Ответов: 621
Ответы эксперта. Налоговый учет 2014 - 2018
Показать ответ

Қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчи ягона ер солиқ тўловчиларга Солиқ Кодекси 282-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ер солиғи бўйича имтиёзлар татбиқ этилади. Ушбу модданинг 24-бандига мувофиқ, мелиорация ишлари амалга оширилаётган мавжуд суғориладиган ерлар, ишлар бошланганидан эътиборан беш йил мобайнида солиқ солинмайдиган ер участкалари жумласига киритилган. Агар ажратилган ер саволда айтилганидек суғорилмайдиган, янги ўзлаштириладиган ер бўлса, у ҳолда 282-модданинг 23-бандини қўллаш имкониятини кўриб чиқиш мумкин.

Солиқ кодексида кўрсатилган имтиёзларни қўллаш учун солиқ тўловчида етарли асослар бўлиши керак (СКнинг 30, 31-моддаси).

Ерни ўзлаштириш ёки мелиорация ишларини бошлашдан аввал ушбу ишлар лойиҳасини тайёрламоқ ва бу лойиҳани ваколатли органлар – Қишлоқ хўжалик ва Сув хўжалиги Вазирликларининг таркибий бўлинмалари билан уйғунлаштирмоқ лозим. Ваколатли орган билан уйғунлаштирилган лойиҳанинг мавжудлиги солиқ имтиёзларини қўллаш учун асос бўлади. 

Показать ответ

Ягона ер солиғи (ЯЕС) бўйича 2017 йилга нисбатан ўзгаришлар бўлмаган. Солиқ кодексига биноан 2018 йилга ЯЕС бўйича қисқача маълумот қуйидагича:

 

N

Солиқ элементлари

Солиқ элементлари тўғрисида қисқа маълумот

1

Солиқ тўловчилар

           

  •  қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилар;
  •  қишлоқ хўжалиги йўналишидаги илмий-тадқиқот ташкилотларининг тажриба-экспериментал хўжаликлари ва таълим муассасаларининг ўқув-тажриба хўжаликлари (СКнинг 362-моддаси).

Ер участкалари ижарага (шу жумладан ички хўжалик пудратига) берилганида ягона ер солиғини тўлаш мажбурияти ижарага берувчининг зиммасида сақланиб қолади (СКнинг 364-моддаси)   

2

Солиқ солиш объекти

Қонун ҳужжатларига мувофиқ қишлоқ хўжалигини юритиш учун эгалик қилишга, фойдаланишга ёки ижарага берилган ер участкаси (СКнинг 365-моддаси)                         

3

Солиқ солинадиган база

Солиқ солинадиган ер участкаларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган норматив қиймати (СКнинг 366-моддаси)                 

4

Солиқ бўйича имтиёзлар

Имтиёзлар СКнинг 367-моддаси ҳамда ЎзР Президенти ва Хукумат қарорлари билан белгиланган

5

Солиқ ставкаси

             

Ставкалар ҳар йил ЎзР Президентининг қарори билан ўрнатилади. 2018 йил учун ставка – норматив қийматига нисбатан 0,95%. Ҳар бир хўжалик бўйича қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қиймати Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг "Ўздаверлойиҳа" Ўзбекистон давлат илмий-лойиҳа институти томонидан белгиланади. Президентнинг 2017 йил 29 декабрдаги ПҚ-3454-сон қарорига 20-илова.                          

6

Солиқ ва ҳисобот даврлари                

Солиқ даври – календарь йил (СКнинг 368-моддаси)

7

Ҳисоблаб чиқариш тартиби

Солиқ суммаси ер участкаларининг норматив қиймати ва ягона ер солиғининг белгиланган ставкасидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади (СКнинг 369-моддаси)

8

Солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш 

              

Солиқ ҳисоб-китоби ер участкаси жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органига жорий солиқ даврининг 1 майигача тақдим этилади.

Тўловни амалга ошириш:

  • ҳисобот йилининг 1 сентябригача - йиллик солиқ суммасининг 30 фоизи;
  • ҳисобот йилининг 1 декабригача - солиқнинг қолган суммаси (СКнинг 369-моддаси)                        

Батафсил маълумот Солиқ кодексининг 57-Боби ҳамда Президентнинг 2017 йил 29 декабрдаги ПҚ-3454-сон қарорида келтирилган.

Показать ответ

СКнинг 179-моддаси 30-бандига асосан жисмоний шахсларнинг қуйидаги мақсадларга йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадларига ЖШДС солинмайди:

  • ёш оила аъзоларининг шахсий уй-жой ёки кўп қаватли уйда хонадон қуриш, таъмирлаш ва сотиб олиш учун олинган ипотека кредитлари ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни қоплаш учун йўналтирилган даромадлари;
  • қонун ҳужжатларида белгиланган манбалар ҳисобидан қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда иморат қурувчилар, шунингдек уларнинг оила аъзоларининг ушбу кредитлар ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни қоплаш учун йўналтирилган даромадлари.

Ёш оилалар тоифасига – турмуш қурганларнинг ёши 30 ёшдан ошмаган, ёки болаларни (болани) 30 ёшдан ошмаган ота-онадан бири, шу жумладан, турмушидан ажрашган эркак (аёл), бева (бева аёл) кишилар тарбиялаётган оилалар киритилади (ЎзР Президентининг 18.05.2007 йилдаги № ПФ-3878 Фармони, 3-банди).

Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуришни амалга ошираётган жисмоний шахслар учун ёш бўйича чеклов қўйилмаган (ЎзР Президентининг 03.08.2009 йилдаги № ПҚ-1167 қарори).

Сизнинг ёшингиз ўттиздан ошгани учун ёш оила аъзоси таснифига тўғри келмайсиз. Лекин, бизнинг фикримизча иш ҳақингизни қишлоқ жойларда намунавий уй-жой қуриш учун белгиланган тартибда олинган кредитларни қоплашга йўналтирсангиз, ЖШДС бўйича юқорида кўрсатилган имтиёздан фойдаланишингиз мумкин. 

Показать ответ

Агар импорт бўйича сотиб олиш мавжуд бўлса:

• « Етказиб берувчи номи» устунида (2-устундая) божхона тозалаши (таможенная очистка) ишларини амалга оширган божхона органининг номи кўрсатилади;

• « Етказиб берувчининг СТИРи» устунида (3-устунда) тегишли божхона органининг СТИРи кўрсатилади;

• «Ҳисобварақ-фактура рақами» устунида (4-устун) –БЮДнинг божхона органи томонидан берилган маълумот рақами ёки БЮД бланкасининг рақами;

• «Ҳисобварақ-фактура санаси» устунида (5-устун) – БЮД санаси.

Юқорида келтирилган маълумот давлат солиқ хизматининг расмий сайтида келтирилган 2015 йил 19 июнда чоп этилган:

https://soliq.uz/ru/press_center/news/kak-pravilno-zapolnit-reestry-schetov-faktur-k-raschetu-nds/

Показать ответ

Ҳисоблаб чиқарилган ер солиғи бўйича бюджетга қарздорлик акс эттирилганида солиқ суммаси бошқа операцион харажатлар таркибида давр харажатларига киритилади.

6400 счётлар гуруҳида “Ер солиғи бўйича бюджетга қарздорлик” номи билан қўшимча субсчёт очилади, бу масалан 6420 бўлиши мумкин.

Ер солиғи ҳисоблаб чиқарилганида, ҳисобланган солиқ суммасига қуйидаги ўтказма берилади:

Дт 9430 “Бошқа операцион харажатлар”

            Кт 6420 “Ер солиғи бўйича бюджетга қарздорлик”

Ер солиғи тўланганида, бюджетга ўтказилган солиқ суммасига:

Дт 6420 “Ер солиғи бўйича бюджетга қарздорлик”

            Кт 51 10 “Ҳисоб-китоб счёти”

Показать ответ

Ягона солиқ тўловини (ЯСТ) тўловчи корхоналар автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш фаолияти бўйича давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашлари лозим.

ЯСТ тўловчи корхона асосий фаолиятидан ташқари автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш фаолияти билан ҳам шуғулланса, ҳар бир фаолият тури бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиши шарт ва у мазкур фаолият тури бўйича қатъий белгиланган солиқ тўлайди. Қатъий белгиланган солиқлар тўловчи корхоналар давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўловчилари бўлмаган юридик шахслар тоифасига киритилмаган (СКнинг 312-моддасида). Қатъий белгиланган солиқ соддалаштирилган солиқ тизимига киради. Солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби назарда тутилган солиқ тўловчилар учун давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлаш мажбуриятлари сақланиб қолади (СКнинг 349-моддаси).

Показать ответ

Ҳисобланган ва амалда тўланган даромадлар суммалари ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги Маълумотлар шаклида: 001 сартда корхона бўйича жами даромад таркибига 3 600 000 сўм киради, 010 сатрда – ҳисобланган даромад – 3 600 000 сўм; 015 сатрда – ушлаб қолинган солиқ – 270 000 сўм (ўсиб борувчи якун билан).

Йил чораги учун тўланган даромадлар ва ўтказилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда ШЖБПҲга бадаллар суммасининг Расшифровкасида (1-илова) ижарачига тўланадиган (тўланган) даромад ва ушлаб қолинган солиқ суммалари (корхона бўйича жами сумма таркибида ёки алоҳида) кўрсатилади: 1 110 000 сўм ҳисоблаб ёзилган сана билан – 2 ва 3-устунларда, тўланган сана билан эса – 6 ва 7-устунларда; ушлаб қолинган солиқ суммаси – 90 000 сўм – 4-устунда. Ижара ҳақи ҳисоблаб ёзилган ва тўланган саналар корхона бўйича иш ҳақи ҳисоблаб ёзилган ва тўланган саналар билан мос келмаса, улар алоҳида сатрда кўрсатилади.

Йил учун жисмоний шахсларга ҳисобланган даромадлар расшифровкасида (3-илова): 03 ва 031 сатрларида ижара учун даромад оладиган жисмоний шахслар сони ва жисмоний шахсга тўланадиган (1 110 000 сўм) ижара пулининг йиллик суммаси акс эттилилади. Мазкун илова йил якуни бўйича тўлдирилади ва топширилади.

Юқорида ЖШДС ҳисоботи шаклларининг саволга тегишли энг муҳим жойлари акс эттирилган. ЖШДС бўйича ҳисобот шаклларини тўлдиришда жисмоний шахсларга мулк ижараси учун тўланган даромадлар бўйича киритиладиган маълумотларни акс эттириш иш ҳақи бўйича маълумотларни акс эттиришдан деярлик фарқ қилмайди, чунки улар жисмоний шахсларга тўланган жами даромадлар таркибига киради. Улар корхонада иш ҳақи бўйича жами даромадлар таркибига киритилиб акс эттирилади, айрим жойларда улар алоҳида кўрсатилиши лозим. Шаклни тўлдиришдан аввал ундаги барча ёзувларни ўқиб чиқиш, сатр ичида кўрсатилган формулаларга ва изоҳларга эътибор бериш керак. 

Показать ответ

Агар импорт бўйича сотиб олиш мавжуд бўлса, ҚҚС ҳисоботининг 7-иловасида қуйидагилар акс эттирилади:

• 2-устунда – божхона тозалаши (таможенная очистка) ишларини амалга оширган божхона органининг номи;

• 3-устунда – тегишли божхона органининг СТИРи;

• 4-устунда –БЮДнинг божхона органи томонидан берилган маълумот рақами ёки БЮД бланкасининг рақами;

• 5-устунда – БЮД санаси.

• 6-устунда – ҚҚС суммаси ҳисоблаб чиқариладиган база (БЮДнинг 47-графасида кўрсатилган);

• 7-устунда – тўланган ҚҚС суммаси (БЮДнинг 47-графасида кўрсатилган).

Показать ответ

Бизда мавжуд маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Молия Вазирлиги томонидан 05.07.2017 йилдаги ПФ-5106 сонли Фармон нормаларига аниқлик киритиш мақсадида Президент Қарорининг лойиҳаси ишлаб чиқилган ва Вазирлар Маҳкамасига киритилган. Қарор лойиҳасида ПФ-5106 сонли Фармон нормаларининг кучга кириш санаси ва уларни қўллаш тартиби назарда тутилган. Мазкур Қарор чиққанидан кейин ПФ-5106 сонли Фармонда белгиланган солиқ имтиёзини қўллашга доир масалаларга ойдинлик киради деган умиддамиз.

Қарор чиқиши билан албатта бу ҳақида маълумот берамиз. 

Показать ответ

Президентнинг 18.05.2017 йилдаги ПҚ-2973 сонли қарорига мувофиқ, кичик саноат зонаси (КСЗ)да иштирок этувчи ташкилотлар мулк солиғи, фойда солиғи, шунингдек ягона солиқ тўловидан (ЯСТ тўловчилар) озод қилинган, яъни солиқ имтиёзи муайян фаолият тури ёки бошқа иқтисодий кўрсаткичка эмас, балки бутун ташкилотга берилган. Бундан хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, КСЗ иштирокчиси бўлган корхона солиқ имтиёзини жами даромадга (ЯСТ ҳисоб-китобида Солиқ солинадиган ялпи тушум – 040 сатр) нисбатан қўллайди. Жами даромад (Солиқ солинадиган ялпи тушум)га шу жумладан бошқа даромадлар ҳам киради. Беғараз молиявий ёрдамдан даромад – ушбу ёрдамни олувчи корхонанинг бошқа даромади бўлиб ҳисобланади (СКнинг 132, 135-моддалари).

Показать ответ

Адлия вазирлигида 2013 йил 4 апрелда 2449-сон билан рўйхатга олинган Низом асосий фаолият тури чакана савдо бўлган юридик шахсларга нисбатан тадбиқ этилади, бундан 2449-сонли Низомнинг 2-бандида кўрсатилганлар мустасно.

Воситачилик (комиссионерлик) хизматини кўрсатиш эса чакана савдо фаолияти бўлиб ҳисобланмайди. Асосий фаолият тури – воситачилик хизмати (комиссионнерлик хизмати) бўлган корхоналар ЯСТни Адлия вазирлигида 2011 йил 3 мартда 2203-сон билан рўйхатга олинган Низомга мувофиқ ҳисоблаб чиқарадилар ва тўлайдилар. Низомнинг 2-бандида кўрсатилган корхоналарга мазкур Низом тадбиқ этилмайди.

Пасайтирувчи коэффициентлар 2203-сонли Низомнинг 1-иловасида келтирилган. Ушбу иловада кўзда тутилмаган фаолият тури билан шуғулланувчи корхоналар пасайтирувчи коэффициентни қўлламайдилар, ягона солиқ тўлови энг кам миқдорининг маълумотнома-ҳисоб-китобида эса коэффициентни бирга тенг қилиб кўрсатадилар, яъни тегишли ячейкага “1” сонини қўядилар.

Маълумот учун:

Президентнинг 29.12.2017 йилдаги ПҚ-3454 сонли Қарори билан 2018 йилнинг 1 апрелидан бошлаб жами майдони 1 гектардан кўпроқ ер участкасига эга бўлган ЯСТ тўловчилар учун жами майдонга ер солиғини тўлаш жорий этилган. Ер солиғини тўловчи ЯСТ тўловчилар учун ЯСТни 2203-сонли ва 2449 -сонли Низомларга мувофиқ ҳисоблаб чиқиш ва тўлаш тартиби бекор қилинган. 

Показать ответ

СКнинг 371-моддасига мувофиқ, қатъий белгиланган солиқ тўлаш татбиқ этиладиган фаолият билан бир қаторда фаолиятнинг бошқа турларини амалга оширувчи юридик шахслар фаолиятнинг мазкур турлари бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритишлари ва умумбелгиланган солиқларни ёки соддалаштирилган солиқларнинг ушбу фаолиятга тегишли турларини тўлашлари шарт.

СКнинг 312-моддасида давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларнинг тўловчилари бўлмаган юридик шахслар рўйхати келтирилган. Ушбу рўйхатга жумладан ягона солиқ тўловини тўловчи юридик шахслар ҳам кирган, лекин рўйхатда қатъий белгиланган солиқ тўловчилар йўқ.

СКнинг 313-моддасига мувофиқ, солиқ тўловчилар турли хил солиқ солиш объектларига эга бўлган ҳолларда, улар солиқ солиш объектларининг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритиши ва тегишли объектлардан келиб чиққан ҳолда давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлаши шарт.

ЯСТ тўловчи корхона асосий фаолиятидан олинган адромадидан ЯСТ тўлайди, автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш фаолияти бўйича эса қатъий белгиланган солиқ тўлайди. Бунинг учун корхона ҳар бир фаолият туридан олинган тушумнинг ҳисобини алоҳида-алоҳида юритади. Шу билан бир қаторда СКнинг 313-моддасига мувофиқ давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни ҳам тўлайди. Лекин мазкур ажратмаларни ҳисоблаб чиқаришда солиқ солиш объекти – автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш фаолиятидан олинган тушум ҳисобланади.

Мисол учун, корхона ҳисобот даврида асосий фаолият бўйича 100 000 000 сўм даромад олди,  автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш фаолияти бўйича эса 20 000 000 сўм даромад олди, жами 120 000 000 сўм даромадга эга бўлди. Корхона ЯСТ суммасини 100 000 000 сўмдан белгиланган ставка бўйича ҳисоблаб чиқаради. Қатъий белгиланган солиқ суммасини эгаллаган ер майдонидан (стоянка майдонидан) келиб чиққан ҳолда белгиланган ставкада ҳисоблаб чиқаради. Давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар суммасини 20 000 000 сўмдан ҳисоблайди ва ажратма суммаси 20 000 000 х 3.2% = 640 000 сўмга тенг бўлади.

Жавобимиз сизни қониқтирди деган умиддамиз.

Показать ответ

Ходимнинг корхонага бўлган қарзини ёпиш учун ушлаб қолинадиган иш ҳақига нисбатан ЖШДС бўйича имтиёзлар мавжуд эмас. Ходимнинг уй сотиб олиш учун банкдан олган кредитини ва у бўйича фоизларни тўлаш учун йўналтирилган иш ҳақига нисбатан солиқ имтиёзларини қўллаш мумкин (СКнинг 179-моддаси).

Бунда кредит олган жисмоний шахс ёш оила аъзоси бўлиши (Президентининг 2007 йил 18 майдаги ПФ-3878-сон “Ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доир  қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Фармон) ёҳуд уй-жой қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича қуриши ва кредитни қонун ҳужжатларига мувофиқ зиммасига юклатилган банклардан олган бўлиши (Президентнинг 2009 йил 3 августдаги "Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-1167-сон Қарори) лозим.

Солиқ имтиёзини қўллаш тартибини муккаммал тушуниб олиш учун юқорида келтирилган қонун ҳужжатлари билан танишиб чиқишни тавсия этамиз. Корхонангизда ишловчи ходимнинг ҳолати мазкур қонун ҳужжатларида белгиланган шартларга жавоб берса, демак унинг даромадига нисбатан солиқ имтиёзини қўллаш мумкин бўлади.

Показать ответ

Солиқ солиш мақсадида савдо ва умумий овқатланиш корхоналари жумласига савдо фаолияти ўтган ҳисобот йили якунлари бўйича асосий фаолият тури бўлган юридик шахслар киради (СКнинг 350-моддаси). Асосий фаолият тури - юридик шахснинг ҳисобот даври якунлари бўйича умумий реализация қилиш ҳажмидаги соф тушум улуши устунлик қиладиган фаолиятидир (СКнинг 22-моддаси). Агар юридик шахслар ҳисобот йили якунлари бўйича ушбу шартларга жавоб бермасалар, улар келгуси йил бошидан эътиборан умумбелгиланган солиқлар тўлашга ўтиши керак (СКнинг 352-моддаси).

Ягона солиқ тўлови ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган фойдали қазилмаларни қазиб олишни амалга оширувчи микрофирмалар ва кичик корхоналарга татбиқ этилмайди, бундан энергия тежайдиган замонавий технологиялар асосида пишиқ ғишт ишлаб чиқарувчи микрофирмалар ва кичик корхоналар мустасно (СКнинг 350-моддаси).

Президентнинг 2009 йил 19 июндаги “Деворбоп материаллар ишлаб чиқаришни кўпайтиришни рағбатлантириш ва сифатини яхшилаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида“ги ПҚ-1134-сон Қарори 2-бандининг иккинчи, учинчи хатбошларига қаранг.

Савол мазмунида келтирилган маълумотларга кўра, 2017 йил якуни бўйича савдо фаолияти корхонанинг асосий фаолияти бўлиб ҳисобланмайди, чунки йиллик жами тушумда ишлаб чиқарилган ғишт маҳсулотини сотишдан келган тушум улуши устунлик қилади ва ушбу фаолият тури унинг асосий фаолият тури бўлиб ҳисобланади. Агар ғишт ишлаб чиқариш Президентнинг 2009 йил 19 июндаги ПҚ-1134-сон Қарорида белгиланган талабларга жабоб берса, корхонада ягона солиқ тўловчиси бўлиб қолиш имконияти бўлади. Акс ҳолда умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтиши керак.

Показать ответ

Авваламбор шуни айтиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон норезидентлари томонидан маҳаллий корхоналарга ишлар бадарилган, хизматлар кўрсатилганида икки турдаги солиқларни тўлаш мажбурияти юзага келиши мумкин – норезидентлар даромадига солинадиган фойда солиғи (СКнинг 25-боби) ҳамда қўшилган қиймат солиғи (СКнинг 207-моддаси).

Ўзбекистон Республикаси норезиденти томонидан бажарилган хизматлар, агар уларнинг реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси бўлса ва Солиқ Кодексига мувофиқ уларга қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) солиниши керак бўлса, хизматларни олувчи Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчисининг солиқ солинадиган обороти ҳисобланади.

Айни ҳолатда хорижий компания томонидан кўрсатилган аудиторлик хизмати бўйича ҚҚС тўланиши керак. Солиқ солинадиган база Ўзбекистон норезидентига тўланиши лозим бўлган суммадан келиб чиқиб, Ўзбекистондаги манбалардан олинган даромад бўйича тўлов манбаида ушлаб қолиниши лозим бўлган солиқ (яъни норезидентлар даромадига солинадиган фойда солиғи) суммаси чегириб ташланмаган ҳолда белгиланади.

Бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚСнинг суммаси белгиланган ставка ва солиқ солинадиган базадан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Ўзбекистон норезидентлари томонидан кўрсатилган хизматлар бўйича ҚҚС қуйидаги формула орқали ҳисоблаб чиқарилади:

С ққс = Б х С/100

бу ерда:

С ққс - қўшилган қиймат солиғи суммаси;

Б - Ўзбекистон норезиденти томонидан тақдим этилган, далолатномалар, инвойслар ва бошқа хужжатлар билан тасдиқланадиган хизматлар баҳоси;

С - қўшилган қиймат солиғи ставкаси - 20 %.

ҚҚС суммаси хорижий компанияга хизмат ҳақи тўланган пайтда бюджетга ўтказилади, солиқларни чегиргандан кейин қолган сумма хорижий компанияга ўтказилади.

Олинган хизматлар учун ҳақ тўлаш чет эл валютасида амалга оширилган тақдирда, солиқ солинадиган оборот бу оборот амалга оширилган санадаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича миллий валютада қайта ҳисоблаб чиқилади.

ҚҚС тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжати СКнинг 218-моддасига мувофиқ солиқ суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқини беради. 

Показать ответ

Жисмоний шахсда ер солиғини тўлаш мажбурияти ушбу жисмоний шахсда унга ер участкаси ажратилганидан кейинги ойдан эътиборан юзага келади (СКнинг 294-моддаси).

Тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиладиган ер участкалари учун якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берилганда, шунингдек жисмоний шахсларнинг мулкида бўлган, яшаш учун мўлжалланмаган жойлар эгаллаган ер участкалари учун жисмоний шахслардан ер солиғи юридик шахслар учун белгиланган ставкалар бўйича ундирилади (СКнинг 291-моддаси). Жисмоний шахслар учун ер солиғи бўйича имтиёзлар СКнинг 290-моддасида белгиланган, лекин тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ер участкалари ажратиб берилган якка тартибдаги тадбиркорларга ушбу имтиёзлар татбиқ этилмайди (бундан СКнинг 291-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно).

Агар ер участкасида жисмоний шахс якка тартибдаги тадбиркор сифатида рухсат этилган фаолият тури билан шуғулланса, унда қатъий белгиланган солиқ тўлаш мажбурияти юзага келади (СКнинг 58-боби). Солиқ ставкалари фаолият турига боғлиқ бўлади ва ҳар йили Президент Фармони билан ўрнатилади. Шунингдек унда ер солиғи тўлаш мажбурияти сақланиб қолади.

Ер участкасида тадбиркорлик фаолияти юридик шахсни ташкил этган ҳолда амалга ошириладиган бўлса, ушбу юридик шахс қайси тадбиркорлик субъектига мансуб (кичик ёки йирик) бўлишига қараб (шунингдек у танлаган солиқ солиш тизимига қараб) умумбелгиланган солиқлар тўловчиси ёки ягона солиқ тўлови (ЯСТ) тўловчиси бўлиши мумкин. 1 гектардан ортиқ ер майдони бўлган ЯСТ тўловчи юридик шахс шунингдек ер солиғини ҳам тўлайди. Юридик шахс юритаётган фаолият турига қараб қатъий белгиланган солиқ тўловчиси бўлиши ҳам мумкин.

Солиқлар бўйича имтиёзлар Солиқ Кодексининг ҳар бир солиқ турига тегишли бобларида белгиланган.

Показать ответ

Президентнинг 22.11.2016 йилдаги ПҚ-2660 сонли Қарорига асосан жисмоний шахслар даромадларидан олинадиган солиқ (ЖШДС) бўйича берилган имтиёз жисмоний шахснинг иш жойида қўлланиши, шунингдек даромадлари ҳақида декларация топшириш орқали қўлланиши мумкин.

Айни ҳолда қарз турмуш ўртоғингизнинг иш ҳақи ҳисобидан иш жойидан ўтказилса, ушбу имтиёз унинг иш жойида қўлланади. Ундан ташқари, сиз ҳам иш жойидан иш ҳақингизни қарзни ёпиш учун ўтказишингиз мумкин, у ҳолда сизнинг иш жойингизда ҳам имтиёз қўлланади. Нақд пулда тўланган тақдирда, декларация топшириш орқали ортиқча тўланган солиқ суммасини қайтариб олиш мумкин. Ҳам нақд пулда, ҳам иш ҳақи ҳисобидан пул тўланган тақдирда, ҳар иккала усулдан фойдаланиш керак, бунда солиқлар бўйича якуний ҳисоб-китоб декларация топшириш орқали амалга оширилади. Декларация топшириш тартиби Солиқ Кодексининг 34-Бобида белгиланган. Унга асосан, солиқ тўловчи жисмоний шахс ўзининг йиллик даромадлари ҳамда ушлаб қолинган солиқлар тўғрисида иш жойидан маълумотнома, банк билан тузилган шартнома, тўловларни тасдиқловчи квитанцияларни олиб, турар жойи бўйича туман солиқ инспекциясига мурожаат қилиши лозим. Декларация ҳар йили 1 январдан 1 апрелга қадар топширилади. Солиқ хизмати ходимлари тақдим этилган ҳужжатлар асосида ҳисоб-китоб қилиб чиқадилар ва ортиқча тўланган солиқ суммаси бўлса, уни жисмоний шахсга қайтарадилар.

Показать ответ

Солиқ тўловчи талабнома олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ёхуд аниқланган тафовутларнинг асосини, тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда ёзма шаклда, шу жумладан электрон шаклда, тақдим этиши шарт (СКнинг 70-моддаси).

Солиқ ҳисоботини давлат солиқ хизмати органига тақдим этиш санаси қуйидагилар ҳисобланади (СКнинг 45-моддаси):

  • солиқ ҳисоботи шахсан олиб бориб бериш тартибида тақдим этилганда - солиқ ҳисоботи давлат солиқ хизмати органи томонидан қабул қилиб олинган сана;
  • солиқ ҳисоботи почта орқали буюртма хат билан тақдим этилганда - алоқа ташкилотининг тамғасида кўрсатилган, почта жўнатмаси жўнатилган сана;
  • солиқ ҳисоботи электрон ҳужжат тарзида тақдим этилганда - электрон ҳужжат давлат солиқ хизмати органи томонидан олинган сана.
Показать ответ

Ягона ижтимоий тўлов (ЯИТ) суммасини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш, у бўйича солиқ ҳисоботини тузиш СКнинг 51-Боби, “ЯИТнинг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ЯИТни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги НИЗОМ” (АВда 2010 йил 13 апрелда 2095-сон билан рўйхатга олинган) ҳамда “ЯИТ ва фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари бўйича СОЛИҚ ҲИСОБОТИ ШАКЛЛАРИ” (АВда 2013 йил 22 мартда 2439-сон билан рўйхатга олинган)га мувофиқ амалга оширилади.

Агар Солиқ кодексига (СК) мувофиқ ҳисоблаб чиқилган ЯИТ суммаси ЯИТнинг энг кам миқдоридан кам бўлса, у ҳолда ЯИТнинг энг кам миқдорининг СКга мувофиқ ҳисоблаб чиқилган ЯИТ суммасидан ортган қисмига қўшимча ЯИТ ҳисобланади. Агарда кўп ёки унга тенг бўлса, у ҳолда ЯИТнинг СКга мувофиқ ҳисоблаб чиқилган сумма тўланиши керак.

Саволда келтирилган мисолга қараганда, ЯИТнинг Солиқ Кодексига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилган суммаси 150 000 сўмга тенг, энг кам миқдори эса 111 956 сўмга тенг. Кўриниб турибдики, СКга мувофиқ ҳисоблаб чиқилган ЯИТ унинг энг кам миқдоридан катта, демак бюджетга 150 000 сўм тўланади. Қўшимча ЯИТ ҳисобланмайди. ЯИТ ҳисоб-китобининг 070 сатри “ҳисобот даврида тўланиши лозим бўлган сумма”да ҳам 150 000 сўм акс эттирилади.

Юқорида кўрсатилган қонун ҳужжатлари билан батафсил танишиб чиқишни тавсия этамиз.

Показать ответ

Ҳа, жисмоний шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида йигирма олти ёшга тўлмаган фарзандларининг ўқиши учун йўналтириладиган даромадларига солиқ солинмайди (СКнинг 179-моддаси, 31-банди). Мазкур имтиёз жисмоний шахс ўз фарзандининг ўқиши учун қўшимча контракт (суппер контракт) бўйича пул тўлаган ҳолларда ҳам амал қилади.

Имтиёзни қўллаш тартиби Адлия вазирлигида 2010 йил 27 майда 2107-сон билан рўйхатга олинган қарор билан тасдиқланган Низомда белгиланган. Имтиёздан фойдаланиш учун ходим иш жойига Низомнинг 11-бандида кўрсатилган ҳужжатларни топшириши лозим.

Агар солиқ чегирмаси суммаси имтиёздан фойдаланаётган жисмоний шахснинг жами йиллик даромади суммасидан ортиқ бўлса, қолган суммага солиқ чегирмаси ушбу имтиёзни олиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа жисмоний шахс (отаси ёки онаси)га Низомда белгиланган тартибда берилиши мумкин.

Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018 г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. 78-150-11-72, Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+
Яндекс.Метрика