Забыли пароль?
Регистрация
Вопрос
Адабиётларни веб сайтда жойлаштириш учун кимдан ёки қайси ташкилотдан рухсат олишим керак бўлади? Адабиётларнинг муаллифлик ҳуқуқи бўйича муаллифлардан рухсат сўраш керакми ёки нашриётларми, балки бошқа вазирлик, идораларми?
Интернет тармоғида онлайн кутубхона яратмоқчиман. Саволим қуйидагича: адабиётларни веб сайтда жойлаштириш учун кимдан ёки қайси ташкилотдан рухсат олишим керак бўлади? Адабиётларнинг муаллифлик ҳуқуқи бўйича муаллифлардан рухсат сўраш керакми ёки нашриётларми, балки бошқа вазирлик, идораларми? Яна бир савол, электрон кутубхонага киритилган адабиётлардан фойдаланиш бепул ёки тўлов асосида (адабиётларни электрон нусхаларини кўчириб олиш) амалга оширилганда қайси нормаларга амал қилиш керак бўлади? Илтимос, саволларга аниқ, қонунчиликда асосланган тартибда жавоб берсангизлар. Олдиндан раҳмат!


Ответы экспертов
Ответов: 236
27.04.2016

Биринчи навбатда, қайд қилиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан Интернет тармоғида барча эркин фойдаланиши учун жойлаштирилган хусусий электрон кутубхонани ташкил этиш учун рухсатнома олиш кўзда тутилмаган.

Хусусий электрон кутубхонангиз давлат стандартларига мувофиқ бўлиши мақсадида Сизга уни ташкил этишда айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжаларга таянишингизни тавсия қиламан.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 февралдаги ПҚ-1487-сон қарори билан “2011-2015 йилларда норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, ахборот-кутубхона муассасаларини жиҳозлаш, республиканинг интеграциялашган ахборот-кутубхона тармоғини яратиш, электрон ахборот-кутубхона ресурслари фондини шакллантириш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш  бўйича чора-тадбирлар дастури” тасдиқланганлигини қайд этишдан бошлаймиз. Қарор билан аҳолига ахборот-кутубхона ва ахборот ресурс хизмати кўрсатиш, электрон ресурслар фондини шакллантириш, шу жумладан энг аввало, маънавий бой ва баркамол шахсни ижодий ривожлантириш учун маънавий-ахлоқий, маданий-тарихий, илмий-таълимий аҳамиятга эга босма нашрларнинг электрон нусхаларини яратиш йўли билан шакллантиришнинг асосий вазифалари ҳам белгиланди.

Юқорида кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг 05.07.2011 йилдаги 198-сон қарори қабул қилинган, унга биноан электрон кутубхона тўғрисида намунавий низом (кейинги ўринларда - Низом) тасдиқланган. Низомда электрон кутубхонанинг асосий вазифалари ва функциялари,  кутубхона фондини шакллантириш тартиби, шунингдек  электрон ахборот-кутубхона ресурсларини тайёрлаш ва қайта ишлашга қўйиладиган умумий талаблар белгиланган. Низомнинг 21-банди билан электрон кутубхонанинг ахборот-кутубхона ресурсларини яратиш, улардан фойдаланиш ва уларни тақдим этиш “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши белгиланган. Табиийки, юқорида кўрсатилган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат кутубхоналари, шунингдек давлат органлари ахборот марказлари қошидаги электрон кутубхоналарга тааллуқли. Бироқ ўз хусусий электрон кутубхонангизни ташкил этишдан олдин сизга юқорида кўрсатилган НҲҲ билан танишиб чиқиш ва уларнинг талабларига мувофиқ бўлишни  тавсия этаман.

Маълумотлар базасидан пулли фойдаланиш йўли билан сайтдан фойда олиш тадбиркорлик фаолияти ҳисобланади. Шунинг учун Сиз қонун билан рухсат этилган ташкилий-ҳуқуқий шакллардан (якка тартибдаги тадбиркор, ХК, МЧЖ ва б.) бирида тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтишингиз лозим.  Тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш ва рўйхатдан ўтказиш Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида низом1 билан тартибга солинади.

Шунингдек сиз 2004 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикасида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Оммавий коммуникациялар соҳасида мониторинг маркази фаолият юритаётганлигини назарда тутишингиз лозим. Марказнинг фаолияти  Ўзбекистон Республикасида босма ва китоб, телерадио-, аудиовизуал маҳсулотлар ва Интернет тармоғи ахборот ресурсларини ишлаб чиқариш ва тарқатиш соҳасида қонун ҳужжатларига риоя қилиниши устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисида низомга2 мувофиқ амалга оширилади. Мазкур Низомнинг 4-бандига асосан босма ва китоб, телерадио-, аудиовизуал маҳсулотлар ва Интернет тармоғи ахборот ресурсларини ишлаб чиқариш ва тарқатиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига ахборот хизматлари бозори субъектлари томонидан риоя қилинишини ўрганиш учун мўлжалланган комплекс тадбирларни амалга ошириш ушбу соҳада қонун ҳужжатларига риоя қилиниши устидан олиб бориладиган мониторинг предмети ҳисобланади.

Интернет тармоғининг ахборот ресурслари бўлиб Интернет жаҳон ахборот тармоғига уланган ахборот тизимлари таркибидаги электрон шаклдаги ахборот, маълумотлар банки, маълумотлар базаси ҳисобланади. Шундай қилиб,  Интернет тармоғига жойлаштирилган  электрон кутубхона ҳам Интернет тармоғидаги ахборот ресурси ҳисобланади, шунинг учун сизнинг сайтингиз мониторинг қилинади.

-Якун чиқарамиз:

1. Электрон кутубхона жойлаштириладиган интернет сайт очиш учун махсус рухсатнома олиш зарур эмас.

2. Босма нашрларни (китоблар, журналлар, газеталар) жойлаштиришда “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонун талабларига риоя қилиниши керак.

3. Хусусий электрон кутубхона  ҳеч бўлмаганда қисман бўлса ҳам электрон кутубхоналар тўғрисидаги намунавий низом талабларига мувофиқ бўлиши тавсия қилинган.

4. Интернет тармоғидаги маълумотлар базаларини сақловчи ахборот ресурслари устидан назоратни  Оммавий коммуникациялар соҳасида мониторинг маркази амалга оширади.

Ответы экспертов отражают их мнение и создают информационную основу для принятия Вами самостоятельных решений. Пользование этим сервисом осуществляется по правилам, с которыми Вы согласились, задавая вопрос на сайте. Просмотр всех вопросов и ответов открыт в свободном доступе.
Ответы актуальны на дату публикации.

Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика