Ответов: 548
Ответы эксперта. Трудовой договор
Показать ответ

Ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги учун ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишнинг асосий шартларидан бири бўлиб, қўпол равишда бузишларнинг рўйхатини ички меҳнат тартиби қоидалари (ИМТҚ)га киритиш ва табиийки, ходимни ушбу қоидалар билан таништириш ҳисобланади. Кўрсатилган қоидалар Сизнинг корхонанингизда фақатгина 2019 йил 30 декабрда – йилнинг сўнгги иш кунида тасдиқланган. Йилнинг биринчи иш кунидан бошлаб ходим ишга келмаган ва катта эҳтимол билан кўрсатилган ҳужжат билан танишмаган.

ИМТҚ билан таништирмасдан ҳамда меҳнат шартномасини бекор қилиш хабари ходимга унинг вақтинчалик меҳнатга қобилиятсизлиги даврида  юборилганлиги сабабли, у билан тузилган меҳнат шартномасини мазкур давр мобайнида келтириб ўтилган асос бўйича (МКнинг 100-моддаси 4-қисми) бекор қилиш ҳуқуқига эга эмассиз (МКнинг 100-моддаси 3-қисми).

Кейинчалик, меҳнат интизомини бир марта қўпол равишда бузганлиги учун ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш зарурияти туғилганда, мазкур асос бўйича меҳнат шартномасини бекор қилиш бир вақтнинг ўзида интизомий жазо турларидан бири эканлигини ҳисобга олиш зарур. Бундай ҳолда иш берувчи интизомий жазоларни қўллаш тартиби ва муддатларига риоя этиши шарт (МКнинг 182-моддаси).

Агар жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, шартномани бундай розиликни олмай туриб бекор қилишга йўл қўйилмайди (МКнинг 101-моддаси).

Меҳнат шартномаси ходим айбли хатти-ҳаракатлар содир этганлиги муносабати билан бекор қилинган ҳолларда (МКнинг 100-моддаси 2-қисми 3 ва 4-бандлари), иш берувчи ходимни меҳнатга оид муносабатларнинг бекор қилиниши тўғрисида камида уч кун олдин ёзма равишда (имзо қўйдирган ҳолда) хабардор қилади ва зарур бўлган тақдирда, унга мутаносиб компенсация тўлайди.

Бир марта қўпол равишда бузганлиги муносабати билан меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилинаётганда ходимга:

- ҳақиқатда ишлаган кунлар учун иш ҳақи (мавжуд бўлган тақдирда);

- фойдаланилмаган таътил учун пуллик компенсация (мавжуд бўлган тақдирда);

- меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириш муддати ўрнига тўланадиган компенсация тўлаб берилади.

Меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинганда, ишдан бўшатиш нафақаси ва иккинчи ва учинчи ойлар учун ўртача иш ҳақи тўланмайди (МКнинг 67-,109-моддалари).

Муддатли меҳнат шартномасида уни муддатидан олдин бекор қилганлик учун неустойка тўлаш шартлари ва миқдори назарда тутилган бўлса, мазкур асос бўйича меҳнат шартномаси бекор қилинаётганда ходим иш берувчига неустойкани тўлаб бериши лозим (МКнинг 104-моддаси).

Иш берувчи ходимга меҳнатга қобилиятсизлик варақаларини берган даволаш муассасасидан уларнинг берилиши ва расмийлаштирилиши қонунийлигини сўраб олиши ёки меҳнатга қобилиятсизлик варақалари нусхаларини илова қилган ҳолда поликлиниканинг юқори турувчи ташкилотига мурожат этиши мумкин.

Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018 г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. 78-150-11-72, Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+
Яндекс.Метрика