Ответов: 548
Ответы эксперта. Юридический помощник
Показать ответ

Қуйидагилар кичик тадбиркорлик субъектлари ҳисобланади:

q якка тартибдаги тадбиркорлар;

q ишлаб чиқариш соҳасида банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони 20 кишидан ошмайдиган, хизмат кўрсатиш ва бошқа ноишлаб чиқариш тармоқларида - 10 кишидан ошмайдиган, улгуржи, чакана савдо ва умумий овқатланишда - 5 кишидан ошмайдиган микрофирмалар;

q ходимларининг ўртача йиллик сони соҳага қараб белгиланадиган кичик корхоналар (Классификатор, ВМнинг 24.08.2016 йилдаги 275-сон қарорига 1-илова).

Микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан белгиланган ўртача йиллик ходимлар сони оширилган тақдирда, улар ходимлар сони оширилишига йўл қўйилган даврда қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар, преференциялар, кафолатлар ва ҳуқуқлардан маҳрум бўладилар.

Масалан, кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан асосий фондлар 3 йилда 1 марта қайта баҳоланади, бошқа субъектлар йил якунига бўйича молиявий ҳисоботни (фақат 1 ва 2-сон шакллар) ҳар йили, қолганлар эса ҳар чоракда (молиявий ҳисоботнинг барча шакллари) тақдим этадилар.

Юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритиш мезонлари Низомда (АВ томонидан 12.07.2019 йилда 3172-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган ва солиқ маъмуриятчилигини амалга ошириш мақсадларида қўлланилади. Йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган солиқ тўловчилар алоҳида бўлинмаларни ҳисобга олиб марказлашган ҳолда солиқ ҳисоботини тақдим этади ва солиқларни (йиғимларни) тўлайди (СК 20-м. 3-қ.). Йирик солиқ тўловчилар, жойлашган еридан қатъи назар, солиқ ҳисоботини Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясига тақдим этади (СК 82-м. 4-қ.).

Қуйидагилар йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилади (Низомнинг 4-банди):

а) акциз солиғига тортиладиган товарларни ишлаб чиқарувчи ва акциз тўланадиган хизмат кўрсатувчи корхоналар;

б) тижорат банклари, товар-хом ашё, фонд ва валюта биржалари;

в) "Навоий КМК" ДК, "Алмалиқ КМК" АЖ ҳамда уларнинг таркибига кирувчи ташкилотлар;

г) маҳсулот тақсимотига оид битим бўйича ишларни бажаришда иштирок этаётган ташкилотлар;

д) маҳсулот (товар, иш ва хизмат)ларни сотишдан олинган соф тушуми ўтган календарь йил якуни бўйича 100 млрд сўмдан юқори бўлган ёки кетма-кет келадиган 12 ойлик давр якуни бўйича ушбу миқдордан ошган юридик шахслар;

е) углеводород хом ашёси ва минерал ресурсларни қазиб олувчи, қайта ишловчи, етказиб берувчи ва сотувчи ҳам электр энергиясини ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи юридик шахслар, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари бундан мустасно;

ж) Ўзбекистон Республикасининг ҳаво бўшлиғидан йўловчиларни ташиш мақсадларида фойдаланувчи, халқаро ҳаво алоқаларини амалга оширувчи ва уларнинг таркибига кирувчи юридик шахслар.

"2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ Фойда солиғи тўлиқлигича Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига йўналтириладиган йирик солиқ тўловчилар рўйхати тасдиқланган (30.12.2019 йилдаги ПҚ-4555-сон қарорга 5-илова).

 

Показать ответ

Ижара тўловларини ижарага олинаёган бинонинг эгаси билан қўшимча келишув тузиш орқали тўхтатиб туриш мумкин.

Саволда келтирилган ижара тўловларини тўхтатиб туриш мумкинлиги масаласи фақатгина ижарага олинган давлат мулкларига нисбатан таалуқлидир (Президентнинг 03.04.2020 йилдаги ПФ-5978-сон Фармони 15-банди). Сиз бинони жисмоний шахсдан ижарага олганлигингиз сабабли, мазкур имтиёзга ҳавола қилишингиз мумкин эмас.

Кўриб чиқилаётган ҳолатда, сиз ижарага берувчининг розилигини олиб ва ижара шартномасига қўшимча келишув тузган ҳолда ижара тўловларини  тўхтатиб туришингиз мумкин.

Мазкур масала юзасидан батафсил «Карантин пайтида ижарани қандай қилиб тўхтатиб туриш мумкин» мақоласида танишиб чиқишингиз мумкин.

Показать ответ

Ҳа, раҳбар томонидан корхона фаолияти тўхтатиб турилиши тўғрисидаги буйруқ чиқарилганда, иш бошланган санани кўрсатган ҳолда унинг фаолияти тикланганлиги тўғрисидаги буйруқни ҳам чиқариш лозим.

 Мазкур масала юзасидан батафсил «Карантиндан кейин ишлаб чиқаришни қандай тиклаш мумкин: 7 та муҳим қадам» мақоласида танишиб чиқишингиз мумкин. 

Показать ответ

Товарларни (ишлар, хизматларни) харид қилишнинг алоҳида тартиби белгиланадиган, хўжалик жамиятлари ва стратегик аҳамиятга эга корхоналарнинг тасдиқланган рўйхати мавжуд (22.01.2018 йилдаги ПҚ-3487-сон қарорга илова).

Стратегик аҳамиятга эга мазкур корхоналар суммасидан қатъи назар, хўжалик жамиятлари ва стратегик аҳамиятга эга корхоналар томонидан тузиладиган ва уларнинг раҳбарлари бошқарадиган идоравий танлов комиссиялари баҳолайдиган энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли орқали товарлар, ишлар ва хизматларни харид қилиш шартномаларини, шу жумладан, импорт шартномаларини тузиш ҳуқуқига эга (22.01.2018 йилдаги ПҚ-3487-сон қарор 2-банди).

Показать ответ

Савол моҳиятидан гап корхонани ихтиёрий тугатиш ҳақида кетмоқда. Мазкур ҳолатда Президентнинг 07.06.2019 йилдаги ПФ-5739-сон Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 21.08.2019 йилдаги 704-сон қарорларига риоя қилиш лозим. Бироқ мазкур ҳужжатларда, шунингдек умуман қонунчиликда ҳам, тугатиш комиссиясига ҳақ тўлашнинг алоҳида тартиби кўзда тутилмаган.

Ушбу ҳолатда тугатиш комиссиясига тўланадиган ҳақ миқдори корхонани тугатиш ва/ёки тугатиш комиссиясини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилиш пайтида иштирокчиларнинг (акциядорларнинг) умумий йиғилиши ёки корхона мулкдорининг қарори билан белгиланиши мумкин.

Бунда шуни ёдда тутиш лозимки, корхонани тугатиш ҳамда тугатиш комиссияси (тугатувчи)ни тайинлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб, корхонани бошқариш бўйича ваколатлар тугатиш комиссияси (тугатувчи)га ўтади. Яъни унга корхона раҳбарининг барча масъулияти ва функциялари юклатилади.   

Показать ответ

Ушбу ходимлар сонини Кичик тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган ташкилотларнинг таснифлагичида белгиланган энг юқори сон кўрсаткичлари билан солиштириш зарур. Агар у Таснифлагичда белгиланган кўрсаткичлардан паст ёки тенг бўлса, корхона кичик бизнес субъекти ҳисобланади, агар юқори бўлса - ҳисобланмайди.

Яна бир бор эътиборингизни жалб қиламан - бунда тушумнинг миқдори ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Яъни корхона автомобиллар ва енгил автотранспорт воситалари улгуржи савдоси билан шуғулланса ва ходимларнинг ўртача йиллик сони унда 6 дан 25 нафаргача бўлса, у кичик ҳисобланади. Бунда унинг айланмаси ўнлаб ёки юзлаб миллиард сўмни ташкил қилиши мумкин.

Показать ответ

Қуйидагилар МЧЖ кузатув кенгаши аъзолари бўлиши мумкин эмас ("Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонуннинг 38-моддаси 4-қисми):

q жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органининг ҳамда коллегиал ижро этувчи органининг, унинг шуъба ва тобе хўжалик жамиятлари бошқарув органларининг аъзолари;

q жамият томонидан ташкил этилган унитар корхонанинг раҳбари;

q айни шу шуъба ва тобе хўжалик жамиятларида ва унитар корхонада меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишлаётган шахслар.

Яъни МЧЖ муассисининг бир вақтнинг ўзида кузатув кенгаши раиси бўлиши тақиқланмайди.

Кузатув кенгашининг айби билан йирик битим тузилиши натижасида етказилган зарар учун жамиятнинг кузатув кенгаши аъзолари умумий йиғилиш олдида жавобгар бўладилар (Қонуннинг 44-моддаси 4-қисми). Етказилган зарар тўлиқ ҳажмда, шу жумладан бой берилган фойда қоплаб берилади (ФК 985-м. 1-қ.). Жамиятга зарар етказилишига олиб келган қарорга қарши овоз берган ёки овоз беришда иштирок этмаган жамият кузатув кенгашининг аъзолари жавобгар бўлмайдилар (Қонуннинг 42-моддаси 2-қисми). Жамият ёки унинг иштирокчиси жамият кузатув кенгашининг аъзоси томонидан МЧЖга етказилган зарар ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат этишга ҳақлидир (ФК 125-м.; Қонуннинг 42-моддаси 5-қисми).

Шу тариқа, МЧЖ иштирокчиси бир вақтнинг ўзида жамият кузатув кенгашининг раиси бўлиши мумкин. Жамият иштирокчилари жамият кузатув кенгашининг айбли ҳаракатлари оқибатида етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақлидирлар. Жиноят кодексида назарда тутилган жиноятларнинг содир этилиши жиноий иш қўзғатилиши учун асос ҳисобланади.

Показать ответ

Ҳа, мазкур имтиёзни амалиётда қўллаш мумкин.

Солиқ кодексида МҲТЭКМнинг 4,22 баравари миқдорида солиқ солинмайдиган моддий ёрдам ҳисоблаш назарда тутилган бўлсада (СКнинг 378-моддаси), 2020 йилда МҲТЭКМнинг 4.22 бараваридаги мазкур миқдорни коронавирус пандемияси сабабли 7.5 баравар миқдоригача оширишни назарда тутувчи алоҳида тартиб ўрнатилди (Президентнинг 27.04.2020 йилдаги ПФ-5986-сон Фармонининг 2-банди). Ҳақиқатдан ҳам, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар иерархиясида Солиқ кодекси Президент фармонидан юқорироқ туради (“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддаси). Бироқ амалиётда мазкур имтиёз қўлланилмоқда ва ҳисобга олинмоқда.

Худди шундай, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб ҚҚС ставкаси 20%дан 15%га туширилганликни мисол қилиб келтириш мумкин (Президентнинг 26.06.2019 йилдаги ПФ-5837-сон Фармони). Бунда Солиқ кодекси 2019 йилнинг 14 ноябрига қадар ҚҚС ставкасини 20%  миқдорида белгилаб турган. Шунга қарамасдан, республика бўйича Президент Фармони билан белгиланган ставка қўлланиб келинган.

Показать ответ

Йўл варақаларини беришда Ташувчиларнинг юк автомобиллари учун йўл варақалари, товар-транспорт юкхатларини тайёрлаш, ҳисобга олиш, тўлдириш ва қайта ишлаш бўйича йўриқномага (АВда 02.07.2004 йилда 1382-сон билан рўйхатга олинган) риоя қилиш зарур. Транспорт воситалари ижараси ФКнинг 34-боби 3-параграфи билан тартибга солинади. Транспорт воситасини ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланиши лозим (ФКнинг 565-моддаси).

Ижара тўловлари юзасидан автомобиль ижараси учун тўлов ижара шартномаси шартлари бўйича амалга оширилади. Тўловнинг мақбул усулларидан бири бўлиб ижарага берувчининг пластик картасига ўтказиладиган тўлов ҳисобланади. Юридик шахс томонидан тўланадиган ижара тўловлари жисмоний шахснинг мулкий даромадлари бўлиб ҳисобланади ва уларга тўлов манбаида ЖШДС солинади (СКнинг 375-моддаси 3-банди).

Ўз товарини ташиш учун лицензия олишнинг зарурияти йўқ. Тижорат асосида амалга ошириладиган йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолияти лицензияланади (ВМнинг 30.07.2019 йилдаги 636-сон қарорига 1-илованинг 3-банди, кейинги ўринларда - Низом). Тижорат асосида деганда юкларни ташиш хизматини кўрсатиш натижасида, яъни тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш йўли билан даромад олиш тушунилади.

Ташишларни амалга оширишга, электрон тижорат орқали реализация қилинган товарларни сотувчига ва етказиб берувчига шахсий мулк, ижара ва бошқа фойдаланиш ҳуқуқига асосан тегишли бўлган автомобиль транспортида Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб етказиб беришга;

аэропортдан, темир йўл вокзаллари ва автостанциялардан меҳмонхонага ва ундан қайтишга;

ўз эҳтиёжлари учун юкларни технологик ташиш учун;

туризм объектларига ўзининг ижарачиларига транспорт хизматини кўрсатиш учун ҳамда «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-моддасида назарда тутилган ташкилотларга лицензия олиш талаб этилмайди, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно (Низомнинг 4-банди).

Показать ответ

Кўриб чиқилаётган ҳолатда мактабгача таълим соҳасидаги масофавий хизматлар - бу янги фаолият тури эмас, балки айнан ўша фаолият шаклидир.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам тадбиркорлик субъектлари қонун ҳужжатларида тақиқланмаган исталган фаолиятни амалга оширишга ҳақлидир.

Таъсис ҳужжатларида фақат асосий фаолият турларини санаб ўтиш мумкин. Юридик шахслар таъсис ҳужжатларида кўрсатилмаган фаолият турлари билан ҳам шуғулланишлари мумкин ("Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонуннинг 19-моддаси).

Показать ответ

Бугунги кунга қадар транспорт воситаларига утилизация йиғими миқдорини ва ундириш тартибини белгилайдиган норматив ҳужжжат қабул қилинмаган.

Утилизация йиғими:

Давлат божхона қўмитаси томонидан — ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимига жойлаштирилганда;

Давлат солиқ қўмитаси томонидан — Ўзбекистон ҳудудида реализация қилинадиган ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари ишлаб чиқарилганда (йиғилганда, тайёрланганда) ундирилади («Чиқиндилар тўғрисида»ги Қонуннинг 231-моддаси).

Мазкур йиғим миқдорини ва ундириш тартибини белгилайдиган норматив ҳужжатлар ҳозирги кунга қадар қабул қилинмаганлиги сабабли, ДСҚ ва ДБҚларига мурожаат қилишингизни тавсия этамиз.

Показать ответ

018 йил 1 июндан бошлаб тадбиркорлик фаолияти соҳасида бир қатор лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат бериш тартиб-таомиллари бекор қилинган (Рўйхат, 11.04.2018 йилдаги ПФ-5409-сон Фармонга 1-илова). Ушбу рўйхатга, бошқалар қаторида, муҳр ва штампларни тайёрлашга рухсатнома, шунингдек муҳр ва штампларни (Ўзбекистон Давлат герби тасвири туширилган муҳрлар бундан мустасно) бекор қилиш тўғрисидаги квитанция ҳам киритилди. Муҳр ва штампларни тайёрлаш, сақлаш ва фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом ҳам ўз кучини йўқотган (АВ томонидан 27.10.2001 йилда 1077-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

Бундан ташқари, барча ҳужжатлар шакллари ва бланкаларида муҳр қўйилишига оид талаб чиқариб ташланди (5.02.2019 йилдаги ПҚ-4160-сон Қарорнинг 3-банди).

Буни эътиборга олиб, кўпгина НҲҲга тегишли қўшимчалар киритилган. Бугунги кунда муҳрлардан фойдаланишни тартибга солувчи ягона НҲҲ мавжуд эмас. Хўжалик юритувчи субъектнинг муҳр қачон ва қандай ҳужжатларга қўйилиши лозимлиги ҳар бир НҲҲда алоҳида кўрсатилган. Улар давлат ташкилоти бўлмаган тадбиркорлик субъектига тааллуқли бўлганда, "муҳр мавжуд бўлганда" деган жумла келтирилади.

Ёрдамчи штамплар ва муҳрлардан фойдаланилиши юридик шахснинг локал ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Шу тариқа, давлат томонидан тадбиркорлик субъектларига муҳрдан фойдаланиш борасида мустақил танлаш ҳуқуқи берилди

Показать ответ

Автомобилларга ёқилғи қуйиш шахобчалари орқали нефть маҳсулотларини сотиш бўйича лицензия 2018 йилнинг 1 январидан бекор қилинган (Президентнинг 14.11.2017 йилдаги ПҚ-3386-сон қарори 7-банди).

Корхона юридик шахслар билан тузилган шартномаларга мувофиқ уларга бензинни бериши мумкин. Шартномалар бўйича бензинни бериш тартиби АВда 23.01.2010 йилда 2072-сон билан рўйхатга олинган қоидалар билан тартибга солинади.

Показать ответ

 Ўзбекистонда қуйидаги тоифадаги стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатлар қўлланилади ("Стандартлаштириш тўғрисида"ги Қонуннинг 6-моддаси):

- халқаро (давлатлараро, минтақавий) стандартлар;

- Ўзбекистон давлат стандартлари;

- ташкилотлар стандартлари.

Корхона ягона ҳисоб юритиш, ички ҳужжатларни тизимлаштириш мақсадида ички стандартларни ишлаб чиқади. Улар корхона раҳбарияти томонидан тасдиқланади ва локал ҳужжат ҳисобланади.

Бундан келиб чиққан ҳолда корхона ўз стандартларини локал ҳужжат кўринишида белгилаши мумкин. Бунда корхонанинг локал ҳужжатлари амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга зид бўлмаслиги кераклигини ҳисобга олиш лозим.

Показать ответ

Ижарага бериш шартномаси бўйича бино ижарага олувчига эгалик қилиш ва фойдаланиш учун ёки фақат фойдаланиш учун топширилади (ФКнинг 573-моддаси). Бино бу функционал мақсадига қараб одамлар яшаши ёки бўлишига ва ҳар хил турдаги ишлаб чиқариш жараёнларини бажаришга мўлжалланган, ёпиқ ҳажмни ташкил этувчи таянч, тўсма ёки ҳар иккала мақсадга хизмат қилувчи конструкциялардан иборат қурилиш тизимидир (Шаҳарсозлик кодексининг 2-моддаси).

Ушбу таърифдан келиб чиқиб, том бинонинг конструктив қисми бўлиб ҳисобланади. Ижара шартномаси ижарага олувчига ижарага олинаётган бинодан, шу жумладан ажралмас қисм сифатида унинг томдан фойдаланиш ҳуқуқини беради.

Шундай қилиб, мутахассиснинг фикрига кўра, бир ижарага олувчига тақдим қилинган бинонинг томини Сиз бошқа шахсга ижарага бера олмайсиз. Бироқ, Сиз ижара шартномасига қўшимча келишув тузишингиз мумкин бўлиб, у ерда бино томни ҳисобга олмаган ҳолда ижарага берилаётганлигини, ижарага берувчи томни бошқа шахсга ижарага бериши мумкинлигини ва ушбу шахсга томдан фойдаланиш рухсат бериш бўйича ижарага олувчининг мажбуриятларини кўрсатиб ўтиш лозим. 

Показать ответ

Мақсадли пул маблағлардан бошқа мақсадларда фақатгина молиявий ёрдам берувчининг розилигини олгандан сўнг фойдаланиш мумкин (ФКнинг 511-моддаси). Акс ҳолда у ажратилган маблағларни бекор қилинишини талаб қилиши мумкин.

Қолган пул маблағларини дастлабки шартномада келишилмаган бошқа мақсадлар учун ишлатиш тўғрисида ёзма розилик олинг. Текширувчи органларни алоҳида хабардор этиш шарт эмас. Бироқ текшириш бўлганда сизда тасдиқловчи ҳужжатлар бўлиши лозим.

Турли банкларда турлича талаблар бўлиши мумкин. Зарурат туғилганда, ёзма розилик нусхасини банк ходимларига тақдим қилинг.

Показать ответ

Ҳа, лойиҳалаш ва консалтинг ташкилотларинининг жалб этилиши шарт.

Консервация қилиш тўғрисидаги буйруқ асосида буюртмачи ёки хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бир ой муддатда консервация қилинган қурилиши тугалланмаган объектлар ёки асосий воситалар, уларнинг конструкция элементлари, монтаж қилинмаган асбоб-ускуналари ва фойдаланилмаган материаллари сақланишини таъминлаш учун зарур бўлган ишлар ва харажатлар рўйхати тузилади (ВМнинг 16.09.2003 йилдаги 401-сон қарорига илованинг 11-банди).

Қурилиши тугалланмаган объектлар бўйича рўйхат лойиҳалаш ташкилоти иштирокида, асосий воситалар бўйича эса — лойиҳалаш ва консалтинг ташкилоти билан биргаликда тузилади.

Низом фақатгина давлат улуши мавжуд корхоналар томонидан лойиҳалаш ва консалтинг ташкилотларининг жалб қилиниши билан чекланмайди. Шу сабабли мазкур талаб барча юридик шахсларга тадбиқ этилади.

Показать ответ

Кўчма савдо дўконлари орқали товарларни реализация қилиш режалаштирилаётган туманларнинг ҳокимиятлари билан тузиладиган шартномалар асосида амалга оширишга йўл қўйилади. Шартномада савдони амалга оширишнинг аниқ муддатлари ва жойи кўрсатилади (ВМнинг 26.11.2002 йилдаги 407-сон қарорига илованинг 19-банди 4-қисми).

Тўлов терминалини олиш учун фермер хўжалиги унга хизмат кўрсатувчи тижорат банкига мурожаат қилиши лозим (АВда 27.07.2009 йилда 1986-сон билан рўйхатга олинган Низомнинг 3-банди). Ойлик тўлов тўлаш шарти билан тузилган шартнома асосида фермер хўжалигига тўлов терминали берилади. Солиқ органларини хабардор қилиш керак эмас, бу вазифани тўлов терминалини берган банк бажаради.

НКМларни уларнинг савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлардан харид қилиш мумкин. НКМни солиқ инспекциясида рўйхатдан ўтказиш лозим (ВМнинг 17.11.2011 йилдаги 306-сон қарорига иловага 1-илова, кейинги ўринларда - Низом). НКМнинг рўйхатдан ўтказиш карточкаси кўчма савдо объекти жойлашган жой бўйича амал қилиш муддатисиз берилади (Низомга 1-илованинг 1-банди). Шундай қилиб, НКМни рўйхатдан ўтказиш учун кўчма савдо қаерда амалга оширилиши режалаштирилаётган бўлса, ўша туманнинг солиқ инспекциясига мурожаат қилиш лозим.

Кўчма савдо объекти жойлашган жой туман (шаҳар) ичида ўзгарган тақдирда, солиқ инспекцияcига қуйидагиларни тақдим этиш керак (Низомнинг 20-банди) :

- кўчма савдо объекти жойлашган жойнинг олдинги ва янги манзили кўрсатилган аризани;

- НКМнинг рўйхатдан ўтказиш карточкасини;

- янги манзил бўйича кўчма савдо тўғрисида ҳокимият билан шартноманинг нусхасини;

- янги манзил бўйича хизмат кўрсатувчи банк билан нақд пул тушуми инкассацияси тўғрисидаги шартноманинг нусхасини.

Қолган ҳолатларда,  кўчма савдо шахобчаси жойи шаҳар ва туман ҳудудларидан ташқарига ўзгарса, НКМ жорий солиқ инспекциясидан рўйхатдан ўтказишдан чиқарилиши ҳамда янги манзил бўйича рўйхатдан ўтказилиши лозим (Низомнинг 26-банди).

Показать ответ

Ҳа, КМК ва ШНК талабларига риоя қилиш шарт.

Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари шаҳарсозлик фаолиятини амалга оширувчи давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, юридик ва жисмоний шахслар ижро этиши учун мажбурийдир (Шаҳарсозлик кодексининг 3-моддаси).

Қуйидагилар Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилмайди (ВМнинг 09.10.1997 йилдаги 469-сонли қарорга илованинг 2-1-банди)

-техник регламентлар;

-стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатлар;

-санитария, ветеринария-санитария, фитосанитария қоидалари ва нормалари;

-экологик нормалар ва қоидалар;

-техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги бошқа ҳужжатлар.

Бундан ташқари, шаҳарсозлик нормаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган (МЖТКнинг 99-моддаси).

Показать ответ

 "Ўзбекистон Республикаси" ва "Ўзбекистон" расмий номларидан, шунингдек улардан ҳосила сўзлардан қуйидагилар ўз номлари ва рамзларида фойдаланиш ҳуқуқига эга (ВМнинг 11.10.2014 йилдаги 286-сон қарори 1-б.):

қонунларга, Олий Мажлис палаталарининг қарорларига, Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ ташкил этиладиган ёки фаолиятини ташкил этиш амалга ошириладиган юридик шахслар, агар уларнинг номлари тегишли ҳужжатларда тўғридан-тўғри назарда тутилган бўлса. Юридик шахснинг фирма номида унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли кўрсатилиши керак ("Фирма номлари тўғрисида"ги қонун, 3-м. 3-қ.);

- Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра ташкил этиладиган ДУК ҳамда давлат органлари ва республика аҳамиятига молик ташкилотлар томонидан ташкил этиладиган давлат муассасалари.

- устав фондида давлат улуши 50%дан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари;

- юридик шахслар республика аҳамияга эга бўлган бирлашмалари;

- республика нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек номларида бош ташкилотнинг тўлиқ номи кўрсатиладиган уларнинг алоҳида бўлинмалари;

- давлат ва хўжалик бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг Адлия вазирлигига тақдим этилган мурожаатлари асосида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар.

Қуйидаги ҳолларда давлатнинг расмий номидан, шунингдек ундан ҳосила сўзларни қўшиш асосида ташкил этилган юридик шахсларнинг номидан фойдаланишга йўл қўйилмайди ва ушбу ном ўзгартирилиши лозим (Йўриқнома, 31-банд, АВ рўйхат рақами 2633, 10.12.2014 й.):

- давлат органлари ва республика аҳамиятига молик ташкилотлар томонидан ташкил этилган ДУК ва давлат муассасалари давлатнинг расмий номидан, шунингдек ундан ҳосила сўзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмаган бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклга ўзгартирилганда;

-хўжалик жамиятларининг устав капиталида давлат улуши 50%дан камайганда;

-юридик шахслар республика аҳамиятига эга бўлган бирлашмаси аъзолари жойлашган ҳудуд битта маъмурий-ҳудудий тузилмага тўғри келиб қолганда;

- хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар белгиланган талабларга жавоб бермай қолганда (30.11.1996 йилдаги ПФ-1652-сон; 11.06.2002 йилдаги ПФ-3090-сон).

Шу тариқа, сиз кўрсатилган талабларга мувофиқ келсангиз, корхонангиз ўз номидаги "Ўз" ҳосила сўзини қолдириши мумкин.

Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018 г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. 78-150-11-72, Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+
Яндекс.Метрика