Забыли пароль?
Регистрация
Вопрос
Шартли мисоллар асосида қарз олувчида юзага келадиган фоизсиз заёмлар бўйича даромад суммаси қандай аниқланади, қайси ставкада солиқ тўланади, фоизсиз заёмлар бўйича даромадга қандай бухгалтерия проводкалари берилади ва ушбу даромад суммаси қайси солиқ ҳисоботида акс эттирилади?
Солиқ кодексининг 135-моддасига асосан бир юридик шахс бошқа бир юридик шахсга фоизсиз ёки Марказий банк томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкасидан паст фоизларда заём (қайтариб бериш шарти билан молиявий ёрдам) берса, Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда аниқланадиган фоизли даромад юзага келиши белгилаб қуйилган. СБХнинг 2017 йил 28 февралдаги 9-сонида чоп этилган “Фоизли ва фоизсиз қарз” номли мақолада келтирилган шартли мисоллар биз ўқувчиларда қуйидаги саволларни келтириб чиқарди. Шу муносабат билан қуйидаги шартли мисолларга ойдинлик киритсангиз: 1. “А” юридик шахс “Б” юридик шахсга қарз шартномасига кўра 2017 йил 1 январда фоизсиз ставкада 100 млн сўм заём берди. Шартнома шартларига кўра қарз суммаси 2017 йил 30 июнда қайтарилиши керак. Ушбу мисолда қарз олувчида юзага келадиган фоизсиз заёмлар бўйича даромад суммаси қандай аниқланади, қайси ставкада солиқ тўланади, фоизсиз заёмлар бўйича даромадга бухгалтерия проводкаси бериладими ва у солиқ ҳисоботининг қаерида акс эттирилади? 2. “А” юридик шахс “Б” юридик шахсга қарз шартномасига кўра 2017 йил 1 январда 3 фоизли ставкада, яъни МБнинг қайта молиялиштириш ставкасидан паст фоизда 100 млн сўм заём берди. Шартнома шартларига кўра қарз ва фоиз суммаси 2017 йил 30 июнда қайтарилиши керак. Ушбу мисолда қарз берувчи ва олувчида қандай солиқ оқибатлари юзага келади ва у қай тартибда аниқланади? 3. “А” юридик шахс “Б” юридик шахсга қарз шартномасига кўра 2017 йил 1 январда 9 фоизли ставкада, яъни МБнинг қайта молиялиштириш ставкасида 100 млн сўм заём берди. Шартнома шартларига кўра қарз ва фоиз суммаси 2017 йил 30 июнда қайтарилиши керак. Ушбу мисолда қарз берувчи ва олувчида қандай солиқ оқибатлари юзага келади ва у қай тартибда аниқланади? 4. “А” юридик шахс “Б” юридик шахсга қарз шартномасига кўра 2017 йил 1 январда 15 фоизли ставкада, яъни МБнинг қайта молиялиштириш ставкасидан юқори фоизда 100 млн сўм заём берди. Шартнома шартларига кўра қарз ва фоиз суммаси 2017 йил 30 июнда қайтарилиши керак. Ушбу мисолда қарз берувчи ва олувчида қандай солиқ оқибатлари юзага келади ва у қай тартибда аниқланади?


Ответы экспертов
Ответов: 232
26.05.2017

Шартли мисолларга ўтишимиздан аввал ушбу масалага тааллуқли бўлган солиқ конунчилигида белгиланган асосий қоидаларни эслатиб ўтамиз.

Ўзбекистонда бухгалтерия ва солиқ ҳисоби ҳисоблаб ёзиш усулида амалга оширилади.

Солиқ тўловчиларнинг даромадлари ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун улар бўйича тегишли чегирмалар тўлов тўланган вақт ва пул келиб тушган санадан қатъи назар, улар тааллуқли бўлган ҳисобот даврида акс эттирилади (СКнинг 39-мод.).

Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ва ягона солиқ тўлови бўйича ҳисобот даври – йилнинг чораги ҳисобланади (СКнинг 162 ва 359-мод.). Ушбу солиқларнинг ҳисоб-китоби ортиб борувчи якун билан тузилади. Шунинг учун СКнинг 135-моддасида белгиланган даромадларни ҳар чорак якуни бўйича ортиб борувчи тартибда аниқлаш лозим.

Фоизсиз ёки Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан паст фоизларда заём берилганда СКнинг 135-моддасида назарда тутилган текин олинган мулкий ҳуқуқлар кўринишдаги даромадлар қарз олувчида юзага келади. Шунинг учун ушбу даромадларни аниқлаш ва улардан солиқларни тўлаш мажбурияти қарз олувчининг зиммасига юклатилади.

СКнинг 135-моддасида белгиланган даромадлар юридик шахснинг бошқа даромадлари жумласига киради (СКнинг 132-мод.).

Бошқа даромадлар фойда солиғи тўловчилари томонидан жами даромаднинг таркибига қўшилади ва фойда солиғига тортилади (СКнинг 129-мод.).

Ягона солиқ тўлови тўловчилари томонидан эса бошқа даромадлар ялпи тушум таркибига қўшилган ҳолда асосий (соҳа) фаолият тури учун белгиланган ягона солиқ тўлови ставкалари бўйича солиққа тортилади (СКнинг 353, 355-мод.).

Марказий банк томонидан 2016 йил 1 январда белгиланган қайта молиялаштириш ставкаси – йиллик 9% ташкил этади. Ушбу фоиз ставкаси бугунги кунгача амал қилмоқда.

Сиз келтирилган мисоллар бўйича 2017 йил 1 январда олинган ва 30 июнда қайтарилиши лозим бўлган 100 млн. сўм заём бўйича қарз олувчининг («Б» юридик шахснинг) даромадлари қуйидагича аниқланади:

1) Фоизсиз заём олинганида.

Қарз олувчининг даромадларини ҳар чорак якуни бўйича ортиб борувчи тартибда аниқлаймиз:

1-чорак якуни бўйича, яъни 2017 йил 1 январдан 31 маргача бўлган муддатда қарз олувчи фоизсиз заёмдан – 90 кун давомида фойдаланади. Ушбу давр учун қарз олувчининг даромади: 100 000 000 сўм * (9%/365кун*90кун) = 2 219 178,1 сўмни ташкил этади.

2-чорак якуни бўйича, яъни 2017 йил 1 январдан 30 июнгача бўлган муддатда қарз олувчи фоизсиз заёмдан – 181 кун давомида фойдаланади. Ушбу давр учун қарз олувчининг даромади: 100 000 000 сўм * (9%/365кун*181кун) = 4 463 013,7 сўмни ташкил этади.

2) Заём 3-фоизли ставкада олинганида.

Заём шартномаси бўйича кўзда тутилган 3-фоизли ставкаси Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасига нисбатан паст фоизда белгиланган. Шунинг учун аввал ушбу фоиз ставкалари ўртасидаги фарқни аниқлаймиз: 9% – 3 % = 6%.

Бу ҳолатда қарз олувчининг даромадларини 6%-дан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарамиз:

1-чорак якуни бўйича, яъни 2017 йил 1 январдан 31 маргача бўлган давр учун қарз олувчининг даромади: 100 000 000 сўм * (6%/365кун*90кун) = 1 479 452,1 сўмни ташкил этади.

2-чорак якуни бўйича, яъни 2017 йил 1 январдан 30 июнгача бўлган давр учун қарз олувчининг даромади: 100 000 000 сўм * (6%/365кун*181кун) = 2 975 342,5 сўмни ташкил этади.

3) Заём 9-фоизли ёки 15-фоизли ставкада олинганида.

Заём шартномаси бўйича кўзда тутилган 9-фоизли ставкаси Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасига тенг, 15-фоизли ставкаси эса қайта молиялаштириш ставкасидан юқори.

СКнинг 135-моддасида қўзда тутилган тартиб фоизсиз заёмларга ҳамда Марказий банк томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкасидан паст бўлган ставкада фоизлар тўлаш шарти билан берилган заёмларга нисбатан қўлланилади.

Агар фоизлар тўлаш шарти билан берилган заёмларда фоизли ставкаси Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасига тенг бўлса ёки қайта молиялаштириш ставкасидан юқори бўлса, унда қарз олувчида текин олинган мулкий ҳуқуқлар кўринишдаги даромад юзага келмайди. Яъни бундай заёмларга нисбатан СКнинг 135-моддасида қўзда тутилган тартиб қўлланилмайди.

Бухгалтерия ҳисобида акс эттириш.

СКнинг 135-моддасида белгиланган тартибда қарз олувчининг фоизсиз ёки Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан паст фоизларда олинган заёмлар бўйича аниқланадиган даромадлар фақат солиқ солиш мақсадида аниқланади. Ушбу даромадлар бухгалтерия ҳисобида алохида акс эттирилмайди.

Солиқ ҳисобларида акс эттириш.

СКнинг 135-моддасида белгиланган тартибда қарз олувчининг фоизсиз ёки Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан паст фоизларда олинган заёмлар бўйича аниқланадиган даромадлар қуйидаги солиқ ҳисоботларида акс эттирилади:

Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи тўловчилари томонидан:

Аввал ушбу даромад суммаси бошқа даромадлар таркибида Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг (2-сонли шакл) – 090-сатрида акс эттирилади. Ушбу ҳисоботнинг 240-сатрида келиб чиққан Фойда солиғини тўлагунга қадар фойда суммаси Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича солиқ ҳисоботи шаклларида Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ва ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи Ҳисоб-китобининг 010-сатрида акс эттирилади.

Ягона солиқ тўлови тўловчилари томонидан:

Аввал ушбу даромад суммаси бошқа даромадлар таркибида Ягона солиқ тўлови бўйича солиқ ҳисоботи шаклларининг 2-иловасида 050-сатрида текин олинган мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар, шунингдек ишлар ва хизматлар сифатида акс эттирилади. Кейин 2-илованинг 010-сатрида йиғилган Бошқа даромадлар жами суммаси Ягона солиқ тўлови Ҳисоб-китобининг 030-сатрида акс эттирилади. Бошқа даромадлар асосий фаолият тури учун белгиланган устунда акс эттирилади ва асосий фаолият тури учун белгиланган ягона солиқ тўлови ставкасида солиққа тортилади.

Қарз берувчи фойдасига ҳисобланган фоизларни солиққа тортиш.

Фоизли заёмлар бўйича қарз берувчи фойдасига ҳисобланган фоизлар тўлов манбаида солиққа тортилади (СКнинг 156-мод.). Яъни фоизли даромадлардан солиқни ҳисоблаш, солиқни ушлаб қолиш ва солиқни бюджетга тўлаш мажбуриялари қарз олувчининг зиммасига юклатилади. Қарз олувчи заём бўйича ҳисобланган фоизли даромадларни қарз берувчига тўлаб беришдан аввал ушбу даромад суммасидан 10% ставкада фойда солиғини тўлов манбаида ушлаб қолади ва солиқни бюджетга ўтказади. Қарз берувчига солиқ ушлаб колинганидан кейин қолган фоизли даромад суммаси тўлаб берилади.

Фоизли даромадлардан фойда солиғи суммаси фоизлар тўлаш пайтида ушлаб қолинади (СКнинг 165-мод.).

Масалан, 2017 йил 1 январда олинган ва 30 июнда қайтарилиши лозим бўлган 100 млн. сўм заём бўйича қарз берувчи фойдасига 3-фоизли ставкада фоизли даромад ҳисобланиши кўзда тутилган. Шартнома шартларига асосан заём бўйича ҳисобланадиган фоизлар асосий қарз қайтарилишида тўлаб берилади.

Қарз берувчининг фоизли даромадини аниқлаймиз. 2017 йил 1 январдан 30 июнгача бўлган муддатда қарз олувчи заёмдан – 181 кун давомида фойдаланган. Ушбу давр учун қарз берувчининг заём бўйича фоизли даромади:

100 000 000 сўм * (3%/365кун*181кун) = 1 487 671 сўмни ташкил этади.

Қарз олувчи ушбу фоизли даромадни қарз берувчига тўлаб беришида 10% ставкада 148 767,1 сўм фойда солиғини тўлов манбаида ушлаб қолиши ва бюджетга ўтказиб бериши лозим.

Фоизли даромадларга ҳисобланган фойда солиғи Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича солиқ ҳисоботи шаклларида Солиқ агентлари томонидан тўлов манбаида ушлаб қолинадиган дивидендлар ва фоизлар кўринишида тўланадиган даромадлардан олинадиган солиқ ҳисоб-китобида 070-сатрида акс эттирилади. Ушбу солиқ ҳисоботи қарз олувчи томонидан ҳисобда турган солиқ идорасига ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай тақдим этилади.

Қарз олувчининг бухгалтерия ҳисобида заём бўйича ҳисобланган фоизларни тўлаб берилиши қуйидагича акс эттирилади:

Т/р

Хўжалик муомалаларининг мазмуни

Дебет

Кредит

Сумма (сўм)

1.

Заём шартномаси бўйича қарз берувчи фойдасига ҳисобланган фоизли даромад 

9610 «Фоизлар кўринищидаги харажатлар»

6920 «Ҳисобланган фоизлар»

1 487 671

2.

Фоизли даромадга ҳисобланган фойда солиғи

6920 «Ҳисобланган фоизлар»

6410 «Бюджетга тўловлар бўйича қарз»

148 767,1

3.

Қарз берувчи фойдасига тўланган фоизли даромад

6920 «Ҳисобланган фоизлар»

5110 «Ҳисоб-китоб рақами»

1 338 903,9

Ответы экспертов отражают их мнение и создают информационную основу для принятия Вами самостоятельных решений. Пользование этим сервисом осуществляется по правилам, с которыми Вы согласились, задавая вопрос на сайте. Просмотр всех вопросов и ответов открыт в свободном доступе.
Ответы актуальны на дату публикации.

Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика