Ответов: 548
Ответы эксперта. Бухгалтерский учет
Показать ответ

 

Электрон тижоратда ҳисоб-китоблар қуйидагилар орқали ҳам амалга оширилади:

-электрон тўлов воситасида - ҳисоб-китоб терминали ёки виртуал терминал (E-POS) ҳамда банк корпоратив карталаридан фойдаланган ҳолда. Бунда тўлов тизими сотувчига ва харидорга электрон чек ёки бошқа тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади;

-банк ҳисобрақамидан пул маблағларини ўтказиш воситасида - шахсий кабинет ёки чакана тўловлар тизими орқали (Қоидаларнинг 48-банди, ВМнинг 2.06.2016 йилдаги 185-сон қарорига 1-илова).

Электрон тижорат иштирокчилари томонидан хизматлар кўрсатиш жараёнида ахборот тизимлари томонидан шакллантирилган, битимлардаги томонларни идентификациялаш имконини берувчи электрон чеклар, квитанциялар, хабарлар ва бошқа усуллар товарлар (хизматлар) учун тўловларни тасдиқловчи квитанциялар, талонлар, чипталар ва бошқа ҳужжатларга тенглаштирилади. Виртуал терминаллар (E-POS) шунга ўхшаш НКМ ва ҳисоб-китоб терминалларига тенглаштирилади (14.05.2018 йилдаги ПҚ-3724-сон қарорнинг 1-банди).

 

Показать ответ

Касса хўжалиги ва инкассацияни юритиш бўйича харажатлар реализация қилиш бўйича харажатлар бўлиб ҳисобланади ва 9410 “Сотиш харажатлари” ҳисобварағига олиб борилади (ВМнинг 05.02.1999 йилдаги 54-сон қарорига илованинг 2.1.2.18-банди; 21-сон БҲМСга 2-илованинг 402-банди). Онлайн-НКМларни фойдаланишга топширишда уларнинг қиймати реализация қилиш бўйича харажатларга тўлиқлигича киритилганлиги сабабли, бир вақтнинг ўзида 014-“Фойдаланишдаги инвентарь ва хўжалик жиҳозлари” ҳисобварағида акс эттирилади. (21-сон БҲМСга 2-илованинг 449-банди).

Ўз навбатида, корхона бир йил давомида хизмат кўрсатилиши учун тўловни амалга оширганлиги сабабли, мазкур харажат ҳисобини 3120 «Олдиндан тўланган хизмат ҳақи» ҳисобварағида юритиш ва уни хизмат кўрсатиш даври мобайнида реализация қилиш бўйича харажатларга бир меъёрда олиб бориш тўғри бўлади (21-сон БҲМСга 2-илованинг 159-банди).

Показать ответ

 Шуъба корхона зарарини қоплаш учун ушбу корхонанинг устав капиталига инвестицияни камайтириш 9690-"Молиявий фаолият бўйича бошқа харажатлар" бухгалтерия счёти бўйича акс эттирилади.

"Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ:

-масъулияти чекланган жамият иштирокчилари улар киритган ҳиссалар қиймати доирасида жамият фаолияти билан боғлиқ зарарлар кўриши мумкин (3-модда);

- иккинчи ва ҳар бир кейинги молиявий йил тугалланганда жамият соф активларининг қиймати унинг устав фонди (устав капитали)дан кам бўлса, жамият устав фонди (устав капитали) соф активлар қийматидан ошмайдиган миқдоргача камайтирилишини маълум қилиши ва бундай камайтиришни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиши шарт (19-модда).

Шу тариқа, "А" МЧЖ "Б" МЧЖни "В" МЧЖга қўшиб олиш йўли билан тугатиш тўғрисида қарор қабул қилганда, устав капиталига ўз ҳиссаси ҳисобига "Б" МЧЖнинг зарарини қоплаши лозим эди.

 

1. 21-сон БҲМС "Хўжалик юритувчи субъектлар молиявий-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақлар режаси ва уни қўллаш бўйича Йўриқнома"да (АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган) келтирилган стандарт бухгалтерия проводкалари рўйхатида бундай операция назарда тутилмаган. Иқтисодий мазмунидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги 500 млн сўм миқдордаги проводкани тавсия этиш мумкин:

9690-"Молиявий фаолият бўйича бошқа харажатлар" счёти дебети

0620-"Шуъба хўжалик жамиятларига инвестициялар" счёти кредити.

 

2. Муассиснинг "Б" МЧЖни "В" МЧЖга қўшиб олиш йўли билан тугатиш ва устав капиталига ўз ҳиссаси ҳисобидан зарарни қоплаш тўғрисидаги қарори бухгалтерия томонидан ушбу проводкани амалга ошириш учун асос бўлади. "Б" МЧЖ тугатилгани (реестрдан чиқарилгани) тўғрисидаги корхоналар реестридан кўчирма ушбу қарор рўйхатдан ўтказилганлиги тасдиғи ҳисобланади.

Эътибор беринг!

Корхоналарни қайта ташкил этишда молиявий ҳисоботни шакллантириш тартиби 23-сон БҲМС "Қайта ташкил этишни амалга оширишда молиявий ҳисоботни шакллантириш"да (АВ томонидан 27.06.2005 йилда 1484-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган.

Қайта ташкил этилаётган корхона ("Б" МЧЖ) бухгалтерия ҳисоби счётлари бўйича маълумотларни эмас, балки ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳақида ахборот бериши лозим. Шу боис бухгалтерия ҳисобининг барча тартибга солувчи (контр-актив ва контр-пассив) ва баҳолаш счётлари ёпилган бўлиши керак. Якуний молиявий ҳисобот тузиш учун фақат мол-мулк ва мажбуриятларни ҳисобга олиш счётлари бўйича қолдиққа эга бўлиш лозим (23-сон БҲМСнинг 20-банди).

Шу тариқа, "В" МЧЖ "Б" МЧЖ бўйича маълумотларни ўз балансига киритаётганда зарарни акс эттирмаслиги лозим. "Б" МЧЖнинг 200 млн сўмлик зарарини "В" МЧЖнинг бухгалтерия балансида гудвилл сифатида тартибга солиш лозим (АВ томонидан 27.06.2005 йилда 1485-сон билан рўйхатдан ўтказилган 7-сон БҲМСнинг 62-банди).

Показать ответ

Тўлов терминалларини қўллаш тартиби Тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва аҳоли билан пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда уларни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомда (АВ томонидан 27.07.2009 йилда 1986-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган.

Корхонага тўлов терминаллари ва дастурий таъминотни (банк пластик карточкалари бўйича тўловларни амалга оширувчи тизимга уланиш) унга хизмат кўрсатувчи тижорат банки етказиб беради. Корхона раҳбари банкка тижорат банкларида талаб қилиб олингунча асосий депозит ҳисобварағини очган кундан бошлаб ёки тўлов терминали мажбурий ўрнатилиши лозим бўлган ҳолатлар вужудга келган кундан бошлаб 5 иш куни мобайнида тегишли ариза билан ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.

Тўлов терминаллари ўрнатилган савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилишлари, сотувчилар эса бу терминаллардан фойдаланиш тартибини билишлари шарт (1986-сон Низомнинг 78-бандлари).

Савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига хизмат кўрсатувчи тижорат банки тўлов терминалларидан фойдаланиш юзасидан уларга тушунтириш беради ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари билан тўлов терминалидан фойдаланиш бўйича шартнома (битим) тузади (Низомнинг 9-банди).

Корхонада қуйидагилар ҳисобга олиниши лозим:

-сотувчи-ходимларнинг тўлов терминалларидан фойдаланишни билмаслиги сабаби билан банк пластик карточкалари орқали тўловларни қабул қилмаслик ҳолати савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларининг бузилиши деб ҳисобланади. Тўлов терминалининг носозлиги баҳона қилиниб, банк пластик карточкалари орқали тўловлар қабул қилинмаганда сотувчи-ходимлар жавобгарликка тортиладилар (Низомнинг 11-банди);

- банк пластик карточкалари орқали тўловлар амалга оширилганда товарлар (ишлар, хизматлар) нархлари асоссиз равишда оширилишига йўл қўйилмади. Чакана савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари сотилаётган товарлар нархини ҳамда кўрсатилаётган хизматлар ҳақини ҳисоб-китоблар шаклига (нақд пул маблағлари ёки пластик карточкалар бўйича тўлаш) қараб уларни сунъий равишда оширган ёки пасайтирган тақдирда, бундай хатти-ҳаракатлар ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланиш борасида ўрнатилган тартибни бузиш ҳисобланади ва уларга нисбатан БҲМнинг 30 баравари миқдорида жарима солинади (15.02.2017 йилдаги ПҚ-2777-сон қарорнинг 2-банди; Низомнинг 12-банди).

Товарлар (хизматлар) тўлов терминаллари орқали реализация қилинганда харидорларга албатта терминал чеклари берилиши керак (Низомнинг 5-банди, ВМнинг 17.11.2011 йилдаги 306-сон қарорига 1-илова).

Терминалларнинг чеклари квитанциялар, талонлар, чипталар ва товарлар ва хизматларга ҳақ тўланганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларга тенглаштирилади ҳамда товарлар реализацияси бўйича операциялар ҳисобини юритиш мақсадида бирламчи ҳужжатлар деб эътироф этилади ("Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Қонуннинг 14-моддаси; ВМнинг 24.09.2004 йилдаги 445-сон қарорининг 4-банди).

Тўловларни корпоратив карталар орқали амалга оширар экан, харидорлар терминал чекидан ташқари, товарлар (хизматлар) келиб тушгани ва солиқ солинадиган айланма бўйича ҚҚСни тасдиқлаш учун ҳисобварақ-фактурани ҳам сўраб оладилар (СК 266-м., 1-қ.; Низомнинг 9-б., АВ томонидан 18.04.2005 йилда 1470-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

Ҳисобварақ-фактурани ёзиб берар экансиз, уни ҚҚС ҳисоб-китоби "Реализация қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар реестри (ҳисобварақ-фактура ўрнини босувчи ҳужжатлар)"нинг (1-илова, АВ томонидан 24.02.2020 йилда 3221-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 5-иловасига киритишингиз керак. Ҳисобварақ-фактура ва 5-иловани тўлиқ тўлдириш учун сизга қуйидаги ахборот керак бўлади: юридик шахснинг номи, унинг СТИРи, манзили ва ҚҚС тўловчиси коди. Шу сабабли харидордан давлат рўйхатидан ўтганлик гувоҳномаси, ҚҚС тўловчиси гувоҳномасининг кўчирма нусхасини талаб қилиш лозим. Шартноманинг ўрнига етказиб берувчи ва харидор ўртасида етказиб берувчининг оммавий офертаси амал қилади.

Тўлов терминалидан фойдаланилганда корхонанинг ҳисобида қуйидаги ёзувлар амалга оширилади:

 

1) тайёр маҳсулот асосий омбордан дўконга жойлаштирилганда (таннархи бўйича):

2810-"Омбордаги тайёр маҳсулот" счёти дебети - дўкон омбори

2810-"Омбордаги тайёр маҳсулот" счёти кредити - асосий омбор;

 

2) аҳолига терминал орқали сотилганда:

q таннархни ҳисобдан чиқариш:

9110-"Реализация қилинган тайёр маҳсулотнинг таннархи" счёти дебети

2810-"Омбордаги тайёр маҳсулот" счёти кредити - дўкон омбори;

- ҚҚС тўловчиси учун реализация қилишдан даромад эътироф этилган ва харидорнинг картасидан маблағлар ҳисобдан чиқарилган:

5710-"Йўлдаги пул маблағлари (ўтказмалар)" счёти дебети - чек суммасига;

9010-"Тайёр маҳсулот реализация қилинишидан даромадлар" счёти кредити - соф фойда суммасига;

6410-"Бюджетга тўловлар бўйича қарздорлик (турлари бўйича)" счёти кредити - ҚҚС суммасига;

 

3) корпоратив карта бўйича тўлови билан сотилганда:

- таннархни ҳисобдан чиқариш:

9110-"Реализация қилинган тайёр маҳсулотнинг таннархи" счёти дебети

2810-"Омбордаги тайёр маҳсулот" счёти кредити - дўкон омбори;

 ҚҚС тўловчиси учун реализация қилишдан даромад эътироф этилган ва харидорнинг картасидан маблағлар ҳисобдан чиқарилган:

4010-"Харидорлар ва буюрмачилардан олинадиган счётлар" счёти дебети - чек суммасига;

9010-"Тайёр маҳсулот реализация қилинишидан даромадлар" счёти кредити - соф фойда суммасига;

6410-"Бюджетга тўловлар бўйича қарздорлик (турлари бўйича)" счёти кредити - ҚҚС суммасига;

5710-"Йўлдаги пул маблағлари (ўтказмалар)" счёти дебети - чек суммасига;

4010-"Харидорлар ва буюрмачилардан олинадиган счётлар" счёти кредити - чек суммасига;

4) тўлов терминали бўйича ҳисобдан чиқарилган маблағлар банкдаги счётга тушганда:

5110-"Ҳисоб-китоб счёти" счёти дебети

5710-"Йўлдаги пул маблағлари (ўтказмалар)" счёти кредити.

Показать ответ

Молиявий инвестицияларни баҳолаш ва ҳисобга олиш тартиби 12-сон БҲМС "Молиявий инвестицияларни ҳисобга олиш"да (АВ томонидан 16.01.1999 йилда 596-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган.

Корхонангизга нисбатан молиявий жарималар қўлланилиши хатарини аниқлаш учун сиз молиявий инвестицияларни баҳолаш қисмида ўз ҳисоб сиёсатингизга эътибор қаратишингиз лозим бўлади. Корхона ҳисобга олишнинг харид қиймати бўйича усулини қўллаган тақдирда, қайта баҳолаш ҳам бўлмайди, унинг мавжуд бўлмаганлиги учун оқибатлар ҳам юзага келмайди.

Ҳисоб сиёсатида қуйидаги усуллардан бири: қайта баҳолашни ҳисобга олган ҳолдаги қиймат бўйича ёки инвестиция портфели усули бўйича аниқланган, харид қиймати ва бозор қийматидан энг кичиги баҳоси бўйича ҳисобга олиш белгиланган бўлса, у ҳолда молиявий жарималар қўлланиши мумкин. Одатдаги юридик шахснинг устав фондига киритилган инвестицияларнинг ҳақиқатдаги қийматини баҳолаш учун мазкур корхона акциялари қимматли қоғозлар бозорида котировкага эга бўлиши керак. Агар шундай бўлмаса, тегишли равишда, молиявий инвестицияларни ҳисобга олишнинг юқорида келтирилган икки усулини қўллаш қийин бўлиб қолади.

Бироқ бухгалтерия ҳисобини юритишдаги хатоликлар МЖТКда (175-1-модда) назарда тутилган жавобгарлик ҳамда мансабдор шахсларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Узоқ муддатли инвестицияларни қўшимча баҳолаш даромадлар ва харажатлар ҳисоби счётини четлаб ўтган ҳолда қуйидаги проводка билан хусусий капитал бўлимига киритилади:

0600-"Узоқ муддатли инвестицияларни ҳисобга олувчи счётлар" счёти дебети

8510-"Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар" счёти кредити.

Узоқ муддатли инвестицияларни арзонлаштириш қуйидаги проводка билан акс эттирилади:

- қўшимча баҳолаш қиймати доирасида:

8510-"Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар" счёти дебети

0600-"Узоқ муддатли инвестицияларни ҳисобга олувчи счётлар" счёти кредити;

- олдинги қўшимча баҳолаш суммаларидан ошган қийматга:

9430-"Бошқа операцион харажатлар" счёти дебети

0600-"Узоқ муддатли инвестицияларни ҳисобга олувчи счётлар" счёти кредити.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, қўшимча баҳолаш корхонанинг солиқлари суммасига таъсир кўрсатмайди. Бироқ арзонлаштириш солиқ солишга қадар фойда суммасини пасайтиради.

Инвестицияларни реализация қилишда сотишдан олинган тушум билан харажатларни (брокер ёки дилер хизматлари учун тўлов) чиқариб ташлаган ҳолдаги баланс қиймати ўртасидаги фарқ даромад ёки харажат сифатида эътироф этилади.

Показать ответ

Тўлиқ амортизацияланган бинолар бўйича мол-мулк солиғи солиш мақсадларида ўтказилган қайта баҳолашни бухгалтерия ҳисоби счётларида акс эттиришингиз шарт эмас. Бухгалтерия счётларида фақат мажбурий тартибда қайта баҳолаш акс эттирилади яъни бундай баҳолашдан кейин қолдиқ қиймат нолга тенг бўлиб қолади (СК 412-м. 1-қ. 1-б.; АВ томонидан 4.12.2002 йилда 1192-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом).

1. Корхона асосий воситаларни бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда ёки шартнома асосида мустақил равишда белгилайдиган нарх бўйича бериши (реализация қилиши) мумкин.  Фақат давлат улушига эга бўлган корхоналар томонидан кўчмас мулкни реализация қилиш чоғида мажбурий тартибда баҳолаш ўтказилиши лозим ("Баҳолаш фаолияти тўғрисида"ги Қонуннинг 11-моддаси). МЧЖда давлат улуши бўлмаслиги лозим ("Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонуннинг 7-моддаси).

2. Мол-мулк солиғи ва ер солиғи

Нотурар жой биноси чиқиб кетган ойдан бошлаб ушбу объектга мол-мулк солиғи ва ер солиғи ҳисобланмайди (СК 413-м. 1-қ., 427-м. 2-қ.). Бу ҳақда солиқ суммаси тўғрисида аниқлаштирилган маълумотнома тақдим этишга ҳақлисиз (СК 417-м. 7-қ., 431-м. 3-қ.).

 Қўшилган қиймат солиғи

Кўчмас мулкни реализация қилишда 2007 йилги таҳрирдаги СКдаги сингари ҚҚС бўйича солиқ базасини аниқлашнинг ўзига хос жиҳатлари назарда тутилмаган. Солиқ базаси битим тарафлари томонидан қўлланилган нархдан келиб чиққан ҳолда реализация қилинадиган (бериладиган) товарларнинг (кўчмас мулкнинг) қиймати сифатида аниқланади (СК 248-м. 1-қ.).

Битимнинг нархи бозор қийматидан паст ёки юқори бўлса, солиқ органлари солиқ базасига тузатиш киритишга ҳақли. Ўз навбатида, солиқ тўловчи бундай қарор юзасидан битимнинг нархи бозор нархларига мувофиқлигини ва солиқ тўлашдан бўйин товлашга қаратилмаганлигининг асосларини тақдим этиш йўли билан низолашишга ҳақли (СК 248-м. 4-қ.).

Бозор қиймати таърифи Солиқ кодексининг VI бўлимида (СК 178179-м.) келтирилади, у 2022 йил 1 январдан кучга киради (30.12.2019 йилдаги ЎРҚ-599-сон Қонуннинг 6-моддаси). Корхона шартнома нархларини қўллашда солиқлар қўшимча ҳисобланиши хатари мавжудлигини ҳисобга олиб, нархни белгилашда, ҳозирданоқ ушбу бўлимнинг қоидаларидан фойдаланиши мумкин деб ҳисоблаймиз.

Фойда солиғи

Фойда солиғини ҳисоблашда асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан олинган даромад жами даромадга киритилади (СК 297-м.) 

Фойда АВ чиқиб кетишидан даромаддан уларнинг қолдиқ (баланс)  қиймати, асосий воситаларнинг чиқиб кетиши билан боғлиқ билвосита солиқлар ва харажатларни айириш орқали аниқланади (5-сон БҲМСнинг 53-банди).

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи

ЎзР резиденти бўлган жисмоний шахснинг дивидендлар ва фоизлар тарзидаги даромадларига 5%лик ставка бўйича даромад солиғи солинади. Ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси солиқ тўловчига даромадларни тўлаш билан бир вақтда, лекин солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатларидан кечиктирмай солиқ агенти томонидан тўланади (СК 381-м. 2-қ., 390-м. 1-қ.).

3. Фойдани тақсимлашда (дивидендларни ҳисоблашда) корхонада муассислари олдида пул мажбуриятлари юзага келади. Муассисларнинг қарорига биноан дивидендларни тўлашга оид мажбуриятлар бошқа мол-мулк, шу жумладан асосий воситалар билан ҳам тўлаш орқали бажарилиши мумкин.

Ушбу операцияга иқтисодий жиҳатдан қарайдиган бўлсак, дивидендларни АВ билан беришда ҳақиқатда 2 та хўжалик операцияси амалга оширилади:

- биринчиси - фойдани тақсимлаш (дивидендларни ҳисоблаш) - корхонада муассис олдидаги дивидендларни тўлашга оид мажбуриятларнинг юзага келиши;

- иккинчиси - муассисга АВни реализация қилиш - муассиснинг сотиб олган мол-мулки тўлови юзасидан юридик шахс олдидаги қарзи юзага келиши.

Ушбу мажбуриятлар бир турдаги ўхшаш мажбуриятларни ҳисобга олиш орқали сўндирилади (ФК 343-м.).

 

Показать ответ

Фойда солиғини солиш мақсадида баланснинг валюта моддаларини қайта баҳолашда, шунингдек чет эл валютасида операцияларни амалга ошириш чоғида юзага келадиган курсдаги ижобий фарқ жами даромадлар (харажатлар) таркибига киритилади (СКнинг 320-моддаси).

Изоҳ: ЯСТ солиғини солиш мақсадида аввалги йилларда баланснинг валюта моддаларини қайта баҳолашда солиқ солиш объекти бўлиб курсдаги ижобий ва салбий фарқлар сальдоси ҳисобланган. Курсдаги салбий фарқ ижобий фарқдан ошган тақдирда, ЯСТ ҳисоблашда солиқ солиш базаси ортган суммага камайтирилар эди (2007 йил таҳрирдаги СКнинг 355-моддаси 5-қисми) 

Показать ответ

Жамиятнинг иштирокчилари томонидан жамиятнинг устав фондига (устав капиталига) қўшиладиган пулсиз ҳиссаларнинг пул баҳоси жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг жамиятнинг барча иштирокчилари томонидан бир овоздан қабул қилинадиган қарори билан тасдиқланади (“Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонуннинг 15-моддаси ).

Агар жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг қарори билан кўчатлар қиймати 5 млрд. сўм қилиб тасдиқланган бўлса, улар балансга ушбу қиймат бўйича кирим қилинади. Бунда корхона уларни божхонада расмийлаштириш бўйича харажатларни амалга оширганлиги сабабли, мазкур харажатлар уларнинг бошланғич қийматига қўшилади (5-сон БҲМСнинг 11-банди).

Показать ответ

Ходимга таътил пуллари бўнак тариқасида берилади. Бунда тўланган таътил пуллари 4210-"Меҳнат ҳақи бўйича берилган бўнаклар" счётида акс эттирилади (Йўриқноманинг 181-моддаси, АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган 21-сон БҲМСга 2-илова).

Ой якунларига кўра ходимга таътил пуллари ҳисобот ойида ҳақиқатда фойдаланилган меҳнат таътили кунлари учун ҳисобланади. Масалан, меҳнат таътили 2020 йил 30 мартдан 18 апрелгача давом этадиган бўлса, март ойи учун жами 2 кунга (30 ва 31 март) тўлов ҳисобланади, бу март ойидаги харажатларда акс эттирилади.

Қолган таътил кунлари учун (1 апрелдан 18 апрелгача) таътил пули апрель ойида ҳисобланади.

Бунда қонун ҳужжатларида карантин даврида ишлаб чиқариш тўхтатилган вақтда ишлаб чиқаришдаги ходимларга ва бошқа ходимларга таътил пулини ҳисоблаш бўйича корхона харажатларини махсус (алоҳида) тартибда ҳисобга олиш назарда тутилмаган.

Қонун ҳужжатларида шунга ўхшаш мавсумий ишлайдиган соҳалар учун белгиланган нормаларни қўллашни таклиф этиш мумкин (Йўриқноманинг 289-банди). Бундай соҳалар учун фаолият юритилмайдиган даврда меҳнатга ҳақ тўлаш, шу жумладан таътил пули билан боғлиқ харажатларни ҳисоблаш учун қуйидаги проводка назарда тутилган:

3190-"Бошқа келгуси давр харажатлари" счёти дебети

6710-"Меҳнат ҳақи бўйича ходимлар билан ҳисоблашиш" счёти кредити.

Фаолият тикланганидан кейин келгуси давр харажатларини ҳисобга олувчи счётларда (3100-"Келгуси давр харажатларини ҳисобга олувчи счётлар") ҳисобга олинган харажатлар харажатларни ҳисобга олувчи счётлар (2010-"Асосий ишлаб чиқариш", 9400-"Давр харажатларини ҳисобга олувчи счётлар") дебетига ҳисобдан чиқарилади. Келгуси давр харажатларини жорий харажатларга ҳисобдан чиқариш белгиланган муддат мобайнида бир маромда ёки чиқарилган маҳсулот ҳажмига ёхуд миқдорига мутаносиб равишда ҳисобдан чиқарилади.

Показать ответ

 Божхона юк декларацияси Божхона кодексининг 258-моддаси ва Товарларни божхонада электрон шаклда декларациялаш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 31.12.2014 йилдаги 376-сон қарори билан тасдиқланган) мувофиқ расмийлаштирилади.

БЮДни тўлдириш тартиби Йўриқнома (АВ томонидан 6.04.2016 йилда 2773-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланади. Ҳужжатга кўра битта БЮДда битта товар туркумига оид бўлган, битта битимга мувофиқ олиб ўтилаётган ва бир хил божхона режимига жойлаштирилаётган товарлар декларацияланиши мумкин (Йўриқноманинг 4-банди).

 

Маълумот учун. Агар битта товар туркумига оид бўлган товарлар турли божхона режимларига жойлаштирилаётган бўлса, у ҳолда тўлдириладиган БЮДлар сони божхона режимлари сонига мувофиқ бўлиши лозим.

 

Шу билан бирга декларант битта божхона органига тақдим этилаётган бир товар туркумига оид товарларни бир нечта БЮД билан декларациялаши мумкин. Бу Интерпретациялашнинг 2а асосий қоидасига мувофиқ йиғилмаган ёки ажратилган товарнинг таркибий қисмлари деб ҳисобланадиган ва ЎзР ТИФ ТНнинг йиғилган ёки тугалланган товарга мос келувчи позициясида таснифланадиган товарларга тааллуқли эмас (Йўриқноманинг 5-банди).

Маълумот учун. Битта БЮДда кўпи билан 100 номдаги товарлар тўғрисида маълумотлар баён этилиши мумкин.

Бунда бир ном, тур, маркадаги, ТИФ ТНга асосан битта 10 рақамли код билан таснифланувчи товарлар битта товар сифатида декларацияланади. Улар бир мамлакатдан ёки бир иқтисодий иттифоқ ҳудудидан (агар товарнинг аниқ келиб чиқиш мамлакатини аниқлаш имкони бўлмаса) келиб чиққан бўлиши ёхуд келиб чиқиш мамлакати номаълум бўлган, бож-тарифларини тартибга солиш, тақиқ ва чекловларнинг бир хил шартлари қўлланиладиган бўлиши керак (Йўриқноманинг 7-банди).

Олиб кирилиб, эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилаётган ҳамда бир хил ТИФ ТН кодлари билан таснифланаётган, лекин турли ном, товар белгилари, марка, модел, техник тавсифга эга бўлган, ўз эҳтиёжи учун мўлжалланмаган истеъмол товарлари (ТИФ ТНнинг 4901, 4902, 4908  4911 товар позициялари билан таснифланувчи товарлар бундан мустасно) турли товарлар сифатида алоҳида декларацияланади.

Фармацевтика маҳсулотларини (ТИФ ТНнинг 30 гуруҳи) ва тиббий мақсадлар учун мўлжалланган маҳсулотларни (ТИФ ТНнинг 9018 товар позицияси) келгусида реализация қилиш учун "Эркин муомалага чиқариш (импорт)" божхона режимида олиб кирувчи ташкилотлар уларни БЮДда декларациялашда мажбурий тартибда савдо номларини, халқаро патентланмаган номларини, моделларини, техник тавсифларини, дори-дармонларни чиқариш шаклларини, дозасини, ишлаб чиқарувчисини ва ишлаб чиқарилган давлатни кўрсатадилар. Бунда, агар битта БЮДда юқорида кўрсатилган параметрлардан, ҳаттоки биттаси бўйича фарқ қилувчи товарлар расмийлаштирилаётган бўлса, у ҳолда улар турли хил товарлар сифатида алоҳида декларацияланади (Йўриқноманинг 8-банди).

Показать ответ

Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда 2020 йил 31 декабрга қадар божхона божи ва акциз солиғининг ноль ставкалари белгиланадиган товарлар рўйхатига 20 та товар позицияси киритилган. Бу озиқ-овқат товарлари ва санитария-гигиена ҳамда тиббиёт учун мўлжалланган товарлардир. Тиббий мақсаддаги товарларга, хусусан, қуйидаги ТИФ ТН кодидаги товарлар киради:

-3005 - тиббиёт, хирургия, стоматология ёки ветеринарияда қўллаш учун мўлжалланган, чакана савдо учун шакл ва ўрамларда қадоқланган ёки фармацевтик моддалар шимдирилган ёки қопланган пахта, дока, бинт ва шунга ўхшаш буюмлар (масалан, боғлаш материаллари, лейкопластирлар, припаркалар);

-3306 - оғиз бўшлиғи ёки тиш гигиенаси воситалари, шу жумладан, тиш протезларини қотириш учун кукунлар ва пасталар; чакана сотиш учун индивидуал қадоқланган тиш ораларини тозалашда ишлатиладиган иплар (тиш ипаги);

-3401 - совун; таркибига совун қўшилган ёки қўшилмаган, бруслар шаклидаги ёки қолипланган буюмлар кўринишидаги совун сифатида ишлатиладиган юзага фаол таъсир кўрсатувчи органик моддалар ва воситалар; суюқлик ёки крем кўринишидаги ва чакана сотиш учун қадоқланган, таркибига совун қўшилган ёки қўшилмаган, юзага фаол таъсир кўрсатувчи органик моддалар ва терини ювиш воситалари;

q 3402 - юзага фаол таъсир кўрсатувчи органик моддалар (совундан ташқари); таркибига совун қўшилган ёки қўшилмаган (3401-товар позициясидан ташқари) юзага фаол таъсир кўрсатувчи моддалар, ювиш воситалари (шу жумладан, ёрдамчи ювиш воситалари) ва тозалаш воситалари;

-4803 00 - Ўрамлар ёки листларда бўлган, крепирланган ёки крепирланмаган, гофраланган ёки гофраланмаган, босиб нақшланган ёки босиб нақшланмаган, тешилган ёки тешилмаган, юзаси бўялган ёки бўялмаган қоғоздан тайёрланган ҳожатхона салфеткалари ёки юз артиш учун салфеткалар, сочиқлар ёки хўжалик-маиший ёхуд санитария-гигиена учун мўлжалланган бошқа турдаги қоғозлар, целлюлоза момиғи ва целлюлоза толасидан мато;

q 4818 - эни 36 см дан ошмайдиган рулонларда ёки ўлчам ёхуд шаклда кесилган хўжалик-маиший ёхуд санитария-гигиена учун мўлжалланган ҳожатхона қоғози ва шунга ўхшаш қоғоз, целлюлоза момиғи ва целлюлоза толасидан мато; хўжалик-маиший, санитария-гигиена ёки тиббиёт учун мўлжалланган дастрўмолчалар, косметик салфеткалар, сочиқлар, дастурхонлар, салфеткалар, чойшаблар ва шунга ўхшаш буюмлар, қоғоз массаси, қоғоз, целлюлоза момиғи ёки целлюлоза толасидан кийим-кечак ва унга тегишли буюмлар;

-9619 00 - турли материаллардан тайёрланган аёлларнинг гигиеник прокладкалари ва тампонлари, болалар йўргаклари ва тагликлари ҳамда шунга ўхшаш буюмлар.

Агар сиз олиб кирган товарлар мазкур ТИФ ТН кодига мувофиқ тушадиган бўлса, "Эркин муомалага чиқариш" божхона режимига расмийлаштирилаётганда Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш вақтидан қатъи назар, уларга нисбатан божхона божи ва акциз солиғининг ноль ставкалари қўлланилади.

 

Маълумот учун. ПФ-5978-сон Фармоннинг 16-бандида, шунингдек, қуйидагилар белгиланган:

- коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича тиббиёт ва карантин муассасалари қурилиши учун зарур бўлган қурилиш материаллари, шунингдек, улар фаолият кўрсатиши учун зарур товарлар 2020 йил 31 декабргача муддатга божхона тўловларидан, шу жумладан қўшилган қиймат солиғидан озод этилади;

- коронавирус инфекциясини аниқлаш бўйича экспресс-тестларни олиб киришда улар учун божхона расмийлаштируви йиғими ундирилмайди.

Показать ответ

Кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс, яъни қарздор ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади (ФКнинг 292-моддаси). Кафиллик – бу қарздор ўз мажбуриятини бажариши учун учинчи шахс - кафил жавоб беришини назарда тутадиган ҳуқуқий муносабатлардир. Бошқача айтганда, агар қарздор ўз мажбуриятларини бажармаса ёки уларни тўлиқ ҳажмда бажармаса, кафил қарздорнинг мажбуриятларини бажариши лозим бўлади. Шу сабабли, кредитор кафил томонидан қарздор учун тўланган пул маблағларни қабул қилиш ҳуқуқига эга. Шу орқали қарздорнинг кредитор олдидаги мажбуриятлари бажарилган деб ҳисобланади. Бунда, кредиторнинг мажбурият бўйича ҳуқуқлари қарздорнинг мажбуриятларини бажарган кафилга ўтади (ФКнинг 318-моддаси). Яъни кафил қарздордан тўлаб берилган маблағларни талаб қилиб олишга ҳақли.

Показать ответ

 1.  Агар иккинчи ва ҳар бир кейинги молия йили тугаганидан кейин МЧЖ соф активларининг қиймати унинг устав фондидан кам бўлиб қолса, жамият ўз устав фондини ўзининг соф активлари қийматидан ошмайдиган миқдоргача камайтириши шарт ( “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида” 06.12.2001 йилдаги №310-II-сон Қонуннинг 19-моддаси 4-қисми, кейинги ўринларда МЧЖ тўғрисидаги Қонун).

МЧЖ устав фондини унинг соф активлари қийматигача камайтиришнинг бухгалтерия ҳисоби қуйидаги бухгалтерия ўтказмалари орқали акс эттирилади:

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

Ҳисобварақлар корреспонденцияси

дебет

кредит

Устав фонди соф активлар қийматигача камайтирилди

8330 «Пай ва улушлар»

6640 «Улуш қийматини камайтиришда таъсисчиларга бўлган қарзлар»

6640 «Улуш қийматини камайтиришда таъсисчиларга бўлган қарзлар»

8720 «Жамғарилган фойда (қопланмаган зарар)»

Таъсисчилар улушининг номинал қийматини камайтиришни акс эттириш мақсадида 6600 ҳисобварақлар гуруҳида 6640 “Улуш қийматини  камайтиришда таъсисчиларга бўлган қарзлар” қўшимча ҳисобварағи очилиши мумкин.

2. МЧЖ устав фондини унинг барча таъсисчилари улушининг номинал қийматини камайтириш ва ўтган йилларнинг зарарларини қоплаш жамият ёки унинг таъсичилари томонидан даромад олинишига олиб келмайди. Шу сабабли ушбу ҳолат ҳеч қандай солиқ оқибатларига олиб келмайди.

Показать ответ

Уяли алоқа ҳақини тўлашга оид харажатларни ходимларнинг меҳнат шароитларини таъминлаш билан боғлиқ корхона харажатларига киритиш учун белгиланган тартибга риоя этилиши керак. Харажатлар асосланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши лозим (СКнинг 305-моддаси 2-қисми).

Ходимларни масофавий ишлашга ўтказиш тўғрисидаги ҳужжатларни расмийлаштиришингиз лозим.

Масофавий ишлашда хизмат мажбуриятларини бажаришда мобиль уяли алоқа зарур бўладиган ходимлар рўйхати ва лавозимлари кўрсатилган буйруқ чиқарилиши лозим.

Ушбу буйруқда ҳар бир фаолият бўйича уяли алоқадан фойдаланишнинг муайян лимитини (қатъий миқдорда компенсация) ёки иш соатларида ҳақиқий харажатлар бўйича компенсация ёхуд ваколатхонангиз ва ходимларингиз учун мувофиқ келадиган бошқа усулда ҳисобланган компенсацияни белгилашни тавсия этамиз.

Қонун ҳужжатларида мобиль алоқани қоплаш лимитлари белгиланмаган. Ҳар бир корхона ҳар бир ходимнинг хизмат мақсадларида мобиль алоқага бўлган талабидан келиб чиққан ҳолда мустақил равишда белгилайди.

Мобиль алоқа учун компенсация корхона томонидан белгиланган лимитдан ошиб кетса, бундай компенсация ЖШДС солинадиган ходимнинг моддий наф тарзидаги даромади деб эътироф этилиш хатари юзага келади.

Шунингдек буйруқда ходимларнинг хизмат мақсадларида уяли телефонлардан фойдаланиш учун ижара ҳақи суммасини ҳам кўрсатишни тавсия этамиз.

Ўзини ўзи яккалаш (карантин) тугагандан сўнг компенсация бўйича ҳисоб-китоб қилиш учун ходимлардан уяли алоқа хизматларини, шу жумладан электрон тўловларни тасдиқловчи ҳужжатларни олиш лозим.

Юқорида санаб ўтилган ҳужжатлар мавжуд бўлганда, корхонангиз уяли алоқа учун компенсацияни ходимнинг даромади деб эътироф этиш бўйича солиқ хатарларини камайтиради.

Показать ответ

Президентнинг "Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонида (3.04.2020 йилдаги ПФ-5978-сон) 1-иловага мувофиқ товарларни олиб киришда қўшимча тарзда божхона божи ва акциз солиғининг ноль ставкалари белгиланган. Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда 2020 йил 31 декабрга қадар божхона божи ва акциз солиғининг ноль ставкалари белгиланадиган товарлар рўйхатига 20 та товар позицияси киритилган (ПФ-5978-сон Фармонга 1-илова). Булар сирасига озиқ-овқат товарлари ва санитария-гигиена ҳамда тиббиёт учун мўлжалланган товарлар киради.

Фармон иловасида божхона тўловларидан озод этилган товарларнинг ТИФ ТН келтирилган бўлиб, тадбиркорлар томонидан олиб кирилган товарлар мазкур кодлар билан таснифланадиган бўлса, олиб кирилган санасидан қатъи назар, "Эркин муомалага чиқариш" божхона режимига расмийлаштираётганда божхона божи ва акциз солиғининг ноль ставкалари қўлланилади.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, жорий йилнинг 4-22 апрель кунлари давомида мамлакатимизга 40 минг тоннадан ортиқ 29 млн АҚШ долларилик шу турдаги маҳсулотлар импорт қилинган.

Показать ответ

Президентнинг "Паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорининг (13.11.2018 йилдаги ПҚ-4015-сон) 16-бандига мувофиқ, наслли она товуқ ва барча турдаги технологик асбоб-ускуналар сотиб олиш, парранда етиштиришни ташкил этиш, парранда маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш, инкубация цехларини ташкил этиш, паррандачиликка ихтисослашган бино-иншоотларни қуриш ва қайта таъмирлаш, махсус техника, эҳтиёт қисмлар ва бошқа асосий воситалар ўрнатилган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича 2021 йил 1 ноябрга қадар божхона тўловларидан озод этилган (16-банд).

Мазкур қарор талаблари асосида 2020 йилнинг I чорагида мамлакатимизга умумий қиймати 3,2 млн долларлик товарлар импорт қилинган бўлиб, ушбу товарларга божхона тўловларидан 5,1 млрд сўмлик имтиёзлар қўлланилган.

Показать ответ

 2021 йил 1 январга қадар республикада ишлаб чиқарилмайдиган иссиқхона комплекслари божхона тўловларидан озод қилинган (6.03.2018 йилдаги Ф-5230-сон фармойиш).

Шунингдек, Президентнинг 29.03.2018 йилдаги ПФ-5388-сон Фармони ҳамда 20.11.2018 йилдаги ПҚ-4020-сон қарори талабларига мувофиқ замонавий энергия тежовчи иссиқхоналар ва уларнинг бутловчи қисмлари гофрланган картон идиш ишлаб чиқариш учун талаб этиладиган ва белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб кириладиган, ускуна, хом ашё ва материаллар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар божхона тўловларидан озод этилган.

Показать ответ

Божхона кодексининг 329-моддасида божхона органининг қарорига асосан тўловчига божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти божхона декларацияси қабул қилинган кундан эътиборан 60 календарь кундан ошмаган муддатга берилиши мумкинлиги кўрсатилган.

Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти Президент ёхуд Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан узоқроқ муддатларга ва божхона тўловлари тўланиши таъминланмаган ҳолда берилиши мумкин.

Президентнинг "Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига (27.06.2019 йилдаги ПФ-5755-сон) асосан қўшилган қиймат солиғини тўловчиси бўлган хўжалик юритувчи субъектларга товарларни олиб кирганда, шунингдек, иш (хизмат)ларни импорт қилганда импорт қилинган товарлар (иш, хизматлар) учун қўшилган қиймат солиғидан имтиёз ўрнига 120 кунгача бўлган муддатга қўшилган қиймат солиғини тўлашни кечиктириш механизмларидан фойдаланиш имконияти назарда тутилган (10-банд).

Бугунги кунда тадбиркорлик субъектларига божхона тўловларини кечиктириш имконияти тақдим этилган (ВМнинг 10.02.2020 йилдаги 76-сон қарори).

Жорий йилнинг I чораги давомида тадбиркорлик субъектларига жами 2 205 та божхона юк декларациялари бўйича 254,7 млрд сўм миқдоридаги ҚҚСни кечиктириб тўлаш имконияти берилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, қўшилган қиймат солиғини кечиктириб тўлаш имкониятини олиш учун божхона расмийлаштируви амалга оширилаётган Давлат божхона қўмитасининг ҳудудий божхона бошқармасига мурожаат қилиниши лозим.

Показать ответ

НМА фойдаланиш муддати 5 йил ўрнига 10 йил этиб белгиланганлиги натижасида НМА амортизацияси харажатлари камайтирилмаган. Харажатлар суммасини қўшимча ҳисоблаш ва бухгалтерия ҳисобида акс эттириш лозим.

Ўтган даврлар учун бухгалтерия ҳисобини юритишда ва молиявий ҳисоботларни тузишда йўл қўйилган хатоликлар улар аниқланган йилда тузатилади. Тузатишлар суммаси ҳисобот давридаги (сизнинг ҳолатда – 2020 йил) соф даромадга ёки зарарга киритилади. Жорий ҳамда ўтган йилдаги ҳисобот маълумотлари уларни бузиб кўрсатишлар аниқланган ҳисобот даври учун молиявий ҳисоботда тузатилади. Ўтган давр учун молиявий ҳисоботни қайта топшириш талаб этилмайди (АВ томонидан 27.08.1998 йилда 484-сон билан рўйхатдан ўтказилган БҲМСнинг 16-банди).

Барча тузатиш ёзувларини киритиш учун бухгалтерия маълумотномаси асос ҳисобланади. Унда тузатиш киритиш сабаблари, йўл қўйилган хатоликлар оқибатлари, тузатилиши лозим бўлган счётлар кўрсатилиши лозим.

Ўтган даврлардаги хатоларни тузатиш бўйича тўғри бухгалтерия проводкаларини амалга оширишда хатоликлар корхона учун муҳим ёки муҳим эмаслигини аниқлаш лозим. Хатоликларнинг муҳимлик мезони корхонанинг ҳисоб сиёсатида белгиланади.

Ўтган даврда йўл қўйилган фундаментал (муҳим) хатоларни тузатиш суммаси молиявий ҳисоботда йил бошидаги тақсимланмаган фойда сальдосини ўзгартириш орқали акс эттирилади (АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган Қоидаларнинг 15-банди). Шунингдек активлар, мажбуриятлар ва хусусий капиталнинг бошқа моддаларига тегишли тузатишлар киритилади. Сизнинг ҳолатда муҳим хатоликка йўл қўйилган бўлса, қуйидаги бухгалтерия проводкаси амалга оширилади:

8720-«Жамғарилган фойда (қопланмаган зарар)» счёти дебети

0520-«Савдо маркалари, товар белгилари ва саноат намуналарининг амортизацияси» счёти кредити.

Муҳим бўлмаган хатолар жорий, яъни улар аниқланган даврдаги молиявий натижаларга киритилади. Муҳим бўлмаган хатоларни тузатиш бошқа даромадларни (9340-«Ўтган йиллар фойдалари») ва бошқа операцион харажатларни (9430-«Бошқа операцион харажатлар») ҳисобга олувчи счётлар билан корреспонденцияда акс эттирилади. Сизнинг ҳолатда хатолик суммаси муҳим бўлмаса, қуйидаги бухгалтерия проводкалари берилади:

9430-«Бошқа операцион харажатлар» счёти дебети

0520-«Савдо маркалари, товар белгилари ва саноат намуналарининг амортизацияси» счёти кредити.

НМА амортизацияси нотўғри ҳисобланиши солиқлар суммасига таъсир кўрсатган бўлса, қайта ҳисоб-китоб амалга ошириладиган даврдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ушбу хатолик оқибатида ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар қайта ҳисобланиши лозим. Тегишли даврлардаги солиқ ставкалари ва солиқ солиш тартиби қўлланилади. Шунингдек улар бўйича аниқлаштирилган ҳисоб-китоблар тақдим этилиши лозим.

Показать ответ

Солиқ кодексида қандай транспорт билан ходимларни ташиш амалга оширилиши кераклиги юзасидан кўрсатмалар мавжуд эмас. Бу ҳам шахсий автотранспорт, ҳам ижарага олинган автотранспорт, ҳам транспорт ташкилотлари (шу жумладан - такси) билан тузилган шартномаларга асосан ташиш бўлиши мумкин.

Одатдаги вақтда жамоат транспортида амалга ошириладиган хизмат юзасидан бориб келишлар, карантин шароитида таксида амалга оширилиши мумкин. Улар ходимнинг эмас, балки корхонанинг манфаатларида амалга оширилади. Яъни улар ходимларнинг моддий наф тарзидаги даромадларига киритилиши мумкин эмас, балки корхонанинг маҳсулот ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш учун ёки маъмурий-бошқарув ходимларининг хизмат юзасидан бориб келишлари харажатлари ҳисобланади.

Карантин шароитида жамоат транспорти бўлмаганда корхона такси харажатларини тадбиркорлик фаолиятини сақлаб қолиш учун зарур харажатлар деб эътироф этиши мумкин. Тегишинча, фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланади деб тан олиш мумкин (СК 305-м. 4-қ. 2-б.). Бундай харажатлар иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаганлигини асослаш учун (СК 305-м. 2-4-қ.), мисол учун, ходимларнинг яшаш жойини инобатга олган ҳолда такси ва автобусни ижарага олиш харажатларини солиштириш мақсадга мувофиқ. Бу раҳбариятга транспорт харажатлари бўйича иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган қарорлар қабул қилишга ёрдам беради.

Бунда ишлаб чиқариш цехлари ходимларини ташиш бўйича харажатлар товарлар (хизматлар) таннархига киритилади. Қолган ҳолларда улар давр харажатларига киритилиши даркор (Низом, 1.5.92.2.3-б., ВМнинг 05.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган).

Карантин шароитида такси хизматларидан фойдаланиш - бу вақтинча чора. Афтидан, бундай харажат корхонанинг солиқ солиш мақсадларида корхона ҳисоб сиёсатида (ССҲС) акс эттирилмаган. Ушбу қарорни раҳбарнинг буйруғи (фармойиши) билан расмийлаштиришни ва ССҲСга тегишли қўшимча тарзида тасдиқлашни тавсия қиламиз (СК 77-м. 5-қ.).

 

Такси хизматларидан фойдаланишда солиқ текшируви чоғида ушбу харажатлар моддий наф тарзидаги даромад сифатида жисмоний шахсларнинг солиқ солинадиган даромадларига киритилиши ва (СК 373-м. 13-б.) бунинг аксини исботлашга тўғри келиши хатари мавжуд. Шу боис сиз юқорида кўрсатилган ҳужжатларни расмийлаштиришга алоҳида эътибор билан ёндашишингиз лозим бўлади.

 Корхона ташишни таъминлаши муҳим. Агар ходимлар таксида келишса, тўловни корхона транспорт ташкилоти билан тузилган шартномага асосан амалга ошириши керак. Агарда такси учун тўлов корхона билан транспорт ташкилоти ўртасидаги шартномага асосан эмас, балки жисмоний шахсларга компенсация тарзида амалга оширилса, ходимлар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромад оладилар (СК 373-м. 13-б.). Ушбу даромадга ҳам ЖШДС, ҳам ижтимоий солиқ солинади.

Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018 г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. 78-150-11-72, Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+
Яндекс.Метрика