Забыли пароль?
Регистрация
Вопрос
1) Хизматлар учун норезидент давлатида барча солиқлар тўланган бўлса, бизда ҳам ҚҚС тўланадими ва качон? Хизматларни реализация қилиш жойи, реализация қилиш обороти, ЎзР норезидентидан олинадиган ишлар, хизматларга солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида тушунча беринг. 2) Хизматлар учун ЎзР норезидентларининг доимий муассаса билан боғлиқ бўлмаган даромадларига солиқ солинадими ва қачон?
Бизнинг корхонамиз Хитойнинг экспортчи корхонаси билан импорт шартномасини тузган. Шартнома шартлари бўйича ишлаб чиқариш заводи учун асбоб-ускуналар тўлиқ Ўзбекистон Республикаси худудига олиб келинган. Шундан, олиб келинган импортдан 2,77 фоизи хизматлар қиймати (и/ч заводининг «Дизайн проекти») ва қолган 97,23 фоизи асбоб-ускуналар қиймати ҳисобланади. Жумладан, и/ч заводининг «Дизайн проекти» қилинганлиги тўғрисидаги далолатномада, хизматларни реализация қилиш жойи Ҳитой Ҳалқ Республикаси этиб кўрсатилган, шунингдек амалга оширилган хизматлар қиймати ҚҚ билан берилган. Ушбу амалга оширилган хизматлар учун бугунги кунга қадар корхонамиз томонидан тўловлар амалга оширилмаган.


Ответы экспертов
Ответов: 271
20.07.2017

1. Ташқи савдо контрактларига қўйиладиган энг кам талабларга асосан, агар асбоб-ускуналар харид қилишга тузилган импорт контрактида етказиб берувчи томонидан монтаж, ишга тушириш-созлаш ишлари амалга оширилиши ёки бошқа хизматлар кўрсатилиши назарда тутилган бўлса, унда контрактда ёки унинг спецификациясида бажариладиган ишлар, кўрсатиладиган хизматлар суммаси асбоб-ускуналар қийматидан ажратилган ҳолда алоҳида кўрсатилиши лозим (Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисидаги Низом, ВМнинг 30.09.2003й. 416-сонли қарорига 1-илова).

Сизнинг ҳолатда и/ч заводининг «Дизайн проекти»ни тайёрлаш ҳизматлари бажарилганлиги тўғрисида далолатнома тузилган, яъни ушбу хизматларнинг қиймати импорт контрактда алоҳида ажратилиб кўрсатилган бўлиши керак.

Маҳсулотни (ишларни, хизматларни) ишлаб чиқариш ва реализация қилиш жараёнига тайёргарлик, саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа объектлар қурилиши ҳамда улардан фойдаланилишга тайёргарлик бўйича муҳандислик-маслаҳат бериш йўсинидаги хизматлар, лойиҳалаш олди ва лойиҳалаш хизматлари (техник-иқтисодий асосларни, лойиҳа-конструкторлик ечимларини тайёрлаш ва бошқа шунга ўхшаш хизматлар) инжиниринг хизматлари жумласига киради.

Инжиниринг хизматлари кўрсатилганда, ушбу хизматларни сотиб олувчи юридик шахс фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга ошираётган бўлса, яъни Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса, инжиниринг хизматларини реализация қилиш жойи бўлиб Ўзбекистон Республикаси ҳудуди деб эътироф этилади (СКнинг 202-моддаси 3-қисми 4-банди).

Ишларни, хизматларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўлса, уларни реализация қилиш оборотларига ҚҚС солинади (СКнинг 202-моддаси 1-қисми).

Агар сизнинг корхонангиз Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтган бўлса, сотиб олинган и/ч заводининг «Дизайн проекти» эса юқорида кўрсатилган инжиниринг ҳизматлари тушунчасига жавоб берадиган бўлса, унда ушбу «Дизайн проекти»ни тайёрлаш хизматлари қиймати ҚҚСга тортилиши лозим, улар Ҳитойда бажарилган бўлса ҳам.

Ўзбекистон Республикаси норезиденти томонидан тақдим этилган ишлар ва хизматлар, уларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси бўлса, ушбу ишларни, хизматларни олувчи Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиси учун солиқ солинадиган оборот ҳисобланади.

Ишлар, хизматларни олувчида солиқ солинадиган база бўлиб норезидентга тўланиши лозим бўлган ишлар, хизматларнинг қиймати ҳисобланади (тўлов манбаида ушлаб қолиниши лозим бўлган солиқ суммаси чегириб ташланмаган ҳолда).

Олинган ишлар, хизматлар учун ҳақ тўлаш чет эл валютасида амалга оширилганда, солиқ солинадиган оборот ишлар, хизматлар бажарилганлиги тўғрисида далолатнома тузилган санадаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича миллий валютада қайта ҳисоблаб чиқилади.

Норезидент томонидан ишлар, хизматлар бажарилганлиги тўғрисида далолатнома қайси ҳисобот даврида тузилган бўлса, улар бўйича солиқ солинадиган оборотлар ушбу давр ҳисоботларида акс эттирилиши лозим.

Норезидентга тўловлар амалга оширилган ёки амалга оширилмаганлигидан қатъи назар бажарилган ишлар, хизматлар учун ҚҚС бюджетга қуйидаги муддатларда тўланиши лозим (СКнинг 226-моддаси):

- кичик бизнес субъектлари томонидан – ҚҚС бўйича ҳисобот тақдим этиш учун белгиланган кундан кечиктирмай;

- кичик бизнес субъектлари жумласига кирмайдиган солиқ тўловчилар томонидан - ҳар ойда, кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот тақдим этиладиган муддатдан кечиктирмай.

2. Ўзбекистон Республикаси норезидентининг товарларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш билан боғлиқ ташқи савдо операциялари бўйича олинадиган даромадлар, ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлардан олинадиган даромадлар норезидентнинг Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олган даромадларга кирмайди ва улар тўлов манбаида солиққа тортилмайди (СКнинг 155-моддаси 4-қисми).

Сизнинг ҳолатда импорт шартнома асида олиб келинган асоб-усканалар қийматига, ҳамда Ҳитой Ҳалқ Республикаси худудида бажарилган «Дизайн проекти»ни тайёрлаш хизматлари қийматига тўлов манбаида солиқ солинмайди.

Ответы экспертов отражают их мнение и создают информационную основу для принятия Вами самостоятельных решений. Пользование этим сервисом осуществляется по правилам, с которыми Вы согласились, задавая вопрос на сайте. Просмотр всех вопросов и ответов открыт в свободном доступе.
Ответы актуальны на дату публикации.

Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика