Забыли пароль?
Регистрация
Вопрос
Битта дорихонадаги хуқуқбузарлик учун барча дорихоналар фаолиятини тўхтатиб қўйиш қонунийми ёки битта дорихонанинг ўзини фаолияти тўхтатилиши керакми?
МЧЖнинг Жиззах шахар худудида бир неча дорихонаси мавжуд. Назорат қилувчи органлар томонидан ўтказилган рейдлар натижасида битта дорихонада хуқуқбузарлик аниқлади. Мазкур хуқуқбузарлик сабабли МЧЖнинг барча дорихоналарда лицензияни амал қилиш муддатини 10 кун муддатга тўхтатиб қўйилди.


Ответы экспертов
Ответов: 269
25.04.2017

Ҳуқуқбузарликнинг хусусияти ва оғирлик даражасини, унинг ижтимоий хавфли оқибатлари (масалан, зарар) бор-йўқлигини, содир этилган ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолатларни, шунингдек аҳамиятга молик бошқа ҳолатларни билмай туриб, саволингизга аниқ қатъий жавоб беришимизнинг имкони йўқ.

Хатингиздан кўриниб турибдики, лицензияловчи орган (бу ЎзР Соғликни сақлаш вазирлигидир[1]) масъулияти чекланган жамиятингизнинг фармацевтика фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиясининг амал қилишини 10 иш кунлик муддатга тўхтатиб қўйган. Ва бундай қарор, тушунишимизча, гарчи дорихоналарингиздан бири ҳуқуқбузарликни содир этган бўлсада, унинг барча бошқа дорихоналарига ҳам тааълуқли бўлган. Сабаби ушбу лицензия ҳар бир дорихонангизга алоҳида‑алоҳида эмас, балки юридик шахс мақомига эга бўлган корхонангиз номига берилган. Шу боис расмий жихатдан ушбу орган ҳақ, чунки лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат амалга оширилаётганда ўз ваколати доирасида лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳуқуқига ҳам эгадир («Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Қонуннинг (бундан кейин – Қонун) 21‑моддаси 1‑қисми 7‑хатбоши, 22‑моддаси 2‑қисми, Низомнинг 27‑банди 7‑хатбоши).

Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш Қонуннинг 22-моддасида назарда тутилган ҳолларда амалга оширилади (Низомнинг 29-банди 1-хатбоши), яъни:

лицензиат лицензия шартномасида назарда тутилган лицензия талаблари ва шартларини бузганлиги аниқланганда;

лицензияловчи органнинг аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини лицензиат зиммасига юкловчи қарори лицензиат томонидан бажарилмаганда (Қонуннинг 22‑моддаси 1‑қисми).

Лицензияловчи орган лицензиянгизнинг амал қилишини 10 иш кун муддатга, фикримизча, дорихоналарингиздан бирида лицензия шартномасида назарда тутилган лицензия талаблари ва шартларини бузганлиги аниқланганлиги сабабли тўхтатиб қўйган бўлиши мумкин. Айтганимиздек, расмиятчилик нуқтаи назаридан у ҳақ.

Бироқ, савол туғиладики, агар қабул қилинган қарор оқибатида МЧЖга қарашли бўлган барча дорихоналарнинг ҳам фаолияти (бу эса тадбиркорлик фаолиятидир) юқорида кўрсатилган муддатга тўхтатилишини ҳисобга олсак, шундай қарорни қабул қилиш мақсадга мувофиқми? Холбуки, ушбу дорихоналар фаолиятининг шу муддатга тўхтатилиши уларнинг фойда олмасликларини билдиради, оқибатда эса, давлат бюджети товар оборотидан (айниқса, у катта ҳажмда бўлса) олинадиган тегишли суммадаги ЯСТни йўқотади.

Эҳтимол, сизнинг ҳолатингизда МЧЖга қарашли шу дорихонанинг фаолиятини суд тартибида[2] тўхтатиб туриш (лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш билан янглиштирманг) тарзидаги ҳуқуқий таъсир чорани қўллаш («Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг (42-моддаси 4-хатбоши, ХПКнинг 155-13-моддаси 1-қисми 4-хатбоши) ҳамда айнан шу дорихонанинг мансабдор шахслари ва/ёки хизматчиларини маъмурий (агар жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса) жавобгарликка[3] тортиш билан чекланишнинг ўзи етарли бўлиши мумкин эди.

 


[1]Фармацевтика фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида Низомнинг (13.05.2010 йилдаги 91‑сонли ВМҚга илова, бундан кейин – Низом) 2-банди 1-хатбоши. 

[2] Фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа ҳақиқий хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда фаолиятни 10 иш кунидан кўп бўлмаган муддатга назорат қилувчи орган томонидан тўхтатиб туриш ҳоллари бундан мустасно. 

[3] Масалан, дори-дармон воситалари ёки тиббий буюмлар сотиш қоидаларини бузиш (МЖтКнинг 164-моддаси 5-қисми) ёхуд сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида олиш, сақлаш ёки ўтказиш (МЖтКнинг 165-1-моддаси) учун.

Ответы экспертов отражают их мнение и создают информационную основу для принятия Вами самостоятельных решений. Пользование этим сервисом осуществляется по правилам, с которыми Вы согласились, задавая вопрос на сайте. Просмотр всех вопросов и ответов открыт в свободном доступе.
Ответы актуальны на дату публикации.

Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика