Забыли пароль?
Регистрация
Вопрос
1.Бизда буюртмалар мавсумий бўлиб, ҳайдовчилар бир-икки ой ишсиз қолиши мумкин, бундай ҳолда ҳайдовчиларга вақтбай тартибда иш ҳақи тўлаш тўғрими? 2.Юк ташиш хизматлари таннархига киритиладиган харажатлар туркумларини ва қандай ҳужжатлар расмийлаштириш тартибларини тушунтириб берсангиз.
МЧЖ асосий фаолияти хизмат кўрсатиш (республика ичида ва халкаро юк ташиш билан шуғулланади) ва ягона солиқ тўловини тўлайди.


Ответы экспертов
Ответов: 294
26.05.2017

1.Ҳа, ҳайдовчиларга вақтбай тартибда иш ҳақи тўланиши мумкин.

Ҳақ тўлашнинг аниқ миқдорлари жамоа шартномасида белгиланади, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланади.

Инобатга олиш керакки, вақтбай тўлов шаклида нормал иш вақтининг муддати ходимларнинг барча тоифалари учун ҳафтасига қирқ соатдан ошмаслиги керак. Белгиланган иш (смена) муддатидан ташқари вақтда, шунингдек дам олиш ва байрам кунларида ишлаш иш вақтидан ташқари иш ҳисобланади ва унга икки ҳиссадан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланади.

Корхона (ташкилот) ишининг тўхтаб туриши бекор туриб қолиш деб ҳисобланади. Агар бекор туриб қолишда ходим айбдор бўлмаса, унга бекор туриб қолинган вақт учун ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланади (Меҳнат кодексининг 159-моддаси). Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартиби ВМнинг 11.03.1997й. 133-сонли қарори билан тасдиқланган.

Амалда корхоналар бундай ҳолатда ходимни мажбурий иш ҳақи сақланмаган таътилга чиқаришади. Аммо, ЎзР Меҳнат кодексида корхона (ташкилот) бекор туриб қолган даврда ходимнинг иш ҳақи сақланмаган ҳолда мажбуран таътилда бўлиш мажбуриятини мустаҳкамлайдиган қоидалар (моддалар) мавжуд эмас. Демак, ходим буни ёзма ариза билан тасдиқлаган ҳолда бундай таътилга розилик билдирмаса ва корхона (ташкилот) уни иш билан таъминлай олмаслигидан қатъи назар, иш берувчи у билан меҳнат  муносабатларини давом эттирса, ходимнинг айбисиз бекор туриб қолиш вақтига Меҳнат кодекси 159-моддасининг 1-бандида назарда тутилганидан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланиши керак.

2.Хизматлар таннархини аниқлашда “Харажатларнинг таркиби тўғрисида”ги Низомга (ВМнинг 05.02.1999й. 54-сонли қарорига илова) мувофиқ ҳисоб юритиш лозим. Низомда харажатларни гуруҳлаш ва молиявий натижаларни шакллантиришнинг асосий қоидалари мавжуддир.

Юк ташиш фаолияти мисолида Низомга мувофиқ хизматларнинг ишлаб чиқариш таннархига қуйидагича туркумлаш мумкин:

а) моддий харажатлар – бу Ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг асосини ташкил этиб, унинг таркибига кирадиган ёки маҳсулот тайёрлашда, ишларни бажаришда, хизматлар кўрсатишда зарур таркибий қисм ҳисобланган четдан сотиб олинадиган хом ашё ва материаллардир (Низомнинг 1.1.1.-банди). Масалан, ёқилғи маҳсулотлари, транспорт воситасини таъмирлаш учун ишлатилган эҳтиёт қисмлар ва шу каби моддий шаклга эга, хизмат кўрсатишда бевосита қатнашадиган моддий қимматликларга қилинган харажатлар. Ёқилғи ҳисоби йўл варақалари асосида олиб борилади. Йўл варақаларини тўлдириш барча ташувчилар учун уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар, мажбурий ҳисобланади.

Йўл варақаларини тўлдириш ва қайта ишлаш тартиби Ташувчиларнинг юк автомобиллари учун йўл варақалари, товар-транспорт юк-хатларини тайёрлаш, ҳисобга олиш, тўлдириш ва қайта ишлаш бўйича Йўриқномада белгиланган (АВ томонидан 02.07.2004й. 1382-сон билан рўйхатга олинган). Юкларни ташиш бўйича ишлар автомобилда бажарилганда, автомобилнинг ишига вақтбай шартномавий тарифлар бўйича ҳақ тўлаш амалга оширилиши шартларида 4-п шакл (вақтбай) шакл, шаҳарлараро йўлларда юкларни ташишда 4-м шакл (шаҳарлараро), ва Халқаро йўлларда юкларни ташиш бўйича 1-сон шакл (халқаро) қўлланилади.

б) ишлаб чиқариш хусусиятига эга бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари – ушбу туркумга кирувчи харажатлар Низомнинг 1.2.1.- 1.2.7.-бандлари билан белгиланган. Масалан, ҳайдовчиларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш шакллари ва тизимларига мувофиқ бажарилган иш учун иш ҳақи, рағбатлантирувчи тусдаги тўловлар, тунги вақтда, ишдан ташқари вақтда, дам олиш вабайрам (ишланмайдиган) кунларда ишланганлик учун тариф ставкалари ва окладларга устамалар ва қўшимча ҳақ автомобиль транспорти ва катта йўллар ходимларининг ва доимий иши йўлда ўтадиган ёки қатнов тусига эга бўлган бошқа ходимларнинг иш ҳақига, хўжалик юритувчи субъект жойлашган жойдан жўнаган пайтидан бошлаб шу жойга қайтиб келган пайтгача тўланадиган йўлда ўтган ҳар бир сутка учун тўланадиган устамалар, таътил пуллари кабилар. Иш ҳақи ҳисоблашда тариф ставкалари, иш вақтини ҳисобга олиш бўйича ҳужжатлардан (масалан йўл варақаларидан) фойдаланилади.

в) ишлаб чиқаришга тегишли бўлган ижтимоий суғуртага ажратмалар – яъни ягона ижтимоий тўлов (ЯИТ). Юқоридаги ишлаб чиқариш хусусиятига эга бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан келиб чиқиб ҳисобланган ЯИТ харажатлари. ЯИТни ҳисоблашда унинг энг кам миқдорини ҳисобга эътиборга олиш лозим (АВ томонидан 13.04.2010 й. 2095-сон билан рўйхатга олинган). ЯИТ иш ҳақи ҳисоблаш ведомости асосида ҳисобланади.

г) асосий фондлар ва ишлаб чиқариш аҳамиятига эга бўлган номоддий активлар амортизацияси - асосий ишлаб чиқариш воситаларининг, шу жумладан молиявий ижара (лизинг) бўйича олинган, ҳамда номоддий активларнинг бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисобланган амортизация ажратмалари суммаси. Масалан, юк ташувчи транспортларнинг амортизация суммалари. Ойлик амортизация ажратмалари бухгалтерия маълумотномаси билан тасдиқланади.

д) ишлаб чиқариш аҳамиятига эга бўлган бошқа харажатлар – масалан, юк ташувчи транспорт воситаларини жорий ижарага олиш билан боғлиқ харажатлар, қонун ҳужжатларига мувофиқ хизмат кўрсатишда банд бўлган ходимларни тиббий кўрикдан ўтказганлик учун тиббий муассасаларга ҳақ тўлаш, ишлаб чиқариш ходимларини ва ишлаб чиқариш активларини, яъни ҳайдовчиларни ва транспорт воситаларини мажбурий ва ихтиёрий суғурта қилиш харажатлари, ишлаб чиқаришнинг ички сабабларига кўра бекор туришлар туфайли йўқотишлар, ходимларга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари тўлаш билан боғлиқ харажатлар кабилар. Инобатга олиш лозимки, транспорт воситаларини ишчи ҳолатида сақлаб туришга доир харажатлар (техник кўрикдан ўтказиш ва ҳолатини яхшилашга оид харажатлар) ҳамда ишлаб чиқаришдаги асосий воситаларнинг барча турдаги таъмирланишини (жорий, ўртача, капитал тарзда) ўтказиш харажатлари хизматларнинг ишлаб чиқариш таннархига киритилади (5-сон БҲМС 48-моддаси; Низомнинг 1.5.1.2.). Ушбу харажатларни амалга оширишга асос бўлган ҳужжатлар, масалан шартномалар ва ҳисобварақ-фактуралар билан расмийлаштирилади.

Хулоса. Юк ташиш фаолият турини амалга оширувчи корхоналар ҳайдовчиларга вақтбай асосда иш ҳақи тўлаши мумкин. Корхонада буюртма йўқлиги сабабли иш тўхтаб қолиши юзага келганда, ходимга белгиланган тартибда ҳисоблаб чиқарилган ўртача ойлик иш ҳақи тўланиши керак.

Юк ташиш хизматининг таннархини “Харажатларнинг таркиби тўғрисида”ги Низомга (ВМнинг 05.02.1999й. 54-сонли қарорига илова) мувофиқ шакллантириш ва ҳисобини юритиш зарур.

Ответы экспертов отражают их мнение и создают информационную основу для принятия Вами самостоятельных решений. Пользование этим сервисом осуществляется по правилам, с которыми Вы согласились, задавая вопрос на сайте. Просмотр всех вопросов и ответов открыт в свободном доступе.
Ответы актуальны на дату публикации.

Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика