Ответов: 548
Ответы эксперта. Налоги - 2020
Показать ответ

1. Йўқ, мумкин эмас. Имтиёз фақат 2020 йил 1 апрелга қадар амал қилиши боис, сиз уни фақат 2020 йилнинг I чорагида қўллашингиз мумкин. 2020 йилнинг 1 апрель ҳолатига қопланмаган маблағлар қолдиғига имтиёз қўлланмайди.

2. Агар инвестицияларга йўналтирилган маблағлар ҳам имтиёзни, ҳам инвестициявий чегирмани қўллаш талабларига жавоб берса, солиқ тўловчи иккита вариантдан бирини танлашга ҳақли.

Эслатиб ўтамиз, имтиёзларни қўллаш солиқ солинадиган фойдани инвестицияларнинг ҳисобланган амортизация чегирилган ҳолдаги суммасига, бироқ солиқ солинадиган фойданинг 30%идан кўп бўлмаган миқдорда камайтириш имконини беради. Инвестициявий чегирма қоидаси инвестиция қилинган маблағларнинг 5-10%ини бир йўла чегириш имконини беради (янги таҳрирдаги СК 308-м.).

 Мисол. Имтиёз ва инвестициявий чегирмани қўллаш натижаларини солиштириш

Вазият: 2020 йилнинг I чорагида корхона ишлаб чиқариш биносини реконструкция қилишга 310 000 минг сўм йўналтирди. 2020 йилнинг 1 январь ҳолатида инвестициялар бўйича қопланмаган маблағлар мавжуд эмас. Солиқ солинадиган фойда 240 000 минг сўмни ташкил этди. Ҳисобланган амортизация - 56 000 минг сўм.

I вариант: Корхона инвестициялар суммасига солиқ солинадиган фойдани камайтириш бўйича имтиёзни қўллайди.

Инвестициялар суммасининг ҳисобланган амортизациядан ошиши 254 000 минг сўмни (310 000 - 56 000) ташкил этади. Бироқ имтиёзни солиқ солинадиган фойданинг 30%идан ошмайдиган суммасига, яъни 72 000 минг сўмдан (240 000 х 30%) кўп бўлмаган суммага нисбатан қўллаш мумкин.

II вариант: корхона инвестициявий чегирмани қўллайди.

Инвестициявий чегирма 15 500 минг сўм (310 000 х 5%) миқдоридаги суммага нисбатан қўлланилиши мумкин.

Кўриб турганимиздек, мазкур мисолда корхонага солиқ солинадиган фойдани камайтириш бўйича имтиёзни қўллаш фойдалироқ.

 

Сизнинг вазиятингизда натижа бошқача бўлиши мумкин. Шу боис тўғри қарор қабул қилиш учун ўз маълумотларингизни таҳлил қилинг.

 

Сизда олдинги даврлар учун қопланмаган маблағлар қолдиғи мавжуд бўлмаса ёки ушбу қолдиқлар 2020 йилнинг I чорагида инвестицияга йўналтирилган маблағлар бўйича имтиёзни қўллаш имконини берадиган даражада унча катта бўлмаса, иккита вариантни таққослашдан маъно бор. қопланмаган маблағлар мавжуд бўлса, имтиёз дастлаб ўтган йиллар қолдиқларига, ундан кейин 2020 йилнинг I чораги харажатларига нисбатан қўлланилади. Бунда 2020 йилдаги инвестицияларга харажатларга нисбатан инвестициявий чегирмани қўллаш мумкин. Агар 2020 йилнинг I чорагида инвестицияларга йўналтирилган маблағлар бўйича имтиёзни қўллаш имконияти мавжуд бўлса, вариантларнинг қайси бири сиз учун фойдалироқ эканлиги юзасидан ўзингиз қарор қабул қилинг.

Показать ответ

Чарм, мўйна, қоракўл хом ашёсини қайта ишлайдиган ташкилотларга тақдим этилган айрим имтиёзлар ва преференциялар билан Президентнинг "Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида (3.05.2018 йилдаги ПҚ-3693-сон) танишиш мумкин.

Хусусан, фойда солиғи, ягона солиқ тўловини (айланмадан олинадиган солиқни) ҳисоблашда солиқ базаси "Ўзчармсаноат" уюшмасининг чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармасига киритилган ихтиёрий ажратмалар миқдорига камайтирилади (ПҚ-3693-сон қарорнинг 8-банди).

Шунингдек "Ўзчармсаноат" уюшмаси аъзолари - ташкилотларга 2023 йил 1 январга қадар муддатда фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ягона солиқ тўловидан (айланмадан олинадиган солиқдан) озод этиш кўринишидаги солиқ имтиёзлари берилади. Солиқ имтиёзлари фақат қуйидагиларга қўлланилади (ПҚ-3693-сон қарорнинг 910-бандлари):

-замонавий автоматлаштирилган мажмуалар билан жиҳозланган чорва молларини сўйиш бўйича ихтисослаштирилган ташкилотларга;

- чарм, мўйна, қоракўл хом ашёси ва жунни йиғиш ва тайёрлаш билан шуғулланувчи ташкилотларга, кейинчалик ушбу хом ашё қайта ишлаш (ишлатиш) учун фақат "Ўзчармсаноат" уюшмаси аъзолари - ташкилотларга сотилганида ҳамда ялпи тушумнинг умумий ҳажмида ушбу турдаги фаолиятдан тушган тушумнинг улуши ҳисобот даври натижалари бўйича камида 80 фоизни ташкил қилганда;

- чарм, мўйна, қоракўл хом ашёси ва жунни қайта ишлаш, шунингдек бутловчи буюмлар, фурнитура, сунъий чарм, пойабзал, чарм-атторлик, мўйначилик, қоракўл маҳсулотлари ва жундан ишланган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни амалга оширадиган ташкилотларга, агар ялпи тушумнинг умумий ҳажмида ушбу турдаги фаолиятдан тушган тушумнинг улуши ҳисобот даври натижалари бўйича камида 60%ни ташкил қилса.

Шунингдек Президентнинг "Енгил саноатни янада ривожлантириш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорининг (16.09.2019 йилдаги ПҚ-4453-сон) 3-банди билан белгиланган тартибга мувофиқ:

- чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳалари корхоналарининг фойда солиғи бўйича солиққа тортиладиган базаси 7 йил давомида тенг улушларда замонавий тозалаш ва канализация иншоотларини қуриш бўйича харажатлар суммасига камайтирилади;

- чорва молларини сўйиш бўйича замонавий ихтисослаштирилган мажмуаларни ишга тушираётган ташкилотлар ва терини қайта ишловчи корхоналар 2023 йил 1 январга қадар ер солиғи тўлашдан озод этилади;

"Ўзтўқимачиликсаноат" ва "Ўзчармсаноат" уюшмаларининг хорижий консультантлари, шунингдек чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳалари корхоналарида меҳнат фаолиятини юритаётган хорижий мутахассислар Ўзбекистон Республикасидаги даромад манбалари бўйича ЖШДСни унинг белгиланган ставкасидан 50% миқдорида тўлайди

Показать ответ

Йўқ, 2019 йилдан фарқли равишда солиқ солиш мақсадларида хизматлар таннархи 2020 йилда ҳисобга олинмайди.

ҚҚС бўйича солиқ базаси акциз солиғини (акциз тўланадиган товарлар, хизматлар учун) ҳисобга олиб, унга солиқни киритмаган ҳолда, битим тарафлари томонидан қўлланилган нархдан (тарифдан) келиб чиққан ҳолда реализация қилинадиган товарларнинг (хизматларнинг) қиймати сифатида аниқланади (СКнинг 248-моддаси).

Фойда солиғи бўйича жами даромад таркибига мол-мулкни мулк ижарасига (ижарага) беришдан олинган даромад киради (СКнинг 297-моддаси 3-қисми 8-банди).

Бунда шуни ёдда тутиш лозимки, агар хизматларнинг битимдаги нархи уларнинг бозор қийматидан фарқ қилса ҳамда бундай фарқ солиқ солиш базасини камайтиришга ва солиқ тўловчининг зарарини ошишига  олиб келадиган бўлса, у ҳолда солиқ солиш базаси СКнинг VI бўлимига мувофиқ аниқланадиган бозор нархлардан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

Показать ответ

Тадбиркорлик субъектларига уларнинг бошқарув органлари 2017 йилнинг 5 сентябрига қадар ташқи савдо контрактлари бўйича ҳосил бўлган кредиторлик қарзларини ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилганида ҳисобдан чиқарилаётган кредитор қарздорлик суммасига солиқ мажбуриятларини қўшиб ҳисобламасликка рухсат берилган (05.09.2019 йилдаги ПФ-5811-сон Фармони таҳриридаги 03.11.2017 йилдаги ПҚ-3351-сон қарорининг 2-банди).

Батафсил:

https://buxgalter.uz/tif/import_kontrakti_buyicha_qarzni_soliq_oqibatlarisiz_kechib_yuborish_mumkinmi.

Солиқ солинадиган базани камайтириш мазкур ҳолатда Фойда солиғи ҳисоб-китобининг 3-иловаси “Имтиёзлар”нинг 071-сатрида 03.11.2017 йилдаги ПҚ-3351-сон қарори 2-бандини кўрсатган ҳолда акс эттирилади (имтиёз коди - 7390).

Показать ответ

Бухгалтерия ҳисоби мақсадларида муддатидан олдин тўлаш натижасида ёки катта ҳажмда харид қилиш натижасида ёхуд тарафларнинг келишувида назарда тутилган бошқа шунга ўхшаш сабабларга кўра олинган пул чегирмалари харид қилинган товар-моддий захиралар қийматини камайтирмайди. Улар юзага келган ҳисобот даврида молия-хўжалик фаолияти натижаларига киритилади (4-сон БҲМСнинг 13-банди).

Солиқ ҳисоботида улар даромадлар таркибига киритилади (СКнинг 297-моддаси 27-банди). Бунда агар харидор чегирмалар олган тақдирда, фойда солиғи бўйича солиқ базасига тузатиш киритади. Ҳисобот солиқ давридаги даромад (харажатлар) миқдорининг солиқ базасини аниқлашда илгари даромад (харажат) деб эътироф этилган сумма доирасида кўпайиши ёки камайиши тузатиш киритиш деб эътироф этилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилган (импорт қилинган) товарларни реализация қилиш чоғида ҚҚС бўйича солиқ базаси ушбу товарларни олиб кириш (импорт қилиш) чоғида бюджетга ҳақиқатда тўланган ҚҚС ҳисоблаб чиқарилган қийматдан паст бўлиши мумкин эмас.

Показать ответ

2020 йилда тўлаш чоғида улар Солиқ агенти томонидан тўлов манбаида ушлаб қолинадиган дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромад солиғи ҳисоб-китобида акс эттирилади (код - 10202_4, 3-илова, АВ томонидан 24.02.2020 йилда 3221-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

2020 йил 1 апрелгача ушбу тўловларга 2007 йилги таҳрирдаги СКда тақдим этилган имтиёзлар амал қилган (2007 йилги таҳрирдаги СК 179-м. 6-б.; 30.12.2019 йилдаги ЎРҚ-599-сон Қонуннинг 4-моддаси). Ҳисоб-китобнинг мазкур шаклида 110 (111)-сатрлар бўйича рўйхатдан тегишли имтиёзни (имтиёз коди - 665) танлаш имконияти тақдим этилган.

Показать ответ

Elcomix-120 бетон ишлаб чиқариш ускунаси дейилганда стационар бетон заводи (ускунаси) тушунилади. Ускуналар тезда йиғилади ва қисмларга ажратилади, модуллар оддий ёки махсус юк машиналарида ташилади, монтаж қилиш жойида ўтказилиши лозим бўлган фундаментал ишлар ҳажми жуда кам*.

Комплекс қурилмалар (куч машиналари ва ускуналар) учун:

- фойда солиғи солиш мақсадларида харид қилишга оид харажатлар йиллик 8% миқдордаги чекланган амортизация нормалари бўйича амортизация ажратмалари орқали харажатларга киритилади. Бунда ҳисоб сиёсатида солиқ солиш мақсадларида ушбу меъёр белгиланмаган бўлса, 8%дан кам нормалар бўйича амортизация ҳисобланишига йўл қўйилади (СК 306-м. 68-қ.);

- бухгалтерия ҳисоби мақсадларида корхона бухгалтерия ҳисобини юритиш учун амортизацияни ўз ҳисоб сиёсатига мувофиқ ҳисоблашга ҳақли. Амортизация ажратмалари миқдори Солиқ кодексида кўрсатилган чекланган амортизация нормаларидан фарқ қилиши мумкин.

Показать ответ

Чегирилмайдиган харажатлар рўйхатида сиз кўрсатган харажат турлари берилмаганлиги сабабли чегириладиган харажатларни аниқлашда умумий қоидалари қўлланилади. Фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда асосланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган харажатлар чегириб ташланади (СК 305317-м.).

Асосланган харажатлар деганда баҳоси пул шаклида ифодаланган, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган харажатлар тушунилади.

Ҳар қандай харажатлар, башарти улар ҳеч бўлмаганда қуйидаги шартлардан бирига мувофиқ келган тақдирда, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган харажатлар деб эътироф этилади:

1) даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида қилинган бўлса;

2) шундай тадбиркорлик фаолиятини сақлаб туриш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ёхуд хизмат қилса ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан алоқаси аниқ асосланган бўлса;

3) қонун ҳужжатларининг қоидаларидан келиб чиқса.

 Эътибор беринг!

Корхонага нисбатан бюджет тизимига киритилиши лозим бўлган (киритилган) пенялар, жарималар ва бошқа санкциялар, шунингдек хўжалик шартномаларини бузганлик учун жарималар, пенялар ва бошқа санкциялар қўлланилган бўлса, улар фойда солиғини ҳисоблашда чегириб ташланмайдиган харажатлар жумласига киритилади (СК 317-м. 19-б.).

Показать ответ

Мазкур ҳолатда солиқ солинадиган фойданинг камайтирилиши Фойда солиғи ҳисоб-китобига (3-илова, АВ томонидан 24.02.2020 йилда 3221-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 3-илованинг 071-сатрида Президентнинг 3.11.2017 йилдаги ПҚ-3351-сон қарорининг 2-банди кўрсатилган ҳолда акс эттирилади (имтиёз коди – 7390).

Показать ответ

Ушбу чегирма солиқ ҳисобига олиш мақсадларида харажатлар сифатида қаралмайди.

Чегирма харид қилиш чоғида тақдим этилмаган бўлса, тушумдан олинган даромадга тузатиш киритилади. Киритилган тузатиш киритиш, агар сийловлар бериш шартлари шартнома шартларида ёки солиқ тўловчининг нарх (тариф) сиёсатида назарда тутилган бўлса, илгари амалга оширилган товарларни (хизматларни) етказиб бериш бўйича солиқ базасини камайтиради. Бундай шартлар товарлар етказиб бериш (хизматлар кўрсатиш) шартномасининг муайян шартларини харидор томонидан бажаришни, шу жумладан товарларнинг (хизматларнинг) муайян ҳажмини олишни ва муддатидан олдин ҳақ тўлашни назарда тутиши мумкин (СК 257-м. 1-қ.).

Чегирма дейилганда реклама акцияси доирасида товар намуналари берилишини назарда тутаётган бўлсангиз, ушбу реклама харажатлари реклама акциясини ўтказишга расмийлаштирилган тегишли ҳужжатлар мавжуд бўлганда чегириладиган харажатлар ҳисобланади. Харидорларга товарлар намуналарини бепул бериш реклама акцияси доирасига киритилмаган бўлса, уларнинг қиймати, шунингдек бепул бериш билан боғлиқ харажатлар (шу жумладан ҚҚС суммаси) СК 317-моддаси 27-бандига мувофиқ чегирилмайдиган харажатлар ҳисобланади.

Показать ответ

Туристик хизматлар, шу жумладан жойлаштириш ва овқатланиш хизматларини кўрсатишга оид харажатлар кўрсатилган туристик хизматлар таннархига киритилади (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 1-банди; Йўриқноманинг 119-банди, АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган 21-сон БҲМСга 2-илова).

Туристик хизматларга тааллуқли бўлмаган бошқа хизматларни ҳам кўрсатсангиз, уларнинг таннархини ҳам аниқлаш лозим. Масалан, қуйидагиларнинг таннархи аниқланади:

туристик хизматларингиз жумласига кирмайдиган авиачипталарни реализация қилиш бўйича воситачилик хизматлари (сиз туристик хизматлар кўрсатмайдиган бошқа шахсларга авиачипталарни сотиш);

туристик хизматларингиз жумласига кирмайдиган, реализация қилинган меҳмонхона хизматлари (туристларингиз бўлмаган бошқа шахсларга меҳмонхона хоналарини тақдим этиш);

туристик хизматларингиз таннархига киртилмайдиган, реализация қилинган тайёр маҳсулотлари (умумий овқатланиш) (четдан ташриф буюрувчиларга ва меҳмонхонангизда турган туристларингиз жумласига кирмайдиган шахсларга умумий овқатланиш хизматларини кўрсатиш).

Таннархнинг мазкур турлари суммалари Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-илованинг 020-сатрида кўрсатилади. Кейин 0101–0117-сатрлар бўйича корхона қилган харажатлари батафсил расшифровка қилинади. Илованинг ушбу сатрларида харажатлар марказлари бўйича уларни (яшаш ёки овқатланиш харажатларини) гуруҳларга ажратиш назарда тутилмаган. Харажатлар турига қараб гуруҳларга ажратилади: иш ҳақи, хом ашё ва материалларга доир ва бошқа харажатлар.

 

 

Показать ответ

Товар белгиси – юридик ва жисмоний шахсларнинг товарлари ва хизматларини бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг ўхшаш товарлари ва хизматларидан фарқлаш учун хизмат қиладиган, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган белгилар. Исталган рангда ёки ранглар уйғунлигида берилган тасвир туширилган, сўзлар билан ифодаланган, ҳажмдор ва бошқа белгилар ҳамда уларнинг комбинациялари товар белгилари бўлиши мумкин («Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товарларнинг келиб чиқиш жойлари номлари тўғрисида»ги Қонуннинг ­3-моддаси»).

Яъни товар белгисини ишлаб чиқиш бўйича хизматлар дейилганда матнлар, рамзлар, тасвирлар ва бошқалардан фойдаланган ҳолда эскиз (дизайн) тайёрлаш тушунилади. Ушбу эскиз фақат расмий рўйхатдан ўтказилганидан кейин товар белгиси мақомини олади.

Фикримизча, норезидентнинг товар белгиси эскизини тайёрлашдан олган даромадлари бошқарувга оид, техник ёки маслаҳат хусусиятига эга хизматлар учун тўлов сифатида белгиланган техник хизматлардан олинган даромадлар сифатида таснифланса, уларга тўлов манбаида фойда солиғи солинади (СКнинг ­351-моддаси 2-қисми 17-банди).

Россия Федерацияси Ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Даромадлар ва мулкка иккиёқлама солиш солмаслик тўғрисида битим тузилган (Москва, 2.03.1994 й., ЎзР ОКнинг 6.05.1994 йилдаги ­1075-XII-сон қарори била ратификация қилинган, 27.07.1995 йилдан кучга кирган).

Битимнинг 7-моддасига мувофиқ бирон аҳдлашаётган давлатда бошқа аҳдлашаётган давлат корхонаси олган фойда бўлиб, у ўша ерда жойлашган доимий ваколатхона орқали олинган тақдирда, шу доимий ваколатхонага тегишли қисми биринчи эслатиб ўтилган давлат солиғи билан солиққа тортилади.

Чет эллик ҳамкорингиз Ўзбекистонда доимий муассасага эга бўлмаса ва сизга Россия Федерацияси резидентлиги сертификатини тақдим этса, корхонангиз даромад тўлови манбаи сифатида унга фойда солиғини солмайди (СКнинг 357, 358-моддалари).

Бундай сертификат мавжуд бўлмаганда, норезидентнинг даромадларидан 20%лик ставкада фойда солиғи ушлаб қолинади (СКнинг ­353-моддаси 6-банди). 

Показать ответ

Тиббиёт асбоб-ускуналарини бепул фойдаланишга бериш қарз шартномаси билан расмийлаштирилади ва қабул қилиш-топшириш далолатномаси бўйича берилади (ФК 36-боб). Бунда асбоб-ускунага бўлган ҳуқуқ қарз берувчида, яъни корхонангизда сақланиб қолади.

Бухгалтерия ҳисобида асбоб-ускуна товарларни ҳисобга олувчи счётларда ҳисобга олинган. Корхонангиз ҳисоб сиёсатидан келиб чиққан ҳолда, уни асосий воситалар ёки инвентарларни ҳисобга олувчи счётларга ўтказиш лозим.

Тегишинча:

ёки амортизация ажратмалари ҳисобланади;

ёки инвентарни фойдаланишга топширишда харажатлар сифатида акс эттирилади.

Шундай қилиб, корхонангиз асбоб-ускунани бепул фойдаланишга беришда бунда боғлиқ бўлган, 9430-«Бошқа операцион харажатлар» счётида акс эттириладиган харажатларни амалга оширади.

2020 йилдан бошлаб иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган ва ҳужжатлар билан асосланган харажатлар фойда солиғини ҳисоблашда солиқ базасидан чегириб ташланади.

Ҳар қандай харажатлар, башарти улар ҳеч бўлмаганда қуйидаги шартлардан бирига мувофиқ келган тақдирда, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган харажатлар деб эътироф этилади:

1) даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида қилинган бўлса;

2) шундай тадбиркорлик фаолиятини сақлаб туриш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ёхуд хизмат қилса ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан алоқаси аниқ асосланган бўлса;

3) қонун ҳужжатларининг қоидаларидан келиб чиқса (СКнинг 305-моддаси).

Корхонангиз ҳозирги шароитда асбоб-ускунанинг бепул берилиши иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлашини асослаб берса, у фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда бундай бериш билан боғлиқ харажатларларни чегириш ҳуқуқига эга бўлади.

Ушбу қоида ҚҚСга ҳам тааллуқлидир. Товарни реализация қилишдан фарқланадиган ҳар қандай фаолият, жумладан бепул хизматлар кўрсатиш (СКнинг 239-моддаси), шу жумладан солиқ тўловчининг мол-мулкини бепул фойдаланишга бериш хизматларни реализация қилиш айланмаси ҳисобланади, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган деб ҳисобланган хизматларни кўрсатиш ҳолатлари бундан мустасно. Бепул фойдаланишга бериш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламаган тақдирда, солиқ базаси ЎзР ДСҚ томонидан белгиланган тартибга мувофиқ аниқланадиган хизматларнинг бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Айни пайтда бундай тартиб тасдиқланмаган.

Показать ответ

1. Ташкилот кафолатли таъмирлаш юзасидан келгуси  харажатлар учун захирани ташкил этиш тўғрисидаги қарорни мустақил равишда қабул қилади. Солиқ солиш мақсадлари учун ҳисоб сиёсатида ажратмаларнинг энг юқори миқдорини акс эттириш лозим (СКнинг 316-моддаси 1-қисми). Захирани шакллантириш ва ҳисобдан чиқариш тартиби, унинг  энг юқори миқдорларини белгилаш СКнинг 316-моддасида келтирилган.

2. Кафолатли хизмат муддати белгиланган объектларни кафолатли таъмирлаш жиҳатдан келгуси харажатлар учун захиранинг бухгалтерия ҳисоби қуйидагича:

Хўжалик амалиёти мазмуни

Ҳисобварақлар корреспонденцияси

дебет

кредит

Кафолатли таъмирлаш учун захира шакллантиришни акс эттириш

2010 «Асосий ишлаб чиқариш»

8910 «Келгуси харажатлар ва тўловлар резервлари»

Корхонанинг ишлаб чиқариш цехлари ва хизмат кўрсатувчи хўжаликлар томонидан асосий воситаларни таъмирлаш учун ва бошқа бажарилган ишлар, хизматлар қиймати ҳисобга олинди

2310 «Ёрдамчи ишлаб чиқариш»,

2510 «Умумишлаб чиқариш харажатлари»,

2710 «Хизмат кўрсатувчи хўжаликлар»

1040 «Эҳтиёт қисмлар»,

1090 «Бошқа материаллар»,

6710 «Меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишлар»,

6520 «Мақсадли давлат жамғармаларига тўловлар» ва бошқалар

Захира ҳисобидан кафолатли таъмирлаш бўйича харажатлар ҳисобдан чиқарилди.

8910 «Келгуси харажатлар ва тўловлар резервлари»

2310 «Ёрдамчи ишлаб чиқариш»

2510 «Умумишлаб чиқариш харажатлари»

2710 «Хизмат кўрсатувчи хўжаликлар»

Ҳисобланган келгуси харажатлар захираларининг фойдаланилмай қолган суммаси корхона даромадига қўшилди

8910 «Келгуси харажатлар ва тўловлар резервлари»

9390 «Бошқа операцион даромадлар»

Фойда солиғи бўйича солиқ ҳисоботида кафолатли таъмирлаш юзасидан келгуси харажатлар учун захира суммаси:

  • Фойда солиғи ҳисоб-китобининг 020-сатрига киритилади;
  • Ҳисоб-китобга 2-илованинг 010, 020, 0117-сатрларига киритилади.
Показать ответ

1. Ҳар қандай фуқаро, шу жумладан корхона раҳбари корхонага хом ашёни беғараз бериши мумкин.

2. Якка тартибдаги тадбиркорларни истисно этганда, жисмоний шахслар ҚҚС тўловчилари бўлиб ҳисобланмайди (СКнинг 237-моддаси). Корхона директори томонидан хом ашёнинг беғараз берилишига солиқ солинмайди.

3. Хом ашё беғараз берилади. Корхона уларнинг бухгалтерия ҳисобига қабул қилиниш санасидаги жорий (бозор) қиймати бўйича уларни кирим қилиш лозим (АВда 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатга олинган 4-сон “Товар-моддий захиралар” БҲМСнинг 19-банди).

4. Корхона томонидан беғараз олинган хом ашё унинг даромади бўлиб ҳисобланади. Даромад хом ашёнинг бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқланади (СКнинг 299-моддаси 1-,2-қисмлари). Мазкур даромад фойда солиғини ҳисоблашда жами даромад таркибига киритилади (СКнинг 297-моддаси 3-қисми).

5. Корхонага хом ашё беғараз келиб тушганда қуйидаги бухгалтерия ўтказмаси берилади:

Дт 1010 “Хом ашё ва материаллар” ҳисобварағи

Кт 8530 “Текинга олинган мулк” ҳисобварағи

Корхона директори томонидан хом ашёни беғараз берилиши қабул қилиш-топшириш далолатномаси билан расмийлаштирилади.

Показать ответ

 Фойда солиғи ҳисоб-китобига (3-илова, АВ томонидан 24.02.2020 йилда 3221-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 2-иловаси 0116-"Қўшилган қиймат солиғига доир харажатлар" сатрида ҚҚСнинг ҳисобга олинмаган, корхона харажатлари сифатида акс эттирилган суммаси кўрсатилади.

ҚҚС тўловчи қуйидаги ҳолларда ҳисобга олиниши лозим бўлмаган ҚҚС суммасини харажатларга киритишга ҳақли бўлади:

1) мутаносиб усул қўлланилганда, агар ҳисобга қабул қилинмаган ҚҚС фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган харажатлар таркибида ҳисобга олинган бўлса;

2) СКнинг 269 ва 270-моддаларига мувофиқ ҚҚСга тузатиш киритилганда, агар тузатиш суммаси олинган товарлар (хизматлар) қийматига киритилиши мумкин бўлмаса;

3) СК 271-моддасида назарда тутилган тартибда мажбуриятларни ҳисобдан чиқаришда илгари ҳисобга қабул қилинган ҚҚС суммасига тузатиш киритилганда.

Айнан ушбу ҚҚС суммалари Ҳисоб-китобга 2-илованинг 0116-сатрида кўрсатилади.

Показать ответ

1. Резидентлик сертификати мавжуд бўлганда.

Хизматларни етказиб берувчи томонидан Латвия резидентлигини расмий тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилса, корхонангизда даромад тўлаш манбаида фойда солиғини ушлаб қолиш мажбурияти юзага келмайди (СК 357-м.).

 

2. Резидентлик сертификати мавжуд бўлмаганда.

Резидент томонидан резидентлик сертификати тақдим этилмаган тақдирда, тўлов манбаида солиқ СКда белгиланган ставкалар бўйича ушлаб қолинади.

Бунда юк жўнатувчидан (юкни қабул қилувчидан) олинган сумма ҳамда тегишли бошланғич ҳужжатлар билан тасдиқланган юк ташувчига тўланадиган сумма ўртасидаги ижобий фарқ сифатида ҳисобланган  ҳақ суммаси халқаро ташувларда транспорт-экспедиторлик хизматлари бўйича солиқ солиниши лозим бўлган даромад ҳисобланади. Солиқ ставкаси - 20%.

Юк ташувчининг тегишли бошланғич ҳужжатлари мавжуд бўлмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикасида резидентга тўланган жами суммага 6%лик ставкада солиқ солинади (СК 351-м. 2-қ. 11-б., 353-м. 3-б.).

 

Показать ответ

Президентнинг "Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони (03.04.2020 йилдаги ПФ-5978-сон) билан инқирозга қарши чоралар рўйхати белгиланган, улар орасида фоизсиз қарзлар (молиявий ёрдам) бўйича даромадни жорий йилнинг охиригача солиқ солишдан озод қилиш мавжуд. Имтиёз фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ ҳисоблаб чиқарилган тақдирда қўлланилади. Имтиёз йил охиригача амал қилади.

 

Мазкур чора 2020 йил апрелга қадар тақдим этилган қарзларга ҳам татбиқ этилади. Бунда солиқ солишдан озод этиш 2020 йилнинг 1 апрелидан 31 декабрига қадар амал қилади.

 

Қарз олувчи пул маблағларидан фоиз тўлаш мажбуриятисиз фойдаланиши туфайли фоизсиз қарз бўйича даромад юзага келади. Солиқ солиш мақсадларида даромад қарз олиш санасида МБнинг қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиқиб аниқланади (СК 299-м. 4-қ.).

Бундай ҳисоб-китобни фақат солиқ солиш мақсадларида бажариш зарур. Бухгалтерия ҳисобида қарз маблағларидан беғараз фойдаланишдан олинган даромад акс эттирилмайди.

 

МИСОЛ. 2020 йилда қарз маблағларидан беғараз фойдаланишдан олинган даромадни аниқлаш

1 февралда фойда солиғи тўловчи корхона 10 000 минг сўм миқдорида 6 ойга фоизсиз қарз олди. Қарз олинган санада қайта молиялаштириш ставкаси - 16%. Уни қайтариш санаси - 31 июль.

Қарздан беғараз фойдаланишдан олинган даромадни фойдаланилган кунлар сонидан келиб чиқиб аниқлаймиз:

 

Кўрсаткич

 

Одатдаги ҳисоб-китоб,

минг сўм

Имтиёзни инобатга олган ҳолда ҳисоб-китоб, минг сўм

 

 

Фоизсиз қарз бўйича даромад

 

I чорак

 

10 000 х 16% : 366 х (29+31) = 262,3

 

262,3

 

II чорак

 

10000 х 16% : 366 х (30+31+30) = 397,8

 

-

 

III чорак

 

10 000 х 16% : 366 х 30 = 131,1

 

-

 

2020 йил

 

791,2

 

262,3

 

 

Одатдаги шартларда корхона 791,2 минг сўмни 2020 йил учун Фойда солиғи ҳисоб-китобига 1-илова "Жами даромад"нинг 070-сатрида акс эттирган ҳолда уни жами даромадга киритган бўлар эди (3-илова, АВ томонидан 24.02.2020 йилда 3221-сон билан рўйхатдан ўтказилган). Инқирозга қарши чораларни инобатга олган ҳолда Ҳисоб-китобга 1-илованинг 070-сатрида I чорак учун 262,3 минг сўм акс эттирилади.

2020 йилнинг II чорагидан бошлаб фоизсиз қарз бўйича даромадни ҳисоблаш керак эмас. У Президентнинг ПФ-5978-сон Фармонининг 15-бандига мувофиқ солиқ солишдан озод этилган.

Фойда солиғи ҳисоб-китобида кўрсаткичлар ўсиб борувчи якун билан кўрсатилиши боис, 2020 йилнинг II-IV чоракларида Ҳисоб-китобга 1-илованинг 070-сатрида 262,3 минг сўм суммасини акс эттиради.

 

Даромадни қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиқиб аниқлаш қоидалари:

- банклараро операцияларга ва кредит ташкилотлари томонидан берилган кредитларга;

-Ҳукуматнинг қарорларига кўра ҳамда ЎзРнинг норезидентлари томонидан бериладиган қарзларга (ссудаларга);

- консолидациялашган гуруҳнинг бир иштирокчиси томонидан айни шу гуруҳнинг бошқа иштирокчисига бериладиган қарзларга нисбатан татбиқ этилмайди (СК 299-м. 5-қ.).

Показать ответ

Дистрибьютерлик шартномаси воситачилик шартномаси бўлиб ҳисобланади. Корхона ҳамкорнинг сотиш режасини бажарганлиги учун, бошқача қилиб айтганда, унинг муайян миқдордаги товарларини сотганлиги учун ҳақ олади.

Бундай шартнома асосида олинган мукофот корхонада ҳам ва мукофот тўланган унинг ҳамкорлари - ЎзР резидентларида ҳам фойда солиғини ҳисоблашда жами даромад таркибига киритилади (СКнинг 297-моддаси 3-қисми 1-банди).

Агар корхонанингиз воситачилик шартномасига бўйича хорижий ҳамкорнинг товарларини сотиш учун субдистрибьютерларни жалб қилса, у ҳолда корхонангизнинг субдистрибьютер ҳамкорларга мукофот тўлаш учун қилган харажатлари асосланган ва иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган харажатлар бўлиб ҳисобланади (СКнинг 305-моддаси 2- ва 4-қисмлари). Фойда солиғини ҳисоблашда бундай харажатлар солиқ солиш базасидан чегирилади.

Реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси бўлган айланмаларга ҚҚС солинади (СКнинг 238-моддаси 1-қисми 1-банди).

Сизнинг корхонангиз томонидан олинган мукофотга ҚҚС солинмайди, зеро Сизнинг хизматларингиз харидори бўлган хорижий ҳамкор – ЎзР норезиденти ЎзР ҳудудида жойлашмаган ва ўз фаолиятини олиб бормайди. Шу сабабли, мазкур ҳолатда Ўзбекистон корхонангиз хизматларини реализация қилиш жойи бўлиб ҳисобланмайди (СКнинг 241-моддаси 1-қисми).

Сизнинг корхонангиздан субдистрибьютер корхоналар – ҳамкорлар – ЎзР резидентлари – умумбелгиланган солиқлар тўловчилари  оладиган ҳаққа ҚҚС солинади, зеро хизматларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон ҳисобланади (СКнинг 241-моддаси 1-қисми).

Яъни хорижий ҳамкорга тегишли товарларни реализация қилиш бўйича сизнинг корхонангизга хизматлар кўрсатилганда, субдистрибьютерда солиқ солиш базаси ҚҚСни ўз ичига олувчи ҳақ миқдорида аниқланади (СКнинг 250-моддаси 1-қисми 1-банди)

Субдистрибьютерлар ҳисобварақ-фактуралар ёки уларнинг ўрнини босувчи ҳужжатларни ҚҚС суммасини ажратган ҳолда тақдим этишлари лозим. Бунда сизнинг корхонангиз мазкур ҚҚС суммаларини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга (СКнинг 266-моддаси 2-қисми). 

Показать ответ

Қарз шартномаси бўйича олинган маблағлар даромадлар сифатида ҳисобга олинмайди, уларга фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ солинмайди (СК 304-м. 16-б., 463-м. 1-қ.).

ҚҚСни тўловчи бўлсангиз ва ҚҚС тўловчидан товар қарзи олсангиз, ҚҚСни ҳисобга олиш учун барча шартларга риоя қилган ҳолда қарз берувчининг ҳисобварақ-фактурасида кўрсатилган ҚҚС суммасини ҳисобга олишингиз мумкин (СК ­266–268-моддалар).

Товар қарзи шартномаси бўйича мулк ҳуқуқининг берилиши товарларни реализация қилиш бўйича айланма ҳисобланганлиги сабабли товар қарзини қайтаришда ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиринг (СК ­239-м. 1-қ. 1-б.).

ҚҚСни тўловчи бўлмасангиз, қарз берувчининг ҳисобварақ-фактурасидаги ҚҚС суммасини ТМЗ таннархига киритинг.

 

Фоизсиз қарз (қайтариш шарти билан молиявий кўмак) олинганда, қарз олувчида қарз берувчидан олинган пул маблағларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи кўринишидаги даромад юзага келади. У ЎзР МБ томонидан қарз олиш кунида белгиланган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда аниқланади. (СК 299-м. 4-қ.).

Бироқ 2020 йил охиригача фоиз даромадларини тўлаш мажбуриятларисиз қарз (молиявий ёрдам) олинганда фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқни ҳисоблаб чиқаришда солиқ оқибатлари юзага келмайди (3.04.2020 йилдаги ПФ-5978-сон Фармоннинг 15-б. 8-хатбошиси).

Солиқ солишдан озод этиш тарзидаги имтиёз 2020 йил 1 апрелдан 31 декабргача амал қилади (31 декабрь ҳам ҳисобга киритилади), шу жумладан – 2020 йил 1 апрелгача олинган қарз маблағларига нисбатан ҳам ушбу имтиёз қўлланилади (МВнинг 16.04.2020 йилдаги 06/04-01-03-32/1107-сон хатининг 9-б.).

 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистоннинг резидентига фоизларни тўлашда тўлов манбаида фойда солиғи ушлаб қолинмайди, балки ушбу даромадларни олувчининг солиқ базасида ҳисобга олинади (СК 344-м. 1-қ.). Яъни фоизларни олувчида фоизлар тарзидаги даромадларга фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ солинади.

Мазкур норма нотижорат ва бюджет ташкилотларига (СК 344-м. 2-қ.), Ўзбекистон норезидентлари, шунингдек жисмоний шахсларга фоизлар тўланганда татбиқ этилмайди (СК 387-м. 1-қ. 3-б.). Мазкур ҳолатларда фоизларга тўлов манбаида солиқ солинади.

 

Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018 г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. 78-150-11-72, Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+
Яндекс.Метрика