Забыли пароль?
Регистрация
Вопрос
Чорва молларнинг қийматини арзонлаштириш мумкинми, ушбу жараён кайси конун хужжатларга асосан амалга оширилади? Бу ҳолатда бухгалтерияда икки ёқлама ёзув қандай амалга оширилади? Жамиятнинг солиқ тизимида қандай ўзгаришлар бўлади? Ушбу жараённи амалга ошириш учун таъсисчидан рухсат олиш лозимми?
Маъсулияти чекланган жамиятимиз умумбелгиланган солиқ тўловчиси ҳисобланади. Хозирда жамиятимизда чорва моллари мавжуд булиб, ушбу чорва моллари сўйиб сотилганида 1 кг гўштнинг таннархи бозор нархларидан ошиб кетмокда.


Ответы экспертов
Ответов: 208
29.05.2017

Маҳсулот ишлаб чиқариш таннархини шакллантиришда корхонангиз «Харажатларнинг таркиби тўғрисида»ги Низом (ВМнинг 05.02.1999й. 54-сонли қарори иловаси) талабларига амал қилиши зарур. Ушбу низомга мувофиқ маҳсулот ишлаб чиқариш таннархига бевосита маҳсулотни ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган, ишлаб чиқариш технологияси ва уни ташкил этиш билан шартланган харажатлар киритилади. Уларга бевосита ва билвосита моддий харажатлар, бевосита ва билвосита меҳнат харажатлари, бошқа бевосита ва билвосита харажатлар, шу жумладан, ишлаб чиқариш хусусиятига эга бўлган устама харажатлар тегишли бўлади.

Хўжалик юритувчи субъектлар молиявий-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисобини «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуни асосида ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикасида бухгалтерия ҳисобини тартибга солувчи меъёрий элемент бўлиб ҳисобланувчи 21-сон БҲМС счётлари режаси асосида юритиши зарур. Ушбу стандарт хўжалик юритувчи субъектлар томонидан мулкчилик шаклидан қатъи назар ижро этилиши шарт (бюджет муассасалари, суғурта ташкилотлари ва банклардан ташқари).

21-сон БҲМСга асосан корхонага тегишли боқувдаги ҳайвонлар мавжудлиги ва ҳаракати тўғрисидаги ахборотлар 1110 «Ўстиришдаги ҳайвонлар» ва 1120 «Бўрдоқидаги ҳайвонлар» счётларда умумлаштирилади. Ҳайвонларни ўстириш ва бўрдоқига боқиш харажатлари 2010 «Асосий ишлаб чиқариш» (агар чорвачилик асосий фаолият тури бўлса) ёки 2710 «Хизмат кўрсатувчи хўжаликлар» счётларида ҳисобга олинади.

Боқувдаги ҳайвонларнинг ортган вазнининг қиймати, шунингдек ёш ҳайвонлар ўсиш қиймати ҳар ойда 1110 «Ўстиришдаги ҳайвонлар» ва 1120 «Бўрдоқидаги ҳайвонлар» счётларининг дебетига парваришлаш режа таннархи бўйича ушбу ҳайвонларни парваришлаш харажатларини ҳисобга олувчи счётларнинг кредитидан олиб борилади. Йил охирида кўрсатилган счётлар бўйича йил давомида парваришлаш режа таннархи бўйича ҳисобга олинган ҳайвонларнинг қўшилган вазни ёки ўсиш қийматини, парваришлашнинг ҳақиқий таннархигача тўғрилаш ёзувлари амалга оширилади.

Тайёр гўшт маҳсулотлар ҳақиқий ишлаб чиқариш таннархи бўйича 2810 «Омбордаги тайёр маҳсулотлар» счётида ҳисобга олинади. Бунда қишлоқ хўжалиги корхоналари чорвачилик ва қайта ишланган маҳсулотларининг ҳаракатини бизнес-режадан келиб чиқиб, йил давомида прогноз таннархи бўйича ҳисобга олиши мумкин. Йил охирида тайёр маҳсулотнинг ҳақиқий ва прогноз таннархи ўртасида аниқланган фарқ маҳсулотлар счётига ҳисобот йили охиридаги келтирилган маҳсулотларнинг қолдиғига тааллуқли бўлган улушларда ўтказилади.

Юқоридаги бухгалтерия қонун хужжатлари талабларидан келиб чиқсак, махсулот таннархини шакллантиришда махсулотни ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган бевосита ва билвосита харажатларни мажбурий равишда тўлиқлигича ҳисобга олиш зарур.

Таннархга қўшиладиган харажатларнинг айрим турини ҳисобга олмаслик ёки уларни қисман ҳисобга олиш амалдаги норматив хужжатларда кўзда тутилмаган.

Ишлаб чиқарилган гўштнинг таннархини камайтириш мақсадида, харажат гуруҳларидан таннархга муҳим равишда таъсир этадиган харажатларни ўрганиб чиқишингиз ва улар қийматини пасайтиришга йўналтирилган чораларни кўришингиз зарур.

Бунда моддий харажатлардан озуқа ем-хашак қийматини камайтириш мақсадида, уларни корхонанинг ўз кучи билан етиштириш, янги технологияларни қўллаш, боқувдаги қорамолларни хосилдор наслларини жорий этиш каби чораларни кўриш лозим.

4-сон БҲМСнинг 41-бандига асосан (АВда 17.07.2006й. 1595-сон билан рўйхатга олинган) товар-моддий захираларни қийматини жорий қийматлар бўйича мувофиқлаштириш мақсадида уларнинг қийматини вақти-вақти билан қайта баҳолаш йўли билан аниқлаштириш мумкин. Товар-моддий захиралар, агар улар шикастланган, тўлиқ ёки қисман эскирган ёки уларни сотишнинг соф қиймати пасайган бўлса, арзонлаштирилиши мумкин (44-банд).

Бу дегани, агар 1110 ва 1120 счётларда ҳисобга олинган боқувдаги ҳайвонларнинг баланс қиймати жорий бозор қийматларидан фарқланса (юқори бўлса), уларнинг қийматини қайта баҳолаб жорий қийматгача мувофиқлаштиришингиз мумкин.

Қайта баҳолашни ташкилотингиз ўзи мустақил равишда ёки баҳолаш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига (лицензиясига) эга бўлган ихтисослаштирилган ташкилотни жалб этиш орқали амалга оширилиш мумкин.

Қайта баҳолаш натижасида товар-моддий захираларнинг арзонлашиш суммаси у юзага келган ҳисобот даврининг харажатларига киритилади ва бухгалтерия ҳисобида қўйидаги ўтказмалар билан акс эттирилади:

    Дт - 9430 «Бошқа операцион харажатлар»;

    Кт - 1110 «Ўстиришдаги ҳайвонлар» ва 1120 «Бўрдоқидаги ҳайвонлар».

Товар-моддий захираларни арзонлашиш натижасида юзага келган зарарлар суммаси СКнинг 142-145-моддаларида кўзда тутилмаган чегирилмайдиган бошқа харажатлар жумласига қиради (СКнинг 147-моддаси 27-банди). Демак, боқувдаги ҳайвонларни қайта бахолаш натижасида уларнинг қиймати арзонлаши ҳисобига юзага келган зарар суммаси Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ҳисобланишида солиққа тортиладиган даромаддан чегирилмайди.

Эслатиб ўтмоқчимиз, товарлар ўз таннархидан паст баҳоларда реализация қилинганда, солиқ солиш мақсадлари учун солиқ солинадиган база товарларнинг таннархи асосида аниқланади (СКнинг 130-мод., 204-мод.).

Ответы экспертов отражают их мнение и создают информационную основу для принятия Вами самостоятельных решений. Пользование этим сервисом осуществляется по правилам, с которыми Вы согласились, задавая вопрос на сайте. Просмотр всех вопросов и ответов открыт в свободном доступе.
Ответы актуальны на дату публикации.

Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика