Ответов: 23
Ответы эксперта. Бухгалтерский учет. Аудит 2014-2017
Показать ответ

Ҳақиқатдан ҳам, сиз корхонангиз балансида мавжуд бўлган тегишли мол-мулкларни ўз ихтиёрингиз билан тасарруф қилишингиз, жумладан реализация қилишингиз қонун ҳужжатларида чекланмаган.

Хусусан, автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимлар нотариуслар томонидан нотариал тартибда тасдиқланиши керак (ВМнинг 07.03.2006й 38-сонли қарори).

Сиз томонингиздан автомобиль реализация қилинганда, албатта қабул қилиш-топшириш далолатномаси ва ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади.

Энди солиқ оқибатларига келсак, 5-сон БҲМС "Асосий воситалар"га кўра (АВда 20.01.2004 й. 1299-сон билан рўйхатга олинган) асосий воситалар реализациясидан молиявий натижа (фойда ёки зарар) асосий воситаларни реализация қилишдан олинган тушум билан уларнинг қолдиқ (баланс) қиймати ўртасидаги фарқ сифатида, асосий воситаларни реализация қилиш харажатлари ва қайта баҳолаш натижаларини ҳисобга олган ҳолда аниқланади (53-банд).

Ягона солиқ тўлови тўловчиларида асосий воситаларни реализация қилиш чоғида солиқ оқибатлари фақат реализациядан фойда мавжуд бўлгандагина вужудга келади - у корхонанинг бошқа даромадларига киритилади ва унга асосий фаолият тури ставкасида ЯСТ солинади (Солиқ кодексининг 132, 133 ва 355-моддалари). ЯСТ ҳисоб-китобида асосий воситанинг чиқиб кетишидан зарар ҳисобга олинмайди.

11.12.2017 [ID: 9724] 1) Муассис томонидан Устав фондига киритиладиган асосий воситаларни кирим қилишда далолатнома расмийлаштирилиши тўғрими ва ушбу операция бухгалтерия ҳисобида қандай ёзувлар орқали ифодаланади? Ушбу ҳолат бўйича тўлиқ тушунча берсангиз. 2) “А” исмли шахс томонидан келиб тушган 80 млн.сўм маблағ нотўғри расмийлаштирилганганлиги сабабли мазкур ҳолатни тўғрилаш учун қандай амалиётлар бажарилиши мумкин? “А” исмли шахсни муассис сифатида МЧЖга киритиш тартиби қандай амалга оширилади?
Показать ответ

1.МЧЖ устав капиталини шакллантириш тартиби ва ҳиссаларнинг турлари "Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонун (2001 йил 6 декабрдаги 310-II-сон) билан тартибга солинади. Унинг 15-моддасига мувофиқ жамиятнинг устав фондига (устав капиталига) ҳисса пул, қимматли қоғозлар, бошқа буюмлар ёки мулкий ҳуқуқлар ёхуд учинчи шахсларга бериладиган, пул баҳосига эга бўлган ҳуқуқлар бўлиши мумкин. Тегишинча, асосий воситалар устав капиталига ҳисса сифатида киритилиши мумкин.

Корхонанинг таъсис ҳужжатлари рўйхатдан ўтказувчи органда рўйхатдан ўтказилганидан кейин бухгалтерия ҳисобида муассисларнинг устав капиталига ҳиссалари бўйича қарзи (4610-ҳисобварағининг дебети) ва таъсис ҳужжатларида эълон қилинган устав капиталининг миқдори (8330-ҳисобварақ кредити) акс эттирилади.

Муассисларнинг ҳиссалари амалда келиб тушганида дебиторлик қарзи 4610-ҳисобварақ бўйича ҳисобда ҳисобвараққа келиб тушган мол-мулк ҳиссаси қийматига сўндирилади (ёпилади): 4610-ҳисобварақ пул маблағлари, капитал қўйилмалар, товар-моддий бойликлар ва бошқаларни ҳисобга олиш ҳисобварақлари билан кредитланади.

Сизнинг ҳолатингизда, муассис Устав фондини шакллантириш мақсадида жами корхона балансига 6 млн. сўмлик асосий воситаларни киритган экан, 21-сон БҲМСга асосан қуйидаги бухгалтерия ёзувлари амалга оширилади:

N

Хўжалик операцияларининг мазмуни

Сумма  (минг сўм)

Ҳисобварақлар

корреспонденцияси

дебет

кредит

1

Муассиснинг МЧЖ устав капиталига ҳисса бўйича қарзи акс эттирилганда

6 000

4610

8330

2

Муассиснинг ҳиссаси асосий воситалар  шаклида келиб тушганда

6 000

0110 - 0190

4610

Асосий воситаларнинг корхонанинг устав фондига ҳисса сифатида берилиши қабул қилиш-топшириш далолатномаси, ҳисобварақ-фактура билан расмийлаштирилади. Сизнинг ҳолатингизда фақат қабул қилиш-топшириш далолатномаси расмийлаштирилади, уни муассис, шунингдек корхона махсус комиссиясининг раиси ва аъзолари имзолайдилар. Далолатномага, агар мавжуд бўлса, техник ҳужжатлар (паспорт, техник шартлар ва б.) илова қилинади. Корхона бухгалтерияси асосий воситаларни ҳисобга қабул қилади: карточка очиб, унга объект тўғрисидаги барча маълумотларни қайд этади; инвентарь рақами беради, у фойдаланишнинг бутун даврида сақланади ва барча бирламчи ҳужжатлар ва бухгалтерия ҳисоби регистрларида кўрсатилади.

Шуни таъкидлаш лозимки, устав фондига (устав капиталига) олинган ҳиссалар корхонанинг даромади сифатида қаралмайди ва, тегишинча, ягона солиқ тўлови ва фойда солиғи ҳисоб-китобида солиқ солинадиган базага киритилмайди (Солиқ кодексининг 355 ва 129-моддалари).

2.Ҳақиқатда корхона айланма маблағларини ошириш мақсадида, ҳисоб рақамингизга “А” исмли жисмоний шахс томонидан 80 млн.сўм пул маблағлари киритилган ҳолатда, Сиз томонингиздан МЧЖ директори томонидан ушбу маблағлар МЧЖ нинг ҳисоб рақамига директор ва МЧЖ ўртасида тузилган молиявий ёрдам сифатида кирим қилинганлиги ноқонуний ҳолат бўлиб ҳисобланди.

Мазкур ҳолатда Сиз, ҳисоб рақамингизга беғараз асосда “А” исмли жисмоний шахс томонидан киритилган 80 млн.сўм пул маблағларини Солиқ кодексининг 132-моддасига асосан бошқа даромадлар тарзида ҳисобга олишингиз ва Солиқ кодексининг 355-моддсига асосан ягона солиқ тўлови ҳисоб-китобида солиқ солинадиган базага киритишингиз лозим бўлади.

“А” исмли шахсни МЧЖга муассис сифатида киритиш тартиби қандай амалга оширилиши масаласига келсак, жамиятнинг таъсис ҳужжатларига ўзгартишлар жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши қарорига биноан киритилади. Жамиятнинг таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартишлар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши керак ("Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонуннинг 11-моддаси).

Показать ответ

Тижорат ташкилотлари (хусусий корхоналар ва бошқалар) фойда олиш мақсадида молия-хўжалик фаолиятини амалга оширадилар. Одатда соф фойда корхона муассислари (иштирокчилари) ўртасида тақсимланади, яъни уларга дивидендлар тарзида тўланади.

Хусусий корхонанинг фойдаси солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан сўнг корхона мулкдорининг тасарруфига ўтади ҳамда унга солиқ солинмайди ("Хусусий корхона тўғрисида"ги Қонуннинг 24-моддаси).

Дивидендлар корхона тасарруфида қоладиган соф фойдадан ва (ёки) ўтган йилларнинг тақсимланмаган фойдасидан тўланади. Уларни тўлаш учун асос бўлиб хусусий корхона раҳбари, яъни мулкдорнинг қарори ҳисобланади.

Хусусан, Солиқ кодексининг 179-моддаси 6-бандига асосан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаганидан кейин хусусий корхона мулкдори ихтиёрида қоладиган фойда суммасига солиқ (даромад солиғи) солинмайди.

Демак, хусусий корхона раҳбари (таъсисчиси) корхона ихтиёрида қолган фойдани ўзининг шахсий пластик карточкасига ташлаб, ўз эҳтиёжи учун фойдаланиши мумкин ва бунда солиқ оқибати юзага келмайди.

Показать ответ

1. Ҳақиқатдан ҳам, сиз корхонангиз балансида мавжуд бўлган автомобилни ўрнатилган тартибда реализация қилишингиз қонун ҳужжатларида чекланмаган.

Жумладан, автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимлар нотариуслар томонидан нотариал тартибда тасдиқланиши керак (ВМнинг 07.03.2006й 38-сонли қарори).

5-сон БҲМС "Асосий воситалар"га кўра (АВда 20.01.2004 й. 1299-сон билан рўйхатга олинган) асосий воситалар реализациясидан молиявий натижа (фойда ёки зарар) асосий воситаларни реализация қилишдан олинган тушум билан уларнинг қолдиқ (баланс) қиймати ўртасидаги фарқ сифатида, асосий воситаларни реализация қилиш харажатлари ва қайта баҳолаш натижаларини ҳисобга олган ҳолда аниқланади (53-банд).

Ягона солиқ тўлови тўловчиларида асосий воситаларни реализация қилиш чоғида солиқ оқибатлари фақат реализациядан фойда мавжуд бўлгандагина вужудга келади - у корхонанинг бошқа даромадларига киритилади ва унга асосий фаолият тури ставкасида ЯСТ солинади (Солиқ кодексининг 132, 133 ва 355-моддалари). ЯСТ ҳисоб-китобида асосий воситанинг чиқиб кетишидан зарар ҳисобга олинмайди.

2. Корхона чиқиб кетаётган муассисга пул маблағларини ҳам, унинг ва бошқа муассисларнинг розилиги билан, натурада мол-мулкни ҳам (сизнинг ҳолатингизда - автомобильни) беришга ҳақли.

Аввало шуни ҳисобга олиш лозимки, чиқиб кетаётган таъсисчига, у юридик ёки жисмоний шахс ҳисобланишидан қатъи назар, унинг улушининг ҳақиқий қиймати тўланади ёки мол-мулк билан берилади ("Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонуннинг 22-моддаси). У ҳисоб-китоб йўли билан қуйидаги тартибда белгиланади. Аввал корхона активлари қийматидан қарз мажбуриятлари суммасини чегириб соф активлар аниқланади -активнинг 400-сатри айирув пассивнинг 770-сатри (муассис унинг улушини қайтариш тўғрисида талаб билан мурожаат қилган кундан аввалги охирги ҳисобот даври учун баланс маълумотларидан фойдаланилади). Сўнгра улушнинг ҳақиқий қиймати ҳисобланади: соф активлар суммаси чиқиб кетаётган муассиснинг корхона устав капиталидаги улушига (фоизларда) кўпайтирилади.

Улушнинг ҳақиқий қиймати жамият соф активларининг қиймати билан унинг устав фонди миқдори ўртасидаги фарқ ҳисобидан тўланади. Агар бундай фарқ етарли бўлмаса, жамият ўзининг устав фондини (устав капиталини) етишмаётган суммага камайтириши шарт.

Агар улушнинг ҳақиқий қиймати муассис ҳиссасининг суммасидан ошиб кетса, ошган сумма - ижобий фарқ унинг дивидендлар тарзидаги даромади деб эътироф этилади (Солиқ кодексининг 22-моддаси).

Корхона учун автомобилни чиқиб кетаётган таъсисчига бериш асосий воситанинг реализацияси бўйича операция деб эътироф этилади. Солиқ оқибатларига келсак, бу ҳақида 1-саволингиздаги жавобда келтирилди.

12.12.2017 [ID: 9747] 1. Корхона муассислари соф фойда ҳисобидан Устав фонди миқдорини ошириш тўғрисида қарор қабул қилишлари мумкинми ва ушбу ҳолатда қандай солиқ оқибатлари юзага келади? 2. МЧЖ муассислари корхонадан қарз шартномасига асосан пул маблағлари олган бўлса, ушбу қарз маблағларини улар Устав фондидаги улушларини камайтириш ҳисобидан қоплаб берса бўладими ва агар бу мумкин бўлса ушбу операция натижасида қандай солиқ оқибатлари юзага келади, Устав фондини камайтириш учун қандай ҳужжат расмийлаштирилади?
Показать ответ

1. Ҳа, корхона муассислари (иштирокчилари) ҳисобот даврининг тақсимланмаган фойдасини устав капиталини кўпайтиришга йўналтириш тўғрисида қарор қабул қилишлари мумкин.

Шуни қайд этиш лозимки, устав капиталини кўпайтириш тўғрисида ёзув таъсис ҳужжатларидаги ўзгартириш белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилгандан кейин амалга оширилади.

Устав капиталини ҳисобот йилининг тақсимланмаган фойдаси ҳисобидан кўпайтириш 21-сон БҲМСга кўра бухгалтерияда қуйидагича акс эттирилади:

Дебет

Кредит

8710-"Ҳисобот даврининг тақсимланмаган фойдаси (қопланмаган зарари)"

8300 - "Устав капитали"

Дивидендлар деганда акциялар бўйича тўланиши лозим бўлган даромад; юридик шахс томонидан унинг муассислари ўртасида тақсимланадиган соф фойданинг ва (ёки) ўтган йиллардаги тақсимланмаган фойданинг бир қисми; юридик шахс тугатилганда мол-мулкни тақсимлашдан олинган, шунингдек муассис томонидан юридик шахсда иштирок этиш улушини олгандаги даромадлар, бундан муассис устав фондига ҳисса сифатида киритган мол-мулкнинг қиймати чегирилади, тақсимланмаган фойда устав фондини кўпайтириш учун йўналтирилган тақдирда, юридик шахс акциядорининг, муассисининг  қўшимча акциялар қиймати, улуш қийматининг ошиши тарзида олинган даромадлари тушунилади (СКнинг 22-моддаси).

Дивидендлар тариқасида олинган ва қайси юридик шахсдан олинган бўлса, ўша юридик шахснинг устав фондига йўналтирилган даромадлар чегириб ташланган ҳолда ҳисоблаб чиқарилган ялпи тушум солиқ солинадиган база ҳисобланади. Муассислар таркибидан чиқилаётганда ёхуд тугатилаётган юридик шахснинг мол-мулки имтиёз қўлланилганидан сўнг бир йил ичида унинг иштирокчилари ўртасида тақсимланганда илгари солиқ солинадиган базадан чегирилган даромадларга тўлов манбаида умумий асосларда солиқ солинади (СКнинг 356-моддаси).

Шу тариқа, тақсимланмаган фойда устав фондини кўпайтириш учун йўналтирилган тақдирда, юридик шахс акциядорининг, муассисининг қўшимча акциялар қиймати, акциялар номинал қийматининг ошиши, улуш қийматининг ошиши тарзида олинган даромадлари, дивиденд кўринишидаги даромадлар деб тавсифланади ва уларга солиқ солинмайди.

2. Муассиснинг жамият устав фондини камайтириш ҳақидаги қарори ёзма тарзда расмийлаштирилиши шарт. Унда шакллантирилган ва янги устав фонди миқдорлари, шунингдек иштирокчининг камайтирилаётган улуши корхонанинг қайси мол-мулки (асосий воситалар, пул маблағлари ёки товар-моддий қимматликлар) ҳисобига тўланиши акс эттирилади. Муассиснинг қарорига кўра иштирокчи улушининг камайтирилаётган қисми пул маблағлари ёки корхонанинг бошқа мол-мулки билан қайтарилиши мумкин ("Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонун).

Келтирилган Қонуннинг 11-моддаси тўртинчи қисмига мувофиқ таъсис ҳужжатларига ўзгартишлар МЧЖ иштирокчиларининг умумий йиғилиши қарорига биноан киритилади. Жамиятнинг таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартишлар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.

Бунда шуни ҳисобга олиш зарурки, агар натижада жамият кўрсатилган Қонуннинг 14-моддасида белгиланган устав фондининг энг кам миқдоридан (МЧЖни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларни тақдим этиш санасидаги ҳолатга кўра қонун ҳужжатларида белгиланган ЭКИҲнинг 40 бараваридан) кам бўлиб қолса, ўз устав фондини камайтиришга ҳақли бўлмайди.

МЧЖ Устав фондини камайтирилиши бўйича ҳуқуқ кўрсатилган Қонуннинг 19-моддаси билан мустаҳкамланган. Мазкур моддада жамият ўз устав фондини камайтириши шарт бўлган ҳоллар ҳам назарда тутилган.

Солиқ оқибатлари масаласига келсак, агар улушнинг ҳақиқий миқдори ҳиссадан ошса, муассис чиқиб кетаётганда солиқ оқибатлари юзага келади. Ошиш суммаси дивидендларга тенглаштирилади (СКнинг 22-моддаси) ва унга тўлов манбаида 10%лик ставкада солиқ солинади (СКнинг 184-моддаси 2-қисми 3-банди).

Шуни қайд этиш лозимки, корхона муассислари соф фойдани корхонанинг устав фондини оширишга йўналтириб, кейинчалик эса муассислар қарз шартномасига асосан корхонадан пул маблағларини олиб, ушбу олинган қарзни уларнинг Устав фондидаги улушларини камайтириш ҳисобига қоплаб берилганлиги ҳолати амалиётда ўтказиладиган текширувларда аниқланган тақдирда, ушбу ҳолат солиқдан қочиш мақсадида илгаридан режалаштирилган операция деб қаралиши ва мансабдор шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар қўлланилиши мумкин.

Фуқаролик қонунчилигига асосан юридик оқибатлар туғдириш нияти бўлмаган ҳолда, номигагина тузилган битим (қалбаки битим) ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир. Агар битим бошқа битимни ниқоблаш мақсадида тузилган бўлса (кўзбўямачилик битими), тарафлар ҳақиқатда назарда тутган битимга доир қоидалар қўлланилади (ФКнинг 124-моддаси).

13.12.2017 [ID: 9751] Вилоят туманларида омборхона ва савдо шахобчаларига эга бўлган корхона бухгалтериясида товарлар реализация билан боғлиқ қандай ҳужжатлар расмийлаштирилади, қандай бухгалтерия ўзказмалари берилади ва ҳисоботлар тузилади? Корхонага қарашли вилоят марказларидаги омборхоналарда ва туманлардаги савдо шахобчаларида товарлар реализация билан боғлиқ қандай ҳужжатлар расмийлаштирилади, қандай бухгалтерия ўзказмалари берилади ва ҳисоботлар тузилади?
Показать ответ

Юридик шахслар томонидан товарларнинг реализация қилиниши ЎзР ВМнинг 26.11.2002 йилдаги 407-сон Қарори билан тасдиқланган “Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини руйхатдан ўтказиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Низомда ўрнатилган талабларга мувофиқ амалга оширилиши керак. Шунингдек, товарларнинг чакана реализация қилиниши ЎзР ВМнинг 13.02.2003 йилдаги 75-сон Қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қилиш Қоидаларига мувофиқ бўлиши керак.

Корхонангизга қарашли вилоят марказларидаги омборхоналарда ва туманлардаги савдо шахобчаларида товарлар реализация билан боғлиқ алоҳида ҳужжатлар расмийлаштирилмайди ҳамда алоҳида бухгалтерия ўзказмалари берилмайди. Бухгалтерия ҳисоби марказлашган ҳолда бош офисда юритилади. Бунда, умумлаштирилган ҳисобни назорат қилиш мақсадида вилоят ва тумаларда жойлашган омбор ва савдо шахаобчалари бўйича ҳисобни алоҳида субсчетлар очган ҳолда юритишни тавсия этамиз. Масалан, омбордаги товарларни ҳисоби 2911, 2912 ... ва ҳ.к., уларнинг таннархини 9121, 9122, ..., реализациядан тушумларни эса 9021, 9022, ... счетларда олиб борилади.

Товарларнинг корхона таркибий бўлинмалари ўртасидаги ҳаракати, масалан  Тошкент шаҳридан вилоят марказидаги омборхонага, вилоят марказидаги омборхонадан туманлардаги савдо шахобчаларига етказилганда белгиланган тартибда юк-хати расмийлаштирилади. Шунингдек, вилоят марказидаги омборхона ва туманлардаги савдо шахобчаларида товарларни қабул қилиб олган моддий жавогар шахслар томонидан товарларнинг кирим ва чиқим ҳаракати бўйича ойлик товар ҳисоботи юритилиб, улар ҳар ойнинг охирида корхона марказий бухгалтериясига тақдим этилади.

Товарларни сотишдан олинган тушумлар умумий тартибда марказлашган бухгалтерия томонидан 21-сон БҲМС қоидалари асосида ҳисоб юритилади.

Товарларни сотишдан олинган даромадлар 9020-"Товарларни сотишдан даромадлар" ҳисобварағи кредитида 4010-“Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган ҳисобварақлар”, 5010-“Миллий валютадаги пул маблағлари” ҳисобварағлари билан корреспонденцияда акс эттирилади. Сотилган товарлар таннархи 2900-"Товарлар" гуруҳи ҳисобварақларининг кредитидан 9120-“Сотилган товарларнинг таннархи” ҳисобварағи дебетига ҳисобдан чиқарилади.

Ҳисобот даври якунида 9020 ва 9120-ҳисобварақлари 9910-"Якуний молиявий натижа" ҳисобварағига ёпилиши лозим.


Товарларни сотиш акс эттирилади

 

Дебет

Кредит

Сотилган товарлар таннархи ҳисобдан чиқарилди

9120-“Сотилган товарларнинг таннархи”

2900-"Товарлар"

Товарларни сотишдан олинган даромад акс эттирилади

4010-“Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган ҳисобварақлар”

5010-“Миллий валютадаги пул маблақлари”

9020-"Товарларни сотишдан даромадлар"

ҚҚС хисобланди (ҚҚС тўловчиларга)

4010-“Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган ҳисобварақлар”

6410-“Бюджетга тўловлар бўйича қарзлар (турлари бўйича)”

Ҳисобот даври охирида 9020-ҳисобварақнинг ёпилиши акс эттирилади

9020-"Товарларни сотишдан даромадлар"

9910-“Якуний молиявий натижа”

Ҳисобот даври охирида 9120-ҳисобварақнинг ёпилиши акс эттирилади

9910-“Якуний молиявий натижа”

9120-“Сотилган товарларнинг таннархи”

Шунингдек, Президентнинг 2016 йил 27 декабрдаги ПҚ-2699-сон Карори 10-2-Иловасига асосан агар чакана савдо корхоналари мустақил юридик шахс ҳисобланмайдиган ва турли аҳоли пунктларида жойлашган, улар бўйича ягона солиқ тўловининг турли ставкалари белгиланган бир нечта савдо шохобчаларига эга бўлсалар, улар ҳар бир савдо шохобчаси бўйича товар оборотининг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритишлари ҳамда мазкур аҳоли пунктлари учун белгиланган ставкаларда ягона солиқ тўловини тўлашлари лозим бўлади.

Шу билан бирга, чакана савдо корхоналари ЯСТни қонун ҳужжатларига мувофиқ, лекин айнан шундай фаолият турини амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган қатъий белгиланган солиқ миқдоридан кам бўлмаган миқдорда тўлайдилар. Агар чакана савдо корхонаси бир нечта турғун савдо шохобчаларига эга бўлса, ЯСТ ҳар бир турғун савдо шохобчаси учун ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда тўланади. Бунда ЯСТнинг энг кам миқдори турғун савдо шохобчаси жойлашган жойда чакана савдони амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган қатъий белгиланган солиқ ставкасидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади (АВда 04.04.2013 йилда 2449-сон билан рўйхатга олинган Низом).

Показать ответ

1. Бошқа корхоналарнинг устав капиталига улуш сифатида асосий воситаларнинг чиқиб кетиши таъсис шартномасига асосан амалга оширилади.

Асосий воситаларнинг чиқиб кетишида АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатга олинган 5-сон БІМС ва АВ томонидан 29.08.2004 йилда 1401-сон билан рўйхатга олинган Низомга амал қилиш лозим.

Асосий воситаларнинг устав капиталига улуш сифатида берилиши муносабати билан чиєиб кетиши бухгалтерия ҳисобида қуйидаги ўтказмалар билан акс эттирилади:

Операциялар мазмуни

Дебет

Кредит

Асосий воситалар дастлабки (тиклаш) қийматининг ҳисобдан чиқарилиши

9210 "Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши"

0100 "Асосий воситалар"

Жамғарилган эскиришнинг ҳисобдан чиқарилиши

0200 "Асосий воситаларнинг эскириши"

9210 "Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши"

Устав капиталига асосий воситалар билан киритилган улушнинг акс эттирилиши

0600 "Узоқ муддатли инвестициялар"

 

9210 "Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши"

Єўшимча баҳоланган асосий восита чиқиб кетаётганида 8510 ҳисобварақни ёпиш

8510 "Мол-мулкни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар"

9210 "Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши"

Асосий воситаларнинг чиєиб кетишидаги зарар акс эттирилади

9430 “Бошқа операцион харажатлар”

9210 "Асосий воситаларнинг чиєиб кетиши"

Асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан олинган молиявий натижа (фойда)ни акс эттириш

9210 "Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши"

9310 "Асосий воситаларни чиқиб кетишидан олинган фойда"

2. Асосий воситаларни улуш сифатида устав капиталига беришдан олинган молиявий натижа (фойда ёки зарар), қўшилган қиймат солиғи ва улуш сифатида устав капиталига бериш харажатлари ҳисобга олинган ҳолда, таъсис шартномасига ёки қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа тартибга мувофиқ баҳоланган қиймат билан берилаётган асосий воситаларнинг қолдиқ (баланс) қиймати ўртасидаги, резерв капитални ҳисобга олиш ҳисобварақларида ҳисобга олинадиган асосий воситаларни қайта баҳолаш натижаларига (сальдога), яъни аввалги қўшимча баҳолашлар суммаларининг асосий воситалар ушбу объектини аввалги арзонлаштиришлар суммасидан ошиб кетишига тузатилган фарқ сифатида белгиланади.

Асосий воситаларни бошқа корхонанинг устав капиталига улуш сифатида бериш натижасида фойда олинган тақдирда, ушбу фойдани камайтириш ёки умуман кўрсатмасликнинг қонуний йули мавжуд эмас.

Жумладан, асосий воситаларни улуш сифатида устав капиталига беришдан олинган фойда бошқа даромадлар сифатидан ўрнатилган тартибда фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базага киритилади.

Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018 г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. 78-150-11-72, Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+
Яндекс.Метрика