этилади. Бу ҳолда жамият ўн кунлик муддат ичида жамият иштирокчисига киритилган қўшимча пул ҳиссаларини қайтариши шарт. Пул ҳиссалари ўз вақтида қайтарилмаган тақдирда, жамият қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда фоизлар тўлаши шарт (Қонуннинг 18-мод. 8-қисми).

Бошқа шахсларнинг пул маблағларини қайтариб беришдан бош тортиш, уларни тўлашни кечиктириш натижасида улардан фойдаланганлик учун ушбу маблағлар суммасига фоиз тўланиши керак. Фоизлар миқдори юридик шахснинг жойлашган ерида пул мажбурияти бажарилган кунда мавжуд бўлган банк фоизининг ҳисоб ставкаси билан белгиланади (ФК  327-мод.).

Шундай қилиб жамиятнинг устав фондини кўпайтирилиши юзасида ўзгартиришлар қонунчиликда белгиланган муддатларда давлат рўйхатидан ўтказилмаган бўлса жамият киритилган қўшимча пул ҳиссаларини иштирокчига қайтариши шарт, шунингдек иштирокчининг талабига асосан ҳиссалар ўз вақтида кайтарилмаганлиги учун фоизлар тўлаб берилади.

Таъсисчи олдида бўлган қарзни унинг омонат ҳисоб рақамига пул маблағларини ўтказиш йўли билан, ёки таъсисчи билан келишилган ҳолда жамиятнинг бошқа активлари (шу жумладан асосий воситалари) ҳисобидан тўлаб берилиши мумкин.

Қарзни жамият балансидаги автомобил ҳисобидан тўлаб бериш учун, бу ҳақда таъсисчининг ёзма қарори қабул қилинади. Қарорда автомобилни қолдиқ қиймати ва унинг қарзни қайтариш ҳисобига ўтказиб бериладиган келишилган қиймати акс эттирилади. Таъсисчи қарори асосида балансдаги автомобилни таъсисчи олдида бўлган қарзни қайтариш ҳисобига ўтказиб бериш ҳақида корхона рахбарининг буйруғи чиқарилади.

Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимлар нотариуслар томонидан нотариал тартибда тасдиқланиши керак (07.03.2006й. ВМ 38-сонли қарори илов. 3-банди).

Таъсисчи олдида бўлган қарзни қайтариш ҳисобига жамият балансидан автомобилни ўтказиб бериш реализация ҳисобланади, тегишинча бундай ўтказиб бериш ҳисобварақ-фактура билан расмийлаштирилади.

Асосий воситаларни сотишдан олинган молиявий натижа (фойда ёки зарар), ҚҚС билан мазкур объектни сотиш харажатлари ҳисобга олинган ҳолда, сотувдан тушган тушум ва сотилаётган асосий воситаларнинг қолдиқ (баланс) қиймати ўртасидаги, асосий воситаларни қайта баҳолаш натижаларига (сальдога) тузатилган фарқ сифатида белгиланади (Асосий воситалар қийматини балансдан чиқариш тартиби тўғрисида Низомнинг 24-банди, АВ рўй. №1401 29.08.2004й.).

Асосий воситалари ва бошқа мол-мулки чиқиб кетишидан олинадиган даромадлар бошқа даромадлар сифатида қаралади (СК 132-мод.) ва ЯСТнинг солиққа тортиладиган ялпи тушуми таркибига киритилади (СК 355-мод.). Бошқа даромадлар корхонанинг асосий фаолияти учун белгиланган ЯСТнинг солиқ ставкасида солиққа тортилади.

3. Жамиятнинг балансидаги асосий воситалар ва бошқа мулкларни жамият таъсисчисига қуйидаги ҳолатларда ўтказиб берилиши мумкин:

- олди-сотди шартномаси асосида реализация қилиш ҳисобига;

- дивидентлар миқдори доирасида дивиденларни тўлаб бериш ҳисобига. Мол мулкларни дивидент ҳисобига ўтказиб беришда ҳисобланган дивидентлар суммасидан 10 фоиз миқдорида солиқ ушлаб қолинади. Дивидентлар солиқ ушлаб қолигандан сўнг тўлаб берилади. Яъни таъсисчига ўтказиб бериладиган мол мулкнинг қиймати дивидентлардан солиқ суммаси айримасидан ошиб кетмаслиги керак;

- жамият тугатилиши муносабати билан таъсисчининг ҳақиқий қиймати ҳиссаси миқдорида тўлаб бериш ҳисобига;

- беғараз, совға сифатида (агар бу жамият уставида тақиқланмаган бўлса). Таъсисчига (жисмоний шахсга) мол-мулклар беғараз берилишида тўлов манбаида жисмоний шахсларнинг даромад солиғини ушлаб қолиш ва бюджетга тўлаб бериш мажбурияти жамиятнинг зиммасига юклатилади (СК 184-мод.). Агар таъсисчи жамиятнинг ишчиси ҳисобланса қонунчиликда белгиланган имтиёзлардан фойдаланса бўланди, бунда юридик шахсдан олинган энг кам иш ҳақининг 6-баробари миқдоридаги мол мулкнинг қиймати солиққа тортилмайди (СК 179-мод. 14-банд). Агар таъсисчи жамият билан меҳнатга оид муносабатларда бўлмаса унинг аризаси асосида солиқ тўлов манбаида ушлаб қолинмайди. Бунда жисмоний шахс моддий наф тарзидаги даромадлар бўйича солиқни мустақил равишда декларация асосида тўлайди (СК 189-мод.). 

Бу ҳолатларда ҳам асосий воситаларни чиқиб кетишидан олинган молиявий натижа (фойда ёки зарар) юқорида кўрсатилган тартибда аниқланади, асосий воситаларни чиқиб кетишидан олинган даромадлар эса ЯСТга тортилади.

Ответы экспертов отражают их мнение и создают информационную основу для принятия Вами самостоятельных решений. Пользование этим сервисом осуществляется по правилам, с которыми Вы согласились, задавая вопрос на сайте. Просмотр всех вопросов и ответов открыт в свободном доступе.
Ответы актуальны на дату публикации.

Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика