Забыли пароль?
Регистрация
Вопрос
Истироҳат боғи ижарага берилган бинолар учун мол-мулк солиғини ҳамда улар жойлашган майдондан ер солиғи тўлаши лозимми? Ижарадан солиқ тўлашда ижара ҳақининг энг кам миқдори қандай ҳужжат асосида аниқланади? Агар истироҳат боғи Лабзак, Зулфияхоним кўчалари ва Анҳор кесишган жойда жойлашган бўлса, у ҳолда боғ қайси зонага тааллуқли бўлади? Қандай фаолият ва хизматлар учун биз лицензия ёки бошқа рухсат этиш хусусиятга эга ҳужжатлар олишимиз керак (масалан, ресторан, кафе, чакана ва улгуржи савдо, аттракционлар ва бошқа фаолият турлари)?
Истироҳат боғини қуриш ва унинг фаолиятини юритиш МЧЖнинг асосий вазифаси ҳисобланади (ХХТУТ 93160). Маданият вазирлиги тасдиғига кўра маданият соҳасига мансубмиз. Шунинг учун ер ва мол-мулк солиқларидан озод қилинганмиз. Ҳозирги вақтда бизда истироҳат боғи қурилиши амалга оширилмоқда, уни фойдаланишга жорий қилгандан кейин боғда жойлашган айрим биноларни ижарага берамиз (масалан, ресторан, омбор, офис, боулинг, фитнес клуб, тир, ойнали лабиринтлар, дўконлар).


Ответы экспертов
Ответов: 42
16.07.2015

Истироҳат боғи мажмуасини фойдаланишга жорий қилгандан кейин ҳамда бино ва иншоотларнинг бир қисмини ижарага топширганда мол-мулк ва ер солиқлари бўйича имтиёзлардан фойдаланиш имконияти масаласини кўриб чиқишда эътиборни қуйидагига қаратиш керак:

ЎзР Ер кодексининг 64-моддасига асосан аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ва дам олиши учун фойдаланиладиган ерлар (дарахтзорлар, боғлар, сайилгоҳлар, хиёбонлар, шунингдек ариқ тармоқлари эгаллаган ерлар) аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ерларига киради. ЎзР СКнинг 280-моддасига мувофиқ аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ерларига солиқ солиш объекти сифатида қаралмайди. Бунда аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ерлари жумласига аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ва дам олиши учун фойдаланиладиган ерлар (дарахтзорлар, боғлар, сайилгоҳлар, хиёбонлар, шунингдек ариқ тармоқлари эгаллаган ерлар) киради.

Шундай қилиб, модомики боғга ажратилган ерлардан мақсадли фойдаланар экан ва аҳолининг маданий эҳтиёжларини қондирадиган умумий фойдаланишдаги ерлари жумласига кирар экан, у ҳолда улар қурилиш тугалланганидан кейин ҳам, боғ фаолиятини бошланганда ҳам  ер солиғи солиш объекти ҳисобланмайди.

Мол-мулк солиғини тўлаш ва имтиёзлардан фойдаланиш имконияти билан боғлиқ савол юзасидан ЎзР СКнинг 269-моддаси қоидаларини кўриб чиқиш лозим. Кўрсатилган модданинг қоидасига кўра юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқдан  жумладан маданият ва санъат ташкилотлари озод қилинади. Ташкилот берилган ХХТУТ бўйича кодга (93160) мувофиқ маданият ва санъат ташкилотлари жумласига киради ҳамда тегишинча, мол-мулк солиғи бўйича тақдим қилинган имтиёзлардан асосий фаолият тури тақдим қилинган имтиёзлар шартларига мос келган пайтгача фойдаланиши мумкин.

ЎзР СКнинг 22-моддасида белгиланишича, асосий фаолият тури – бу юридик шахснинг ҳисобот даври якунлари бўйича умумий реализация қилиш ҳажмидаги соф тушум улуши устунлик қиладиган фаолияти. Ушбу таърифга кўра, агар йил якунлари бўйича биноларни ижарага беришдан тушум боғ тақдим қиладиган хизматларни (аттракционларга чипталар, маданий-кўнгилочар тадбирлар ва ҳ.к.) реализация қилишдан тушумдан ортиқ бўлса, у ҳолда асосий фаолият турининг ўзгариши ва мол-мулк солиғи бўйича имтиёзлардан фойдаланиш имконияти йўқлиги эътироф этилиши мумкин.

Бироқ, ҳатто мазкур ҳолатда ҳам ташкилотда муайян мол-мулк объектларига нисбатан имтиёздан фойдаланиш имконияти мавжуд. Демак, масалан, ЎзР СКнинг 269-моддасига биноан юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ҳисоблаб чиқарилаётганда солиқ солинадиган база қуйидагиларнинг ўртача йиллик қолдиқ қийматига (ўртача йиллик қийматига) камайтирилади: маданият ва санъат, таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт, ижтимоий таъминот соҳасига кирадиган ижтимоий-маданий соҳа объектлари. Бу ҳолатда бутун боғга, албатта, ягона объект сифатида қаралмайди. Бу 5-сон БҲМС “Асосий воситалар” (ЎзР АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатга олинган) шартларига кўра ҳисобнинг алоҳида объектларига киради.

Мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларга солиқ солишга тааллуқли иккинчи савол бўйича ЎзР Президентининг 04.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон Қарори меъёрларига ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимининг 31.12.2014 йилдаги “Тошкент шаҳридаги давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун 2015 йилда қўлланиладиган ижара тўловининг энг кам ставкалари ҳақида”ги 1079-сон Қарорига амал  қилиш керак.

Президентнинг Қарорига мувофиқ мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларга солиқ солиш шартномада белгиланган баҳодан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади, агар шартнома баҳоси Тошкент шаҳар ҳокими қарори билан белгиланган ставкалардан кам бўлса, у ҳолда солиқ солиш базаси ҳисоб-китоби  ҳоким қарорида белгиланган ижара ҳақининг энг кам ставкалари бўйича амалга оширилади.

Ер майдони мансуб бўлган ҳудудий зонани аниқлаш учун кадастр ҳужжатларига мурожаат қилиш лозим. Кадастр тархида объектнинг жойлашган жойи, унинг чегаралари ва жойлашиши кўрсатилади. Агар сиз ҳудудий зонани мустақил равишда белгилай олмасангиз, у ҳолда кадастр хизматига сўров бериш лозим бўлади.

Лицензия ва бошқа рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш заруриятини аниқлаш учун ташкилот бундай фаолият туриларининг рўйхатини кўриб чиқиши керак:

-          “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар рўйхати” (ЎзР ВМнинг 15.08.2013 йилдаги 225-сон қарорига 1-илова);

-          Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб этиладиган фаолият турларининг рўйхати” (ЎзР ОМнинг 12.05.2001 йилдаги 222-II-сон Қарорига 1-илова).

Сизнинг ташкилотингиз мазкур рўйхатларда кўрсатилган фаолият турларини амалга оширадиган тақдирда, сиз қонун билан ўрнатилган тартибда лицензияловчи органга ёки у ёки бу фаолиятни амалга ошириш учун рухсатнома берувчи органга мурожаат қилишингиз лозим. Демак, масалан, улгуржи савдо лицензияланадиган фаолият тури ҳисобланади. Лицензия олиш тартиби Улгуржи савдо фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМнинг 05.11.2005 йилдаги 242-сон қарори) билан тартибга солинади.

Ответы экспертов отражают их мнение и создают информационную основу для принятия Вами самостоятельных решений. Пользование этим сервисом осуществляется по правилам, с которыми Вы согласились, задавая вопрос на сайте. Просмотр всех вопросов и ответов открыт в свободном доступе.
Ответы актуальны на дату публикации.

Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика