Забыли пароль?
Регистрация
Вопрос
Лизинг шартномаси асосида сублизингга олувчи унга сублизингга берувчига асосий лизинг шартномаси бўйича лизинг тўловларини қоплаб бериши керакми ёки сублизингга берувчи ушбу суммани харажатларга обориши керакми?
А корхонаси лизинг шартномаси асосида 778 556 636 сумга ускуна олди, лекин ундан фойдалана олмай В корхонасига сублизинг асосида ўтказди. А корхонаси томонидан 26 657 624 сум микдорида эскириш суммаси ҳисобланган. 181 579 412 сўм миқдорида лизинг тўлови тўланган.Ишлаб чиқариш ускунаси В корхонасига эскириш суммаси айирилган ҳолда 751 899 012 сўмга берилди. Лизинг корхонасининг олдидаги А корхонасининг қарзи 596 977 224 сўмга тенг.


Ответы экспертов
Ответов: 121
17.05.2016

Лизинг олувчи лизинг берувчи олдида лизинг шартномаси юзасидан жавобгар бўлиб қолгани ҳолда, лизинг шартномаси бўйича олган лизинг объектини лизинг берувчининг ёзма розилиги билан вақтинчалик эгалик қилиш ва фойдаланиш учун учинчи шахсга қўшимча лизингга топширишга ҳақли. (ЎзР 14.04.1999 й. 756-I-сон "Лизинг тўғрисида"ги Қонуни 6 – моддаси). Ускунани сублизингга беришда сублизингга берувчи сублизингга олувчига фақат ўзининг мол – мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқини беради, асосий лизинг шартномаси бўйича лизинга берувчига лизинг тўловларини тўлаш мажбурияти эса олдингидек сублизингга берувчида қолади.

Ушбу ҳолатда 2 томон пул маблағларини тўлайдилар: лизингга олувчи ва сублизингга олувчи. Мос равишда иккита шартнома бўйича: лизинг ва сублизинг шартномалари бўйича ҳисоб – китоб олиб борилади. Сублизингга олувчининг асосий лизинг шартномаси бўйича тўловларга ҳеч қандай алоқаси йўқ. У фақат А корхонаси олдидаги сублизинг шартномасидаги график бўйича ўз қарзларини ёпади.  Шунинг учун сублизингга олувчида ( В корхонасида) қарзнинг қолган қисмини (596 977 224 сўм) ва сублизингга берувчи томонидан тўланган маблағлар (181 579 412 сўм) ни қоплаб бериш бўйича ҳеч қандай мажбурият юзага келмайди.

Агар асосий лизинг шартномаси бўйича лизингга берувчи корхона В корхонасига лизинг объектини қайта ижарага берадиган бўлса, у ҳолда асосий лизинг бўйича қарздорликни сўндириш мажбурияти В корхонасига ўтади.  Қайта ижарага бериш бу мулк ижараси шартномаси бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказишдир (Фуқаролик кодексининг 546 – моддаси). Қайта ижарага бериш ҳолатида лизинг шартномаси тўхтатилмайди, фақат дастлабки лизингга олувчи битимдан чиқиб кетади. Бухгалтерия ҳисобида лизинг операциялари ҳисобини акс эттириш 6 – сон БҲМС “Ижара ҳисоби”(24.04.2009й. 1946 – сон билан рўйхатга олинган) ва   Бухгалтерия ҳисобида ижара операцияларини акс эттириш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 01.06.2009 й. 1961-сон билан рўйхатга олинган)га мувофиқ амалга оширилади.

Сублизинг шартномаси тузилгач, А корхонаси балансида “Узбеклизинг” компанияси олдидаги қарзи узоқ муддатли мажбурият сифатида ҳисоб юритилиши давом эттирилади (6950 "Узоқ муддатли мажбуриятлар-жорий қисми" счётида – жорий  қисми, 7910 "Тўланадиган молиявий ижара" счётида – узоқ муддатли қисми). Шунингдек лизингга олувчи асосий лизинг шартномаси бўйича тўлов жадвалига мувофиқ фоизларни ҳисоблашда ва тўлашда давом этади. Аммо лизинг объекти лизингга олувчининг балансидан чиқарилиб (балансдан ташқари 010 “Молиявий ижара шартномаси бўйича берилган асосий воситалар” счетида ҳисобда туради), сублизингга олувчининг балансида акс эттирилади, ва бундан кейин амортизацияни ҳам сублизингга олувчи ҳисоблайди.

Бундан ташқари, лизинг объектини сублизингга бериши билан сублизингга берувчи ўз  балансида дебитор қарздорлигини акс эттириши лозим: 4810 “Молиявий ижара бўйича олинадиган тўловлар – жорий қисми" счётида – жорий қисмини, 0920 "Молиявий ижара бўйича олинадиган тўловлар" счётида – узоқ муддатли қисмини.

Эътибор қаратиш лозим бўлган яна бир муҳим жиҳат – бу лизинг объектининг сублизингга чиқиб кетиши оқибатидаги молиявий натижа. Ушбу ҳолатда молиявий ижарага олинган асосий воситанинг чиқиб кетишидан фойда (молиявий ижара объектининг бошланғич (қайта тиклаш) қиймати амортизация қиймати ўртасидаги фарқ молиявий ижара объектларининг қайта баҳолаш натижаларини ҳисобга олган ҳолда) юзага келадиган бўлса, сублизингга берувчида кечиктирилган даромадлар юзага келиб, 7230 "Бошқа узоқ муддатли кечиктирилган даромадлар" счётида – узоқ муддатли қисми, 6230 "Бошқа кечиктирилган даромадлар" счётида – жорий қисми ҳисобга олинади.  Ушбу фойда лизинг тўловларининг ҳисобланишига қараб бир меъёрда (ойма-ой) асосий фаолиятнинг бошқа даромадлари (бошқа операцион харажатлари)га олиб борилади, ҳамда 9390 "Бошқа операцион даромадлар" счётида акс эттирилади.  Ушбу даромадлар фойда солиғини ҳисоблашда жами даромадларга (Солиқ кодексининг 132 – моддаси) ва ЯСТ ҳисоблашда (Солиқ кодексининг 355 – моддаси) ялпи тушумга киритилади.

Лизингга берувчида  кечиктирилган даромадларнинг ҳосил бўлишини мисолда кўриб чиқсак:

Технологик ускуна 3 йил муддатга сублизингга берилди. Ускунанинг дастлабки қиймати 556 363 сўм, ҳисобланган амортизация суммаси – 26 657 624 сўм, ускуна қайта баҳоланмаган. Лизинг объекти сублизингга 800 000 000 сўм қийматида берилмоқда. кечиктирилган даромад 800 000 000-(778 556 363ғ26 657 624)=48 101 261 сўмга тенг бўлади.

Лизинг объектининг сублизингга берилиши натижасида сублизингга берувчида зарар юзага келадиган бўлса, унда ушбу зарар кечиктирилган харажатлар сифатида қаралади. Кечиктирилган харажатларнинг узоқ муддатли қисми 0990 "Бошқа узоқ муддатли кечиктирилган харажатлар" счётида, жорий қисми эса 3290 "Бошқа кечиктирилган харажатлар" счётида акс эттирилади. Кечиктирилган харажатлар лизинг тўловининг ҳисобланишига қараб бир маромда (ойма-ой) асосий фаолиятнинг бошқа операцион харажатларига (9430 счётга) олиб борилади. ЯСТ ни ҳисоблашда ушбу харажатлар ҳисобга олинмайди, шунингдек фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган фойдани аниқлашда чегирилмайдиган харажатларга киради (Солиқ кодексининг 147 – моддаси 24 – банди).

Сублизингга берувчида сублизинг шартномаси билан боғлиқ бошқа хўжалик операциялари 1961 – сон Низомнинг 2 – параграфи “Лизингга берувчида молиявий ижара бўйича операцияларнинг ҳисоби”га мувофиқ акс эттирилади. Сублизингга олувчида эса хўжалик операцияларининг акс эттирилиши худди лизингга олувчиники сингари бўлади, яъни 1961 – сон Низомнинг 3–параграфи “Лизингга олувчида молиявий ижара бўйича операцияларнинг ҳисоби”га мувофиқ амалга оширилади.

Ответы экспертов отражают их мнение и создают информационную основу для принятия Вами самостоятельных решений. Пользование этим сервисом осуществляется по правилам, с которыми Вы согласились, задавая вопрос на сайте. Просмотр всех вопросов и ответов открыт в свободном доступе.
Ответы актуальны на дату публикации.

Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика