Ответов: 107
Ответы эксперта. Бухгалтерский учет
Показать ответ

3. Асосий воситалар қийматини балансдан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомнинг (АВ томонидан 29.08.2004 й. 1401-сон билан рўйхатга олинган МВ буйруғи билан тасдиқланган) 2-бандида кўчмас мулк объектларини балансдан чиқариш асослари келтирилган. Асослардан бири – сотиш.

Сизнинг ҳолатингизда объектга олдиндан тўлов амалга оширилгандан сўнг у сотиб олувчига топширилиши керак эди, бунда объектга эгалик ва фойдаланиш ҳуқуқлари сотиб олувчига ўтади. Шунга асосан объект сотилган ҳисобланади (бухгалтерия ҳисоби нуқтаи назаридан) ва балансдан чиқарилади, шунингдек сотиб олувчи номига давлат рўйхатидан ўтказилади (эгалик ҳуқуқи билан). Бироқ сотиб олувчи қолган суммани тўламагунча объектни тасарруф қилиш ҳуқуқи унга ўтмай туради, шу сабабли давлат рўйхатидан ўтказилганда объектга хатлов белгиланади. Сотиб олувчи ўз-ўзидан объектни сота олмайди.

Фуқаролик кодексининг 424-моддаси биринчи қисмига биноан, олди-сотди шартномасида сотувчининг сотиб олувчига топширилган товарга мулк ҳуқуқи товар ҳақи тўлангунга қадар сақланиши назарда тутилган ҳолларда, сотиб олувчи мулк ҳуқуқи ўзига ўтгунча товарни тасарруф этишга ҳақли эмас.

Шу боис шартномага ўзгартириш киритиб, олдиндан тўлов амалга оширилгандан сўнг объектнинг сотиб олувчига топширилишини назарда тутиш ва объектни амалда сотиб олувчига топшириш лозим, шундан сўнг у балансдан чиқарилади. Бунда шартномада товар ҳақи тўлиқ тўлангунга қадар мулк ҳуқуқининг сотувчида сақланиши тўғрисидаги шартни қолдириш лозим.

Показать ответ

Шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар, шунингдек шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ҳамда овуллардаги маҳаллалар фуқаролар ўзини ўзи бошқаришининг ҳудудий бирликларидир (02.09.1993 й. 915-XII-сон “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддаси).

Демак, фуқаролар йиғинини 2 қисмга бўлиш мумкин:

1) шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар;

2) шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ҳамда овуллардаги маҳаллалар.

Фикримизча, ВМнинг 26.03.2019 й. 251-сон қарорига 1-илованинг 31-бандидаги “шаҳарлар ҳудудидан ташқарида жойлашган маҳаллалар” деганда шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар фуқаролар йиғини тушунилади.

Шу билан бирга, ушбу саволга аниқ жавоб олиш учун Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилишингизни тавсия қиламиз.

Показать ответ

Импорт контрактларида қуйидаги асосий бўлимлар ва маълумотлар бўлиши керак (ВМ 30.09.2003 йилдаги 416-сонли қарори билан тасдиқланган Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомнинг 3-б.):

  • Муқаддима;
  • Контрактнинг мавзуси;
  • Етказиб беришнинг базис шартлари (“Инкотермс” халқаро қоидалари бўйича);
  • Товарни етказиб бериш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш муддати;
  • Контрактнинг нархи ва умумий суммаси;
  • Тўлов шартлари;
  • Товарнинг келиб чиқиши, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш жойи; Томонларнинг жавобгарлиги;
  • Томонларнинг реквизитлари.

Импорт контрактининг матни давлат тилида ёки рус тилида баён қилиниши керак. Агар контракт матни бошқа тилда тузилган бўлса, контракт давлат тилига ёки рус тилига таржима қилиниши ва белгиланган тартибда тасдиқланиши керак (Низомнинг 3.11-б.).

Бундай контрактлар Низомнинг 2-иловасига мувофиқ ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига (ТСОЯЭАТ) киритилиши керак.

Импорт шартномасига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги маълумотлар қўшимча битим билан қайд этилиб (Низомнинг 4-б.), албатта асосий импорт контракти каби ТСОЯЭАТга киритилиши керак.

Қуйидаги импорт контрактлари ва қўшимча битимларни Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳаларни ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУКда экспертиза ва рўйхатдан ўтказиш талаб қилинади(20.02.2018 йилдаги ПҚ-3550-сонли Президент қарорига 3-илованинг 6-банди):

1) стратегик харид қилувчи билан, шунингдек, устав жамғармасида стратегик харид қилувчининг улуши бўлган ташкилотлар билан тузиладиган 50 минг АҚШ долларига тенг бўлган миқдордан ортиқ бўлган миқдордаги;

2) бюджет тизими бюджетлари, Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, шунингдек, давлат мақсадли жамғармалари маблағлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан донор мамлакатлар, халқаро, ҳукуматга доир бўлган ва ҳукуматга карашли бўлмаган чет эл ташкилотлари билан тузиладиган шартномалари доирасида тақдим этиладиган чет эл грантлари, Ўзбекистон Республикаси томонидан ёки Ўзбекистон Республикаси кафолати остида жалб этиладиган чет эл кредитлари (қарзлари) (бундан тижорат банклари томонидан қайта молиялаштириладиган кредитлар мустасно) ҳисобидан давлат органлари, бюджет ташкилотлари, харид тартиб-таомилларини амалга ошириш учун йўналтириладиган бюджет маблағларини олувчилар, давлат мақсадли жамғармалари, шунингдек, устав жамғармасида 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдордаги давлат улуши билан иштирок этувчи давлат корхоналари ва юридик шахслар, устав жамғармасининг 50 фоизи ва ундан ортиғи 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар, шунингдек, бошқа юридик шахслар билан тузиладиган эквиваленти 100 минг АҚШ долларига тенг бўлган миқдордан ортиқ бўлган суммадаги;

3) Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурларига киритилган ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари билан амалга ошириладиган лойиҳаларни рўёбга чиқариш доирасида, шунингдек, давлат харидларини амалга оширишда тузиладиган 100 минг АҚШ долларига тенг бўлган миқдордан ортиқ бўлган суммадаги.

Показать ответ

Импорт шартномалари ва уларга қўшимча битимларнинг электрон почта орқали тузилиши қонунчиликда тартибга солинмаган.

Амалиётда бундай қўшимча битимлар аввал электрон почта орқали сканер вариантда ёки факс орқали юборилиб, уларнинг асл нусхаси почта орқали алмашиниб имзоланади.

Мазкур ҳолатда импорт шартномасига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги маълумотлар қўшимча битим билан қайд этилгандан сўнг, албатта асосий импорт контракти каби Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими (ТСОЯЭАТ)га киритилиши керак (ВМ 30.09.2003 йилдаги 416-сонли қарори билан тасдиқланган Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомнинг 4-б.).

Показать ответ

Битим ҳақиқий бўлмаганида тарафларнинг ҳар бири бошқасига битим бўйича олган ҳамма нарсани қайтариб бериши шарт.

Чунки, ҳақиқий бўлмаган битим унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқибатларга олиб келмайди ва у тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий эмас ҳисобланади (ФК 114-м. 1-2-қ.).

Демак, устав фондига киритилган бино ва иншоотлар маҳаллий ҳокимият балансига олинганда (саволдан нима учун улар ҳокимият ихтиёрига берилганлиги номаълум) ўз-ўзидан чет эл капитали мавжуд бўлган корхона устав фондининг ушбу қисми бўшаб қолади ва шунга мувофиқ устав фонди камайтирилиши керак.

Показать ответ

22-сон БҲМС 13-бандига асосан, чет эл валютасида харид қилинган товар-моддий захиралари ва бошқа активларни баҳолаш, уларнинг харид қилинганлигини тасдиқловчи бошланғич ҳисоб ҳужжатларида (товарнинг кузатув ҳужжатлари ёки божхона юк декларациясида) кўрсатилган қийматидан келиб чиқиб, уларни бухгалтерия ҳисобига қабул қилиш санасидаги Марказий банк курси бўйича қайта ҳисоблаб, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг 05.02.1999 й. 54-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 1.1.12-банди, Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (5-сон БҲМС) «Асосий воситалар» (рўйхат рақами 1299, 20.01.2004 й.) ва Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (4-сон БҲМС) «Товар-моддий захиралар»га (рўйхат рақами 1595, 17.07.2006 й.) мувофиқ шакллантириладиган, харид қилиш билан боғлиқ бўлган бошқа харажатлардан келиб чиқиб аниқланади.

Демак, бухгалтерияда ҳисобни тўғри юритиш учун импорт товарларини кирим қилишда товар харид қилинганлигини тасдиқловчи бошланғич ҳисоб ҳужжатларини (товарнинг кузатув ҳужжатлари ёки божхона юк декларацияси) асос қилиб олиш керак.

Товарнинг кузатув ҳужжатлари - ҳисобварақ-фактура (инвойс), юклаб жўнатиш варақлари ҳамда ташқи савдо фаолияти ва ўзга фаолият амалга оширилаётганда божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш билан боғлиқ битимлар тузилганлигини тасдиқлаш учун фойдаланиладиган бошқа ҳужжатлар, шунингдек коносамент, юк хати ёки товарларни ташиш шартномаси мавжудлигини тасдиқловчи ҳамда шундай ташишда кузатиб борувчи бошқа ҳужжатлар (ВМнинг 18.09.2017 й. 742-сон қарорига илованинг 2-б.).

Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018 г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. 78-150-11-72, Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+
Яндекс.Метрика