Забыли пароль?
Регистрация
Вопрос
1. Юридик шахс томонидан аҳолидан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини банкдан ўша мақсад учун олинган нақд пулга сотиб олинганда, тўлов манбаида, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қандай ушлаб қолинади? 2. Фуқаро ўз ташаббуси билан аҳолидан уйма-уй юриб маҳсулотни тўплаб корхонамизга топширса, солиқ қандай ушланади? Аҳолидан сотиб олган нархи билан топширган нархи ўртасидаги фойдасидан ушланадими? Бу қандай аниқланади? 3. Аҳолидан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нақд пулга сотиб олинганда қандай ҳужжатлар расмийлаштирилади? 4. Деҳкон бозорида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан савдо қилувчи якка тартибдаги тадбиркордан нақд пулга маҳсулот олинганда қандай ҳужжат расмийлаштирилади?
Юридик шахс 2017 йилдан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлаб, чет элга экспорт қилишни режалаштирган. Ушбу масала юзасидан хизмат кўрсатувчи банк билан - аҳолидан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини нақд пулга сотиб олиб тайёрлаш учун - нақд пул ажратиш юзасидан келишувга эришилган.


Ответы экспертов
Ответов: 362
31.05.2017

1. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини табиий ва қайта ишланган ҳолда сотишдан олинган даромадлар жисмоний шахсларнинг бошқа даромадлари жумласига киради (СКнинг 178-моддаси 6-банди). Жисмоний шахсларнинг бошқа даромадлари эса тўлов манбаида солиққа тортилади (СКнинг 184-моддаси).

СКнинг 184-моддасида кўрсатилган даромадларга ҳисобланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ДШДС) мазкур даромадлар жисмоний шахсга ҳақиқатда тўланаётганида ушлаб қолинади (СКнинг 185-моддаси).

Сизнинг ҳолатда юридик шахс қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини аҳолидан нақд пулга сотиб олаётганида жисмоний шахс фойдасига тўлаб бериладиган жами даромадидан белгиланган ставкаларда (шкала бўйича) солиқни ҳисоблаб, ушбу солиқ суммасини ушлаб қолиши лозим.

Агарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жисмоний шахснинг ўзига ёки оила аъзоларига ажратилган ер участкасида, ёки деҳқон хўжалигида етиштирилган бўлса, уларни сотишдан олинган жисмоний шахснинг даромадлари солиққа тортилмайди (СКнинг 179-моддаси 12-банди). Ушбу имтиёзни қўллаш учун жисмоний шахс давлат ҳокимияти, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ёки бошқа тегишли идора томонидан берилган ВМнинг 28.08.2012й. 253-сонли қарори билан тасдиқлаган Қоидалар иловасида келтирилган шаклдаги маълумотномани тақдим этиши лозим бўлади. Агар бундай маълумотнома тақдим этилмаса, жисмоний шахснинг даромадлари умумбелгиланган тартибда солиққа тортилади.

Мисол.

Корхона апрел ойида жисмоний шахс – Ф.Тошпўлатовдан биринчи маротаба 1 000 000сўмлиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини нақд пулга сотиб олди.

Ушбу шахсга пулни тўлашдан аввал солиқ суммасини белгиланган шкала асосида ҳисоблаб чиқариш лозим. Январ-апрел шкаласи бўйича жисмоний шахснинг 599 100сўм даромадига 0% солиқ ставкаси қўлланилади. Ундан ортган қисмига - 400 900 сўмдан 7,5% ставкада 30 067,5 сўм ЖШДС ҳисобланади.

Жисмоний шахс Ф.Тошпўлатовнинг 1 000 000 сўм даромадидан 30 067,5 сўм солиқ суммаси ушлаб қолинади ва унга 969 932,5 сўм тўлаб берилади.

Май ойида ушбу жисмоний шахс – Ф.Топўлатовдан қўшимча 3 000 000 сўмлиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиб олинди.

Йил бошидан жисмоний шахс – Ф.Тошпўлатовнинг корхонадан олган даромади 4 000 000 сўмни ташкил этади. Январ-май шкаласи бўйича жисмоний шахснинг 748 875 сўм даромадига 0% солиқ ставкаси қўлланилади. Ундан ортган қисмига – 3 251 125 сўмдан 7,5% ставкада 243 834,4 сўм ЖШДС ҳисобланади.

Апрел ойида ушлаб қолинган солиқни инобатга олган ҳолда май ойи учун жисмоний шахс Ф.Тошпўлатовга 2 786 233,1 сўм тўлаб берилади.

Агар жисмоний шахс – Ф.Тошпўлатов қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ўз томорқасида етиштирилганлигини тасдиқловчи ҳужжат – маълумотномани тақдим этса, унга келишилган 1 000 000 сўм ва 3 000 000 сўм даромад суммаси ЖШДС ушланмаган ҳолда тўлиқ тўлаб берилади.

Таъкитлаб ўтамиз, юридик шахс асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисида белгиланадиган шаклда, солиқ даври (календарь йили) тугаганидан сўнг 30 кун ичида давлат солиқ хизмати органига маълумотнома тақдим этиши шарт (СКнинг 187-моддаси). Шунинг учун корхонангиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишдан даромад олган жисмоний шахслар тўғрисида солиқ идорасига тегишли маълумотномани тақдим этиши керак бўлади.

Агар жисмоний шахс ЖШДСни максимал ставкада ушлаб қолишни сўраб ариза тақдим этса, тўланадиган даромад умумий суммасидан ЖШДС энг юқори ставкада (23%) ушлаб қолинади. Бу ҳолда юқорида айтиб ўтилган маълумотнома солиқ идорасига тақдим этилмайди.

2. Ташкилотлар учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (хом сут, сабзавотлар, мевалар, асал, тери ва мўйна) тайёрлаш бўйича хизматлар хусусий тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига киради (ВМнинг 07.01.2011й. 6-сонли қарори 1-иловаси 73-сатр).

Шунинг учун фукаро аҳолидан уйма-уй юриб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тўплаб, бошқа ташкилотларга топшириш фаолиятини амалга ошириши учун у якка тартибдаги тадбиркор (ЯТТ) сифатида давлат рўйхатидан ўтиши лозим.

Яъни, корхонангиз бундай фуқародан у ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтган бўлсагина ахолидан тўпланган кишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олди-сотди шартномаси асосида сотиб олишингиз мумкин бўлади.

ЯТТ билан олди-сотди шартномаси асосида ҳисоб-китобларни амалга оширишда корхонангиз ундан ЖШДСни ушлаб қолмайди. Чунки ЯТТлар мустақил солиқ тўловчилари сифатида қатъий белгиланган солиқ тўловчилари ҳисобланади (СКнинг 370-моддаси) ва уларнинг тадбиркорлик фаолиятидан олинган қатъий белгиланган солиқ солинадиган даромадлари ЖШДСнинг солиқ солиш объекти бўлиб ҳисобланмайди (СКнинг 169-моддаси).

3. Аҳолидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилишда ҳисоб – китоб усулидан қатъий назар (нақд пул ёки унинг банк пластик картасига пул ўтказиш орқали), қуйидаги ҳужжатларни расмийлаштириш лозим бўлади:

- оддий ёзма шаклда маҳсулотни етказиб бериш ёки контрактация шартномаси («Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонунининг 11-моддаси, ФКнинг 108-моддаси);

- жисмоний шахснинг паспорт нусхаси ва СТИР (ИНН) маълумотномаси;

- маҳсулот жисмоний шахсга (ёки оила аъзоларига) тегишли ер участкасида етиштирилганлиги ҳақидаги маълумотнома;

- маҳсулотлар якка тартибдаги тадбиркор сотиб олинганида уни давлат рўйхатидан ўтганлиги ҳақидаги гувоҳнома нусхаси;

- товар моддий заҳираларни сотиб олиш ҳақида далолатнома (закупочный акт). Қонунчиликда ушбу далолатноманинг шакли тасдиқланмаган. Далолатнома шакли корхона томонидан ишлаб чиқилиб, раҳбари томонидан тасдиқланиши ва ҳисоб сиёсатига бириктирилиши керак. Далолатномада сотиб олинган маҳсулотлар номи, миқдори, нархи, сотувчининг паспорт маълумотлари, турар жойи, харид амалга оширилган жой ва сана кўрсатилиши зарур;

- агар пул маблағлари харид учун корхонанинг ҳисобдор шахсига топширган бўлса, ҳисобдор шахс бухгалтерияга аванс (бўнак) ҳисоботини топшириши керак;

- аҳоли билан нақд пул билан ҳисоб-китоб амалга оширилганида, корхона кассасидан ушбу мақсадлар учун берилган нақд пул маблағларига чиқим касса ордери расмийлаштирилади (АВда 22.06.2015й. 2687-сон билан рўйхатга олинган Қоидалар).

4. Бозорларда юридик шахс бўлмаган ЯТТ томонидан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш натижасида олинган товарларни турғун савдо шохобчалари орқали, бозор маъмурияти билан ижара шартномаси шартларида, фискал хотирали назорат-касса машиналарини ва тўловларни банк пластик карточкаларидан қабул қилиш бўйича тўлов терминалларини мажбурий қўллаган, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нақд пул тушумини топширган ҳолда сотишга рухсат этилади (ВМнинг 28.08.2012й. 253-сонли қарори 1-иловаси 48-банди).

ЯТТдан корпоратив пластик картаси орқали харидни амалга ошириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Сотувчи харидорнинг талабига кўра зарур тарзда расмийлаштирилган товарга илова қилинадиган ҳужжатларни тақдим этиши шарт (ВМнинг 13.02.2003й. 75-сон Қарори 1-иловаси 14-банди).

Демак, харид ЯТТдан нақд пул ёки корпоратив карта орқали амалга оширилганда, корхона сотиб олинаётган маҳсулот бўйича керакли маълумотлар кўрсатилган юкхати ва ККМ ёки тўлов терминал чекини талаб қилишга ҳақли. Ҳисобдор шахс ушбу ҳужжатларга аванс ҳисоботини илова қилган ҳолда бухгалтерияга топшириши лозим. Улар бухгалтерияда сотиб олинган маҳсулотларни кирим қилиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Ответы экспертов отражают их мнение и создают информационную основу для принятия Вами самостоятельных решений. Пользование этим сервисом осуществляется по правилам, с которыми Вы согласились, задавая вопрос на сайте. Просмотр всех вопросов и ответов открыт в свободном доступе.
Ответы актуальны на дату публикации.

Ответов: 294
26.05.2017

3. Шартноманинг шартлари тарафларнинг хоҳиши билан белгиланади (ФК 354-м. 5-қ.).

Ҳисоб-китоб қилиш тартиби хўжалик шартномасининг муҳим, шартномада албатта кўрсатилиши лозим бўлган шартларидан бири ҳисобланади («Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонун 10-м.).

Ушбу ҳолатда иккинчи тараф – якка тартибдаги тадбиркор билан пул кўчириш йўли билан ҳисоб-китоб қилишга келишиш талаб этилади, холос.

Ответы экспертов отражают их мнение и создают информационную основу для принятия Вами самостоятельных решений. Пользование этим сервисом осуществляется по правилам, с которыми Вы согласились, задавая вопрос на сайте. Просмотр всех вопросов и ответов открыт в свободном доступе.
Ответы актуальны на дату публикации.

Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика