Забыли пароль?
Регистрация
Вопрос
Мол-мулкни устав фондига топширишда ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилиши керакми? Мол-мулкни ер участкаси билан бирга жамиятнинг устав фондига ҳисса сифатида қабул қилишда солиқ оқибатлари қандай бўлади?
Бизнинг корхонамиз умумбелгиланган солиқларни тўловчи акциядорлик жамияти ҳисобланади. Акциядорлик жамияти устав фондидаги 100% улушга эгалик қилиш билан МЧЖ таъсисчиси ҳисобланади. МЧЖ (ШК) ЯСТ тўловчи кичик корхона ҳисобланиб, қолипли нон ишлаб чиқариш бўйича фаолиятни амалга оширади. 2015 йил май ойида ўтказилган акциядорлар Умумий йиғилиши қарорига мувофиқ 2015 йил октябрь ойида далолатнома асосида МЧЖга устав фондига қўшимча ҳисса сифатида ёрдамчи хўжалик (чорва моллари, уй паррандалари, мевали дарахтлар билан интенсив боғ) топширилди. Мол-мулк баланс қиймати бўйича эгаллаган ер майдони билан бирга топширилди. 1)Ёрдамчи хўжаликнинг чорва моллари ва мевали дарахтларини МЧЖ (ШК)га қўшимча ҳисса сифатида қандай тўғри расмийлаштириш мумкин – қабул қилиш-топшириш далолатномаси етарлими ёки яна ҳисобварақ-фактура ҳам расмийлаштириш зарурми? Ҳисобварақ-фактурада ҚҚС кўрсатиладими ёки шунчаки мол-мулкни қабул қилиш-топшириш далолатномасининг умумий суммасидан 20% миқдорида бюджетга ҳисоблаб ёзиладими? 2)Интенсив боғ яратиш учун топширилган ер участкаларининг майдони 2013 йилда имтиёз таъсири остига тушди, қолган йилларда қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилар учун кўзда тутилган ставка бўйича ер солиғи тўланди. Бу ҳолатда қайси йиллар учун ер солиғи бўйича қайта ҳисоб-китобни амалга ошириш зарур? 3)Мол-мулкни устав фондига ҳисса сифатида қабул қилишда МЧЖда қандай солиқ оқибатлари вужудга келади? МЧЖда топширилган ердан фойдаланиш ҳуқуқи юзага келгандан сўнг у қишлоқ хўжалиги фаолияти бўйича ягона ер солиғи тўловчиси ҳисобланадими? МЧЖ ер солиғи бўйича имтиёздан фойдалана оладими? Ишлаб чиқариш фаолияти бўйича ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаб чиқаришда МЧЖ қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган ер участкасининг уч карра миқдорини киритиши керакми ёки агар ер участкасидан қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланилаётган бўлса МЧЖ қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилар учун кўзда тутилган ставка бўйича ягона ер солиғи тўлайдими?


Ответы экспертов
Ответов: 16
12.02.2016

1) Даставвал таъсисчи (АЖ) томонидан шуъба корхона (МЧЖ) устав фондига мол-мулкни топшириш қай тарзда амалга оширилишини кўриб чиқамиз. Модомики мол-мулкни топшираётган акциядорлик жамияти умумбелгиланган солиқлар тўловчиси ҳисобланар экан, бундай оборот ЎзР СКнинг 199-моддасига мувофиқ ҚҚС бўйича солиқ солинадиган оборот ҳисобланади. Бунда ҳисоблаб ёзилган солиқ суммаси қандай мол-молк топширилишига боғлиқ:

      -агар асосий воситалар топширилса, ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база ҚҚС суммасини ҳам ўз ичига оладиган, уларнинг реализация қилиш нархи билан қолдиқ қиймати ўртасидаги ижобий фарқ сифатида белгиланади (СКнинг 204-моддаси). Модомики саволда таърифланган ҳолатда ижобий фарқ вужудга келмас экан – асосий воситалар баланс қиймати бўйича топширилмоқда, – у ҳолда мазкур мол-мулкка нисбатан ҚҚС ҳисоблаш бўйича база мавжуд эмас.

     -агар ТМЗ топширилса, топшириш қиймати солиқ солинадиган база ҳисобланади. Бироқ, ТМЗ ҳисобда шаклланган таннархдан паст қийматда топширилса, ҚҚС топшириш қиймати эмас, балки таннарх суммасига ҳисоблаб ёзилади.

Шундай қилиб, ёрдамчи хўжаликни МЧЖ устав фондига қўшимча ҳисса сифатида топширишда солиқ солинадиган база топширилаётган мол-мулкнинг ҳар хил турлари учун турлича бўлади.

Юқорида кўрсатилганидек, мол-мулкни устав фондига ҳисса сифатида топшириш ҚҚС бўйича солиқ солинадиган оборот деб тан олинади. ЎзР СКнинг 222-моддасига мувофиқ ҚҚС солинадиган оборотни амалга ошираётган юридик шахслар товарларни (ишларни, хизматларни) олувчи шахсга ҳисобварақ-фактура тақдим этишлари шарт. Шундай қилиб мол-мулкни қабул-қилиш ва топшириш далолатномаси таъсисчи томонидан шуъба корхонасига мол-мулк физик жиҳатдан топширилганлигини тасдиқлайди, ҚҚС бўйича солиқ солинадиган оборотни амалга оширишда солиқ қонунчилигига риоя қилиш мақсадида ҳисоблаб ёзилган солиқ суммасини кўрсатган ҳолда ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилиши лозим.

Эътиборни шунга қаратиш жоизки, ер участкасини топшириш қабул қилиш-топшириш далолатномаси асосида ҳам, ҳисобварақ-фактура асосида ҳам амалга оширилиши мумкин эмас. ЎзР Ер кодексининг 20-моддасига мувофиқ ер участкалари юридик ва жисмоний шахсларга доимий ва муддатли (вақтинча) эгалик қилишга ҳамда улардан доимий ва муддатли (вақтинча) фойдаланишга берилиши мумкин. Ер акциядорлик жамиятининг мулки ҳисобланмайди ва шуъба корхонасига фақат ҳокимнинг қарорига асосан топширилиши мумкин.

2) СКнинг 282-моддасига мувофиқ янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерлар, дарахтларнинг қатор ораларидан қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун фойдаланилишидан қатъи назар, уч йил муддатга ер солиғи тўлашдан озод қилинади. Кузда ўтказилган янги кўчатлар учун бериладиган имтиёз муддатини ҳисоблаб чиқариш кейинги йилнинг 1 январидан эътиборан бошланади, баҳорда ўтказилган кўчатлар учун эса жорий солиқ даврининг 1 январидан эътиборан бошланади. Шундай қилиб, интенсив боғ яратиш бўйича ерларни ўзлаштиришда акциядорлик жамияти ЎзР СК белгилаган нормалардан келиб чиқиб имтиёздан уч йил мобайнида фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган.

Қайд қилиш лозимки, кўрсатилган моддага асосан ерлардан белгиланилганидан бошқа мақсадларда фойдаланилганда имтиёзлар қўлланмайди. Шунингдек, ЎзР Ер кодексининг 36-моддаси билан ер участкасидан белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланилганида бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмидан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи бекор қилиниши кўзда тутилган.

Ер солиғи бўйича қайта ҳисоб-китобларни амалга ошириш саволига нисбатан қуйидагиларни эътиборга олиш лозим:

- ЎзР СКнинг 280-моддасида белгиланишича, мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ҳуқуқи, фойдаланиш ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида юридик шахсларда бўлган ер участкалари солиқ солиш объектидир;

- ЎзР СКнинг 285-моддасида белгиланишича, солиқ солинадиган базада (ҳисобланган солиқ суммасида) солиқ даври мобайнида ўзгариш бўлганда юридик шахслар бир ойлик муддат ичида давлат солиқ хизмати органига ер солиғининг аниқлаштирилган ҳисоб-китобини тақдим этиши шарт.

ЎзР СКда белгиланган нормалардан келиб чиқиб, акциядорлик жамияти бир ой мобайнида камайган ер участкасининг ҳисоб-китобидан келиб чиқиб аниқлаштирилган ҳисоб-китобини тақдим этиши лозим.

3) Кейинги савол ёрдамчи хўжаликни устав фондига қўшимча ҳисса сифатида қабул қилишда МЧЖ учун солиқ оқибатлари хусусида. МЧЖ ЯСТ тўловчиси эканлигидан келиб чиқсак, ЎзР СКнинг 355-моддасига асосан устав фондига қабул қилинган ҳиссаларга солиқ солинадиган объект сифатида қаралмайди. Инчунун, МЧЖ устав фондига ҳисса сифатида қабул қилинган  мол-мулкка нисбатан ҳеч қандай солиқ оқибатларига эга бўлмайди.

Ҳокимликнинг ердан МЧЖнинг ёрдамчи хўжалигида мақсадли фойдаланиш билан ерни топшириш тўғрисидаги ижобий қарори олингандан сўнг, солиқларни тўлашда у солиқ қонунчилигининг қуйидаги нормаларига амал қилиши керак.

Биринчидан, агар фақат МЧЖ бир вақтнинг ўзида қуйидаги талабларга жавоб берса ягона ер солиғи тўловчиси (ЎзР СКнинг 362-моддаси) ҳисобланади:

         – ер участкаларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва ўзи етиштирган мазкур маҳсулотни қайта ишлаш ёхуд ер участкаларидан фойдаланган ҳолда фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш уларнинг асосий фаолият тури бўлса;

          –қишлоқ хўжалигини юритиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўзларига белгиланган тартибда берилган ер участкаларига эга бўлишса;

         –қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва ўзи етиштирган мазкур маҳсулотни қайта ишлаш улуши реализация қилиш ёки қайта ишлаш учун олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ўз ичига олувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва қайта ишлаш умумий ҳажмида камида 50 фоизни ташкил этса.

Агар ерни фойдаланишга қабул қилгандан кейин МЧЖ қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчиларга қўйиладиган талабларга мувофиқ кела бошласа, у ягона ер солиғи тўлашга ўтиши керак. Бироқ, ЎзР СКнинг 363-моддасига асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва қайта ишлаш билан боғлиқ бўлмаган фаолият турларини амалга оширишда ягона ер солиғи тўловчи мазкур фаолият турлари бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиши ва ягона солиқ тўловини тўлаши шарт.

Хулоса: агар МЧЖ уни ягона ер солиғи тўловчиси жумласига киритиш учун шартларга мувофиқ келса, у ягона ер солиғини тўлайди, бироқ ишлаб чиқариш фаолиятига нисбатан алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиши ва ундан тушган тушум бўйича ягона солиқ тўловини тўлайди.

Агар қолипли нон ишлаб чиқариш асосий фаолият тури бўлиб қолса, у ҳолда МЧЖ ягона ер солиғи ёки ер солиғи тўлаш заруратисиз  ЯСТ тўловчиси бўлиб қолади.

Иккинчидан, агар корхона ягона ер солиғи тўловчиси бўлса ҳамда фақат қолипли нон ишлаб чиқариш қисмида ЯСТ тўласа, у ҳолда “Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом”нинг (АВ томонидан 03.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган)  амал қилиши МЧЖга татбиқ этилмайди. Тегишинча,  ягона ер солиғи тўловчиси бўлган ҳолда МЧЖ ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаши керак эмас.

Акс ҳолда, МЧЖнинг асосий фаолият тури қолипли нон ишлаб чиқариш бўлиб қолганда ва у барча олинган даромадлардан ЯСТ тўлайдиган тақдирда  эгаликдаги, фойдаланишдаги ёки ижарадаги барча ерлардан ер солиғининг 3 карра миқдорида минимал ЯСТ ҳисоб-китоби  амалга оширилади.

Кўрсатилган Низомга мувофиқ ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаб чиқаришда ҳисоб-китобдан  ЎзР СКнинг 282-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ солиқ солинмайдиган ер участкалари чиқариб ташланади. Бироқ, янги барпо этилаётган боғлардаги ерларга нисбатан МЧЖ имтиёздан фойдалана олмайди, чунки у тайёр боғни қабул қилади.

Ответы экспертов отражают их мнение и создают информационную основу для принятия Вами самостоятельных решений. Пользование этим сервисом осуществляется по правилам, с которыми Вы согласились, задавая вопрос на сайте. Просмотр всех вопросов и ответов открыт в свободном доступе.
Ответы актуальны на дату публикации.

Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика