Забыли пароль?
Регистрация
Вопрос
Хорижий муассис томонидан ҳиссани жисмоний шахсга текин топшириш (реализация) қандай ҳужжатли расмийлаштирилади? Бу ҳолатда Адлия вазирлигига қандай ҳужжатлар топширилади? Солиқ оқибатлари ва бухгалтерлик проводкалари қандай бўлади? Хорижий муассиснинг ҳақиқий улушини ҳисоблаш ва тўлаш лозимми?
МЧЖ шаклидаги қўшма корхона ишлаб чиқариш билан шуғулланади ҳамда ЯСТ тўловчиси ҳисобланади. Хорижий муассиснинг (ХХР) улуши 47,96%ни ташкил қилади. Хорижий муассис юридик шахс ҳисобланади.


Ответы экспертов
Ответов: 191
24.02.2016

Берилган саволдан англашилишича, қўшма корхона масъулияти чекланган жамият шаклида тузилган (бундан кейинги матнда - МЧЖ). МЧЖ иштирокчисининг устав фондидаги улушини бошқа шахсга ўтказишнинг умумий тартиби ЎзР «Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулятли жамиятлар тўғрисидаги»  06.12.2001 й. 310- II-сонли қонуни (бундан кейинги матнда –310-II-сонли қонун) билан тартибга солинади.

310-II-сонли қонуннинг 20-моддасига асосан жамият иштирокчиси жамиятнинг устав фондидаги ўз улушини ёхуд унинг бир қисмини жамиятнинг бир ёки бир неча иштирокчисига сотишга ёки ўзга тарзда улар фойдасига воз кечишга ҳақлидир. Демак, чет эл таъсисчиси тегишли шартномалар асосида уз улушини сотиши, ҳадя килиши ёки бошқача тарзда воз кечиши мумкин.

Бунинг учун, дастлаб, МЧЖнинг устав фонди белигиланган микдорда шаклланганлиги (шакллланмаганлиги) масаласини аниқлаштириш лозим. Чунки, устав фондидаги улушнинг фақат тўланган қисмигина бошқа шахсга ўтказилиши мумкин (310- II-сонли қонуннинг 20-м., 3-к.).

Иккинчидан, МЧЖ уставида улушни бошқа шахсга сотиш (бошқача тартибда воз кечиш) масалалари қандай тартибга солинганлиги нуқтаи назаридан синчиклаб ўрганиб чиқиш лозим. Башарти, 310-II-сонли қонун улушни бошқа шахсга ўтказишнинг умумий қоидаларини белгилаб берса-да, жамият устави анча хусусий характерга эга бўлиб, таъсисчилар улушни бошқа шахсга ўтказишнинг бошқача тартибини (қонунчиликка мувофиқ бўлган) белигилаб қўйган бўлишлари мумкин.

Хусусан, уставда қуйидаги ҳолатлар белгиланганми:

- уставдани улушни сотишга (бошкача тарзда воз кечишга) жамиятнинг ёки унинг бошқа иштирокчиларининг розилигини олиш масаласи (агар, уставда бундай қоида ўрнатилган бўлмаса, 310-II-сонли қонун бундай розиликсиз улушни сотишга рухсат беради);

- уставдаги улушни сотиш (бошқача тарзда воз кечиш, хадя килиш) шартномасининг нотариал тартибда тасдиқланиши белигиланганми ёки йўқми (белгиланмаган бўлса, 310-II-сонли қонун бундай битимнинг оддий ёзма шаклда тузилишига йўл қўяди);

- жамият иштирокчиси ўз улушини (ёки унинг бир қисмини) сотмоқчи бўлганида бошқа иштирокчиларнинг ҳуқуқлари акс эттирилиши масаласи (310-II-сонли қонунга кўра, жамият иштирокчилари жамият иштирокчисининг улушини (улушининг бир қисмини) учинчи шахсга таклиф қилинадиган баҳо бўйича ўз улушлари миқдорларига мутаносиб равишда сотиб олишда имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланадилар; агар иштирокчилар мазкур имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланмаган бўлсалар, бундай имтиёзли ҳуқуққа жамият эга бўлади).

Учинчидан, улушни бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги битим рақобат тўғрисидаги қонунчилик билан белгиланган талаблар доирасига кириш–кирмаслиги масаласини аниқлаштириш лозим. ЎзР «Рақобат тўғрисидаги» 6.01.2012 й. ЗРУ-319-сонли қонуннинг (бундан кейинги матнда - ЗРУ-319-сонли қонун) 17-моддасига биноан қуйидаги битимларни амалга ошириш учун монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш лозим:

- улушнинг кўпи билан эллик фоизини тасарруф этувчи шахс ёки шахслар гуруҳи томонидан ушбу жамиятнинг устав фондидаги улушларни олишига нисбатан, бунда ана шу шахс ёки шахслар гуруҳи мазкур улушларнинг эллик фоизидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олади;

- шахс ёки шахслар гуруҳи томонидан жамият устав фондидаги улушни олишга нисбатан, агар бундай шахс ёки шахслар гуруҳи ушбу олишга қадар ушбу жамият устав фондидаги улушларнинг камида эллик фоизини ва кўпи билан учдан икки қисмини тасарруф этган бўлса, бунда ана шу шахс ёки шахслар гуруҳи ушбу улушларнинг учдан икки қисмидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олади.

Юқорида кўрсатилган ҳолатлар билан бир қаторда, агар битимда иштирок этаётган шахслар активларининг жами баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олган жами тушуми энг кам иш ҳақининг 100000 баравари миқдоридан ортиқ бўлса ёхуд битим иштирокчиларидан бири устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект бўлса олдиндан розилик олиш талаб қилинади (розилик улушни олувчининг аризасига биноан берилади).

Юқорида назарда тутилган шартлар жисмоний шахс томонидан тузиладиган битимларга нисбатан татбиқ этилади, бунда жисмоний шахс, агар у ариза билан мурожаат этган пайтда бирор-бир хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги улушларнинг камида ўттиз беш фоизини тасарруф этган бўлса, устав фондидаги улушларни тасарруф этиш ҳуқуқини олади.

МЧЖ уставини урганиб чиккандан сунг, агарда унда ўзгача тартиб назарда тутилган бўлмаса, Сиз жамият иштирокчиларига жамиятдаги битимнинг жиддий шартлари (битимнинг қиймати, тўлов шартлари ва бошқалар)ни кўрсатган ҳолда улушни олиш  тўғрисида оферта (таклиф) йуллайсиз. Офертани олган жамият иштирокчилари 30 кунлик муддатда жавоб беришлари керак. Агар, жамият иштирокчиларидан бири (бир нечтаси) МЧЖ уставидаги улушни олишга рози булсалар, Сиз оддий ёзма шаклдаги олди-сотди (ҳадя, бошқанинг фойдасига воз кечиш) шартномасини тузасиз. Аксинча, агар жамият иштирокчилари улушни олишни рад этган бўлсалар ёки офертага белгиланган муддат давомида улардан жавоб келмаган бўлса, улушни учинчи шахсга ўтказиш мумкин.  

Айтиш жоизки, шартнома билан биргаликда топшириш ва қабул қилиш далолатномаси тузилади. Тегишли шартнома имзолангандан кейин, жамиятни тузилган битим ҳақида ёзма равишда огоҳлантириш лозим. Шундан сунг, жамиятнинг ижро органи таъсисчиларнинг навбатдан ташқари мажлисини чақиради ва бу мажлис давомида таъсис ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиришлар тасдиқланиши керак. Таъсисчилар таркиби ва уларнинг улушлари миқдорининг ўзгариши муносабати билан таъсис ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиришлар давлат руйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб учинчи шахслар учун юридик кучга эга булади.

Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ЎзР Президентининг 24.05.2006 й. ПҚ-357-сон қарори билан тасдиқланган, кейинги матнда - Низом) 3-бандига асосан Тошкент шаҳрида барпо этиладиган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар (бундан кейинги матнда -ЧЭИИК) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида, вилоятларда ташкил қилинадиган ЧЭИИК эса тегишли вилоят адлия бошқармаларида давлат рўйхатидан ўтказилиши белгилаб қўйилган.  Шундан келиб чиққан ҳолда, Сиз рўйхатга олувчи органга қуйидаги хужжатларни тақдим этишингиз лозим (Низомнинг 33-банди):

-ариза;

-таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таъсисчиларнинг умумий йиғилиши баённомаси;

- ўзгартириш ва қўшимчалар матнининг ваколатли шахс томонидан имзоланган ва тадбиркорлик субъекти муҳри билан тасдиқланган икки нусхаси;

- давлат божи белгиланган миқдори тўланганлиги ҳақида банк тўлови ҳужжати;

- устав фондидаги улушни олди-сотди (ҳадя, ўзганинг фойдасига воз кечиш) шартномаси;

- рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, дастлабки розиликни бериш тўғрисида монополияга қарши органнинг қарори;

- улушни реализация қилишдан олинган даромадлар бўйича юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи тўланганлиги тўғрисидаги маълумотнома, улуш Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтган юридик шахсга реализация қилиниши ҳоллари бундан мустасно;

- улуш хорижий юридик шахсга утказилганда -хорижий муассис тўғрисида юридик шахс рўйхатдан ўтказилган жойдаги савдо реестридан олинган кўчирма; хорижий жисмоний шахсга ўтказилганда эса – унинг паспорт нусхаси (мазкур ҳужжатлар давлат тилига ноатриал тартибда тасдиқланган таржима билан тақдим қилиниши лозим).

Ответы экспертов отражают их мнение и создают информационную основу для принятия Вами самостоятельных решений. Пользование этим сервисом осуществляется по правилам, с которыми Вы согласились, задавая вопрос на сайте. Просмотр всех вопросов и ответов открыт в свободном доступе.
Ответы актуальны на дату публикации.

Ответов: 342
18.02.2016

Сизнинг ҳолатингизда таъсисчи ва жисмоний шахс ўртасидаги улушни текин топшириш (ҳадя) ёки олди-сотди шартномаси мавжуд бўлади. Корхона иштирокчи сифатида битимда қатнашмайди.

МЧЖ бухгалтерия ҳисобида фақат Устав капитали ҳисобининг аналитикасида (8330 счёти “Пай ва улушлар”) ўзгаришлар бўлади, айнан таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартиришлар асосида проводка берилади:

Дебет 8330 “Пай ва улушлар” – чиқиб кетаётган муассис субконтоси бўйича чиқиб кетаётган муассиснинг улуши қийматига.

Кредит 8330 “Пай ва улушлар” – МЧЖда улуш қабул қилаётган муассис субконтоси бўйича чиқиб кетаётган муассиснинг улуши қийматига.

Яъни таъсис ҳужжатларидаги валюта ва сўм қийматидаги улушларнинг миқдорлари илгаригидек қолади, фақат муассислар таркиби ўзгаради.

Агар муассис чиқиб кетса ва улуш жамиятга ўтган тақдирда Жамият ҳақиқий қийматини тўлаб бериши шарт (Ўзбекистон Республикасииннг “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги 06.12.2001 йилдаги 310-II-сон Қонуннинг 22-моддаси).

МЧЖда мазкур битим бўйича солиқ оқибатлари вужудга келмайди, чунки корхона даромад олмайди ва даромад тўлаш манбаи ҳисобланмайди.

Улушни текин беришда (ҳадя қилишда) норезидент юридик шахсда ҳам солиқ оқибатлари вужудга келмайди.

Улушни сотиш бўйича битимнинг суммасига боғлиқ ҳолда Ўзбекистон Республикаси норезиденти-юридик шахс  бўлмиш муассисда ЎзР СКнинг 155-моддаси билан аниқланадиган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромад вужудга келиши мумкин ҳамда ЎзР СКнинг 155-1-моддаси билан белгиланган тартибга мувофиқ фойда солиғи солинади.

Даромад тўлаш вужудга келганда сизнинг вазиятингизда  даромад тўлаш манбаи ва солиқ агенти бўлиб улушни сотиб олаётган жисмоний шахс ҳисобланади. Унга солиқни ҳисоблаш, ушлаб қолиш ва уни бюджетга тўлаш бўйича мажбурият юкланади.

Солиқ агенти сотиб олинаётган мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказгунга (расмийлаштиргунга) қадар ўзи мустақил равишда ёки ваколатли шахс орқали Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шакл бўйича Ўзбекистон Республикаси норезидентининг мол-мулкни реализация қилишдан олган  даромадлари бўйича юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ҳисоб-китобини тақдим қилиши шарт.

Норезидентларнинг даромадларидан олинадиган фойда солиғи бўйича ҳисобот шакли  АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган МВнинг (23-сон) ва ДСҚнинг (2013-8-сон) 04.03.2013 йилдаги Қарорига 1-иловада келтирилган. Хусусан Ўзбекистон Республикаси норезиденти-юридик шахснинг мол-мулкни реализация қилишдан олган даромадлари бўйича юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ҳисоб-китобини тўлдириш зарур.

Ўзбекистон Республикаси норезиденти-юридик шахснинг мол-мулкни реализация қилишдан олган даромадлари бўйича юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ҳисоб-китобини тўлдириш тартиби ҳам АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган МВнинг (23-сон) ва ДСҚнинг (2013-8-сон) 04.03.2013 йилдаги Қарорига 1-иловада келтирилган.

Хорижий муассис-юридик шахсдан улушни текин олишда жисмоний шахсда ЎзР СКнинг 177-моддасига биноан солиқ солинадиган моддий наф тарзидаги даромад вужудга келади, унга кўра юридик шахс томондан текин, шу жумладан ҳадя шартномаси бўйича берилган мол-мулк қиймати жисмоний шахснинг даромадига киритилади.

Мазкур даромадларга жисмоний шахс томонидан топшириладиган даромадлар тўғрисидаги декларация асосида солиқ солинади (ЎзР СКнинг 189-моддаси).

Ответы экспертов отражают их мнение и создают информационную основу для принятия Вами самостоятельных решений. Пользование этим сервисом осуществляется по правилам, с которыми Вы согласились, задавая вопрос на сайте. Просмотр всех вопросов и ответов открыт в свободном доступе.
Ответы актуальны на дату публикации.

Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика