Ответов: 107
Ответы эксперта. Юридический помощник
Показать ответ

Фақат ЯТТ фаолият турига тегишли ўзгартишни киритган ҳолда қорамол сотишни амалга ошириш мумкин  (19.02.2017 й. ВМҚ № 66  7-иловасининг 4-б.).

ЯТТ ҳозирги фаолият тури бўйича фақат мол суйиш хизматини амалга ошириши мумкин. Мол сотиш учун эса чакана савдо хизматини қўшимча фаолият тури сифатида рўйхатдан ўтказиш керак.

Бунинг учун тегишли давлат хизматлари марказига мурожаат қилиб қуйидаги ҳужжатдарни тақдим этиш керак:

  • ЯТТ раҳбари пасспорти;
  • энг кам ойлик иш ҳақининг 50 % миқдорида давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.
Показать ответ

Ҳа, мумкин.

Президентнинг 30.10.2018 йилдаги ПФ-5564 “Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони 1-бандига асосан 2019 йил 1 январдан  улгуржи савдони амалга ошириш фаолиятини лицензиялаш бекор қилинди. Энди,  ушбу жамият улгуржи савдо лицензияси олмасдан нақд пулсиз шаклда барча товарларни шу жумладан, озик-овкат вовкат товарларини ҳам сотиши мумкин.

Бундан аввал улгуржи савдони амалга ошириш фаолияти лицензияланиши керак бўлиб (05.11.2005й. ВМҚ № 242-сон қарори билан тасдиқланган “Улгуржи савдо фаолиятини лицензиялаш тўғрисида”ги Низомнинг 2-б.), қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа лицензиялар асосида товарларнинг айрим турлари шунингдек, товар-хом ашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида истеъмол товарлари билан улгуржи савдо қилувчи юридик шахсларнинг улгуржи савдо фаолиятини амалга ошириш лицензиясини олишлари талаб этилмасди.

Показать ответ

Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 48-бандига кўра ходим болани парваришлаш учун таътилда бўлган вақтда ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқса, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа иш ҳақининг 100 % миқдорида берилади.

Президентнинг 27.12.2016 йилги 2017 йилга мўлжалланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисидаги Қарори 23-бандига кўра ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақаларни тайинлаш ва тўлашда 12 ойдан кўпроқ танаффусдан сўнг меҳнат фаолиятини қайтадан бошловчилар учун нафақа тайинлашнинг дифференциялашган миқдори ишга қабул қилинган кундан фактик ишланган вақтга боғлиқ бўлади:

ишга қабул қилинган кундан 12 ойгача ишланган бўлса - нафақа ҳомиладорлик ва туғиш таътилида бўлган вақтдаги ўртача ойлик иш ҳақининг 75 % миқдорида;

ишга қабул қилинган кундан 12 ойдан ортиқ ишланган бўлса - нафақа ҳомиладорлик ва туғиш таътилида бўлган вақтдаги ўртача ойлик иш ҳақининг 100 % миқдорида берилади.

Показать ответ

Ҳа, мумкин.

Бунинг учун турар жойни яшаш учун мўлжалланмаган нотурар жойга ўтказиш керак (Уй-жой кодекси 15-модда).

Турар жойни яшаш учун мўлжалланмаган жойга ўтказиш мақсадини, шунингдек келгусида ундан фойдаланишнинг мўлжалланаётган шакл ва усулларини кўрсатган ҳолда, мулкдор (бу ўринда ижарага берувчи жисмоний шахс) давлат ҳокимияти органлари архитектура ва қурилиш бўлимларига ариза бериш орқали турар жойни нотурар жой тоифасига ўтказиши керак.

Показать ответ

Йўқ, дефектология тиббий хизматини ЯТТ сифатида амалга ошириб бўлмайди.

Бу хизмат юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатида (07.01.2011 й. ВМ 6-сон қарорига 1-илова) назарда тутилмаганлиги ва лицензия талаб қилинадиган фаолият тури бўлганлиги учун (12.05.2001 й. ВМ 222-II-сон қарори) ушбу фаолиятни ЯТТдан бошқа ташкилий ҳуқуқий шаклда лицензия олган ҳолда амалга оширишингиз керак.

Показать ответ

Ҳа, корхонанинг ҳолати МЧЖлигича қолади. Таъсисчи фуқаролигининг ўзгариши МЧЖни ўз-ўзидан хорижий сармояли корхонага айлантирмайди.

Агарда, таъсисчи(лар) МЧЖни чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонага айлантириш истагида бўлсалар, корхона устав фондининг камида 400 миллион сўмгача бўлган миқдорда шакллантирилиши ва чет эл инвесторининг (масалан, РФ фуқаролигида бўлган таъсисчиси) улуши устав жамғармасининг камида 15%ни ташкил этиши керак (01.08.2018й. ПФ-5495-сонли Президент фармони).

МЧЖ мазкур талабларга жавоб берса, таъсиснинг қарори билан жамият чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона сифатида қайта рўйхатдан ўтказилиши мумкин.

Показать ответ

Бу вазиятда фарзанд учун алимент ундира ололмаётганлик сабаби отанинг бошқа давлат фуқаролигини олганига боғлиқ эмас.

Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган отадан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади (ОК 96-м.). Бунда отанинг фуқаролиги ўзгарганлиги суд қарори ижросини тўхтатмайди.

Алимент тўловчи қарздор қидирилаётганда алимент ундириш бўйича ижро иши юритиш суд ижрочиси томонидан тўхтатиб турилиши мумкин (Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги Қонун 35-м.). Демак, ушбу вазиятда алимент ундирилмаётганлиги сабаби қарздорнинг бошқа давлат фуқаролигини олгани эмас, балки унинг ҳали топилмаётганлиги ҳисобланади.

Показать ответ

Давлат мактабгача таълим муассасаси тўғрисидаги Низомда (19.07.2017й. ВМК 528-сонли карорига 1-илова) давлат мактабгача таълим муассасаси (МТМ) тарбияланувчисини ўрни сақланиб қолиниши тўғрисида норма йўқ.

Ушбу масала МТМ устави ёки МТМ билан ота-она уртасида тузилган шартномага кўра тартибга солинган бўлиши мумкин. Хусусан, тарбияланувчининг соғлиги ёмонлашланлиги ҳақидаги тиббий маълумотномани тақдим этганда унинг ўрни сақланиб қолиниши тўғрисидаги банд бўлиши мумкин.

Сизга МТМ устави ва шартномани кўриб чиқишингизни тавсия киламиз. МТМга бола узрли сабабларга кура МТМга бормаганлигини тасдикловчи тиббий маълумотномани такдим килишингиз керак булади. 

Показать ответ

Турғун савдо билан шуғулланганда

Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини қўллаш тартиби тўғрисидаги Низомнинг (ВМ 17.11.2011 й. 306-сон қарорига 1-илова) 1-иловаси 5-банди, “г” кичик бандида назорат-касса машинасини рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар сифатида ижара шартномасидан ташқари турғун шохобча мавжудлигини тасдиқлайдиган бир нечта альтернатив вариантлар берилган. Масалан, ордер, далолатнома ва шу каби ҳужжатларни тақдим этишингиз мумкин.

Кўчма савдо билан шуғулланганда

Кўчма савдо объектлари жойлашиши схемалари туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларининг таклифлари асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан тасдиқланади. Кўчма савдо объектлари жойлашиши схемалари (ўринлар сони, сотиладиган товарлар рўйхати ва кўчма савдо даври кўрсатилган ҳолда) ҳар йили тасдиқлангандан кейин 3 кун мобайнида тегишли туман (шаҳар)нинг марказларида, Ўзбекистон Республикаси интерактив давлат хизматлари ягона порталида ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий веб-сайтларида жойлаштирилиши керак (ВМ 13.07.2016 й. 233-сон қарорига 1-илова 7, 8, 9-бб).

Савдонинг режалаштирилаётган жойи схемасини ушбу манбалардан олиб, назорат-касса машинасини рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этишингиз мумкин.

Показать ответ

1. Касаба уюшмаси ходимларга ер ажратиб берганда ходимларнинг ер участкасига ҳуқуқини белгиловчи ҳужжатларнинг расмийлаштирилганлигини (ҳоким қарори, ер участкасига ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва ҳ.к.) аниқлаш зарур.

Агар ер участкасига ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса, корхона томонидан тўланган солиқларни қайтариб олишингиз ёки ҳисобга олишингиз мумкин.

Бундан ташқари, корхонанинг локал ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, касаба уюшмаси ваколатига ходимларга ер ажратиб бериш кириш-кирмаслигига аниқлик киритиш керак. Бунда ходимга ер ажратиб бериш ҳақидаги касаба уюшмаси қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ва унинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш учун судга мурожаат қилишингиз мумкин.

Агар бундай ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилмаган бўлса, ноқонуний эгаллаб/фойдаланиб келинаётган ер участкасини ўзаро музокара асосида ёки суд тартибида қайтариб олишингиз мумкин.

2. Корхона ерларига ўзбошимчалик билан уй-жой қуриб олинган бўлса, ФК 11-моддасига асосан корхона ҳуқуқларини ўзбошимчалик билан уй-жой қуриб олган фуқаролардан уларни ўз ҳисобларидан буздириб, ҳуқуқ бузилишидан олдинги ҳолатни тиклашни талаб қилиш йўли билан ҳимоя қилишингиз мумкин. Ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларни ўзаро келишувга асосан бузиб ташланишига эришилмаганда судга мурожаат қилишингиз мумкин. Бунда мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ва корхона томонидан шу пайтгача ер солиғи тўлаб келинаётганлиги далил сифатида кўрсатилади.

Показать ответ

Асосий воситалар қийматини балансдан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомнинг (АВ томонидан 29.08.2004 й. 1401-сон билан рўйхатга олинган МВ буйруғи билан тасдиқланган) 2-бандига асосан ушбу вазиятда иморатни балансдан чиқариш учун сотиш ёки бепул бериш мумкин.

Бунда қонун ҳужжатларида, корхонанинг таъсис ҳужжатларида ёки локал ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда иморатни сотишга ёки бепул беришга мулкдорнинг/таъсисчиларнинг розилиги талаб қилиниши мумкин.

Кўчмас мол-мулк билан боғлиқ битимлар давлат рўйхатидан ўтказилиши керак (ФК 111-м.). Кўчмас мулкни ҳадя қилиш шартномаси нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим (ФК 504-м.).

Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (АВ томонидан 04.01.2019 й. 3113-сон билан рўйхатга олинган адлия вазирининг буйруғига 1-илова) 38, 40-бандларига мувофиқ кўчмас мулк бошқа шахсга ўтказилаётганда битимларни нотариал тасдиқлаш учун қуйидаги ҳужжатлар бўлиши керак:

- мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат;

- коммунал хизматлар бўйича қарз мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномалар;

- кадастр маълумотномаси;

- солиқлар бўйича қарз мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома.

Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМ 29.12.2018 й. 1060-сон қарорига 1-илова) 11-бандига кўра, кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган кундан бошлаб 1 ой муддатда Низомда кўрсатилган ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда тегишли ариза билан кўчмас мулк жойлашган жойдаги Давлат хизматлари марказига ёки Интерактив давлат хизматлари ягона портали воситасида кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органга мурожаат қилиниши шарт.

Мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг иморат балансдан чиқарилиши мумкин.

Показать ответ

1. Жамият ўз устав фондини қуйидаги 2 вариантда камайтиришга ҳақли (06.12.2001 й. 310-II-сонли “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонун 19-м.):

- барча иштирокчиларнинг устав фондидаги улушларининг номинал қийматини камайтириш орқали;

- жамиятга тегишли улушларнинг ҳақини тўлаш орқали.

Жамият иштирокчиси ўз улушининг бир қисмини жамиятнинг бир ёхуд бир неча иштирокчисига сотишга ёки бошқача тарзда уларнинг фойдасига воз кечишга ҳақли. Агар жамиятнинг уставида тақиқланган бўлмаса, улушининг бир қисмини учинчи шахсларга сотиши ёки бошқача тарзда уларнинг фойдасига воз кечиши мумкин (Қонуннинг 20-м. 2-3-қ.).

Агар жамиятнинг бошқа иштирокчилари жамиятнинг иштирокчиси томонидан сотилаётган улушни сотиб олишда ўзининг имтиёзли ҳуқуқидан фойдаланмаган бўлса, жамият мазкур улушнинг бир қисмини сотиб олишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўлади (Қонуннинг 5-қ.).

Ҳар иккала вазиятда ҳам жамият ўз устав фондини камайтириш тўғрисида қарор қилиши, шу санадан эътиборан 30 кун ичида жамиятнинг устав фонди камайтирилгани ва унинг янги миқдори ҳақида жамиятнинг ўзига маълум бўлган барча кредиторларини ёзма равишда хабардор қилиши, шунингдек қабул қилинган қарор тўғрисида оммавий ахборот воситаларида хабар эълон қилиши шарт.

Бунда жамият ўзининг иштирокчисига бу улушнинг (улуш бир қисмининг) жамиятнинг иштирокчиси шундай талаб билан мурожаат этган кундан олдинги охирги ҳисобот даври учун жамиятнинг бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланадиган ҳақиқий қийматини тўлаши ёки жамият иштирокчисининг розилиги билан унга худди шундай қийматдаги мол-мулкни асли ҳолида бериши шарт (Қонуннинг 22-м.). Жамият иштирокчилари томонидан аниқланадиган мол-мулкнинг пул қиймати мол-мулк (бино)нинг баланс қиймати билан мос бўлмаслиги мумкин.

2. https://vopros.norma.uz/question/13949 саволда келтирилган вазиятда устав фондининг миқдори – 190 млн. сўм, муассисларнинг улуши қуйидагича тақсимланган:

1-муассис – 12% ёки 22,8 млн. сўм;

2-муассис – 18% ёки 34,2 млн. сўм;

3-муассис –10% ёки 19 млн. сўм;

4-муассис –21% ёки 39,9 млн. сўм;

5-муассис – 39% ёки 74,1 млн. сўм.

01.01.2019 йил ҳолатига соф активлар қиймати – 225 млн. сўм.

Бинонинг баланс қиймати – 97 млн. сўм.

А) Масалан, 5-муассис улушининг 30%ини сотмоқчи. Улушнинг бир қисмини сотишни бошқа муассислар ва жамиятга таклиф қилди. Муассислар сотиб олишни рад этишди. Жамият улушни сотиб олмоқчи. Бунда 5-муассисга улушининг ҳақиқий қиймати қуйидаги миқдорда тўлаб берилади:

(190 млн. сўм*30%) + ((225 млн. сўм-190 млн. сўм)*30%) = 67,5 млн. сўм. Ушбу суммани бино билан, уни 67,5 млн. сўмга баҳолаб, яъни баланс қийматидан паст нархда бериш мумкин.

Шундан сўнг, улушлар тақсимоти қуйидаги кўринишга эга бўлади:

1-муассис – 12% ёки 22,8 млн. сўм;

2-муассис – 18% ёки 34,2 млн. сўм;

3-муассис – 10% ёки 19 млн. сўм;

4-муассис – 21% ёки 39,9 млн. сўм;

5-муассис – 9% ёки 17,1 млн. сўм;

Жамиятга қарашли улуш – 30% ёки 57 млн. сўм.

Ушбу ўзгаришлар таъсис ҳужжатларига киритилиб, улар қайта рўйхатдан ўтказилади.

Б) Жамиятга қарашли улуш у жамиятга ўтган кундан эътиборан 1 йил ичида барча иштирокчилар ўртасида уларнинг устав фондидаги улушларига мутаносиб равишда тақсимланиши ёки барча (айрим) иштирокчиларга ёки учинчи шахсларга сотилиши ва тўлиқ тўланиши керак. Улушнинг тақсимланмаган ёки сотилмаган қисмига жамиятнинг устав фонди камайтирилади.

1) Масалан, жамиятга қарашли 30% (57 млн. сўм)лик улушни барча иштирокчилар ўртасида тақсимлашга қарор қилинди. Бунда уларнинг улушлари қуйидагича тақсимланади:

1-муассис – 17,1% ёки 9,747 млн. сўм;

2-муассис – 25,7% ёки 14,649 млн. сўм;

3-муассис – 14,3% ёки 8,151 млн. сўм;

4-муассис – 30% ёки 17,1 млн. сўм;

5-муассис – 12,9% ёки 7,353 млн. сўм.

Буни ҳисоблаш учун 190 млн. сўм (устав фонди) – 57 млн. сўм (жамиятга тегишли улуш) = 133 млн. сўм (5 муассисга тегишли улуш) 100% деб олинади. Масалан, 1-муассиснинг улуши қуйидагига тенг: (22,8 млн. сўм * 100%)/133 млн. сўм = 17,1%. 57 млн. сўм * 17,1% = 9,747 млн. сўм ва ҳ.к.

Тақсимлашдан сўнг 190 млн. сўмлик устав фондида улушлар нисбати қуйидагича бўлади:

1-муассис – 17,13% ёки 32,547 млн. сўм;

2-муассис – 25,71% ёки 48,849 млн. сўм;

3-муассис – 14,29% ёки 27,151 млн. сўм;

4-муассис – 30% ёки 57 млн. сўм;

5-муассис – 12,87% ёки 24,453 млн. сўм;

Масалан, 1-муассиснинг улуши қуйидагига тенг: 22,8 млн. сўм + 9,747 млн. сўм = 32,547 млн. сўм. (32,547 млн. сўм * 100%)/190 млн. сўм = 17,13% ва ҳ.к.

Ушбу ўзгаришлар таъсис ҳужжатларига киритилиб, улар қайта рўйхатдан ўтказилади.

2) Масалан, улушнинг тақсимланмаган қисмига жамиятнинг устав фондини камайтиришга қарор қилинди.

190 млн. сўм (устав фонди) – 57 млн. сўм (жамиятга тегишли улуш) = 133 млн. сўм (устав фондининг янги миқдори). Бунда улушлар қуйидагича тақсимланади:

1-муассис – 17,1% ёки 22,8 млн. сўм;

2-муассис – 25,7% ёки 34,2 млн. сўм;

3-муассис – 14,3% ёки 19 млн. сўм;

4-муассис – 30% ёки 39,9 млн. сўм;

5-муассис – 12,9% ёки 17,1 млн. сўм;

Масалан, 1-муассиснинг улуши қуйидагига тенг: (22,8 млн. сўм * 100%)/133 млн. сўм = 17,1% ва ҳ.к.

Ушбу ўзгаришлар таъсис ҳужжатларига киритилиб, улар қайта рўйхатдан ўтказилади.

Показать ответ

Дебиторлик қарзини ихтиёрий ундириб бўлмаганда қуйидаги 3 босқичда мажбурий ундириш мумкин.

1-босқич. Талабнома юбориш

Корхона қарзини тўламаслик оқибатида унинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузган қарздор корхонага нисбатан ёзма шаклда талабнома билдиришга ҳақли (29.08.1998 й. 670-I-сонли Қонун 17-м.)

«Norma» компанияси экспертлари томонидан ишлаб чиқилган хўжалик шартномалари бўйича талабномалар намуналари билан “Корхона юристи” дастурида танишиш мумкин. 

Қарздор корхона талабномани олган кундан бошлаб 1 ой муддат ичида унга жавоб қайтариши шарт.

2-босқич. Судга мурожаат қилиш

1-усул: Агар қарздор корхона талабномага жавобда ўз қарзини тан олса, суд буйруғи бериш тўғрисида ариза билан судга мурожаат қилиш мумкин.

2-усул: Агар қарздор корхона талабномага рад (қисман рад) жавобини берса ёки талабномага белгиланган муддатда жавоб бермаган тақдирда, судга даъво аризаси билан мурожаат қилинади.

Мазкур аризаларни тақдим этиш тартиби Иқтисодий процессуал кодексга кўра белгиланади.

3-босқич. Мажбурий ижро бюросига мурожаат қилиш

Агар судда даъвогар корхона ютиб чиқса, суд томонидан берилган ижро ҳужжати билан қарздор корхона жойлашган жойдаги МИБга мурожаат қилинади. Бу босқичда ундирувчи Корхона учун охирги натижани кутишдан бошқа чора қолмайди.

Показать ответ

Биржа битимларини тузиш ҳуқуқига дилерлар, маркет-мейкерлар ва брокерлар сифатидаги биржа аъзолари эгадирлар (12.09.2014 й. ЎРҚ-375-сонли Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисидаги Қонун 13-м.). Улар биржа савдоларида ўзларининг номидан биржа битимлари тузишга ваколатли бўлган ўз ходимлари (трейдерлар) орқали иштирок этади.

Ушбу биржа аъзолари мижозга унинг манфаатларини кўзлаб тузиладиган биржа битимлари билан боғлиқ тўлиқ ахборотни ўз вақтида тақдим этиши керак (Қонуннинг 14-м.). Демак, давлат муассасаси ва ғолиб юридик шахс ўртасидаги биржа битими савдо натижаларига кўра юқоридаги биржа битимларини тузиш ҳуқуқини олган юридик шахс дилерлар/маркет-мейкерлар/брокерлар томонидан тузилиб, бунда сизга ахборот (битим эмас) тақдим этилиши керак.

Биржа битимини рўйхатдан ўтказиш ва расмийлаштириш биржа савдолари натижалари бўйича ёзма ёки электрон шаклда амалга оширилади. Биржа битимлари нотариал тартибда тасдиқланмайди (Қонуннинг 18-м.).

Показать ответ

Тўлаб бериши керак, чунки ушбу сумма бажарилган ишлар ҳақидан ушлаб қолинган.

Мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак (ФК 236-м.).

Мажбуриятни бажаришдан бир томонлама бош тортишга йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида ёки шартномада назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно (ФК 237-м.).

Агар мажбуриятни бажариш муддати кўрсатилмаган ёки талаб қилиб олиш пайти билан белгилаб қўйилган бўлса, кредитор ҳар қачон ижрони талаб қилишга, қарздор эса - ижрони ҳар қачон амалга оширишга ҳақли бўлади. Мажбуриятни дарҳол бажариш вазифаси қонун, шартнома ёки мажбуриятнинг моҳиятидан англашилмаса, қарздор бундай мажбуриятни кредитор талаб қилган кундан бошлаб етти кунлик муддат ичида бажариши шарт (ФК 242-м.).

Агар буюртмачи ушбу суммани тўлашдан бош тортаётган ёки кечиктираётган бўлса, “А” ташкилот талабнома билдиришга ҳақли (29.08.1998 й. 670-I-сонли Қонун 17-м.). Буюртмачи талабномани олган кундан бошлаб 1 ой муддат ичида унга жавоб қайтариши шарт. Жавоб салбий бўлган тақдирда низо суд тартибида ҳал этилади.

Показать ответ

Ушбу ҳолатда юборилган хатларни ҳақиқий эмас деб қайтариб юбориш ёки кўрмасдан қолдириш мақбул эмас.

Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари, идоралари, корпорациялари, концернлари, уюшмалари, компаниялари ва бошқа марказий муассасалари аппаратларида иш юритиш ва ижро назоратини ташкил этиш бўйича намунавий йўриқноманинг (ВМ 29.03.1999 й. 140-сонли қарорига 2-илова) 6-бандига биноан, ҳужжатлар тегишли бланкаларга ёзилади. Намунавий йўриқномада бланкаларга қўйиладиган аниқ талаблар белгиланмаган. Ҳар бир ташкилот бланкани ўз хоҳишига кўра тайёрлайди.

Ҳужжат ташкилот раҳбар ходимлари томонидан ёки амалдаги қонун ҳужжатлари ёки бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар (низом ёки ташкилот устави)да белгиланган уларнинг ваколатларига мувофиқ бошқа мансабдор шахслар томонидан имзоланади. Ҳужжатларни "унинг ўрнига" деган олд кўмакчи, шунингдек лавозими номи олдига қия чизиқ билан имзолашга йўл қўйилмайди (Намунавий йўриқнома 17-б.).

Қуйидаги ҳолларда муҳр билан тасдиқланади:

-  пул маблағлари ва моддий бойликларнинг сарфланиши фактларини қайд қилувчи мансабдор шахсларнинг ҳуқуқларини тасдиқловчи, шунингдек ҳуқуқий ҳужжатлар (низом ёки ташкилот устави)да назарда тутилган ҳужжатларда жавобгар шахснинг имзоси;

- ташкилотнинг ўзида тайёрланган ҳужжатлардан олинган нусхаларни бошқа ташкилотларга жўнатишда ёки уни қўлга беришда тасдиқловчи имзо (Намунавий йўриқнома 21, 22-бб.).

Бундан келиб чиқадики, бошқа ҳолларда ҳужжатнинг муҳр билан тасдиқланмаслиги тўғридир.

Намунавий йўриқномада жўнатиладиган ҳужжатларга штамп қўйилиши назарда тутилмаган.

Демак, жўнатиладиган ҳужжатларнинг рангсиз оддий қоғозда чиқарилган бланкаларда муҳр ёки штамп қўймасдан расмийлаштирилиши уларни қайтариб юбориш ёки кўрмасдан қолдириш учун асос бўлмайди.

Ҳужжатлар Намунавий йўриқномада кўрсатилган талаблар бузилган ҳолда жўнатилганда жўнатувчидан бузилишларни бартараф этишни сўрашингиз мумкин.

Показать ответ

Йўқ, баҳолаш натижаси ижобий бўлмаганлиги сабабли сертификатлаштириш учун тўланган тўлов қайтарилмайди ва қайта сертификатлаштиришда ҳисобга олинмайди.

Чунки ВМ 05.06.2017 й. 355-сон қарори билан тасдиқланган Туроператор ва меҳмонхона хизматларини сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга асосан Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази (Марказ) билан тузилган сертификатлаштириш тўғрисидаги шартнома бўйича баҳолаш ишлари амалга ошириб бўлинган.

Меҳмонхона хизматларини баҳолаш вақтида комиссия ушбу жойлаштириш воситасини таснифлаш тизимига биноан унинг тегишли тоифага мувофиқлигини аниқлайди (Низомнинг 22-б.). Баҳолаш давомида аниқланган номувофиқликлар Сиз томонингиздан бартараф этилмаган бўлса, Марказ сертификат беришни рад этиш тўғрисида қарор чиқариб бўлган (Низомнинг 27-б.).

Мазкур қарорни олган кунингиздан бошлаб яна 30 кун давомида кўрсатиб ўтилган номувофиқликларни бартараф этишингиз ва уларнинг бартараф этилганини тасдиқловчи зарур ҳужжатларни Марказга тақдим қилишингиз мумкин (Низомнинг 32-б.). Бунда тасниф беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар ўз вақтида бартараф этилганда, бепул равишда фақат номувофиқликлар бартараф этилганлигини тасдиқлаш учун сертификатлаштириш босқичи амалга оширилиб, жойлаштириш воситаси тегишли таснифни олиши мумкин (Низомнинг 33-б.).

Показать ответ

Саволдан А корхона Б корхонадан қандай асосга кўра қарзлиги маълум эмас. Бу вазиятда иккала шартнома бўйича Б корхона қарздор ҳисобланади – қарз шартномаси бўйича материал қайтариши керак, олди-сотди шартномаси бўйича эса материал ҳақини тўлаши керак.

Агар корхоналар ўртасида муқобил ўхшаш қарздорлик бўлса (масалан, икки шартнома бўйича бир-бирига пул тўлаши керак бўлса), ҳисобга ўтказиш йўли билан дебиторлик ва кредиторлик қарзини ёпиш мумкин. Ҳисобга ўтказиш учун бир тарафнинг аризаси етарли бўлади (ФК 343-м.).

Агар улар ўртасида муқобил ўхшаш қарздорлик бўлмаса (масалан, қарз шартномаси бўйича материал қайтарилиши, олди-сотди шартномаси бўйича пул тўланиши керак бўлса), тарафларнинг келишувига мувофиқ мажбурият уни бажариш ўрнига воз кечиш ҳақини бериш (пул тўлаш, мол-мулк бериш ва шу кабилар) билан бекор қилиниши мумкин. Воз кечиш ҳақининг миқдори, муддатлари ва уни бериш тартибини тарафлар ўзлари белгилайдилар (ФК 342-м.).

Показать ответ

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги низомнинг (13.04.2018. й. ПҚ-3666-сон Президент қарорига 1-илова) 9-бандига кўра Адлия вазирлиги:

- идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шунингдек норматив-ҳуқуқий кўрсатмалар мавжуд бўлган шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини давлат рўйхатидан ўтказади;

- вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг ҳуқуқий ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлмаган ҳужжатлар тоифасига киритиш ҳақида қарорлар қабул қилади.

Демак, агар ушбу ҳужжатларда норматив-ҳуқуқий кўрсатмалар мавжуд бўлса, улар АВда давлат рўйхатидан ўтказилади. Акс ҳолда улар АВ билан келишган ҳолда техник ҳужжат деб топилади. Бунда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари норматив-ҳуқуқий ҳужжат деб тан олинмаса-да, қўлланилиши мажбурий бўлган норматив ҳужжат ҳисобланади.

Показать ответ

Ҳа, мазкур вазиятда раҳбарнинг буйруғи 22.01.2018 йилдаги ПҚ-3487-сонли Президент қарорининг 2-бандидаги императив қоидага зид ҳисобланади.

Биринчидан, идоравий танлов комиссияси стратегик аҳамиятга эга корхона томонидан тузилиши керак.

Иккинчидан, ушбу комиссия фақат корхонанинг раҳбари томонидан бошқарилиши керак.

Мазкур вазиятда филиал раҳбари тендер комиссиясининг аъзоси бўлиши ва фақат ушбу филиалнинг манфаатлари учун харид қилинадиган товар (иш, хизмат)ларни баҳолашда иштирок этиши мумкин. Танлов натижалари бўйича харид қилишга рухсат бериш комиссия раиси - корхона раҳбари томонидан амалга оширилиши керак.

Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018 г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. 78-150-11-72, Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+
Яндекс.Метрика