Ответов: 621
Ответы эксперта. Налоговый учет 2014 - 2018
Показать ответ

Корхонангизда ишламайдиган жисмоний шахсга берилган пул маблағи ушбу жисмоний шахснинг текинга олган мол-мулки бўлади ва унинг моддий наф тарзидаги даромади деб ҳисобланади (СКнинг 177-моддаси). Моддий наф тарзидаги даромадларга тўлов манбаида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ЖШДС) солинади. Лекин, меҳнатга оид муносабатларда бўлмаган жисмоний шахсга моддий наф тарзида даромад тўловчи солиқ агенти (яъни корхона), жисмоний шахснинг ёзма аризаси асосида ЖШДС ушлаб қолмасликка ҳақлидир. Бунда жисмоний шахс СКнинг 189-моддасига мувофиқ декларация асосида ЖШДСтўлаши шарт (СКнинг 184 моддаси).

Ўз навбатида юридик шахс асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган шаклда, солиқ даври тугаганидан сўнг ўттиз кун ичида давлат солиқ хизмати органларига маълумотнома тақдим этиши шарт (СКнинг 187-моддаси 1-қисми 1-банди).

Жисмоний шахсларнинг моддий наф тарзидги даромадларига ЯИТ ва пенсия фондига суғурта бадали солинмайди (СКнинг 306-моддаси).

Маълумот учун. Солиқ кодексига асосан пул маблағлари ҳам мол-мулк ҳисобланади (СКнинг 22-моддаси).

Умумбелгиланган солиқлар тўловчи юридик шахсларда жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромадлари ҳисобланадиган харажатлари фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда чегирилмайдиган харажатлар деб ҳисобланади (СКнинг 147-моддаси). ЯСТ тўловчи корхоналарда солиқ солинадиган базага таъсир кўрсатмайди.

Показать ответ

Ўзбекистон ҳудудида солиқ солинадиган мол-мулкка эга бўлган юридик шахслар мол-мулк солиғи тўловчилари бўладилар. Бунда айрим истиснолар мавжуд (СКнинг 265 ва 266-моддаларини қаранг).

Корхона жисмоний шахс бўлган таъсисчига тегишли турар жой манзили бўйича рўйхатга олинган бўлса, корхонада ушбу турар жой бўйича мол-мулк солиғи тўлаш мажбурияти юзага келмайди. Лекин корхона (оилавий корхоналардан ташқари) томонидан жисмоний шахснинг мол-мулкидан (турар жойидан) фойдаланиш юридик жиҳатдан тўғри расмийлаштирилган бўлиши лозим (ижара шартномасинини расмийлаштириш).

Турар жой бўйича мол-мулк солиғини тўлаш мажбурияти юридик шахсга жой берган жисмоний шахсда (таъсисчида) сақланиб қолади. Бундай ҳолатларда солиқ ставкасини қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари бор. Жисмоний шахслар солиқ солинадиган мол-мулкдан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланган ёки бу мол-мулк тадбиркорлик субъектига ижарага берилган тақдирда, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ юридик шахслар учун белгиланган ставка бўйича тўланади. Турар жойдан унда истиқомат қилиш билан бир вақтда товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) билан шуғулланувчи оилавий корхоналар бундан мустасно, бундай объектлар бўйича мол-мулк солиғи жисмоний шахслар учун белгиланган ставкада тўланади (СКнинг 276-моддасини кўриб чиқинг).

Юқорида баён этилган қоидалар ҳозирги пайтда амалда бўлган қонун ҳужжатлари асосида ёзилган. 2019 йилдан солиққа оид қонун ҳужжатларига айрим ўзгаришлар киритилиши мумкин.

Показать ответ

Марказлаштирилган манбалар деганда – давлат бюджети маблағлари, бюджетдан ташқари жамғармалар ва Ҳукумат қарорлари билан ташкил этилган алоҳида тармоқлар ва ташкилотларнинг махсус жамғармалари, Ўзбекистон Республикаси Ҳуқумати кафолати ёки унинг номидан жалб этиладиган чет эл кредитлари, Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари, давлат бошқарув органлари ва давлат корхоналари маблағлари тушунилади.

Марказлаштирилган манбаларни жалб қилган ҳолда қурилаётган объектларга қурилиш ташкилотларидан ташқари, шунингдек моддий ресурсларни етказиб берувчилар (ишлаб чиқарувчи) ҳам танлов асосида танлаб олинади (ВМнинг 12.09.2003 йилдаги 395-сон қарори билан тасдиқланган “Марказлаштирилган манбалар ҳисобига қурилишни ташкил этиш, молиялаштириш ва кредитлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 5-банди).

Бундай объектларга моддий ресурслар етказиб берувчи корхоналар ушбу қурилишга етказиб берган товарлари бўйича ҚҚС тўловчиси бўлиб ҳисобланадилар (қайси солиқ тартибини қўллашларидан қатъий назар).

Қўшимча маълумотларни қуйида келтирилган ўхшаш саволларга жавобларда кўришингиз мумкин:

https://vopros.norma.uz/question/8172?us=f17iglmdn1da689gbs3hk55lt5

https://vopros.norma.uz/question/8841?us=f17iglmdn1da689gbs3hk55lt5

https://vopros.norma.uz/question/8743?us=f17iglmdn1da689gbs3hk55lt5

https://vopros.norma.uz/question/11487?sid=21222&st=156254&us=q4ouk0pedtabheeh3kursimtk7

Солиқ хизмати органининг ҚҚС тўлаш тўғрисидаги талабномасида қайси қонун ҳужжатига асосан бундай талаб қўйилаётгани кўрсатилган бўлиши керак.

Маълумот учун. Солиқ хизмати органининг талаби Президент томонидан тасдиқланган солиқ реформаси билан боғлиқ бўлиши мумкин. Президентнинг Фармонида йиллик оборотлари 1 млрд.сўмдан ортиқ бўлган корхоналарни 2019 йилдан умумбелгиланган солиқлар (шу жумладан ҚҚС) тўлашга ўтказиш назарда тутилган (Президентнинг 29.06.2018 йилдаги УП-5468 сонли Фармони).

Показать ответ

Норезидентга тўланган даромад бўйича корхона солиқ агенти сифатида норезидент даромадидан фойда солиғини ушлаб қолиб бюджетга тўлаб беради, шунингдек ушбу оборот бўйича ҚҚС тўлайди.

Олинган хизматлар ҳажми (миқдори) хизматлар кўрсатилганлиги (ишлар бажарилганлиги) тўғрисидаги далолатнома билан тасдиқланади. Шунингдек, хизматлар кўрсатувчи контрагентдан инвойс олинади. Мазкур чет давлат билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида солиқ солиш масалаларини тартибга солувчи халқаро шартнома мавжуд бўлган тақдирда, норезидент чет давлатнинг ваколатли органи томонидан берилган ўша давлатда мазкур шахснинг резидентлиги борлиги фактини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этса мақсадга мувофиқ бўлади.

Чет эл фирмаси бўлган норезидент Ўзбекистон ҳудудида кўрсатган хизматлари бўйича фойда солиғи тўловчиси бўлиб ҳисобланади (СКнинг 126-моддаси). Ўзбекистон худудида норезидент хизматлар кўрсатишдан даромад олганда ушбу даромадлар унинг Ўзбекистондаги доимий муассасаси билан боғлиқ бўлмаса, тўлов манбаида солиқ ушлаб қолинади ва бюджетга ўтказилади. Яъни, норезидентга даромад тўловчи юридик шахс норезидентга фойда солиғи суммасини ушлаб қолган ҳолда пул тўлайди ва ушлаб қолинган солиқ суммасини бюджетга ўтказади. Ўзбекистон Республикаси ушбу чет давлат билан солиқ солиш масалаларини тартибга солувчи халқаро шартномага эга бўлса, у ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган ҳужжатлар норезидент томонидан тақдим этилган тақдирда тўлов манбаида фойда солиғи ушлаб қолинмайди ёки пасайтирилган ставкада ушлаб қолинади (СКнинг 155-моддаси). Хизматлар бўйича солиқ ставкаси 20 фоиз миқдорида белгиланган (СКнинг 160-моддаси). Сизнинг ҳолатингизда 25 000 х 20% = 5 000 АҚШ доллари, норезидентга 20 000 АҚШ доллари ўтказилади, бюджетга 5 000 АҚШ доллари норезидентга тўлов амалга ошириладиган кундаги МК курси бўйича ўтказилади. Тўлов амалга оширилган давр тугагач 25 кундан кечиктирмай солиқ хизмати органига солиқ ҳисоб-китобини топшириш керак.

Хизматларни олувчи юридик шахслар зиммасига шунингдек  Ўзбекистон норезидентлари томонидан амалга оширилаётган солиқ солинадиган оборотлар учун қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўлаш бўйича мажбурият юклатиладиган (СКнинг 197-моддаси). Хизматларни (шу жумладан санъат соҳасида) реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўлса, уларни реализация қилиш оборотларига ҚҚС солинади (СКнинг 202-моддаси). Ўзбекистон Республикаси норезиденти томонидан тақдим этилган хизматлар (агар СКнинг 199, 202-моддаларига мос келса) хизматларни олувчи корхонанинг ҚҚС солинадиган оборотидир. Сизнинг ҳолатингизда 25 000 АҚШ доллари ҚҚС солинадиган оборот, 25 000 х 20% = 5 000 АҚШ доллари ҚҚС суммаси. Солиқ солинадиган база СКнинг 207-моддасида белгиланган тартибда аниқланади ва ҳисоблаб чиқарилади. Эътибор беринг, ҚҚС суммаси норезидентга тўланадиган маблағдан ушлаб қолинмайди. СКнинг 40-бобида солиқ ҳисоботларини топшириш ва солиқ тўлаш тартиби баён этилган.

Юқорида кўрсатилган қоидалар, даромад тўловчи юридик шахс ўз фаолияти бўйича солиқ солишнинг қайси тартибини қўллашидан қатъий назар амал қилади.

СКнинг тегишли моддалари билан мукаммал танишиб чиқишни маслаҳат қиламиз.

Показать ответ

Юридик шахс ягона ер солиғи тўловчиси бўлиши учун бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга жавоб бериши керак (СКнинг 362-моддаси):

1) ер участкаларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва ўзи етиштирган мазкур маҳсулотни қайта ишлаш ёхуд ер участкаларидан фойдаланган ҳолда фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш асосий фаолият тури бўлиши;

2) қишлоқ хўжалигини юритиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўзларига белгиланган тартибда берилган ер участкаларига эга бўлиши;

3) қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва ўзи етиштирган мазкур маҳсулотни қайта ишлаш улуши реализация қилиш ёки қайта ишлаш учун олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ўз ичига олувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва қайта ишлаш умумий ҳажмида камида 50 фоизни ташкил этиши.

Янгидан ташкил этилган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчи биринчи ва иккинчи шартларга жавоб берса, у давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан ягона ер солиғи тўловчиси бўлади.

Юридик шахслар доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли фойдаланиш, ижарага олиш ва мулк ҳуқуқи асосида ер участкаларига эга бўлишлари мумкин. Ер участкасини ажратиб бериш тартиби Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексида белгиланган (ЎзР 30.04.1998 й. 598-I-сон Қонуни билан тасдиқланган).

Халқ хўжалиги тармоқлари таснифлагичига мувофиқ паррандачилик қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига киради  (хос рақами - 21240). Агар корхонангизга белгиланган тартибда ер участкаси ажратиб берилган бўлса, ягона ер солиғи тўловчисига қўйилган шартларга жавоб беради.

Корхонангиз паррандачиликдан ташқари яна қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва қайта ишлаш билан боғлиқ бўлмаган фаолият турларини амалга оширса, у ҳолда мазкур фаолият турлари бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиши ва ягона солиқ тўловини ёки СКнинг 58-бобига мувофиқ қатъий белгиланган солиқ тўланиши назарда тутилган фаолият доирасида қатъий белгиланган солиқни тўлаши шарт (СКнинг 363-моддаси).

Ягона ер солиғи бўйича имтиёзлар СКнинг 367-моддасида белгиланган. Хусусан, солиқ тўловчилар ер участкасининг қайси қисмида томчилатиб суғоришдан фойдаланилаётган бўлса, ўша қисмида томчилатиб суғориш тизими жорий қилинган ойдан бошлаб беш йил муддатга ягона ер солиғини тўлашдан озод қилинган. Шунингдек, СКнинг 282-моддаси 2-қисмида назара тутилган ер солиғи бўйича имтиёзлар ҳам тадбиқ этилади.

Показать ответ

Президентнинг 29.06.2018 йилдаги УП-5468 сонли Фармони билан солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланган. Концепция доирасида 2019 йил 1 январдан Солиқ солиш бўйича бир қатор ўзгаришлар жорий қилиниши белгиланган. Лекин ягона ер солиғи тўловчилари учун амалдаги солиқ солиш тартибини сақлаб қолиниши назарда тутилган (gazeta.uz 30.06.2018 йил). Шу билан бирга, Солиқ Кодексига ўзгаришлар киритилиши керак. Солиқ Кодексига ўзгаришлар киритилганида ушбу масалага аниқлик киради деб ўйлаймиз.

Корхонага қабул қилинган товар-моддий захиралари бирламчи ҳужжатлар асосида баланга олинади (Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонуннинг 14-моддаси, 30.08.1996 йил № 279-I). Товар-моддий захиралари таъсисчилардан олинганда қабул қилиш-топшириш далолатномаси расмийлаштирилади ва ушбу ҳужжат ТМЗни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш учун асос бўлади.

Показать ответ

Солиқларнинг ёки мажбурий тўловларнинг бюджетга тўланган ҳамда тўлаш учун ҳисобланган суммаси ўртасидаги ижобий фарқ солиқнинг ортиқча тўланган суммаси деб эътироф этилади. 

Солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича бюджетга ортиқча тўланган суммалар СКнинг 10-бобида белгиланган тартибда ҳисобга олинади ва қайтарилади.

Ортиқча тўланган сумма аввал солиқ қарзини қуйидаги кетма-кетликда узиш ҳисобига ҳисобга олиниши керак:

1) солиқнинг мазкур тури бўйича пеня ва жарималарни узиш ҳисобига;

2) бошқа турдаги солиқлар бўйича қарзни узиш ҳисобига;

3) бошқа турдаги солиқлар бўйича пеня ва жарималарни узиш ҳисобига;

4) мазкур солиқ бўйича келгуси тўловлар ҳисобига;

5) бошқа турдаги солиқлар бўйича келгуси тўловлар ҳисобига.

Ортиқча тўланган сумма мазкур солиқ тури бўйича пеня ва жарималарни узиш ҳисобига ҳисобга олиш давлат солиқ хизмати органи томонидан мустақил равишда амалга оширилади.

Ортиқча тўланган суммаларни бошқа солиқ турлари бўйича қарздорликларни узиш (солиқ қарздорлиги, улар бўйича пеня ва жарималар) учун ҳисобга олиш, улар бўйича келгуси тўловлар ҳисобига ўтказиш, ундан ортган қисмини солиқ тўловчига қайтариш солиқ тўловчининг аризасига биноан амалга оширилади. Ариза эркин шаклда қоғозда ёки шахсий кабинет орқали белгиланган шаклда электрон тарзда юборилиши мумкин.

Тўлиқ маълумот олиш учун СКнинг 56 – 58-моддаларини кўриб чиқишни тавсия этамиз.

Показать ответ

Солиқ Кодексининг 266-моддасига биноан, қуйидаги мол-мулк солиқ солиш объекти ҳисобланади:

  • кўчмас мулк, шу жумладан молиявий ижара (лизинг) шартномаси бўйича олинган кўчмас мулк;
  • норматив муддатларда (норматив муддати белгиланмаган бўлса, 24 ой ичида) тугалланмаган қурилиш объектлари;
  • белгиланган муддатда ишга туширилмаган асбоб-ускуналар.

Бундан ҳулоса шуки, молиявий ижара (лизинг) объекти бўйича мол-мулк солиғини ижарага олувчи (лизинг олувчи) тўлайди. 

Показать ответ

Сизнинг корхонангиз солиқ агенти сифатида ДСҚ ва Молия Вазирлиги томонидан тасдиқланган шаклда, солиқ даври (йил) тугаганидан сўнг 30 кун ичида солиқ хизмати органларига корхонангиздан даромад олган мазкур жисмоний шахс тўғрисида маълумотнома тақдим этиши керак (СКнинг 187-моддаси). Маълумотномани корхонангиз рўйхатдан ўтган солиқ ДСИга топширасиз. Маълумотнома шакли МВ ва ДСҚнинг АВда 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхарга олинган қарорига 2-иловада келтирилган. Маълумотноманинг тўлиқ номи “Асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисида маълумотнома -деб аталади.

Маълумотномада қуйидагилар акс эттирилади:

  • солиқ тўловчининг - жисмоний шахснинг идентификация рақами;
  • солиқ тўловчининг фамилияси, исми, отасининг исми, доимий яшаш жойи манзили;
  • ўтган солиқ даври якунлари бўйича даромадларнинг умумий суммаси ва ЖШДСнинг ушлаб қолинган умумий суммаси;
  • солиқ агентининг идентификация рақами;
  • солиқ агентининг номи, жойлашган ери (почта манзили).

Мазкур жисмоний шахс ўзининг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни доимий яшаш жойидаги солиқ хизмати органига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай топшириши шарт (СКнинг 192-моддаси). Ушбу декларация маълумотлари асосида солиқ хизмати органи ЖШДСнинг якуний суммасини ҳисоблаб чиқаради.

Ундан ташқари, ушбу жисмоний шахсга тўланган моддий ёрдам суммаси ЖШДС бўйича солиқ ҳисоботининг бошқа тегишли шаклларида ҳам акс эттирилади (ҳисобот шаклларининг биринчи варағидаги маълумотнома, 1-илова, 3-иловаларда) (МВ ва ДСҚнинг АВда 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхарга олинган қарорига 2-илова). 

Показать ответ

Қуйидаги объектлар мол-мулк солиғига тортилади (СКнинг 266-моддаси):

  • кўчмас мулк, шу жумладан молиявий ижара (лизинг) шартномаси бўйича олинган кўчмас мулк;
  • белгиланган норматив муддатда тугалланмаган қурилиш объектлари (норматив муддат белгиланмаган бўлса, қурилиш бошланганидан кейин 24 ой ичида);
  • белгиланган муддатда ишга туширилмаган асбоб-ускуналар.

Кўчмас мулк деганда ер участкалари, ер ости бойликлари, бинолар, иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтлар ва ер билан узвий боғланган бошқа мол-мулк тушунилади (Меҳнат кодексининг 83-моддасига қаранг). Сизнинг ҳолатингизда бино ва иншоот, узатувчи мосламалар, дарахтлар кўчмас мулк ҳисобланади.

Қуйидагилар солиқ солинадиган база бўлиб ҳисобланади (СКнинг 267-моддаси):

  • кўчмас мулк бўйича - ўртача йиллик қолдиқ қиймати. Кўчмас мулкнинг қолдиқ қиймати унинг бошланғич (тикланиш) қиймати билан жамланган амортизация суммаси ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади;
  • норматив (белгиланган) муддатда тугалланмаган қурилиш объектлари ва ишга туширилмаган асбоб-ускуналар бўйича – ушбу объектларнинг ўртача йиллик қиймати.

Ўрнатиладиган асбоб-ускуналар, Тугалланмаган қурилиш, Асосий воситаларни харид қилиш счётларида мол-мулклар мавжуд бўлса, улар СКнинг 266-моддасидаги 3 ва 4-бандларига мос келиш-келмаслигини текшириб кўринг.

Шунингдек, қуйида келтирилган қўшимча материаллар билан танишинг:

https://vopros.norma.uz/question/12351?sid=23354&st=174814&us=kkan3vrasjbqtonapfjbk1tr35

https://vopros.norma.uz/question/11789?sid=23354&st=174814&us=kkan3vrasjbqtonapfjbk1tr35

https://vopros.norma.uz/question/11411?sid=23354&st=174818&us=kkan3vrasjbqtonapfjbk1tr35

https://vopros.norma.uz/question/12094?sid=861&st=174848&us=kkan3vrasjbqtonapfjbk1tr35.

Показать ответ

Ўзбекистон Президентининг 21.11.2007 йилдаги ПҚ-733 сон қарорининг 3-бандига мувофиқ, тўқимачилик ярим тайёр маҳсулотлари (калава ип, газлама, трикотаж полотно) умумий реализацияси ҳажмининг камида 40 фоизини эркин муомаладаги валютага сотувчи тўқимачилик саноати корхоналари 2020 йилнинг 1 январигача бўлган даврга мол-мулк солиғи тўлашдан озод қилинади.

Показать ответ

Ягона ижтимоий тўловнинг (ЯИТ) ставкаси 2019 йил 1 январдан эътиборан юридик шахснинг қайси тадбиркорлик субъекти тоифасига (йирик ёки кичик бизнесга) киришига боғлиқ эмас.  ЯИТ ставкаларини қўллаш мезонлари СКнинг 308-1 – моддасида белгиланган. Унга асосан қуйидагилар ЯИТни 25 фоизли ставкада тўлайди:

1) Бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари;

2) Устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган корхоналар;

3) Устав фондининг 50 фоизи ва ундан ортиғи устав фондидаги давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўп бўлган юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар ва уларнинг таркибий бўлинмалари.

Юқорида кўрсатилмаган бошқа тўловчилар ЯИТни 12 фоизли ставкада тўлайдилар.

Биринчи ҳолат бўйича.

Сизнинг ҳолатингизда, корхонангиз устав фондининг 50 фоизидан ортиғи давлатга тегишли. Сиз таъсис этган корхоналар устав фондининг 100 фоизи сизга тегишли. Демак, уларнинг ҳам 50 фоиздан ортиқ қисми давлатга тегишли бўлади. Сизнинг корхонангиз ва сизга 100 фоиз тегишли бўлган корхоналар юқорида кўрсатилган солиқ тўловчиларнинг 3-бандидаги корхоналар тоифасига киради ЯИТни 25 фоизли ставкада тўлайди.

Иккинчи ҳолат бўйича.

Устав фондида давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган корхона бўйича маълумот етарли эмас. Ундаги давлат улушининг аниқ миқдорини, унинг бошқа таъсисчилари устав фондининг таркиби тўғрисидаги маълумотларни ўрганиб чиқиш керак. Фикримизча, агар ушбу корхона таъсисчиларнинг устав фондидаги давлат улуши билан бирга қўшиб ҳисоблаганда, 50 фоиз ёки ундан ортиқ қисми давлатга тегишли бўлиб чиқса, корхонада давлат улуши 50 фоиздан ортиқ деб эътироф этилиши мумкин. Бунда корхона 12 фоизли ставкада ЯИТ тўласа, солиқ хизмати органлари ЯИТ ставкаси айни ҳолатда нотўғри қўлланган деган хулосага келишлари эҳтимоли бор. Шунинг учун, корхонанинг бошқа таъсисчилари устав фондлари таркиби тўғрисида маълумот тўплашингизни ва шунга қараб иш тутишингизни маслаҳат қиламиз. Ёки бўлмаса, бу борада солиқ хизмати органларига ёзма мурожаат қилиб, уларнинг фикрини билишингиз мумкин.

Показать ответ

Юридик шахслар корпоратив банк карталаридан фойдаланиб харажат қилганларида ҳисобдор шахс Адлия вазирлигида 2002 йил 23 октябрда 1181-сон билан рўйхатга олинган Йўриқномада белгиланган тартибда ҳисобот топшириши керак.

Қуйидаги материал билан танишиб чиқинг:

https://vopros.norma.uz/question/12388?sid=3233&st=210336&us=adrbagbe3aa0jjqgqnntnfvv46

Аккумуляторни 370 минг сўм қийматда кирим қилишингиз учун сизда асос бўлиши керак. Президентнинг 30.10.2018 йилдаги ПФ–5564-сон Фармонида 2018 йил 1 ноябрдан бошлаб юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан нақд пулсиз ҳисоб-китобларни олди-сотди шартномаларини тузмасдан инвойс (ҳисоб-фактура) бериш орқали корпоратив банк карточкаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилишини назарда тутувчи тартибини жорий этиш ҳақидаги таклифларига розилик берилган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам сотувчидан счёт-фактура талаб қилиб олинг. Счёт-фактурада аккумулятор нархи 370 минг сўм суммада ёзилган бўлади. Ходим ўз ҳисоботига счёт-фактурани, терминал чекини ҳамда ўз ҳисобидан тўлаган 70 минг сўмни тўлаб бериш тўғрисидаги аризани илова қилиб, бухгалтерияга топширади. Ходим аризаси ва ҳисоботи корхона раҳбари имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим. Аризада раҳбар ходим қилган харажатини қоплаб беришга розилик билдириши ёки бу тўғрисида буйруқ чиқариши керак. Шу ҳужжатлар асосида ходимга харажатини қоплаб берасиз. Бунда корхонангиз уставида (ёки низомида) бирор-бир чекловлар мавжуд эмаслигига ёки юқори ташкилотлар томонидан раҳбар ҳаракатларига чекловлар қўйилмаганига ишонч ҳосил қилинг.

Аккумулятор счёт-фактурада кўрсатилган 370 минг сўм қийматда бухгалтерия ҳисобига олинади. Бунда қуйидагича ўтказмалар берилади.

Аккумулятор кирим бўлиши 370 минг сўмга:

Дт 1040 “Эҳтиёт қисмлар”

Кт 6010 “Сотувчига (чакана савдо дўконига) тўланадиган счётлар”

Корпоратив картадан пул сарфлангани 300 минг сўмга:

Дт 4230 “Умумхўжалик харажатлари учун берилган бўнаклар”

Кт 5530 “Бошқа маҳсус счётлар” (ёки бошқа счёт очишингиз  мумкин, масалан, 5540 “Корпоратив карта)

Ходим қилган харажатига (70 минг сўмга):

Дт 6010 “Сотувчига (чакана савдо дўконига) тўланадиган счётлар”

Кт 6990 “Бошқа мажбуриятлар (ходимга мажбурият)

Ҳисобдор ходимнинг картадан тўланан маблағни ҳисобга олиш, 300 минг сўмга:

Дт 6010 “Сотувчига (чакана савдо дўконига) тўланадиган счётлар”

Кт 4230 “Умумхўжалик харажатлари учун берилган бўнаклар”

Ходимга пул маблағини қоплаб бериш, 70 минг сўмга:

Дт 6990 “Бошқа мажбуриятлар (ходимга мажбурият)

Кт 5110 “Ҳисоб-китоб счёти”(ходим ПКсига ўтказилса)  ёки 5010 “Касса”(кассадан берилса)

Аккумулятор фойдаланишга топширилганида уни ҳисобдан чиқаришда муаммо бўлмайди, битта аккумулятор кирим бўлган, биттаси чиқиб кетади.

Қуйидаги қўшимча материаллар билан танишиб чиқишни тавсия этамиз:

https://vopros.norma.uz/question/11576

https://vopros.norma.uz/question/12364?sid=3233&st=210234&us=adrbagbe3aa0jjqgqnntnfvv46

https://vopros.norma.uz/question/12251?sid=3233&st=210242&us=adrbagbe3aa0jjqgqnntnfvv46

https://vopros.norma.uz/question/7972?us=kb55f1t2rvj8el560sm7t9uqa0

Показать ответ

Ургут ЭИЗ иштирокчиси бўлган ва белгиланган талабларга жавоб берган корхоналарга Президент Фармони билан солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар берилган (12.01.2017 йилдаги ПФ-4931, 26.10.2016 йилдаги ПФ 4853). Уларни қўллаш тартиби тўғрисидаги Низом ВМнинг 10.04.2017 йилдаги 196-сон қарори билан тастиқланган. Мазкур қонун ҳужжатларида (ПФ ва низом) имтиёзларни қўллашдан бўшаган маблағларни муайян мақсадга йўналтириш назарда тутилмаган. Демак, ушбу имтиёзлар мақсадли характерга эга эмас.

 

Показать ответ

Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган объект – сув манбаларидан олинган сув ҳажмидир (СКнинг 258-моддаси). Жой ижарага олинганда, икки хил вазият бўлиши мумкин (СКнинг 260-моддаси):

  1. Сув етказиб берувчи корхона билан ижарага берувчи шартнома тузади. Бунда ижарага берувчи ўзи ишлатган сув ҳажми ҳамда ижарага олувчилар томонидан ишлатилган сув ҳажми учун солиқни фаолият тури бўйича белгиланган ставкаларда бюджетга тўлайди.
  2. Сув етказиб берувчи корхона билан ижарага олувчи шартнома тузади.

Биринчи вазиятда ижарага берувчи солиқ тўловчи ҳисобланади.

Иккинчи вазиятда ижарага олувчи солиқ тўловчи ҳисобланади.

Мол-мулк солиғини тўловчилари – Ўзбекистон ҳудудида солиқ солинадиган мол-мулкка эга бўлган юридик шахслардир (СКнинг 265-моддаси). Солиқ солиш объектлари СКнинг 266-моддасида кўрсатилган. Корхона солиқ солинадиган мол-мулкка эга бўлмаса, демак у солиқ тўловчи бўлиб ҳисобланмайди.

Ер солиғини тўловчилари – мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ҳуқуқи, фойдаланиш ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида (ижара деганда бинода ижарада туришни тушунманг) ер участкаларига эга бўлган юридик шахслар, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг норезидентларидир (СКнинг 279-моддаси). Корхонада ер участкаси бўлмаса, демак у ер солиғи тўловчиси бўлмайди.

СКнинг тегишли моддаларидан (257, 258, 265, 279-модалар) келиб чиқиб хулоса қилишимиз мумкин. Агар сиз юқорида кўрсатилган солиқлар тўловчиси бўлмасангиз, улар бўйича солиқ ҳисоботини топширишингизнинг хожати йўқ.

Бу масала бўйича ўхшаш саволга жавоб билан қуйидаги манба орқали ўтиб, танишиб чиқишингиз мумкин:

https://vopros.norma.uz/question/12133?sid=11312&st=227303&us=vrsql793cl728fa1a9407lt9u0

11.01.2019 [ID: 12567] 1.Корхона томонидан ёшларни касбга йуналтириш, касбий билимларини ошириш, ёшларни тадбиркорлик фаолиятига ўргатиш мақсадида мактаб(коллеж) маъмурияти билан келишган ҳолда иш олиб бориши мумкинми? 2.Ушбу ҳолатда ўкувчи ёшлар меҳнатига ҳақ тўланиш тартиби қандай? 3.Уларнинг иш хакидан ушланадиган солиқларга нисбатан қонунчиликда имтиёзлар кўзда тутилганми? 4.Улар томонидан ясалга махсулотлар сотувидан тушган тушумга ҳам имтиёзлар кўзда тутилганми? 5.Корхона йиллик товар айланмаси 1,0 млрд. сўмгача, 1,0 млрд сўмдан кўп бўлса солиқ солиш қандай бўлади?
Показать ответ

Солиққа оид қонун ҳужжатларида ишлайдиган ўқувчиларнинг оладиган даромадларига солинадиган солиқ (ЖШДС) бўйича алоҳида имтиёзлар белгиланмаган. Улар бошқа жисмоний шахслар учун белгиланган имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эгалар (СКнинг 279-моддаси).

Шунингдек, савол мазмунида кўрсатилган вазиятда ишлаб чиқарилган маҳсулотни сотишда, улар айнан ўқувчилар томонидан ишлаб чиқарилгани муносабати билан қўлланадиган имтиёз ҳам мавжуд эмас.

Агар солиқ даврида (йил) корхонанинг ялпи тушуми 1 млрд.сўмдам кўп бўлмаса, у ягона солиқ тўловчиси бўлиши мумкин. Акс ҳолда умумбелгиланган солиқлар тўлашга ўтади (СКнинг 350, 351-моддалари).

Сизнинг ҳолатингизда, умумбелгиланган солиқларга қуйидагилар киради:

  • Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи;
  • Қўшимча қиймат солиғи;
  • Мол-мулк солиғи (солиқ солинадиган объект мавжуд бўлса);
  • Ер солиғи (солиқ солинадиган ер участкаси бўлса);
  • Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ.

Ялпи тушум 1 млрд.сўмдан 3 млрд.сўмгача бўлса, корхона ҚҚСни соддалаштирилган тартибда тўлаши мумкин (СКнинг 40-1 боби).

Показать ответ

Ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ва Вазирлар Маҳкамаси (ВМ) томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган озиқ-овқат маҳсулотларини реализация қилиш оборотлари ҚҚСдан озод этилади (СКнинг 208-моддаси 28-банди). Товуқ гўшти ва тухум ВМ томонидан тасдиқланган ҚҚСдан озод қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатига киритилган (ВМнинг 31.12.2018 йилдаги 1065-сон қарори).

Корхонангиз етиштирган товуқ гўшти ва тухум реализацияси бўйича ҚҚСдан озод қилинган. Лекин, асосий фаолиятидан ташқари яна бошқа, ҚҚСдан озод қилинмайдиган фаолият тури билан шуғулланса, ушбу фаолият тури бўйича ҚҚС тўлаши лозим бўлади.

Показать ответ

Импорт қилинган товарлар бўйича ҚҚСни бюджетга тўлашдан озод этиш тарзида бўшаган маблағларни аниқ мақсадларга йўналтириш шарти билан имтиёз берилган бўлса, ҚҚС ҳисобга олинади (СКнинг 218-моддаси 3-банди).

ВМнинг 12.04.2016 йилдаги 110-сонли қарорида 01.01.2021 йилга қадар божхона тўловларидан озод қилинган материаллар рўйхати тасдиқланган. Ушбу қарор Ўзбекистон Президентининг 29.12.2015 йилдаги ПҚ-2460 сонли қарорини ижро этиш учун қабул қилинган. Тегишинча, имтиёзлар ПҚ-2460 сонли қарорда белгиланган бўлиши керак. Одатда, имтиёз берилган ҳужжатда имтиёзни қўллаш натижасида бўшаган маблағларни муайян мақсадларга йўналтириш белгиланади ёки белгиланмайди. Мазкур Қарорининг матни очиқ манбаларда эълон қилинмаганлиги сабабли, имтиёзлар мақсадли ёки мақсадсизлигини тасдиқлай олмаймиз. Сизда ПҚ-2460 сонли қарор матни билан танишиш имконияти бўлса, имтиёз мақсадли ёки мақсадли эмаслигини текшириб кўришингизни тавсия этамиз. Агар имтиёз мақсадли бўлса, хом ашё қолдиғи бўйича ҚҚС суммасини СКда белгиланган тартибда ҳисобга оласиз, акс ҳолда ҳисобга олмайсиз.

Показать ответ

Биринчи савол бўйича.

2019 йил январ ойидан бошлаб умумбелгиланган солиқларга ўтган ва ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатга олинган корхона қуйидаги ишларни амалга ошириши керак:

1. Авваламбор 2019 йил 1 январь ҳолатига ТМЗларнинг қолдиғини аниқлаши ва, агар ТМЗ қолдиғи аввалги йилларда ҚҚС билан сотиб олинган бўлса, улар бўйича ҚҚС суммасини ажратиб олиши ва алоҳида ҳисобга олиши лозим. ТМЗ аввалги йилларда ҚҚС билан сотиб олинган бўлса, ҚҚС суммаси ушбу ТМЗнинг таннархига (ёки харид қийматига) киритилган бўлади. Ёки ТМЗни импорт қилишда, бўшайдиган маблағларни муайян мақсадга йўналтириш шарти билан божхона тўловлари бўйича (хусусан, ҚҚС бўйича) имтиёз қўлланган бўлса, бунда божхона тўловлари (шу ужмладан ҚҚС) давлат бюджетига тўланмайди, лекин импорт қилинган ТМЗ таннархига киритилган бўлади. Имтиёз мақсадли хусусиятга эга бўлмаса, у ҳолда импорт қилинган ТМЗ таннархида ҚҚС суммаси ҳисобга олинган бўлмайди. ТМЗ қолдиғи бўйича ҚҚС суммасини ажратиб олиш уни кейинчалик зачётга олиш учун керак (СКнинг 39-боби).

2. Харидолар ва буюртмачилар билан шартномалар тузишда ҚҚС суммасини ҳисобга олиш керак. Шартномада битимнинг ҚҚС билан бирга жами суммасини кўрсатинг.

3. Реализация қилишда харидорга бериладиган счёт-фактурада ҚҚС суммаси ажратиб кўрсатиш лозим бўлади (аввал, корхона ЯСТ тўловчиси бўлганида “ҚҚСсиз” белгиси қўйиган).

3. Кирувчи ва чиқувчи счёт-фактуралар реестри юритилади.

4. СКнинг 40-бобида белгиланган тартибда бюджетга тўланадиган ҚҚС суммаси ҳисоблаб чиқарилади ва тўланади, шунингдек солиқ ҳисоботи топширилади. ҚҚС бўйича ҳисобот даври – ой ҳисобланади, яъни, ҳисоботлар ҳар ой топширилади (СКнинг 225-моддаси). Ҳисоботлар Молия Вазирлиги томонидан тасдиқланган шаклларда тузилади (АВда 2013 йил 22 мартда 2439-сон билан рўйхатга олинган).

Иккинчи савол бўйича.

Корхона импорт бўйича божхона тўловларидан, хусусан ҚҚСдан озод қилинган бўлса, у ҳолда ушбу имтиёз қандай шарт билан берилганига эътибор беринг, имтиёз берилган қонун ҳужжатни ўқиб чиқинг. Имтиёзларни қўллаш натижасида бўшаган маблағларни муайян мақсадга йўналтириш кўзда тутилган бўлса, у ҳолда импорт бўйича ҚҚС бюджетга тўланмайди, лекин бухгалтерияда ҳисобга олинади. ҚҚС тўловчи корхона импорт бўйича тўланмаган ҚҚС суммасини алоҳида счётда ҳисобга олади ва кейинчалик зачёт қилади. Агар мақсадли сарфлаш кўзда тутилмаган бўлса, у ҳолда ҚҚС тўланмайди ва бухгалтерияда ҳисоблаб ёзилмайди (АВ 2005 йил 2 апрелда 1463-сон билан рўйхатга олинган Низом), тегишинча зачётга ҳам олинмайди. Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишда  ҚҚС суммасини солиқ солинадиган база ва солиқ ставкасидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарасиз (СКнинг 224-моддаси) ва бюджетга (ғазначилик ҳисобрақамига) тўлайсиз. Умуман олганда, СКнинг VII бўлими билан батафсил танишиб чиқишни тавсия этамиз.

Учинчи савол бўйича.

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси аъзоси бўлган тўқимачилик ва тикув-трикотаж товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарга 2020 йилнинг 1 январига қадар қуйидаги солиқ ҳамда божхона имтиёзлари ва преференциялари берилган (Президентнинг 21.12.2016 йилдаги ПҚ-2687 сонли Қарори):

  • Умумбелгиланган солиқлар тўловчилари - Фойда солиғи ва мол-мулк солиғини, ЯСТ тўловчилари эса ягона солиқ тўловини тўлашдан озод қилиш;
  • ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё ва материаллар, шу жумладан, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатларга мувофиқ, комиссия шартномалари асосида импорт қилинадиган ускуналар, бутловчи буюмлар учун божхона тўловлари тўлашдан озод қилиш (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно);
  • ноозиқ-овқат истеъмол товарларини ўзида ишлаб чиқариш учун зарур бўлган, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга киритилмаган хом ашё, материаллар ва фурнитурани импорт қилишда божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб божхона тўловларини 60 кунгача муддатга кечиктириш (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно).

Ушбу имтиёзлардан фойдаланиш учун корхона ПҚ-2687 сонли қарорнинг 7-иловасида (илова рус тилида келтирилган) қайд этилган товарларни ишлаб чиқариши ва ҳисобот даврида уларни сотишдан тушум жами сотишдан тушумнинг 60 фоизидан кам бўлмаслиги лозим.

Показать ответ

Ягона ер солиғи бўйича

Юридик шахс ягона ер солиғи тўловчиси бўлиши учун бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга жавоб бериши керак (СКнинг 362-моддаси):

1) ер участкаларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва ўзи етиштирган мазкур маҳсулотни қайта ишлаш ёхуд ер участкаларидан фойдаланган ҳолда фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш асосий фаолият тури бўлиши;

2) қишлоқ хўжалигини юритиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўзларига белгиланган тартибда берилган ер участкаларига эга бўлиши;

3) қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва ўзи етиштирган мазкур маҳсулотни қайта ишлаш ҳажмининг улуши реализация қилиш ёки қайта ишлаш учун олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ўз ичига олувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва қайта ишлаш умумий ҳажмида камида 50 фоизни ташкил этиши.

Янгидан ташкил этилган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчи биринчи ва иккинчи шартларга жавоб берса, у давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан ягона ер солиғи тўловчиси бўлади.

Халқ хўжалиги тармоқлари таснифлагичига мувофиқ паррандачилик қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига киради  (хос рақами - 21240). Агар корхонангиз юқорида кўрсатилган шартларга жавоб берса, ягона ер солиғи тўловчиси бўлишингиз мумкин.

Қўшимча маълумотлар олиш учун қуйида келтирилган ўхшаш саволга жавобни ўқинг:

https://vopros.norma.uz/question/12362?sid=28474&st=234087&us=9368fntce7r4m0b1ibfg9p3mk5

ҚҚС бўйича

Товуқ гўшти Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ҚҚС тўлашдан озод қилинган. Бу тўғрисида 12569-сонли савол жавобида ўқинг (қуйида келтирилган):

https://vopros.norma.uz/question/12569

 

Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018 г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. 78-150-11-72, Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+
Яндекс.Метрика