Ответов: 14
Ответы эксперта. Юридический помощник
Показать ответ

Сув Ўзбекистон Республикасининг давлат мулки - умуммиллий бойлик ҳисобланади, сувдан оқилона фойдаланиш лозим бўлиб, у давлат томонидан қўриқланади (Конституциянинг 55-моддаси; «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида» ги Қонун 5-моддасининг биринчи қисми; «Сув ва сувдан фойдаланиш туғрисида» ги Қонун 3-моддаси).

Ўзбекистон Республикасида сувга доир муносабатлар «Сув ва сувдан фойдаланиш тугрисида» ги Қонун ҳамда унга мувофиқ чиқариладиган сув тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Шунинг билан бир қаторда юқорида номи зикр қилиб ўтилган қонунни бажариш юзасидан  ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 19.03.2013 йилда «Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» ги 82-сонли қарор қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикасининг юқорида номлари зикр қилиб ўтилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари талабларига мувофиқ юридик ва жисмоний шахслар сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги шартномаларни уларга хизмат кўрсатадиган тегишли фойдаланиш ташкилотлари билан тузишлари шарт бўлиб, бунда мазкур шартномаларни  тузишда қуйидагиларнинг мавжуд бўлиши мажбурий талаб ҳисобланади:

-биринчидан, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги шартномалар намунавий шакллар асосидагина расмийлаштирилиши лозим бўлиб, бунда ушбу намунавий шакллар Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан (коммунал сув таъминоти тизимида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли ҳолатларидан ташқари) Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси билан (табиий сув объектларидан сув олишда), Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан (ер ости сувларини олишда), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси билан (ер ости иссиқ сувлари ва минерал сувларни олишда) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишув бўйича тасдиқланади. Коммунал сув таъминоти тизимидаги сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги шартномаларнинг намунавий шакллари эса "Ўзкоммунхизмат" агентлиги томонидан белгиланадиган тартибга мувофиқ тасдиқланади;

-иккинчидан,  сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли тўғрисидаги шартномаларни тузишда сув олиш лимитлари асосида сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмолининг тасдиқланган режасини (коммунал-маиший сув таъминотидаги фуқаролар бундан мустасно) ҳамда сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун берилган рухсатномаларни мавжуд бўлиши ҳам мажбурий талаб ҳисобланади. Шунинг билан бирга, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сув олиш лимитлари бунинг учун ваколатли бўлган ташкилотлар томонидан белгиланади ҳамда барча сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари учун мажбурий ҳисобланади. Ундан ташқари, сув олиш лимитларини белгилашнинг  устуворлиги қуйидаги тартибда белгиланади: а) ичимлик, даволаниш ва коммунал-маиший хўжалик учун; б) саноат учун; в) қишлоқ хўжалиги учун;                 г) санитария ва табиат муҳофазаси мақсадларида сув чиқариш учун.

-учинчидан, белгиланган тартибда тузилган сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисида шартномаларнинг рўйхатдан ўтказилиши ҳам мазкур шартномаларни расмийлаштиришнинг мажбурий талаби ҳисобланади ва улар: а) вилоятлараро ва трансчегаравий аҳамиятга эга бўлган, шунингдек йирик ва алоҳида муҳим объектлардан фойдаланувчи айрим ташкилотлар билан тузилган шартномалар - Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Сув хўжалиги бош бошқармасида; б) ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси таркибига кирадиган фойдаланувчи ташкилотлар билан тузилган шартномалар - ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларида; в) сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан фермер ва деҳқон хўжаликлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда улар хизмат кўрсатадиган зонадаги бошқа сув истеъмолчилари ва сувдан фойдаланувчилар билан тузилган шартномалар - туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимларида рўйхатдан ўтказилади.

Юқорида баён этилган холатларни инобатга олган холда ҳамда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисида шартномаларни расмийлаштиришнинг мажбурий талабларини бажарилишини таъминлаш мақсадида корхонангиз ва сув таъминоти ташкилоти ўртасида  тузилган шартномангизни  қайтадан кўриб чиқишни тавсия этамиз. Мазкур шартномани қайта кўриб чиқиш жараёнида ушбу шартнома намунавий шаклда расмийлаштирилганлигига ва сув олиш лимитлари асосида сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмолининг тасдиқланган режасини мавжуд эканлигига, шунингдек мазкур шартнома тегишли маъсул ташкилотдан рўйхатдан ўтказилганлигига эътибор беришингиз лозим бўлади.

Сувни ташиб бериш юзасидан бошқа МЧЖ билан тузилиши кутилаётган шартномангизда эса, Сиз фақатгина сувни ташиб бериш бўйича транспорт хизмати кўрсатиш билан чекланишингиз лозим бўлади, чунки амалдаги тартибга кўра бошқа МЧЖ эхтиёжи учун керак бўлган сув ушбу МЧЖ ва сув таъминоти ташкилоти ўртасида белгиланган тартиб асосида тузиладиган шартномага мувофиқ етказиб берилиши лозим.

 Бизнинг фикримизча, Сиз томондан сотиб олинадиган сув четга сотилиши мумкин бўлмагани холда сув олиш лимитларингиз асосидаги сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмолининг тасдиқланган режаси доирасида ишлатилиши мумкин,  чунки сув олиш лимитларини белгилашдаги устуворлик тартибида сувни олди-сотди (савдоси) жараёни кўзда тутилмаган бўлиб, балки саноат учун ишлатиш мақсади кўзда тутилган холос (ЎзР. ВМ нинг 26.11.2002 й. 407 сонли ва 19.03.2013 й. 82 сонли қарорларига  илова қилинган мос равишдаги «Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида» ги ва «Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисида» ги Низомлар). Бундан кўриниб турибдики, сув таъминоти ташкилотидан олинадиган сув корхонангиз балансига товар сифатида кирим қилинмаслиги ва улгуржи тартибда сотилмаслиги лозимлиги сабабли корхонангиз томонидан улгуржи савдо лицензиясини олиниши хам шарт эмас.

Транспорт хизматлари кўрсатиш бўйича фаолиятингиздан ягона солиқ тўловини, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида белгиланган тартибда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тегишли йил учун тасдиқланган ставкалар бўйича (2016 йил учун – 5 %, ЎзР. Президентининг 22.12.2015й. ПП-2455 сонли Қарорига 10-1 сонли илова), лекин энг кам миқдордан - эгаллаб турган ер майдонидан келиб чиқиб, пасайтирувчи коэффициентларни ҳисобга олган ҳолда ҳисоблаб чиқарилган ер солиғининг уч бараваридан кам бўлмаган миқдорда, тўлайсиз (2203 сон билан 03.03.2011 й. рўйхатдан ўтган «Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низом).

Ягона солиқ тўловчиси бўлатуриб, фаолиятингиз эҳтиёжлари учун сув ресурсларидан фойдаланишингиз сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиғини ҳисобланишига ва бюджетга тўланишига олиб келмайди, чунки солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби назарда тутилган юридик шахслар сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиғи тўловчилари ҳисобланмайдилар (СК 257 модда).

Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018 г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. 78-150-11-72, Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+
Яндекс.Метрика