Забыли пароль?
Регистрация
Вопрос
Мен корхонани карзларини тугатиш учун ва уни самарали юргазиш учун қандай хатти-ҳаракатларни амалга оширишим керак?
Мен бир корхонани юргазиш учун олдим. Олган корхонам қарзларга кириб кетган, қарздорлик устав капиталидан ошиб кетган.


Ответы экспертов
Ответов: 277
16.02.2017

Сизнинг кредиторлик қарздорлигингиз хусусида батафсил билмай туриб,  корхонанинг ушбу қарзини сўндиришга, бинобарин, унинг рентабеллигига эришишга қаратилган аниқ ҳаракатлар мажмуасини тавсия қилишимиз мушкул.

Бироқ, эътиборингизни, бизнингча, муҳим бўлган айрим ҳуқуқий нормаларга қаратамиз.

Биринчи навбатда корхонингизнинг актив ва пассив(мажбуриятлар ва хусусий капитал[1])ларни аниқлашдан, шу жумладан асосий воситаларни, номоддий активларни, молиявий қўйилмаларни, товар-моддий бойликларни, хисоб-китобларни (масалан, бюджет, банклар, харидорлар, мол етказиб берувчилар, ҳисобдор шахслар, ходимлар, бошқа дебитор ва кредиторлар билан) ва х.қ.ларни инвентарлашдан бошланг (19-сон БҲМС, АВ рўйх. 02.11.1999й. №833).

Агар фирмангизнинг иккинчи ёки ундан кейинги молия йили тугаганидан кейин унинг соф активлари қиймати устав капиталидан кам бўлиб чиқса, фирма ўзининг устав капиталини соф активлари қийматидан ошмайдиган миқдоргача камайтирилиши тўғрисида қарор қабул қилиб, бундай камайтиришни рўйхатдан ўтказиши шарт («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуни (бундан кейин – «МЧЖ тўғрисида»ги Қонун) 19-м.5-қ.).

МИСОЛ. Фирма (МЧЖ) 2012 йилда 10 млн сўм миқдордаги устав капитали билан ташкил этилган. 2016 йил якунлари бўйича фирма соф активларининг қиймати 4,3 млн сўмни ташкил этиб, тегишинча фирма устав капитали миқдоридан кам бўлиб қолган.

Бу ҳолатда фирма устав капитали миқдори 4,3 млн сўмдан ошмайдиган миқдоргача ёки камайтирилганлигини эълон қилиб, бундай камайтириш (уни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни тақдим этиш йўли билан) давлат рўйхатидан ўтказувчи органда қайта рўйхатдан ўтиши лозим.

Агар ўша (иккинчи ёки ундан кейинги) молия йили тугаганидан кейин фирмангиз соф активларининг қиймати унинг давлат рўйхатидан ўтказилиши санасидаги ҳолатга кўра устав капиталининг минимал миқдори (ЭКИҲнинг 40 баравари)дан кам бўлиб қолса, фирмангиз тугатилиши керак («МЧЖ тўғрисида»ги Қонуни 19-м. 6-қ.).

МИСОЛ. Фирма 20.01.2012 йилда давлат рўйхатидан ўтиб, ташкил этилган. Ўша кун ҳолатига кўра ЭКИҲ миқдори 62 920 сўмга, унинг 40 баравари эса 2 516 800 сўмга тенг бўлган. 2016 йил якунлари бўйича фирма соф активларининг қиймати қонунда белгиланган устав капиталининг минимал миқдоридан ҳам кам бўлиб, айтайлик, 150 500 сўмни ташкил қилган. Бу ҳолда фирма тугатилиши керак.

Ушбу қоидани белгилашдан мақсад – самарасиз фаолият юритаётган, иқтисодиётни орқага тортадиган жамиятларни тугатиш орқали иқтисодиётни соғломлаштиришдир[2].

Бундан ташқари, янги таҳрирдаги «Банкротлик тўғрисида»ги Қонуннинг тегишли қоидаларини ҳам эътибор беришингиз шарт. Унга кўра, хусусан:

қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир эмаслиги, агар тегишли мажбуриятлар ва (ёки) тўловлар мажбурияти[3] юзага келган кундан эътиборан 3 ой давомида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса, унинг банкротлик аломатлари деб эътироф этилади (4-м.);

бундай иш банкротлик аломатлари мавжуд бўлган тақдирда, агар қарздор юридик шахсга нисбатан жами талаблар ЭКИҲ миқдорининг камида 500 каррасини ташкил этадиган бўлса, суд томонидан қўзғатилиши мумкин, ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно (5-м.2-қ.);

қарздор, агар унинг 3-ойлик муддатда мажбуриятларни бажаришга қодир эмаслигидан далолат берувчи ҳолатлар мавжуд бўлса, ўзини банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан хўжалик судига мурожаат этишга ҳақли (7-м. 1-қ.);

қуйидаги ҳолларда улар юзага келган пайтдан эътиборан 1 ойдан кечиктирмай қарздорнинг раҳбари судига ариза билан мурожаат этиши шарт:

  • бир ёки бир нечта кредиторларнинг талабларини қондириш қарздорнинг бошқа кредиторлар олдидаги мажбуриятларини тўлиқ ҳажмда бажаришини имконсиз қилиб қўйишга олиб келадиган бўлса;
  • ундирув қарздорнинг мол-мулкига қаратилганда бундай ундирув қарздорнинг хўжалик фаолиятини имконсиз қилиб қўяди деб ҳисоблашга асослар бўлса (8-м. 1-қ. 1 ва 2 хатбошилари ва 3-қ.).

Шу билан бирга «Банкротлик тўғрисида»ги Қонуннинг II-бобида  судгача санация қилиш назарда тутилган. У банкротлик тўғрисида иш қўзғатилгунга қадар амалга оширилади (30-м.1-қ.) ҳамда корхонанинг тўлов қобилиятини, иқтисодий қувватини тиклаш ва келгусида унинг фаолияти самарали бўлиши учун шарт-шароитлар яратишдан иборатдир.

Банкротликнинг олдини олиш мақсадида фирмангизнинг иштирокчилари ҳамда директори юқорида айтилган ариза судга берилгунга қадар уни молиявий жиҳатдан соғломлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни кўрасиз. Бундай чоралар сиз билан тузилган битимга асосан кредиторлар ёки бошқа шахслар томонидан ҳам кўрилиши мумкин (30-м. 3-қ.).

Судгача санация қилишнинг асосий чора-тадбирлари хусусан қуйидагилардир:

тўлов муддати ўтказиб юборилган қарзларни тўла ёки қисман сотиб олиш;

қарздорнинг тўлов қобилияти тикланиши ҳамда фаолиятини давом эттиришидан манфаатдор бўлган юридик ва жисмоний шахслар томонидан молиявий ёрдам кўрсатилиши (масалан, пулли ёки товарли қарз шартномасига асосан);

қарздорнинг фаолиятни давом эттириши учун қарздор билан кредиторлар ўртасида кредиторларга тўланадиган тўловлар муддатини кечиктириш ва/ёки уни бўлиб-бўлиб тўлаш ёхуд қарзлардан сийлов бериш тўғрисида аҳдлашувга эришишга қаратилган битим (32-м.1-қ. 2, 6 ва 7 хатбошилари).

Хулоса ўрнида шуни ҳам таъкидлаш жоизки, сизнинг саволингиз кўпроқ ҳуқуқий эмас, балки иқтисодий тусга эга. Юқорида айтиб ўтилганидек, қарздорлигингиз хусусида батафсил билмай туриб,  қарзни сўндиришга ва корхонанинг рентабеллигига эришишга йўналтирилган чоралар мажмуасини ушбу материалда тўлалигича ёритиш мушкул.

 


[1] Хусусий капитал устав капиталидан, қўшилган, захира капиталидан ва тақсимланмаган фойдадан таркиб топади (янги таҳрирдаги «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 19-м. 1-қ.). 

[2] Бироқ, назаримизда, МЧЖ соф активларининг қиймати устав капиталининг минимал миқдоридан кам бўлиб қолиши, башарти уни бартараф этишнинг имкони бўлса, ўз-ўзидан  унинг тугатишнинг ягона сўзсиз асоси ҳисобланиши мумкин эмас. Агар МЧЖнинг иштирокчиси(лари) ва ижроия органи банкротликни бартараф этиш мақсадида унинг моливий-иқтисодий аҳволини яхшилашга қаратилган аниқ чора-тадбирларни кўраётган бўлса, фикримизча, корхонанинг тугатилишидан сақлаши мумкин.

[3] Қарздорнинг пул мажбуриятлари ва мажбурий тўловлар бўйича мажбурияти бундан кейин қисқача «мажбуриятлар» деб аталади.

Ответы экспертов отражают их мнение и создают информационную основу для принятия Вами самостоятельных решений. Пользование этим сервисом осуществляется по правилам, с которыми Вы согласились, задавая вопрос на сайте. Просмотр всех вопросов и ответов открыт в свободном доступе.
Ответы актуальны на дату публикации.

Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика