Забыли пароль?
Регистрация
Вопрос
1. Капитал қурилишда марказлаштирилган манбалари деганда кайси маблағлар тушунилади? 2. Қурилиш махсулотларини сотиб олишда тўланган ҚҚС суммаси ҳисобга олинадими? СКнинг 349-моддасига киритилган ўзгартишга асосан ҚҚС қандай тартибда тўланади? 3. Агар махсулотларни ҳақиқатда сотиб олинган нархи танлов комиссиясига таклиф килинган нархларга нисбатан фарқланса бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммасига қандай таъсир этади? 4. ҚҚС ва ЯСТ тўловчи қурилиш ташкилоти ЯСТни қайси суммадан ва неча фоизда ҳисоблайди? 5. Осиё тараккиёт банки кредити асосида молиялаштириладиган қурилиш ишлари ҚҚСга тортиладими? 6. Танловда нархлар АҚШ долларида таклиф этилган бўлса, лекин ўша махсулотлар миллий валюта сўмда сотиб олинса ҚҚС қанақа тартибда ҳисобланади? 7. СКнинг 349-моддасига киритилган ўзгартишлар Субпудратчи қурилиш ташкилотларига нисбатан тадбиқ этиладими? 8. Мазказлаштирилган манбалари бўлмаган маблағлар ҳисобига амалга оширилган қурилиш ишларидан ҚҚС тўланадими?
Хусусий корхонамизнинг асосий фаолияти – қурилиш монтаж ишларини амалга ошириш (ОКОНХ-61110). Корхона кичик тадбиркорлик субъекти сифатида ЯСТ тўловчиси ҳисобланади. 2016 йил 27 декабрдаги ЎРҚ-417-сонли ЎзР Қонуни билан Солиқ кодексининг 349-моддасига киритилган ўзгартиришларга асосан, 2017 йил 1 апрелдан бошлаб ЯСТ тўловчилари қурилиши молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбаларини жалб этган ҳолда танлов савдолари асосида амалга оширилаётган объектлар бўйича ҚҚС тўлаши лозимлиги белгиланган. 1-вазият: 2017 йилда корхонамиз танлов савдоларида қатнашиб марказлаштирилган маблағлар ҳисобига молиялаштириладиган мактаб биносини таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича танлов ғолиб деб топилди. Қурилиш ишлари умумий суммаси ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда 600 млн. сўмни ташкил этади. Қурилиш ишларини амалга ошириш даврида баъзи бир махсулотларни танлов комиссиясига таклиф килинган нархдан паст, баъзиларини эса баланд нархда сотиб олинган. Масалан, объектни таъмирлаш учун сарфланадиган полиэтилен трубалар танлов савдоларида ҚҚС билан ҳар бир метри 60 000 сўмдан кўрсатилган, лекин аслида ушбу полиэтилен трубалар ҚҚС билан 50 000 сўмдан сотиб олинди. Краска (лак-бўёқ) махсулотлари ҚҚС билан ҳар бир килограмми 8 000 сўмдан таклиф килинган эди, лекин аслида ҚҚС билан 9 000 сўмдан сотиб олинган. 2-вазият: Корхонамиз Осиё тараққиёт банки кредит линияси асосида молиялаштириладиган қурилиш объектини танлов савдоларида ғолиб деб топилди. Қурилиш ишлари 300 000 АҚШ долларини ташкил этади. Қурилиш ишларини амалга ошириш учун керак бўладиган Адаптор махсулоти танлов савдосига ҚҚСни инобатга олганда ҳар бир донасини 45 АҚШ долларидан таклиф этилган эди. Қурилиш даври давомида махсулот ҚҚС тўловчиси ҳисобланмаган мол етказиб берувчидан ҚҚС сиз 50 000 сўм (30 АҚШ доллари эквиваленти)дан сотиб олинган. 3-вазият: Корхонамиз бошқа бир танлов савдоларида ғолиб бўлган «Хумо» қурилиш ташкилоти билан шартнома имзолаб Субпудратчи сифатида касб хунар колледжи биносини таъмирлаш ишларини амалга оширди. Қурилиш ишлари 50 млн. сўмга келишилган. Бажарилган ишлар учун пул тўловлари «Хумо» қурилиш ташкилоти томонидан амалга оширилади. 4-вазият: Корхонамиз «Зумрад» корхонаси билан «Зумрад» корхонаси кейинчалик фойдаланиши учун дўкон қуриб бериш бўйича шартнома имзолади. Шартнома икки томон ўртасида имзоланган, танлов савдолари ўтказилмаган. Шартнома қиймати 25 млн. сўм.


Ответы экспертов
Ответов: 259
15.03.2017

1. Марказлаштирилган манбалар деганда – давлат бюджети маблағлари, бюджетдан ташқари жамғармалар ва Ҳукумат қарорлари билан ташкил этилган алоҳида тармоқлар ва ташкилотларнинг махсус жамғармалари, Ўзбекистон Республикаси Ҳуқумати кафолати ёки унинг номидан жалб этиладиган чет эл кредитлари, Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари, давлат бошқарув органлари ва давлат корхоналари маблағлари тушунилади.

2. Ҳа, қурилиш махсулотларини сотиб олиш пайтидаги тўланган ҚҚС суммаси ҳисобга олинади. СКнинг 218-моддасига мувофиқ, агар товарларни (ишларни, хизматларни) олувчи ҚҚС тўловчиси бўлса ва ушбу товарлардан (ишлардан, хизматлардан) солиқ солинадиган оборотлар мақсадида фойдаланилса, олинган товарларга (ишларга, хизматларга) етказиб берувчи томонидан ёзилган ҳисобварақ-фактура ёки бошқа ҳужжатда ҚҚС алоҳида ажратиб кўрсатилган бўлса, бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини аниқлашда товарларни (ишларни, хизматларни) олувчи ҳақиқатда олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича тўланган ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга.

Бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚС солиқ солинадиган оборот бўйича ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси билан СКнинг 218-моддасига мувофиқ ҳисобга олинадиган солиқ суммаси ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади (СКнинг 224-мод.).

Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар юзасидан Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан ташкил этилган семинарларда юқорида қўрсатилган Солиқ кодексида белгиланган тартиб қурилиши молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбаларини жалб этган ҳолда танлов савдолари асосида амалга оширилаётган объектлар бўйича ЯСТ тўловчиларига ҳам тадбиқ этилиши ҳақида мутахассисларнинг тушунтуришлари берилди. Ушбу масала юзасидан тегишли давлат идораларининг алоҳида расмий тушунтишлари оммавий ахборот воситаларида чоп этилиши кутилмоқда.

3. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида марказлаштирилган манбалар ҳисобига товарлар, ишлар ва хизматлар харид қилишда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида капитал қурилишда танлов савдолари тўғрисида Низом талабларига риоя этилиши лозим (ВМнинг 03.07.2003й. 302-сонли қарори иловаси). Мазкур Низом капитал қурилиш, товарлар харид қилиш, асбоб-ускуналар сотиб олиш юзасидан танлов савдолари (тендерлар)ни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби ва шартларини белгилайди.

Ушбу Низом талабларига кўра танлов савдоларида белгиланган нарх қатъий нарх ҳисобланади. Биринчи молиявий йил мобайнида нархларга ҳамда товарлар, ишлар ва хизматлар харид қилиш юзасидан шартномани бажариш муддатига тузатишлар киритишга йўл қўйилмайди (қонун ҳужжатларида назарда тутилган айрим ҳоллар бундан мустасно).

Яъни махсулотларни таклиф килинган нархлардан паст ёки баланд нархда сотиб олинишидан қатъи назар 2017 йилда сизнинг корхонангиз танлов савдоси ғолиби сифатида қурилиш ва тамирлаш ишларини танлов савдоларида белгиланган ва қурилиш сметасида тасдиқланган нархларда буюртмачига топшириши лозим.

Агар шартма узоқ муддатга тузилган бўлса, унда иккинчи йил ва ундан кейинги йиллар учун шартнома нархларига белгиланган тартибда тузатишлар киритилиши мумкин бўлади.

4. ЯСТнинг солиқ солиш объекти бўлиб ялпи тушум ҳисобланади. Ялпи тушум таркибига товарларни (ишларни, хизматларни) ҚҚСни чегирган ҳолда реализация қилишдан тушган тушум ва СКнинг 132-моддасида назарда тутилган бошқа даромадлар киритилади.

Қурилиш, қурилиш-монтаж, таъмирлаш-қурилиш, ишга тушириш-созлаш, лойиҳа-қидирув ва илмий-тадқиқот ташкилотлари учун товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушум деганда - ўз кучлари билан бажарилган ишларни реализация қилишдан тушган тушум тушунилади (СКнинг 355-мод.).

2017 йил учун иқтисодиётнинг барча тармоқлари юридик шахслари, шу жумладан қурилиш ташкилотлари учун ЯСТнинг ставкаси – 5% миқдорида белгиланган (27.12.2016й. ПҚ-2699-сонли қарорнинг 10-1-иловаси).

5. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бўйича халқаро ва чет эл ҳукумат молия ташкилотлари томонидан берилган қарзлар (кредитлар) юридик шахслар оладиган, шунингдек грантлар ҳисобига олинган товарлар (ишлар, хизматлар) ҚҚСдан озод этилади (СКнинг 208-мод. 23-банди).

Шунинг учун Осиё тараккият банки кредит линияси асосида молиялаштириладиган қурилиш ишлари ҚҚСга тортилмайди, тегишинча шартномада махсулотлар (ишлар, хизматлар) киймати ҚҚС сиз акс эттирилади.

6. Тузилган шартномаларнинг шартларига биноан товарларига, ишлари ва хизматларига нархлар чет эл валютасида белгиланган бўлса ҳисобварақ-фактуралар чет эл валютасида ёзиб, айни бир вақтда уни ҳисобварақ-фактура ёзиб берилган санада Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича қайта ҳисоблаган ҳолда миллий валютада ифодалайди (СКнинг 222-мод.).

Яъни қурилишни амалга ошириш учун тузилган шартномада нархлар чет эл валютасида белгиланган бўлса, буюртмачига ишлар ва хизматлар топширилаётганда бажарилган ишларни топшириш-қабул қилиш далолатномасида ва ҳисобварақ-фактурада уларнинг қиймати ҳам чет эл валютасида ҳам ҳисобварақ-фактура ёзиб берилган санадаги Марказий банкнинг валюта курси бўйича қайта ҳисоблаган ҳолда миллий валютада акс эттирилади.

7. 2016 йил 27 декабрдаги ЎРҚ-417-сонли ЎзР Қонуни билан Солиқ кодексининг 349-моддасига киритилган ўзгартиришларга асосан, 2017 йил 1 апрелдан бошлаб ЯСТ тўловчилари қурилиши молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбаларини жалб этган ҳолда танлов савдолари асосида амалга оширилаётган объектлар бўйича ҚҚС тўлаши лозим.

Ушбу тартиб қурилиш объектларида танлов савдоларида қатнашмаган Субпудратчи қурилиш ташкилотларига тадбиқ этилмайди.

Яъни, агар «Хумо» қурилиш ташкилоти ва субпудратчи сифатида қурилишни амалга ошираётган сизнинг корхонангиз ўрталарида тузилган шартномада қурилиш ишлари ҚҚС сиз белгиланган бўлса, унда ҚҚСни тўлаш мажбурияти юзага келмайди.

8. Йўқ, тўланмайди. ЯСТ тўловчи қурилиш ташкилотлари фақат марказлаштирилган манбаларини жалб этган ҳолда танлов савдолари асосида қурилиши амалга оширилаётган объектлар бўйича ҚҚС тўлайдилар. Ушбу тартиб бошқа маблағлар ҳисобига қурилаётган объектларда қурилиш ишларини амалга ошираётган ЯСТ тўловчиларига тадбиқ этилмайди.

Ответы экспертов отражают их мнение и создают информационную основу для принятия Вами самостоятельных решений. Пользование этим сервисом осуществляется по правилам, с которыми Вы согласились, задавая вопрос на сайте. Просмотр всех вопросов и ответов открыт в свободном доступе.
Ответы актуальны на дату публикации.

Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика