Ответов: 621
Ответы эксперта. Бухгалтерский учет
Показать ответ

Тўлов топшириқномаси ва бошқа ҳисоб-китоб ҳужжатлари “Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги Низом”га мувофиқ расмийлаштирилади (АВда 2013 йил 3 июнда 2465-сон билан рўйхатга олинган). Мазкур Низомнинг 2-бобида ҳисоб-китоб ҳужжатларини расмийлаштиршга нисбатан қўйилган талаблар акс эттирилган. Бухгалтериянинг бошланғич ҳужжатларини расмийлаштиришда “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасида акс эттирилган талабларга риоя қилиш лозим (30.08.1996 й. № 279-I).

Тўлов топшириқномаси, шунингдек бухгалтериянинг бирламчи ҳужжатлари шундай расмийлаштирилиши керакки, унда акс эттрилган маълумотлар тушунарли бўлиши, ҳужжатдан фойдаланган шахсни адаштирмаслиги керак.

Тўлов топшириқномасини қоғоз сарфламасдан, банкка электрон тарзда юбориш мумкин. Бунда электрон ҳужжатнинг қоғоздаги нусхасини банкга топширишнинг хожати бўлмайди. 

Показать ответ

Ишдан бўшаётган бош бухгалтер ва янги тайинланаётган бош бухгалтер ўртасида ўтказиладиган ишларни қабул қилиш-топшириш амали – бу мажбурий тартиб эмас. Лекин амалий жиҳатдан жуда керакли ишдир. Бу амал илгари йўл қўйилган эҳтимолий хатоликларни ва камчиликларни аниқлашга ёрдам беради, натижада жавобгарлик даражасини аниқ фарқлаб, чегаралаб олиш мумкин. Шунинг учун янги тайинланган бош бухгалтер ўз фаолиятини айнан ишларни қабул қилиш амалидан бошлагани маъқул.

Собиқ бош бухгалтер ва янги бош бухгалтер ўртасида қабул қилиш-топшириш ишлари амалга оширилмаган бўлса, бухгалтерия ҳужжатларини янги бош бухгалтерга корхона раҳбари топшириши мумкин. Чунки корхонада бухгалтерия ҳисобини ташкил қилиш, бухгалтерия ҳужжатларини бут сақлаш каби ишларга корхона раҳбари жавобгардир (ЎзРнинг 30.08.1996 йилдаги № 279-I қонуни 14-моддаси). Корхона раҳбари мазкур ишларни амалга оширишда аудиторлик ташкилотини, солиқ маслаҳатчиларини ёки бухгалтерия ҳисоби хизматларини кўрсатувчи бошқа ташкилотни жалб қилиши мумкин.

Солиқ ва божхона хабарлари” газетасининг 2014 йил 9 сентябрда чиққан 36-сонидаги “Тегирмон гали билан ёки янги бухгалтернинг қадами қутлуғ бўлсин” номли мақолада бош бухгалтер ўзгараётганда амалга ошириладиган тартиб-таомиллар тўғрисида маслаҳатлар берилган. Мазкур мақола билан қуйидаги манба орқали танишиб чиқишингиз мумкин:

https://gazeta.norma.uz/uz/publish/doc/text107999_tegirmon_gali_bilan?paper=sbx

Показать ответ

Лойиха-смета ҳужжатлари ва экспертиза хулосалари тайёрлаш билан боғлиқ харажатлар амалга оширилган, лекин қурилиш ишлари ҳали бошланмаган бўлса, мазкур харажатларни аввал келгуси давр харажатларини ҳисобга олувчи счётларда (қурилиш ишлари бошланадиган санага қадар қолган муддатга қараб, узоқ мудатли 0990 "Бошқа узоқ муддатли кечиктирилган харажатлар" ёки қисқа муддатли 3190 "Бошқа келгуси давр харажатлари") ҳисобга олишни тавсия этамиз. Қурилиш ишлари бошланган пайтда эса 0810 "Тугалланмаган қурилиш" счётига ўтказилади ва қурилиш ишлари давомида у билан боғлиқ барча харажатлар қурилиш тугагунига қадар шу счётда жамланади. Объект эксплуатацияга топширилганида 0810 "Тугалланмаган қурилиш" счётида тўпланган қиймат асосий воситаларни ҳисобга олувчи счётга ўтказилади.

Лойиха-смета ҳужжатлари ва экспертиза хулоси учун қилинган харажат келгуси давр харажатларини ҳисобга олувчи счётларда ҳисобда турган давр мобайнида қурилиш ишларини амалга оширмасликка қарор қилинса, мазкур харажатлар қиймати бошқа операцион харажатларга (9430 “Бошқа операцион харажатлар”га) чиқарилади ва бундай ҳолатда ушбу харажатлар суммаси фойда солиғи тўловчиларида солиқ солинадиган базадан чегирилмайди (СКнинг 147-моддаси). ЯСТ тўловчиларида эса солиқ солинадиган базага таъсир қилмайди.

Показать ответ

Канцелярия ашёлари (қоғоз, ручка, журнал ва бошқалар) инвентарь ва хўжалик анжомларини ҳисобга олувчи счётларда ҳисобга олинади. Уларнинг ҳисоби 4-БҲСМга асосан юритилади. Канцелярия ашёларини фойдаланишга беришда расмийлаштириши шарт бўлган ҳужжатлар қонунчиликда белгиланмаган. Уларни ҳисобдан чиқариш тартиби, расмийлаштириладиган ҳужжатлар корхонанинг ҳисоб сиёсатида акс эттирилган бўлиши лозим. Ҳисоб сиёсатига асосан канцелярия ашёларини (ёки бошқа шунга ўхшаш инвентарь ва хўжалик анжомини) фойдаланишга тарқатма ведомость орқали бериш назарда тутилган бўлса, мазкур ведомость бухгалтерияда ҳисобдан чиқаришга асос бўлиши мумкин. Белгиланган тартибда расмийлаштирилган бундай ведомость корхона раҳбари томонидан тасдиқланади ва қўшимча акт тузишга эҳтиёж бўлмайди.

Показать ответ

Импорт қилинган товарнинг контрактда қайд этилган қиймати билан инвойс ва БЮДда қайд этилган қийматида фарқ бўлса, уларни мувофиқлаштириш керак. Бунинг учун ё инвойсни ўзгартириб БЮДга тузатиш киритилади ёки контрактга тегишли ўзгариш киритилади. Чет эллик етказиб берувчидан инвойсни қайта расмийлаштиришни талаб қилиш керак. Кейин эса БЮДга тузатиш киритилади.

ВМнинг 2003 йил 30 сентябрдаги 416-сон қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб борилади. Низомга биноан, хўжалик юритувчи субъектлар, божхона ва солиқ органлари, Марказий банк ва тижорат банклари ўртасида ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими (ТСОЯЭАТ) орқали ахборот айирбошлаш жорий қилинган. Импорт контракти бўйича барча маълумотлар ушбу тизимда қайд этилади ва импорт операцияси шу тизим орқали назоратда бўлади, демак мазкур тизим орқали ахборот алмашувчи барча ташкилотлар ҳужжатлардаги номувофиқликларни кузатиб турадилар. Бундай номувофиқликлар юзага келганида импортёр товар учун ҳисоб-китобларни амалга оширишида, товарларнинг ҳисобини юритишда муаммолар келиб чиқиши мумкин.

Маълумот учун:

Божхона декларацияларини ўзгартириш, қайта расмийлаштириш Божхона Кодексининг 265, 266-моддаларига биноан амалга оширилади.

Показать ответ

Асосий воситалар (АВ) ҳисобини юритиш 5-сон БҲМС “Асосий воситалар”га мувофиқ амалга оширилади. АВлар корхона балансига сотиб олиш қиймати (етказиб берувчига тўланган сумма) ва АВларни харид қилиш билан боғлиқ барча харажатларни ўз ичига олган бошланғич қиймати бўйича киритилади. АВларни сотиб олиш билан боғлиқ харажатлар 5-сон БҲМСнинг 11-моддасида белгиланган.

АВларни қўшимча жиҳозлаш, реконструкция қилиш, замонавийлаштириш, техник қайта қуроллантиришга кетган харажатлар асосий воситанинг бошланғич қийматини ўзгартиради. Сизнинг ҳолатингизда автомашинага ўрнатилган метан газ балонининг қиймати автомашинанинг бошланғич қийматини оширади, чунки бунинг натижасида автомашинанинг ёқилғи сарф қилиш сифати яхшиланади. 

Показать ответ

Жисмоний шахсга тўланадиган ижара ҳақи бўйича бухгалтерияда ижара ҳақини ва у билан боғлиқ солиқни ҳисоб-китоби ҳамда тўлов топшириқномаси расмийлаштирилади.

Жисмоний шахснинг мулкини ижараси бўйича бухгалтерия ижара ҳақи ва ундан ушлаб қолинадиган даромад солиғини ҳисоб-китоб қилади. Мазкур ҳисоб-китоб натижаси бўйича жисмоний шахсга даромад тўлаш ҳамда бюджетга солиқ ўтказиш учун тўлов топшириқномалари расмийлаштирилиб, хизмат кўрсатувчи банкга ижро учун топширилади. 

Показать ответ

Комитент маҳсулотни комиссионерга берганида юкхат (накладной), топшириш-қабул қилиш далолатномаси тузилади. Мазкур ҳужжатларда маҳсулот қиймати таннархи бўйича акс эттирилади, чунки бунда маҳсулот балансдан чиқарилмайди ва унга бўлган мулк ҳуқуқи комитентда сақланиб қолади. Масалан, 1 кг маҳсулотнинг нархи 10 000 сўм, комиссионерга 10 кг маҳсулот топширилди, юкхатда (далолатномада) топширилаётган маҳсулот сони 10 кг, қиймати 100 000 сўм, деб акс эттирилади.

Юкхатнинг таҳминий кўриниши:

Юкхат №                                          

Сана                                                 

Комитент_______                            Комиссионер_______         

Адрес__________                            Адрес_______          

ИНН__________                              ИНН________         

Банк реквизитлари_____                            Банк реквизитлари ________

Маҳсулот номи

ўлч. бир.

миқдори

нархи (сўм)

қиймати (сўм)

Полипропилен

кг

10

    10 000,00  

             100 000,00  

Топширди      (имзо, ФИО)                                                 Қабул қилди  (имзо, ФИО)

(Комитент номидан)                                                                      (Комиссионер номидан)

Показать ответ

Тайёр маҳсулот корхонанинг омборида сақланаётган пайтда 2810 “Омбордаги тайёр маҳсулотлар” счётида таннархи бўйича акс эттирилган бўлади. Комитент комиссия шартномаси бўйича комиссионерга маҳсулот топширганида қуйидаги ўтказмани амалга оширади (таннархи бўйича, саволдаги мисолда 10 000 сўм):

Дт 2810 “Омбордаги тайёр маҳсулотлар”

Кт 2830 “Комиссияга берилган тайёр маҳсулотлар”

Маҳсулот сотилгунига қадар, яъни комиссионердан маҳсулот сотилгани ҳақидаги ҳисобот олингунига қадар комитентнинг бухгалтериясида у 2830 счётида туради. 

Показать ответ

Комиссионер комитентга маҳсулот сотилгани ҳақида берадиган ҳисоботида бир қанча маълумотлар акс эттирилиши ва ҳужжатлар илова қилиниши лозим.

Комиссионернинг (воситачининг) ҳисоботига киритилиши лозим бўлган маълумотлар, унга илова қилинадиган ҳужжатлар “Ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва расмийлаштириш Тартиби”нинг IV Боби 23-моддасида баён этилган (АВда 2013 йил 22 мартда 2439-сон билан рўйхатга олинган).

Ундан ташқари, батафсил маълумотни қуйидаги манбадан олишингиз мумкин:

https://vopros.norma.uz/question/3314?us=h90r8nt5lb2v6povf3717g31c0

Показать ответ

УФга киритилган қурилиш материалларини реализациясидан олинган тушум ҳисоботларда қандай тушум сифатида акс эттирилиши мазкур материалларни қандай ТМЗ сифатида ҳисобга олинганига боғлиқ. Материаллар корхонанинг ўзида, масалан, бинони таъмирлашда ишлатиш мақсадида кирим қилинган бўлса, у ҳолда улар материалларни ҳисобга олувчи счётларда ҳисобга олинади. Корхонада бундай материалларни реализация қилиш бир маротабалик характерга эга бўлиши мумкин. Бундай операциялардан олинган даромадлар бухгалтерия ҳисобида “бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетишидан даромад” деб эътироф этилади ва ЯСТ ҳисоб-китобида “бошқа даромадлар” таркибида акс эттирилади.

Агарда материаллар кейинчалик сотиш мақсадида киритилган бўлса, унда улар товар сифатида кирим қилиниши лозим, уларни сотишдан тушум бухгалтерия ҳисобида ва ЯСТ ҳисоб-китобида товарлар реализациядан тушум сифатида акс эттирилади.

Агарда хом ашё ёки материаллар сифатида ҳисобга олинган ТМЗни сотиш доимий тарзда ёки тез-тез қайтарилиб туриладиган характерга эга бўлса, бу савдо фаолияти деб эътироф этилиши мумкин. У ҳолда бундай фаолиятдан тушган даромаднинг ҳисоби алоҳида юритилади ва ЯСТ ҳисоб-китобида алоҳида фаолият тури бўйича реализациядан даромад сифатида акс эттирилади.

Показать ответ

Корхоналарда ТМЗ ҳисобини юритишда 4-сон БҲМС “Товар-моддий захиралар”, 19-сон БҲМС “Инвентаризацияни ташкил этиш ва ўтказиш”, 21-сон БҲМС “Бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақлари режаси”ларга амал қилиш керак.

Товар-моддий захиралар (ТМЗ) корхоналарда жорий қиймати бўйича эмас, балки таннархи бўйича ҳисобга олдинади. ТМЗларнинг таннархи харид қиймати (етказиб берувчига тўланадиган суммалар) ва уларни харид қилиш билан боғлиқ бўлган барча харажатларни ўз ичига олади (4-сон БҲМС). Бунда ТМЗ қаерда сақланишининг аҳамияти йўқ. Бошқа ташкилотга сақлаш учун берилган ТМЗ корхонадан чиқиб кетган ҳисобланмайди, у корхонанинг мулки бўлиб қолиб, унинг балансида сақланиб қолади ва алоҳида счётда ҳисобга олинади. Яъни, қандай ТМЗ эканига қараб (материал, товар, тайёр маҳсулот) тегишли счётлар гуруҳида алоҳида субсчёт очилади ва шу счётга ўтказилади.

Мол-мулкни сақлаш тўғрисидаги шартнома ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси бўлиб ҳисобланади. Ижрочи ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасини умуман ёки тегишли даражада бажармаган ҳолларда у келтирилган зарарни буюртмачига батамом тўлаши шарт (ФКнинг 706-моддаси). Мол-мулкни сақлашнинг шартномада белгиланган шартлари бузилиши натижасида сақлашга берилган мол-мулк етишмайдиган бўлса ёки уларнинг сифати бузилса, бу ҳақида далолатнома тузиш лозим. Далолатномада етишмаётган мол-мулк рўйхати, сони (миқдори), шунингдек сақланаётган мол-мулкнинг сифати ҳақида маълумот қайд этилади. Тузилган далолатномага асосан Сақловчи ташкилотнинг дебиторлик қарзи бухгалтерия ҳисобида акс эттирилади (4860 “Даъволар бўйича олинадиган счётлар”  дебети ва ТМЗ ҳисобга олинган счётнинг кредити). Юқорида кўрсатилган ишларни корхонани топшириш ва икки корхонанинг балансларини бирлаштиришдан аввал амалга оширилгани маъқул. Шунда корхонани топшириш далолатномасида сақлашга берилган мол-мулк бўйича тўғри махлумот акс эттирилган ҳамда қўшиб олинаётган корхона балансининг счётларида тегишли ўзгаришлар киритилган бўлади ва қўшиб олувчи (ворис) корхонанинг балансига тегишли счётларнинг ҳақиқий қолдиғи киритилади.

Показать ответ

Жамият иштирокчилари ўртасида тақсимланадиган фойда – ушбу иштирокчиларнинг дивидент кўринишидаги даромади ҳисобланади. Дивиденд тарзидаги даромадлардан тўлов манбаида (яъни уларни тўловчи корхонада) солиқ ушлаб қолинади (СКнинг 156-моддаси). Дивидент тарзидаги даромадларга солинадиган солиқ ставкаси - 10%га тенг (СКнинг 160-моддаси).

Дивидендлар кўринишидаги даромадлардан солиқ ушлаб қолиш тартиби, тўлаш муддати, топшириладиган ҳисоботлар ва уларни топшириш муддати СКнинг 165-моддасида белгиланган.

Солиқ агентлари томонидан тўлов манбаида ушлаб қолинадиган дивидендлардан олинадиган солиқ ҲИСОБ-КИТОБИ АВда 2013 йил 22 мартда 2439-сон билан рўйхатга олинган шаклда топширилади.

Йирик тадбиркорлик субъекти ҳисобланувчи корхоналар йиллик “Хусусий капитал тўғрисидаги” ҳисоботда дивиденлар бўйича операцияларни акс эттирадилар.

Маълумот учун:

Ўзбекистон Республикасининг 06.12.2001 йилда чиққан “Масулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисидаги” 310-II сонли қонунига асосан:

  • Жамият ўз таъсисчиларининг қарорига мувофиқ ўзининг соф фойдасини жамият иштирокчилари ўртасида тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир (25-моддаси);
  • Фойдани тақсимлашда белгиланган талабларга риоя қилиш лозим (26-моддаси);
  • Жамият ўзининг уставида назарда тутилган, лекин ўз устав фондининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда захира фондини вужудга келтириши мумкин (27-моддаси).
Показать ответ

Ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг таннархи 4-сон БҲМСнинг 5-параграфи ҳамда СКнинг 142-моддасига мувофиқ аниқланади.

Маҳсулот ишлаб чиқаришда ҳосил бўладиган чиқиндилардан кейинчалик фойдаланиш мумкин бўлса ёки уларни сотиш мумкин бўлса, ушбу чиқиндиларнинг қиймати баҳолананиб, омборга қайта кирим қилинади. Чиқиндиларнинг баҳоланган қиймати айнан савол шартида ёзилгани каби асосий маҳсулот таннархини камайтиради. Чиқиндиларнинг қийматини баҳолашда улардан кейинчалик қандай фойдаланиш мўлжалланаётганига қараб (ишлаб чиқаришда қайта фойдаланиш ёки сотиш) – эҳтимолий фойдаланиш нархида ёки сотиш нархида баҳоланади.

Сиз баҳолаётган нархлар юқорида кўрсатилган қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланадиган нархларга мос келиш-келмаслигини текшириб кўришни маслаҳат берамиз.

Показать ответ

Ижара шартномаси ҳақ эвазига тузиладиган битимдир. ФКнинг 577-моддасига мувофиқ, бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномасида ижара ҳақининг миқдори назарда тутилиши лозим. Акс ҳолда бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномаси тузилмаган ҳисобланади.

Айни ҳолда «Тошкентпарранда» МЧЖ билан унинг таъсисчиси ўртасидаги шартномада ижара ҳақини тўлаш назарда тутилмаган экан, демак битимни ижара тўғрисида эмас, балки мол-мулкдан текинга фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисида деб эътироф этиш мумкин. Юридик шахс ўзга шахснинг мол-мулкидан текинга фойдаланса, бу СКнинг 135-моддасига мувофиқ юридик шахснинг текинга олган мулкий ҳуқуқдан даромади ҳисобланади ва СКнинг 355-моддасига мувофиқ ЯСТга тортилади.

Таъсисчи даромадига солинадиган солиққа келсак, шартномада ҳақ тўлаш назарда тутилмаганлиги сабабли солиқ солиш объекти мавжуд эмас. Шунинг учун таъсисчида солиқ тўлаш мажбурияти юзага келмайди.

Ижара шартномаси қонунда белгиланган тартибга мувофиқ тузилса ва унда ижара ҳақининг миқдори белгиланса, у ҳолда тўланадиган ижара ҳақи ижарага олувчининг харажати ҳисобланади.  Ижарага олувчида бу битим билан боғлиқ солиқ тўлаш мажбурияти юзага келмайди.

Ижарага берувчи шахсга келсак, агар у жисмоний шахс бўлса, ижара ҳақи унининг мулкий даромади бўлиб ҳисобланади (СКнинг 176-моддаси) ва ундан тўлов манбаида солиқ ушлаб қолинади (СКнинг 33-боби). Жисмоний шахснинг мол-мулкни ижарага беришдан олган даромадларга ЖШДСнинг энг кам ставкаси бўйича солиқ солинади (СКнинг 181-моддаси). Энг кам солиқ ставкаси 7,5%га тенг (Президентнинг 2017 йил 29 декабрдаги ПҚ-3454-сон қарорига 8-илова). Солиқ шартномада белгиланган ижара тўлови суммасидан келиб чиққан ҳолда, лекин белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкаларидан келиб чиқиб ҳисобланган суммадан кам бўлмаган миқдорда тўланади (Президентнинг 2017 йил 29 декабрдаги ПҚ-3454-сон қарори, 12-банди). Даромадга тўлов манбаида солиқ солиш тартиби, солиқ тўлаш муддати, ҳисоботлар топшириш муддатлари СКнинг 33-бобида баён этилган.

Агар ижарага берувчи – юридик шахс бўлса, унинг даромадидан тўлов манбаида солиқ ушлаб қолинмайди. Ижарага берувчи оладиган ижара ҳақини ўзи қўллайдиган солиқ солиш тартиби бўйича солиқ солинадиган жами даромадга киритади. Солиқ тўлаш ва ҳисоботлар топшириш ҳам ўзи қўллайдиган солиқ солиш тартибига биноан амалга оширилади.

Показать ответ

Ўзбекистон ҳудудда 2017 йилнинг сентябрь ойига қадар айрим ҳолларда (шу жумладан интернет хизмати ва мобиль алоқа хизматларини кўрсатишда) нархлар ва тарифларни хорижий валютада ифодалаш ва МБнинг курси бўйича миллий валютада тўлашга рухсат берилган эди. Бундай ҳолларда курс фарқлари юзага келиши мумкин. Масалан, мобиль алоқа хизматининг ҳақи АҚШ долларида белгиланган, тўлов аванс сифатида МБнинг тўлов санасидаги курси бўйича миллий валютада амалга оширилган. Бухгалтерия ҳисобида хизмат бўйича активлар ва мажбуриятлар хорижий валютада ифодаланиб, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда миллий валютага қайта баҳолаб турилган ва бунда курс фарқи юзага келган (АВда 17.09.2004 йилда 1411-сон билан рўйхатга олинган Низом, БҲМС-22).

ФК 245-моддасида айнан шундай ҳолатлар назарда тутилган. Унга биноан курс фарқи юзага келмайди деган тушунча – нотўғри фикр. Айнан шу моддада кўрсатилган ҳолларда курс фарқи юзага келиши мумкин.

Ўзбекистон Президентининг 02.09.2017 йилдаги ПФ-5177 сонли Фармонида товар, иш ва хизматлар учун нарх ва тарифлар фақат миллий валютада белгиланиши қайд этилган. Шу муносабат билан ҳозирги кунда (2017 йининг сентябридан эътиборан) Ўзбекистон ҳудудида интернет хизматлари ва мобиль алоқа хизматлари учун тарифлар сўмда ифодаланади ва тегишинча, бунда курс фарқи юзага келмайди. 

Показать ответ

Устав капиталига киритилган хорижий валютада ифодаланган улуш уни киритиш пайтидаги МБ курси бўйича миллий валютага қайта ҳисобланади ва бухгалтерия ҳисобида акс эттирилади, улуш кейинчалик қайта баҳоланмайди. Хорижий валютадаги қарздорлик уни сўндириш санасидаги МБ курси бўйича миллий валютага қайта ҳисоблаб чиқилади.

Таъсисчининг жамиятга бўлган қарзини унинг жамиятдаги улуши ҳисобига сўндиришни таъсисчи улушининг ҳақиқий қиймати доирасида амалга ошириш мумкин. (Ўзбекистон Республикасининг 06.12.2001 йилдаги 310-II сон Қонуни). Бунда аввал корхонанинг соф активлари ҳисоблаб чиқарилади. Жамият таъсисчиси улушининг ҳақиқий қиймати жамият соф активлари қийматининг унинг улуши миқдорига мутаносиб бўлган бир қисмига мос бўлади.

ФКнинг 343-моддасига мувофиқ, ўзаро талабларни ҳисобга ўтказиш йўли билан мажбуриятни тўлиқ ёки қисман сўндириш мумкин. Президентнинг 2005 йил 11 апрелдаги ПФ-3594-сон Фармонида бундай ҳолатлар тўғридан-тўғри назарда тутилмаган, шунинг учун расман, мазкур операцияни амалга ошириш натижасида Фармон талаблари бузилмайди деган фикрга келиш мумкин. Лекин биринчидан, корхона аввалги йилларда Фармонга асосан солиқ имтиёзларидан фойдаланган; иккинчидан, экспорт операцияси боғлиқ томон (инвестиция киритган хорижий таъсисчи) билан амалга оширилган; учинчидан, экспорт қилинган маҳсулотнинг қиймати таҳминан хориждан илгари киритилган инвестиция қийматига тенг. Ушбу фактларнинг ҳаммаси назорат органларида негатив шубҳаларлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.

Показать ответ

Корхона мулкдорига бўлган қарздорликни корхонанинг зарарини қоплаш учун йўналтириб бўлмайди. Тақсимланмаган фойда ёки қопланмаган зарарни ҳисобга олувчи счётларда (87 00 счётлари гуруҳи) акс эттирилган зарар суммаси фақат корхонанинг кейинги йиллардаги молиявий-хўжалик фаолиятидан олинган фойда ҳисобига қопланиши мумкин.

Корхона мулкдорига бўлган қарздорликни қуйидаги йўллар билан Баланснинг “Хусусий Капитал” бўлимига расмийлаштириб ўтказиш мумкин:

  • устав капиталини ошириш;
  • корхона фойдасига қарздан воз кечиш.

Корхона мулкдорига бўлган мажбурият корхонанинг устав капиталини оширишга ўтказиш мулкдорнинг қарорига асосан амалга оширилади. Бунда ушбу қарздорликлар ҳисобга олинган счётлар дебет қилиб, устав капиталини ҳисобга олувчи счёт кредит қилинади:

Дт 6990 “Бошқа мажбуриятлар  5000

Кт 8300 “Устав капиталини ҳисобга олувчи счет”     5000

Иш ҳақи бўйича қарздорлик ҳам шу йўсинда устав капиталига ўтказилади.

Мулкдор корхона фойдасига қарздан воз кечиш мулкдор билан корхона ўртасида тузилган шартнома ёки мулкдорнинг қарори асосида амлага оширилади. Қарздорлик Баланснинг “Хусусий капитал” бўлимида “Текинга олинган мол-мулк” сифатида акс эттирилади:

Дт 6990 “Бошқа мажбуриятлар  5000

Кт 8530 “Текинга олинган мулк”  5000

Шу йўсинда иш ҳақи бўйича қарздорлик ҳам ўтказилади. Лекин бунда текинга олинган мулк (мулкий ҳуқуқ) билан солиқ оқибати юзага келади. 

Показать ответ

Ходим томонидан корхонага етказилган зарар сумаси ходимнинг бўйнига қўйилганида ушбу сумма ходимнинг дебиторлик қарзи сифатида акс эттирилади. Масалан, электрэнергиясини етказиб берувчидан 1 000 000 сўмга ҳисобварақ-фактура олинди, ундан 200 000 сўмилик харажат ходимнинг айби билан бўлганлиги аниқланди (айтайлик, суднинг қарори билан).

Бунда қуйидаги проводка берилади:

Зарар суммасига (мисолимизда 200 000 сўм):

Дт 4730 “Моддий зарарни қоплаш бўйича ходимларнинг қарзи”

Кт 6010 “Электэнергияси етказиб берувчисига тўланадиган счётлар”

Харажатга олинган суммага (мисолимизда 800 000 сўм):

Дт “Харажатларни ҳисобга олувчи счётлар (9400, 2000 ва бошқалар)”

Кт 6010 “Электэнергияси етказиб берувчисига тўланадиган счётлар”

Агар илгари электрэнергияси учун олинган ҳисобварақ-фактуранинг тўлиқ қиймати (1 000 000 сўм) харажатлар счётига ўтказилган бўлса, илгари ёзилган проводка сторно қилиниб, сўнг юқоридаги проводка ёзилади.

Зарар суммаси корхонага келиб тушганида, келиб тушган суммага:

Дт 5110 “Ҳисоб-китоб счёти”

            Кт 4730 “Моддий зарарни қоплаш бўйича ходимларнинг қарзи”

 

Показать ответ

Ишдан бўшатиш нафақасини, ишсизлик нафақасини тўлаш учун ўртача ойлик иш ҳақи биринчи йил ишловчиларга ҳисоблаб чиқариш кунидаги тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан келиб чиққан ҳолда уларни ўн иккидан бирга (олти ой тўлиқ ишлаганларга олтидан бирга; етти ой тўлиқ ишлаганларга еттидан бирга ва ҳоказолар) оширган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Уларга ишбай асосида ишлаб топилган қўшимча иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, иш ҳақига қўшимча ҳақлар ва ижтимоий суғурта бўйича бадаллар ҳисобланадиган бошқа тўловлар киради (ВМнинг 1997 йил 11 мартдаги 133-сон қарорига 6-илова). Ўртача иш ҳақи миқдорини ҳисоблаш ҳақида маълумотни СБҲ газетасининг 2014 йилдаги 51-сонидаги экспертлар материалларидан ёки қуйидаги манбадан олишингиз мумкин:

https://gazeta.norma.uz/uz/publish/doc/text110727_urtacha_oylik_ish_haqi_chalkashlik_va_hatolarsiz?paper=sbx

Корхона тугатилаётганида ходимларга тўловлар ҳақида батафсил маълумотни қўйидаги манбадан олишингиз мумкин:

https://gazeta.norma.uz/publish/doc/text134968_korhonani_tugatish_hodimlarga_tulovlar

Шунингдек, СБХ газетасининг 2009 йилдаги 18 сонида чиққан “Фирма ёпилганда ходим билан ҳисоблашишлар” номли мақолада экспертларимизнинг мақоласи чоп этилган.

Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018 г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. 78-150-11-72, Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+
Яндекс.Метрика