Забыли пароль?
Регистрация
Вопрос
1. Пуллик хизматлардан тушган маблағлардан мураббийларга иш ҳақи, спортчиларни халқаро мусобақаларга юбориш харажатларига, спортчиларга пул ва қимматли совғалар беришда ассоциацияда ва мукофот олган жисмоний шахсларда қандай солиқ оқибатлари юзага келади? 2. Халкаро ва Республика миқёсидаги мусобақаларда юқори ўринларни эгаллаган спортчиларга пуллик ва қимматли совғалар берилганда ЖШДС қандай тартибда ва ким томонидан ундирилади? 3. Реклама қилишдан даромад олинганда ва ушбу маблағлар юқорида кўрсатилган мақсадлар учун сарфланганда ассоциацияда қандай солиқ оқибатлари келиб чиқади? 4. Ҳомий ташкилотларидан тушган пул маблағлари учун солиқ имтиёзлари белгиланганми? Улар қандай тартибда ва қайси солиқ турларига қўлланилади?
ЎзР спорт курашлари ассоциацияси Сирдарё вилояти бўлими (нодавлат нотижорат ташкилоти) асосий максади – вилоят худудида эркин ва юнон-рум кураш спортини ривожлантириш ва оммавийлаштириш, шунингдек ўз аъзоларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш. Асосий вазифаси - вилоятда ёшларни спортга жалб қилишни тарғиб қилиш, эркин ва юнон-рум кураши бўйича мусобақалар, форумлар, конференциялар ва семинарлар ўтказиш. Ассоциация спорт залларини ижарага олиб, мураббийлар ёллаб, ёшларга кураш сирларини ўргатиш учун пуллик секциялар ташкил этишдан тушган пул маблағларни мураббийларга иш ҳақи, спортчиларни халқаро мусобакаларга юбориш харажатларига, мусобақалар ташкил этилганда спортчиларга пул ва қимматли совғалар бериш учун сарфланади. Спорт мусобакалари уюштирилганда тадбиркорлик субъектлари билан тузилган шартномалар асосида мусобака майдонида реклама баннерлари ўрнатиш, спортчиларнинг формаларига ўз белгиларини қўйиш ва бошқа шаклда реклама қилиш бўйича пуллик хизматлар кўрсатмоқчи.


Ответы экспертов
Ответов: 464
26.09.2017

1,2. Ассоциация – юридик шахсларнинг нотижорат иттифоқидир (ФКнинг 77-моддаси). У юридик шахс мақомида бўлиб, нотижорат ташкилоти ҳисобланади.

Нодавлат нотижорат ташкилоти (кейинги ўринларда-ННТ) қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз устав мақсадларига мос келадиган доираларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин ("Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида"ги Қонуннинг 31-моддаси).

Ушбу меъёрни қўллашда юзага келадиган асосий масала - қандай ҳолларда тушумларни нотижорат тусдаги фаолиятдан, қайси ҳолларда эса тадбиркорлик фаолиятидан олинган деб эътироф этишни аниқлашдир.

Нотижорат ташкилотлари деганда фойда олишни фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ва олинган даромадларни ўз қатнашчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган юридик шахслар тушунилади. Нотижорат ташкилотларига, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) ҳам киради (СКнинг 17-моддаси).

Тадбиркорлик фаолияти (тадбиркорлик) тадбиркорлик фаолияти субъектлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган, ўзи таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускорлик фаолиятидир (“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддаси).

Демак, қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратиш керак:

  • “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонун 2-моддасида кўрсатилган мақсадлар ННТ фаолиятининг нотижорат тусдалигини, "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасида кўрсатилган мақсад эса унинг тижорат (тадбиркорлик) тусидалигини белгилайди. Даромад (фойда) олиш ННТ уставида уни барпо этиш ва фаолиятининг мақсади сифатида белгиланмайди;
  • тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, амалга оширилиши шарт бўлган асосий (нотижорат) фаолиятдан фарқли равишда, ННТ фаолиятининг мажбурий шарти ҳисобланмайди. Тадбиркорлик фаолияти юритиш ҳуқуқи ННТ уставида қайд этилиши мумкин, бироқ унда назарда тутилмаслиги ҳам мумкин.

Шунга кўра, ассоциациянгиз спорт залларини ижарага олиб, мураббийлар ёллаб, ёшларга кураш сирларини ўргатиш учун пуллик секциялар ташкил этишдан тушган пул маблағларингиз тадбиркорлик фаолиятидан топилган даромадлар сифатида қаралади. Бунда тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлардан умумбелгиланган солиқлар тўланади.

Нотижорат ташкилотлари тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлардан қандай умумбелгиланган солиқлар тўланиши ҳақида батафсил экспертларимизнинг ушбу жавобларида ўқишингиз мумкин:

http://vopros.norma.uz/question/8719

Жисмоний шахсларга даромад тўлайдиган тижорат корхоналар каби ННТ ҳам солиқ агенти ҳисобланади ва у жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ушлаб қолиши ва бюджетга ўтказиши, фуқароларнинг мажбурий ажратмалари ва шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобларига (ШЖБПҲ) ўтказишга мажбурдирлар.

Жисмоний шахслар даромадлари турларини аниқлаш ва уларга солиқ солиш Солиқ кодексининг VI бўлими (167-196-моддалари) билан белгиланган тартибда амалга оширилади. Бунда ЖШДС бўйича имтиёзлар CКнинг 179 ва 180-моддаларда белгиланган. Жумладан, халқаро спорт мусобақаларида совринли ўринларни эгаллаганлиги учун спортчилар олган бир йўла бериладиган пул мукофоти, халқаро ҳамда республика танловлари ва мусобақаларида олинган буюм тарзидаги совринларнинг қиймати солиққа тортилмайди (СКнинг 179-моддаси 8, 13-бандлари).

Спортчиларни халқаро мусобакаларга юбориш харажатлари ННТнинг вакиллик харажатлари бўлиб, улар жисмоний шахсларнинг даромади ҳисобланмайди (СКнинг 171-моддаси 4-банди).

Мураббийларга бериладиган иш ҳақлари эса умумбелгиланган тартибда солиққа тортилади. ЖШДСни аниқлаш ва ҳисоблаш, ҳамда имтиёзларни қўллаш ҳақида батафсил маълумотлар сайтимизда ойма-ой ёритиб борилади:

http://www.norma.uz/uz/foydali_axborot/2017_yil_avgust_oyi_uchun_jismoniy_shahslar_daromadidan_olinadigan_soliq_va_boshqa_majburiy_tulovlar_hisob-kitobi_uslubiyati

3,4. Ташкилотингиз нотижорат ташкилоти бўлганлиги ҳомийлик асосида киритган маблағлари  бўйича солиқ оқибати юзага келмайди. Нотижорат ташкилотлар томонидан устав фаолиятининг таъминоти ва уни амалга ошириш учун олинган, белгиланган мақсадга кўра ва (ёки) текин келиб тушган маблағлар даромад сифатида қаралмайди ва фойда солиғига тортилмайди (СКнинг 129-моддаси).

Аммо спорт мусобақалари уюштирилганда тадбиркорлик субъектлари билан тузилган шартномалар асосида мусобақа майдонида реклама баннерлари ўрнатиш, спортчиларнинг формаларига ўз белгиларини қўйиш ва бошқа шаклда реклама қилиш бўйича пуллик хизматлари тадбиркорлик фаолияти бўлиб, улардан олинган даромадлар умумбелгиланган солиқларга тортилади.

Ответы экспертов отражают их мнение и создают информационную основу для принятия Вами самостоятельных решений. Пользование этим сервисом осуществляется по правилам, с которыми Вы согласились, задавая вопрос на сайте. Просмотр всех вопросов и ответов открыт в свободном доступе.
Ответы актуальны на дату публикации.

Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика