Забыли пароль?
Регистрация
Вопрос
1.Юк ташиш фаолияти билан шуғулланувчи корхона ҳайдовчиларнинг меҳнат ҳақи ва юк ташиш билан боғлиқ бўлган харажатларини (бензин, дизел ёқилғиси) бошқа операцион харажатларга киритиб ҳисоб юритса бўладими? 2.Ҳайдовчиларга ойлик оклад бўйича иш ҳақи тўлашимиз мумкинми?
Бизнинг жамият юк ташиш билан шуғулланади ва ягона солиқ тўловини тўлайди.


Ответы экспертов
Ответов: 266
16.05.2017

1.Бошқа операцион харажатлар давр харажатларининг бир қисми бўлиб, унда бевосита ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ бўлмаган харажатлар ва сарфлар ҳисобга олинади. Юк ташиш хизматида фойдаланилган ёқилғи харажатларини ва ҳайдовчиларга ҳақ тўлаш харажатларини бошқа операцион харажатлар таркибига киритиш тўғри эмас.

Хўжалик юритувчи субъектлар-юридик шахсларнинг, шунингдек, юридик шахс бўлмаган ҳолда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларнинг маҳсулот, ишлар, хизматларни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларини аниқлашнинг ягона методологик асослари Низом билан белгиланган (ВМнинг 05.02.1999й. 54-сонли қарорига илова). Низомда харажатларни гуруҳлаш ва молиявий натижаларни шакллантиришнинг асосий қоидалари мавжуддир.

Низомга мувофиқ маҳсулот, ишлар, хизматларнинг ишлаб чиқариш таннархига қуйидаги харажатлар киритилади:

а) бевосита ва билвосита моддий харажатлар;

б) бевосита ва билвосита меҳнат харажатлари;

в) бошқа бевосита ва билвосита харажатлар, шу жумладан, ишлаб чиқариш хусусиятларига эга бўлган устама харажатлар.

Ёқилғи – бухгалтерия ҳисобида материалларни ҳисобга олувчи счётлар гуруҳида 1030 счётида акс эттирилади (21-сон БҲМСга 1-илова).

Ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг асосини ташкил этиб, унинг таркибига кирадиган ёки маҳсулот тайёрлашда, ишларни бажаришда, хизматлар кўрсатишда зарур таркибий қисм ҳисобланган четдан сотиб олинадиган хом ашё ва материаллар моддий харажатлар сифатида маҳсулот, ишлар, хизматларнинг ишлаб чиқариш таннархини шакллантиради (Низомнинг 1.1.1.-банди).

Шунинг учун юк ташиш фаолиятида фойдаланилган ёқилғи (бензин, дизел ёқилғиси) бевосита моддий харажатлар сифатида юк ташиш хизматининг таннархига киритилиши зарур.

Худди шунингдек, юк ташиш хизматини амалга оширувчи ходим (ҳайдовчилар) иш ҳақи харажатлари бевосита меҳнат харажатларига тегишли бўлиб, уларни хизмат таннархига киритиш керак (Низомнинг 1.2.1.-банди). Бундан ташқари, ҳайдовчиларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга ҳисобланган ижтимоий тусдаги мажбурий ажратмалар (ЯИТ) ҳам юк ташиш хизматининг таннархига киритилиши керак (Низомнинг 1.3.1.-банди).

Бошқа операцион харажатлар давр харажатларининг бир қисми бўлиб, унда бевосита ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ бўлмаган харажатлар ва сарфлар ҳисобга олинади. Бошқа операцион харажатларнинг таркибига киритиладиган сарфлар батафсил рўйхати билан Низомнинг 2.3.-бўлимида танишиб чиқишингиз мумкин.

Таъкидлаш зарурки, ҳайдовчиларга ҳисобланган компенсация ва рағбатлантириш тусидаги тўловлар, бир марта бериладиган мукофотлар, йил давомидаги иш якунлари бўйича рағбатлантиришлар, узоқ муддат ишлаганлик учун рағбатлантириш ва тўловлар, шу жумладан хўжалик юритувчи субъектнинг ўз қарорига кўра натура билан тўловлар, шунингдек ягона ижтимоий тўлов суммаси, улар бўйича ҳисобланган ҳақ, малака ошириш ва кадрларни қайта тайёрлаш тизимида ўқиган вақтда иш ҳақи тўлаш каби харажатларни бошқа операцион харажатлар таркибида акс эттирилади. Аммо, уларнинг асосий иш вазифасини бажариш учун олган иш ҳақи харажатларини юк ташиш хизмати таннархига киритиш зарурдир.

2.Ҳа, мумкин.

Меҳнат ҳақининг миқдори иш берувчи билан ходим ўртасидаги келишувга биноан белгиланади (МКнинг 153-моддаси). Меҳнат ҳақи шакли ва тизимлари, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар, рағбатлантириш тарзидаги тўловлар жамоа шартномаларида, шунингдек иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб қабул қилинадиган бошқа локал ҳужжатларда белгиланади.

Меҳнатга ҳақ тўлаш шакллари: вақтбай ёки ишбай асосида бўлиши мумкин.

Тўлов шакли вақтбай  бўлса, иш ҳақи ҳақиқатда ишлаган вақтидан ва белгиланган лавозим маошидан (яъни окладдан) ёки тариф ставкасидан  келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилади. Бунда тариф ставкалари, иш вақтини ҳисобга олиш бўйича ҳужжатлар иш ҳақини ҳисоблаш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Мисол. Корхонада иш ҳақининг вақтбай шакли белгиланган бўлиб, ҳайдовчининг лавозим маоши (оклади) 900 000 сўм этиб белгиланган. Апрель ойи учун норматив иш соати 160 соатга тенг бўлиб, ҳайдовчи апрельда 144 соат ишлаган.

Унинг апрель учун маоши 810 000 (900 000/160 х144) сўмни ташкил этади. 

Меҳнат ҳақининг ишбай тўлов шаклида иш ҳақи ҳар бир сифатли бажарилган иш ёки тайёрланган маҳсулот бирлиги учун олдиндан белгиланган тўлов миқдоридан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилади. Масалан, ҳайдовчилар учун ҳар бир юрилган масофа бирлиги (км) ва унга белгиланган ставка асосида иш ҳақи ҳисоблаб чиқарилиши мумкин.

Хар қандай ҳолатда ҳам, ойлик нормативни тўлиқ адо этган ходим учун бир ой учун белгиланган иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг Ягона тариф сеткаси бўйича биринчи разряддан кам бўлмаслиги зарур.

Амалда ишлаган иш вақти/бажарган иши учун тўловдан ташқари, Меҳнат кодекси билан белгиланган миқдорда қўшимча равишда қуйидаги тўловлар амалга оширилиши керак: иш вақтидан ташқари ишлар учун, дам олиш ва байрам кунларидаги ишлар учун (МКнинг 157-моддаси), тунги вақтдаги иш учун (МКнинг 157-моддаси).

Ответы экспертов отражают их мнение и создают информационную основу для принятия Вами самостоятельных решений. Пользование этим сервисом осуществляется по правилам, с которыми Вы согласились, задавая вопрос на сайте. Просмотр всех вопросов и ответов открыт в свободном доступе.
Ответы актуальны на дату публикации.

Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика