Ответов: 176
|
Ответы эксперта. Трудовой договор
25.12.2018 [ID: 12468] Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти штатлар жадвалига ўзгартириш киритиш керакми?
Показать ответ
Олий таълим муассасалари бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимларининг намунавий штатларини тасдиқлаш тўғрисида қарорнинг (кейинчалик - Қарор) (АВ томонидан 2017 йил 21 февралда 2859-сон билан рўйхатга олинган) 2-банди тўртинчи хатбошисида белгиланишича, ташкилий тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ҳукуматининг тегишли қарорлари билан тасдиқланган олий таълим муассасалари учун саволда келтирилган Намунавий штатлар уларнинг тасдиқланган ташкилий тузилмасига таъсир этмаган (зид бўлмаган) ҳолда қўлланилади, бунда ташкилий тузилмада белгиланган штат бирликлари ушбу Намунавий штатларда назарда тутилган лавозимлардан келиб чиқиб, мос равишда шакллантирилади. Фикримизча, Намунавий штатлар таркибий тузилманинг тузилишига зид бўлмаслиги керак, яъни ундан муайян лавозимлар олиб ташланмаслиги лозим. Бироқ таркибий тузилмадаги штат бирликлари сони Намунавий штатларда келган лавозимлар учун нечта штат бирликлари ажратилганлигига қараб мос равишда шакллантирилади. Шунингдек айрим олий таълим муассасаларининг штатлар жадвалларини тузишда, улар фаолиятининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Намунавий штатларда кўзда тутилмаган лавозимлар, таркибий тузилмалар ва ходимлар сони белгиланиши мумкин (Қарорнинг 2-б. 5-хатб.). Штатлар жадвалига ўзгартириш киритиш ёки киритмаслик масаласи бўйича юқори турувчи ташкилотга (ОЎМТВ) ва Молия вазирлигига расмий сўров билан мурожаат қилишингизни тавсия қиламиз. 04.04.2019 [ID: 13496] Ходимларни ишга қабул қилишда (муддатли еки муддатсиз) қайси ҳолатларда тиббий маълумотнома 086-у формасини талаб килиш керак? Иш бервчи ходимнинг яшаш жойидан маълумотнома талаб қилишга ҳақлими?
Показать ответ
Ишга киришда талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхати Меҳнат кодексининг 80-моддасида белгилаб қўйилган. Меҳнат шартномаси тузиш (ишга қабул қилиш) чоғида айрим тоифадаги ходимлар ёки ишлар учун тиббий кўрикдан ўтиш ва тиббий маълумотномани тақдим этиш мажбурийдир (МКнинг 214-м. 1-қ.). Улар қуйидагилардир: - 18 ёшга тўлмаганлар; - 60 ёшга тўлган эркаклар; - 55 ёшга тўлган аёллар; - ногиронлар; - меҳнат шароити ноқулай ишларда (бундай ишларнинг турлари АВ томонидан 29.08.2012 йилда 2387-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомга 2-илова билан белгиланган), тунги ишларда, шунингдек транспорт ҳаракати билан боғлиқ ишларда банд бўлганлар; - озиқ-овқат саноатида, савдо ва бевосита аҳолига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бошқа тармоқлардаги ишларда банд бўлганлар (Низомга 3-илова); - умумтаълим мактаблари, мактабгача тарбия ва бошқа муассасаларнинг бевосита болаларга таълим ёки тарбия бериш билан машғул бўлган педагог ва бошқа ходимлари (Низомга 3-илова). 2018 йил 15 октябрдан давлат хизматлари кўрсатилишида фуқаролар давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек ҳокимликларга тавсифнома ва қуйидаги маълумотномаларни тақдим этишга мажбур эмаслар: яшаш жойи бўйича (прописка қилинганлиги) яшаётганлиги ҳақида; ишсизлиги ҳақида; болани, ёлғиз шахсларни, пенсионерларни ва ногиронларни парвариш қилганлиги ҳақида. Кўрсатилган маълумотларни олиш зарурияти туғилганда давлат органлари уларни ИИВ, меҳнат органларидан мустақил равишда, шу жумладан идоралараро электрон ҳамкорлик орқали сўраб олишлари лозим. Ходимнинг туғилган жойи ва яшаш манзили ҳақидаги маълумотни шахснинг фуқаролик паспортидан билиб олишингиз мумкин. 15.04.2025 [ID: 31695] Turkiya fuqarosi 2-firmada ya'ni B firmada rahbar lavozimida qonuniy ishlashiga ruxsat bormi, agarda ishlashi mumkin bo'lsada qanaqa tartibdagi hujjatlar qilinadi?
Показать ответ
Ҳа, ишлай олади. Ўриндошлик асосида ишлашга, ходимнинг асосий иш жойида (ички ўриндошлик) ёхуд бошқа ташкилотда (ташқи ўриндошлик) ишлашга йўл қўйилади. Бу қоида хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам татбиқ этилади. Маълумки, меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қонуний равишда кириб келган чет эл фуқаролари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига доир тасдиқнома асосидагина амалга ошириш ҳуқуқига эга (ТК 523-м 1-қ). Шунга кўра, чет эл фуқаролари билан ўриндошлик шартлари асосидаги меҳнат шартномалари ҳам фақат улар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига доир алоҳида тасдиқнома олинган тақдирдагина тузилиши мумкин (ТК 523-м 3-қ). Бунда чет эл фуқаросини ўриндошлик асосида қабул қилмоқчи бўлган «В фирма» ЎзР ВМ 22.02.2022 й. 86-сон қарорига 1-илованинг 20–иловасида белгиланган тартиб–таомилга кўра Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома олиши талаб этилади. Чунки, «А фирма» томонидан олинган тасдиқнома фақат шу фирмада ишлаш ҳуқуқини беради. Шуни ҳисобга олиш зарурки, ташкилот раҳбари, унинг ўринбосарлари, ташкилот бош бухгалтери ва ташкилот алоҳида бўлинмаларининг раҳбари бошқа иш берувчида фақат ташкилотнинг ваколатли органи ёки ташкилот мулкдори ёхуд мулкдор ваколат берган шахс (орган) рухсати билан ўриндошлик асосида ишлаши мумкин (ТК 487-м). Ўриндошлик асосида ишга қабул қилиш учун талаб этиладиган ҳужжатлар МКнинг 434-моддасида келтирилган. Юқорида келтирилган қонунчилик ҳужжатларидан келиб чиқиб, сиз қуйидаги қадамба-қадам ҳаракатларни амалга оширингиз керак: 1-қадам. «А фирма» ваколатли органи ёки мулкдори ёхуд мулкдор ваколат берган шахс (орган)нинг бошқа ташкилотда ўриндошлик асосида ишлаш учун розилигини ифодаловчи ҳужжатини олиш (буйруқ, қарор, йиғилиш баённомаси) 2-қадам. Чет эл фуқаросини Ўзбекистон Республикасига жалб қилиш истаги ва шартлари тўғрисида «В фирма» билан иш ҳақи (мукофот пули) ҳажми кўрсатилган дастлабки келишувни тасдиқловчи меҳнат шартномасининг лойиҳаси. 3-қадам. Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисида ягона низомга 20-иловада белгиланган ҳаракатларни амалга ошириш. 23.04.2026 [ID: 35587] Хорижлик фуқарони ишга қабул қилишда қандай ҳужжатлар талаб қилинади? Меҳнат шартномаси қай тартибда тузилади? Иложи бўлса, намунасини келтиринг.
Показать ответ
Меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қонуний равишда Ўзбекистон Республикасига келган чет давлатлар фуқаролари ва доимий равишда бошқа давлатлар ҳудудида яшаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар билан якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар ваколатли давлат органи берган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома олинганидан, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган бошқа талаблар бажарилганидан кейин тузиладиган меҳнат шартномаси асосида юзага келади (МК 30-м.). Хорижий фуқаролар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома асосида ишлашлари мумкин. Иш берувчи фақат шундай тасдиқнома мавжуд бўлгандагина меҳнат шартномаси тузишга ҳақли (МК 523-м. 1, 2-қ.). Иш берувчи Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқномани олиш учун давлат хизматлари марказларига шахсан келиб мурожаат қилади. Иш берувчи тасдиқномани электрон шаклда олиш учун ЯИДХП ёки онлайн-майдончада рўйхатдан ўтади («Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонуннинг 111-м. 1-қ.). Меҳнат шартномасининг муддати берилган тасдиқноманинг амал қилиш муддатидан ортиқ бўлиши мумкин эмас (МК 524-м. 1-қ.). Иш берувчиларга тасдиқномалар юқори малакали ва малакали мутахассислар, шунингдек, Президент мактаблари ва олий ўқув юртларида ишлаш учун жалб этилаётган ўқитувчилар ва мутахассислар учун — меҳнат шартномалари амал қиладиган муддатга, бироқ уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга берилади (ВМнинг 22.02.2022 йилдаги 86-сон қарори билан тасдиқланган Ягона низомга 20-илованинг 11-б.). Умумий тартибда ҳудудий меҳнат органи бўш иш ўрнига маҳаллий фуқароларни топиш имкониятини ўрганади. ОТМ ўқитувчилари учун эса бундай чеклов амал қилмайди, яъни маҳаллий мутахассис бор-йўқлигидан қатъи назар хорижликни жалб қилишга йўл қўйилади. Сизнинг ҳолатингизда (умумий тартибдаги мутахассислар учун) қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади: а) ариза. Аризада қуйидагилар кўрсатилади: - чет эл фуқаросининг Ф.И.О., телефон рақами, электрон почта манзили, Ўзбекистон Республикасида яшаш манзили; - маълумоти, мутахассислиги; - иш берувчининг Ф.И.Ш ёки номи, фаолият тури, СТИР (ЖШШИР); - тахмин қилинган иш ҳақи, мунтазамлиги, лавозими; - миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларида рўйхатдан ўтиш муддатлари (бор бўлса); б) чет эл фуқароси паспортининг электрон нусхаси; в) чет эл фуқаросини Ўзбекистон Республикасига жалб қилиш истаги ва шартлари тўғрисида иш берувчи билан иш ҳақи (мукофот пули) ҳажми кўрсатилган дастлабки келишувни тасдиқловчи меҳнат шартномасининг лойиҳаси; г) чет эл фуқаросининг 3х4 см ҳажмли электрон фотосурати; д) чет эл фуқаросининг малакасини тасдиқловчи ҳужжатлар; е) виза режими ўрнатилган хорижий давлатлар фуқаролари кириш визасининг нусхаси («Е» меҳнат визаси, «А-2» ўқитувчилар кириш визаси, «В-1» ва «В-2» иш визаси, «S-3» хизмат визаси ёки ватандошлар учун назарда тутилган бошқа турдаги визалар); ж) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 7 августдаги ПҚ-286-сон қарори билан тасдиқланган Саноат йўналишлари бўйича жалб қилинадиган хорижий мутахассисларнинг рўйхатида кўрсатилган саноат йўналишлари бўйича хорижий мутахассислар сифатида жалб қилинган чет эл фуқаролари учун — улар халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг рейтингларидаги нуфузли халқаро брендлар рўйхатига киритилган бренд эгалари билан саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш тўғрисида тўғридан-тўғри шартнома тузган юқори ва ўрта барқарорлик рейтингидаги тадбиркорлик субъектлари ва миллий брендлар рўйхатига киритилган бренд эгалари томонидан жалб қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат; з) нуфузли халқаро брендлардан жалб қилинган технолог, дизайнер, маркетолог каби мутахассислар учун — нуфузли халқаро бренд ташкилотида фаолият юритаётганлигини тасдиқловчи ҳужжат (ВМнинг 22.02.2022 йилдаги 86-сон қарори билан тасдиқланган Ягона низомга 20-илованинг 5-б.). Тасдиқнома ариза келиб тушган кундан эътиборан ўн беш иш куни ичида берилади. Меҳнат шартномасини тузиш Меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қонуний равишда кириб келган ва яшаш гувоҳномасига эга бўлмаган чет эл фуқароларига нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчилик Меҳнат кодексининг 30-бобида назарда тутилган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда татбиқ этилади. Умумий қоидага кўра, белгиланган тартибда ишлаш ҳуқуқига эга бўлган хорижий фуқаро билан меҳнат шартномаси худди маҳаллий фуқаро билан тузиладиган меҳнат шартномаси сингари тузилади. Меҳнат шартномаси ёзма шаклда тузилади. Унда иш ҳақи миқдори (сўмда), лавозими, иш вақти ва меҳнат шартлари кўрсатилади. Шартнома муддати тасдиқнома муддати билан чекланади. Тўловлар миллий валюта — «сўм»да амалга оширилади. Ходимнинг хоҳишига кўра, иш ҳақини чет эл валютасида унинг хориждаги ҳисобварақларига ўтказиш имконияти шартномада кўрсатилиши мумкин. Қуйида меҳнат шартномасининг намунаси келтирилади (иш берувчи хорижий ишчи билан якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, намунага тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиши мумкин): МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИ № [рақами] [Шартнома тузилган жой (шаҳар/туман)] [Кун] [Ой] 202[йил] 1. ШАРТНОМА ТАРАФЛАРИ Бир томондан, [Ташкилот номи] (кейинги ўринларда — "Иш берувчи"), унинг раҳбари [Раҳбарнинг Ф.И.Ш.] тимсолида, ва иккинчи томондан, [Хорижий давлат номи] фуқароси [Ходимнинг Ф.И.Ш.] (кейинги ўринларда — "Ходим"), Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига мувофиқ мазкур меҳнат шартномасини қуйидагилар ҳақида туздилар: 2. ШАРТНОМА ПРЕДМЕТИ ВА МУДДАТИ 2.1. Ходим [Бўлим номи] бўлимига [Лавозим номи] лавозимига ишга қабул қилинади. 2.2. Мазкур шартнома муддатли бўлиб, [Бошланиш санаси] дан [Тугаш санаси] гача (меҳнат фаолияти ҳуқуқини берувчи тасдиқнома муддати доирасида) амал қилади. 2.3. Ходим учун [Муддат] (3 ойдан ошмаган) синов муддати белгиланади. 3. ХОДИМНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ - Ўз меҳнат вазифаларини (лавозим йўриқномасига мувофиқ) виждонан бажариш; - Иш берувчининг локал меъёрий ҳужжатларига (Ички меҳнат тартиби қоидалари, Жамоа шартномаси, бошқ.) ва меҳнат интизомига риоя қилиш; - Меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси талабларини бажариш; - Иш берувчининг мол-мулкини авайлаб асраш. 4. ИШ БЕРУВЧИНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ - Ходимни шартномада белгиланган иш билан таъминлаш; - Меҳнат хавфсизлиги ва санитария қоидаларига жавоб берадиган иш жойини ташкил этиш; - Ходимга иш ҳақини белгиланган муддатларда тўлаш; - Ходимнинг ижтимоий суғуртасини таъминлаш. 5. МЕҲНАТГА ҲАҚ ТЎЛАШ ВА ИШ РЕЖИМИ 5.1. Ходимга ойлик иш ҳақи [Сумма рақамда ва сўз билан] сўм миқдорида белгиланади. 5.2. Иш ҳақи Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси — сўмда тўланади. 5.3. Ходим учун [Иш кунлари сони] кунлик иш ҳафтаси ва [Иш соатлари] соатлик иш вақти белгиланади. 5.4. Ходимга йиллик [Кунлар сони] иш кунидан иборат меҳнат таътили берилади. 6. ШАРТНОМАНИ БЕКОР ҚИЛИШ 6.1. Мазкур шартнома Меҳнат кодексида белгиланган асослар бўйича, шунингдек меҳнат фаолияти ҳуқуқини берувчи тасдиқноманинг амал қилиш муддати тугаганда ёки бекор қилинганда тўхтатилади. 7. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР 7.1. Шартнома икки нусхада (ўзбек ва [Ходим тушунадиган тил] тилларида) тузилди. 7.2. Ушбу шартномада кўзда тутилмаган муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги билан тартибга солинади. 8. ТАРАФЛАРНИНГ РЕКВИЗИТЛАРИ
Иш берувчи Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома муддати тугашидан кейин чет эл фуқароси билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиши, чет эл фуқароси ишдан бўшатилса ёки ташкилот тугатилган бўлса, ваколатли органни бир ҳафта муддатда хабардор қилиши талаб этилади. |

