Забыли пароль?
Регистрация
Вопрос
Қандай ҳолатда мажбурий ижро бўлими ходими томонидан корхонани (кичик тадбиркорлик субъекти)ни электр энергия тармоғидан узиб қўйилади?
Корхонамизнинг асосий фаолияти полиэтилен пакет ишлаб чиқариш. Корхона электр энергиядан фойдаланади. 1 ойда ўртача 3 000 000 сўмлик электр энергиядан фойдаланамиз. Корхонамиз январь-март ойлари учун жами 9 000 000 сўм маблағни туман ТЭТКга тўланган. Туман ТЭТК томонидан фойдаланилган электр энергияси учун счет-фактура ва охирги сана 01.04.2018 йил ҳолатига солиштирма далолатнома тақдим эта олмади. Тўланган маблағдан ташқари яна 03.04.2018 йилда 2 000 000 сўм маблағ тўладим. Туман мажбурий ижро бўлимидан назорат қилувчи назоратчи инспектор келиб, 01.04.2018 йилдан электр энергия нархи ошганлиги сабабли, қўшимча яна 2 000 000 сўм тўлашим кераклиги акс холда тармоқдан узиб қуйиши ҳақида огоҳлантирди. Мен қарздорлигимни ҳужжатлар билан асослаб беришини талаб қилдим. Лекин ҳужжатлар тақдим эта олмади. Мени корхонамни тармоқдан узишини қайта огохлантирди.


Ответы экспертов
Ответов: 10
20.04.2018

Электр энергиясини етказиб бериш ва истеъмол қилиш соҳасидаги муносабатлар “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари” (12.01.2018й. 22-сон ВМҚга 1 –ил., кейинчалик – “Қоидалар”) билан тартибга солинади.

Қоидалар ҳудудий электр тармоқлари корхоналари, электр энергия истеъмолчилари, истеъмолчилардан электр энергияси учун тўловни йиғиш функциясини бажарувчи хусусий операторлар, шунингдек ЎзР Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (кейичалик – Бюро) томонидан бажарилиши мажбурийдир.

Электр энергияси истеъмолчиси бўлиб юридик ёки жисмоний шахс ҳисобланади. Истеъмолчилар (аҳолидан ташқари) ҳар йили 1 сентябргача келгуси йил учун электр энергияси истеъмолининг чоракларга бўлинган прогнозлаштирилаётган миқдори тўғрисида ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига ёки истеъмолчи электр қурилмалари электр тармоқларига уланган электр таъминоти корхоналарига буюртманома беради (Қоидаларнинг 13-б.).

Барча истеъмолчилар (маиший истеъмолчилардан ташқари) ҳудудий электр тармоқлари корхоналари билан биргаликда ҳисоб-китоб даври тамом бўлгандан кейин ҳар ой беш кун мобайнида фойдаланилган электр энергияси учун ўзаро ҳисоб-китобларнинг таққослаш далолатномасини тузишлари шарт (Қоидаларнинг 60-б.).

Электр энергияси учун ҳақ тўлаш электр таъминоти шартномасига мувофиқ амалга оширилади. Шартномада ҳисоб-китоб даври учун кўрсатилганидан 5 фоиздан ортиқ миқдорда электр энергияси истеъмол қилинганда, истеъмолчилардан (маиший истеъмолчилардан ташқари) шартномада кўрсатилгандан ортиқ истеъмол қилинган электр энергияси жами ҳажми учун белгиланган тарифнинг бир ярим баравари миқдорида тўлов ундирилади (Қоидаларнинг 65,67-б.).

Қоидаларнинг 70-бандига кўра, электр энергияси учун тўлов қуйидаги тартибда амалга оширилади:

маиший истеъмолчилар ҳар ойнинг 10-санасига қадар ўтган ойда истеъмол қилинган электр энергияси учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилишлари шарт;

мазкур банднинг иккинчи хатбошида кўрсатилган муддат ўтгандан кейин қарздорлик мавжуд бўлганда, маиший истеъмолчилар белгиланган тартибда электр тармоқларидан мажбурий узилади;

мазкур банднинг иккинчи хатбошида кўрсатилганлардан ташқари, истеъмолчиларга электр энергиясини етказиб бериш 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга оширилади. Олдиндан ҳақ тўланмаган ҳолларда, мазкур истеъмолчиларга нисбатан электр тармоқларидан тўлиқ узишгача бўлган чоралар кўрилади.

Истеъмолчининг электр энергияси ҳақини тўлаш, реактив энергия компенсацияси учун тарифга устамалар, шунингдек, ноқонуний фойдаланилган электр энергияси қайта ҳисоб-китоби ва пеня бўйича қарзи бўлган тақдирда, унинг аванс тўлови ҳисобига ўтказилган маблағлари қарзни қоплашга йўналтирилади ва аванс тўлови (олдиндан ҳақ тўлаш) сифатида ҳисобга олинмайди (Қоидаларнинг 77-б.).

Бунда электр энергияси учун тарифлар ўзгарган санадан қатъий назар, электр таъминоти шартномаси ўз кучида қолади ва истеъмолчи фойдаланилган электр энергияси учун янги тариф кучга кирган кундан бошлаб ҳақ тўлашга мажбурдир.

Тариф ўзгарган тақдирда эса, истеъмолчи электр энергиясининг (актив, реактив энергия ҳам шу жумлага киради) аванс билан тўланган ҳажми учун, бироқ тўлов кунидан бошлаб кейинги 12 ойдан ортиқ бўлмаган вақтда қўшимча тўловлар тўлашдан озод этилади (Қоидаларнинг 83-б.).

Айтиб ўтиш жоизки, электр энергияси тарифлари 2018 йил 1 апрелдан ўзгарди (http://www.uzbekenergo.uz/ru/activities/tariffs-electric-power/ хавола бўйича).

Бюро ёки унинг тақдимномаси асосида ҳудудий электр тармоқлари корхонаси истеъмолчини электр тармоғидан Қоидаларнинг 117-бандида кўрсатилган ҳолатларда узиб қўяди.

Бундан ташқари, Қоидаларнинг 130-бандига асосан ҳудудий электр тармоқлари корхоналари Бюро буюртманомаси бўйича истеъмолчиларни электр тармоқлардан ўчириш, шунингдек, ЭҲНАТга уланган ва олдиндан тўловни амалга ошириш қурилмаси бўлган ҳамда ҳисобга олиш приборига эга истеъмолчилар тўловлари тугагандан сўнг, уларга электр энергияси етказиб беришни тўхтатишга ҳақли.

 Юқорида келтирилганларга асосланиб, қуйидаги хулосага келиш мумкин:

1. ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан тузилган ўзаро шартномангизда электр энергияси учун ҳар ойлик тўлов 3 000 000 сум миқдорида белгиланган бўлса, уни 100% олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга оширишингиз лозим;

2. электр энергияси истеъмолчилари ҳисоб-китоб даври тамом бўлгандан кейин ҳар ой беш кун мобайнида фойдаланилган электр энергияси учун ўзаро ҳисоб-китобларнинг таққослаш далолатномасини тузиш шарти Қоидаларда белгиланганлиги сабабли, ҳудудий электр тармоқлари корхонасидан ушбу далолатномани тузишни талаб қилишга ҳақлисиз;

3. жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб электр энергия тарифлари ошганлиги сабабли, Сиз эса апрель ойи учун олдиндан тўловни 100% миқдорида қилмаган бўлсангиз, ҳисоб-китоб 2018 йил 1 апрелдан бошлаб янги тарифлар бўйича амалга оширилади;

4. Бюро ёки унинг тақдимномаси (кўрсатмаси) асосида ҳудудий электр тармоқлари корхонаси электр энергияси истеъмолчиларини Қоидаларнинг 50, 70, 117, 130 бандларида, шунингдек Қоидалар билан тасдиқланган юридик шахслар учун намунавий шартноманинг 4.3 бандида кўрсатилган ҳолатларда электр тармоғидан узиши мумкин.

Ответы экспертов отражают их мнение и создают информационную основу для принятия Вами самостоятельных решений. Пользование этим сервисом осуществляется по правилам, с которыми Вы согласились, задавая вопрос на сайте. Просмотр всех вопросов и ответов открыт в свободном доступе.
Ответы актуальны на дату публикации.

Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика