Забыли пароль?
Регистрация
Вопрос
Биржа савдолари орқали бюджет ташкилотларига товар етказиб бериш учун қандай ҳаракатларни амалга оширишим керак? Бундай ҳолатда улгуржи савдо учун лицензия олишим керакми?
Мен идора ашёлари билан чакана савдо қилувчи хусусий корхона раҳбариман. Яқинда бир танишим биржа савдолари орқали бюджет ташкилотларига ҳам идора ашёлари етказиб беришим мумкинлиги ҳақида айтиб қолди.


Ответы экспертов
Ответов: 236
31.08.2016

I. Ҳа, Сиз товар етказиб берувчи сифатида рўйхатдан ўтиш ва товарни Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасида давлат муассасаларига сотиш ҳуқуқига эгасиз.

Товарларни товар-хом ашё биржаси ёрдамида олди-сотди қилиш қуйидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади:

- Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасидаги биржа савдоси Қоидалари (кейинги ўринларда Қоидалар);

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 5 апрелдаги ПҚ-1948-сон “Электрон харидлар тизимини мақбуллаштириш ва улардан тадбиркорлик субъектларининг фойдаланишини кенгайтириш тўғрисида”ги Қарори (кейинги ўринларда ПҚ-1948-сон Қарор);

- Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасида электрон харидларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида Низом[1] (кейинги ўринларда Низом).

Ҳукумат комиссияси томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича битта контракт бўйича 300 АҚШ долларидан 100 минг АҚШ долларигача тенг бўлган суммада товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат харидлари ва корпоратив харидлар фақат савдолар орқали амалга оширилади (Низонинг 4-банди.). Бундан ташқари 2013 йилнинг 1 майидан бошлаб, устав фондидаги давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган табиий монополия субъектлари, давлат унитар корхоналари ва хўжалик жамиятлари айрим турдаги товарларни (ишларни, хизматларни) бир шартнома бўйича эквиваленти 300 АҚШ долларидан 100 минг АҚШ долларигача бўлган миқдорда Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси томонидан ташкил қилинадиган алоҳида савдо майдончасида электрон савдолар воситасида харид қиладилар (ПҚ-1948-сон Қарорнинг 1-банди).

Битта контракт бўйича 300 АҚШ долларигача тенг бўлган суммадаги давлат харидлари ва корпоратив харидлар ҳам буюртмачининг ташаббуси билан ЎзРТХБ орқали амалга ошириши мумкин.

Устав фондидаги давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган, бюджет ташкилотлари, табиий монополиялар субъектлари, давлат унитар корхоналари ва хўжалик жамиятлари ҳисобланмайдиган ташкилотлар товарлар (ишлар, хизматлар)ни харид қилиш ҳуқуқига эга (Низомнинг 5-банди).

Низомнинг 9-бандида белгиланишича, етказиб берувчи сифатида аккредитациядан ўтказиш учун ариза берувчи юридик шахс муҳри билан биржага (кейинчалик биржага бериш учун етказиб берувчи рўйхатдан ўтказилган жой бўйича биржанинг минтақавий бўлинмаларига) қуйидагиларни тақдим этади:

1. Белгиланган шаклдаги ариза;

2. Давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг ксеронусхаси;

3. Етказиб берувчининг раҳбари ва бош бухгалтерининг юридик шахс ёки юқори ташкилот муҳри билан тасдиқланган имзолари намуналари, шахсий имзонинг тасдиқланган намунаси (хусусий тадбиркорлар учун) қўйилган карточка. Микрофирмалар учун бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш функциясини амалга оширувчи шахс имзосининг намунасини тақдим этиш талаб қилинмайди;

4. Раҳбар имзолаган ва ариза берувчи юридик шахс муҳри билан тасдиқланган (кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун) ходимлар сони ва кичик бизнес субъектларига тегишлилиги тўғрисидаги маълумотнома (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги, Давлат солиқ қўмитаси ва биржанинг маълумотлар базаларининг ўзаро электрон алоқаси таъминлангунгача);

5. Тегишли лицензиянинг ёки рухсатнома тусидаги ҳужжатнинг ксеронусхаси (агар фаолият савдолар предмети ҳисобланадиган товарларни етказиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ бўлса ва қонун ҳужжатларига мувофиқ лицензиялашни ёки рухсатнома тусидаги ҳужжат олишни талаб қилса).

Тақдим этилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун етказиб берувчилар жавоб берадилар.

 Аккредитация натижалари бўйича биржа (Низомнинг 14-банди):

1. Буюртмачига ва етказиб берувчига берилган фойдаланувчининг индивидуал тартиб рақамига мувофиқ алоҳида шахсий ҳисоб рақамлари очади. Буюртмачилар ва етказиб берувчиларнинг аванс тўловлари ҳисоб-китоб-клиринг палатасининг талаб қилиб олингунгача иккиламчи депозит ҳисоб рақами доирасида ушбу шахсий ҳисоб рақамларида ҳисобга олинади;

2. Савдолар қатнашчиларига (буюртмачиларга, етказиб берувчиларга ёки уларнинг агентларига) персонал кабинет ташкил этади, унга улар томонидан амалга оширилган битишувлар тўғрисидаги ва бошқа зарур маълумотларни юборади.

Етказиб берувчи сифатида аккредитациядан ўтганингиздан сўнг, биржа томонидан товарни биржа савдоларига қўйишга рухсат бериш тартиботи амалга оширилади, бу қуйидагиларни ўз ичига олади (Қоидаларнинг 59-банди):

1. товар ишлаб чиқарувчининг ёки етказиб берувчининг товарни биржанинг котировкалаш варағига киритиш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш;

2. Товарнинг қонун ҳужжатлари талабларига, шу жумладан бирча товарига нисбатан белгианган талабларга мувофиқлигини, мувофиқлик сертифактининг, импорт қилинган товар бўлган тақдирда, товарнинг божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар борлигини текшириш;

3. Товарнинг ликвидлилигини баҳолаш;

4. Товарни биржанинг котировкалаш варағига киритиш ва уни биржа аъзоларига етказиш.

Электрон тизимда савдолар ўтказиш тартиби тўғрисида батафсилроқ Низомда ташишингиз мумкин.

 

II. Ҳа, Бюджет ташкилотларга маҳсулотни биржа орқали сотиш учун сиз улгуржи савдо фаолиятини амалга ошириш лицензиясига эга бўлишингиз керак.

Тижорат мақсадларида фойдаланиш ёки ўз ишлаб чиқариш-хўжалик эҳтиёжлари учун ҳисоб-китобларнинг нақд пулсиз шаклида харид қилинадиган товарларни сотиш улгуржи савдо фаолияти деб эътироф этилади (Улгуржи савдо фаолиятини лицензиялаш тўғрисида Низомнинг 2-банди[2]).

Юқорида кўрсатилганидек, етказиб берувчи сифатида аккредитация қилиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлардан бири, лицензия ёки рухсатнома тусидаги бошқа ҳужжатнинг нусҳаси ҳисобланади. Бюджет ташкилотларига электрон савдолар ёрдамида товарлар сотиш фақат ўз ишлаб чиқариш-хўжалик эҳтиёжлари учун нақд пулсиз шаклида амалга оширилишини ҳисобга олиб, Сизнинг корхонангиз улгуржи савдо фаолиятини амалга ошириш лицензиясини олиши зарур.

 

 


[1] ВМнинг 166-сон Қарорига илова

[2] ВМнинг 2005 йил 5 ноябрдаги 242-сон қарорига илова

Ответы экспертов отражают их мнение и создают информационную основу для принятия Вами самостоятельных решений. Пользование этим сервисом осуществляется по правилам, с которыми Вы согласились, задавая вопрос на сайте. Просмотр всех вопросов и ответов открыт в свободном доступе.
Ответы актуальны на дату публикации.

Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика