Ответов: 621
Ответы эксперта. Налоговый учет 2014 - 2018
Показать ответ

Президентнинг 14.03.2007 йилдаги № ПФ-3860 Фармонига биноан берилган солиқ ва божхона имтиёзлари АВда 25.08.2017 йилда 2918-сон билан рўйхатга олинган Низом билан тартибга солинади.

Мазкур Низомга мувофиқ, технологик жиҳозлар импорт қилинган пайтдан бошлаб уч йил ичида сотиб юборилса ёки текинга бериб юборилса, ЯСТ бўйича солиқ имтиёзлари бекор қилинади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уларни тўлаш бўйича мажбуриятлар тикланади. Яъни, бундай ҳолларда солиқ имтиёзи қўлланган давр учун ЯСТ қўшимча ҳисобланади.

Божхона имтиёзлари фақатгина божхона имтиёзларини қўллаган ҳолда импорт қилинган технологик жиҳоз олиб кирилган пайтдан эътиборан уч йил ичида экспортга реализация қилинган ёки бепул берилган тақдирда бекор қилинади. Бунда технологик жиҳозни импорт қилишда тўланмаган божхона тўловларини тўлаш мажбурияти ушбу технологик жиҳозни экспорт қилувчига юклатилади.

Агар импорт қилинган технологик жиҳоз Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилинса ёки бепул берилса, божхона тўловларини тўлаш бўйича мажбуриятлар юзага келмайди. Бунда технологик жиҳозни сотаётган ёки текинга бераётган томон  харидорга технологик жиҳозни импорт қилишда расмийлаштирилган БЮДнинг кўчирма нусхасини тақдим этиши керак.

Юқорида кўрсатилган Низом билан тўлиқ танишиб чиқишни тавсия этамиз.

 

Показать ответ

Жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадлар – мулкий даромадларга киради (СКнинг 176-моддаси).

Жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жойни сотишдан олинадиган даромадларга, агар бундай битим кетма-кет келадиган ўн икки ой ичида бир маротаба амалга оширилса, солиқ солинмайди. Кетма-кет келадиган ўн икки ойлик давр ичида бир мартадан ортиқ турар жойни реализация қилишдан олган даромадларига солиқ солинади. Ўн икки ойлик давр жисмоний шахс томонидан турар жойни биринчи марта сотиш амалга оширилган кундан бошлаб ҳисобланади. Бунда солиқ солиниши лозим бўлган даромадлар биринчи турар жой сотилишини ҳисобга олган ҳолда аниқланади.

Жисмоний шахсларга тегишли мол-мулкни сотишдан олинган даромад мазкур мол-мулкни сотиш нархининг уни харид қилиш қийматидан ошган фарқи сифатида белгиланади (СКнинг 179-моддаси, МВнинг ва ДСҚнинг 28.03.2014 йилдаги №ММ/04-01-32-14/246/246  ва №15/1-5434 қўшма тушунтириш хати). Мол-мулкни харид қилиш қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаганда, даромад сифатида инвентаризация қиймати билан реализация нархи ўртасидаги фарқ тан олинади.

Турар жойни бошқа жисмоний шахсга сотишдан даромад олувчи жисмоний шахс ўзи яшайдиган жойдаги солиқ хизмати органига даромади ҳақида декларация топшириши керак. Шунингдек, тўлов манбаида солиқ ушлаб қолинмаган ҳолларда ҳам декларация топшириш лозим. Шу декларация асосида унинг олган даромадига солиқ солинади (СКнинг 34-боби).  

Показать ответ

Авваланбор, корхонангиз ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлиши учун СКнинг 218-моддасида белгиланган талабларга жоваб бериши лозим.

Иккинчидан, Саволнинг мазмунига қараганда “Ўзкимёимпекс” МЧЖ сизнинг корхонангиз билан тузилган топшириқ шартномасига асосан хориждан сиз учун товар сотиб олган.

Топшириқ ёки воситачилик шартномаси асосида воситачи топшириқ берувчига товарлар сотиб олганида у бажарилган ишлар тўғрисида топшириқ берувчига ҳисобот тақдим этади (Ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва расмийлаштири тартиби, АВда 22.03.2013 йил 2439-сон билан рўйхатга олинган). Ҳисоботда, жуладан, топшириқ берувчи томонидан қоплаб бериладиган харажатлар акс эттиилади. Ҳисоботга ушбу харажатларни юзага келиши ва тўланганлигини тасдиқловчи бирламчи ҳужжатлар илова қилинган бўлиши шарт. Мазкур ҳужжатлар мавжуд бўлса, топшириқ берувчи ушбу суммаларни ўз харажатлари таркибига киритишга ва ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш пайтида тегишли ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлади.

 Тўлиқ маълумотга эга бўлиш учун юқорида кўрсатилган қонун ҳужжати билан батафсил танишиб чиқишни тавсия қиласиз.

 

 

Показать ответ

2017 йилнинг ноябрь-декабрь ойлари учун газ идорасидан счёт-фактура 2018 йилда олинган бўлса, демак 2017 йилнинг молиявий ва солиқ ҳисоботларига бу суммалар кирмаган. Натижада молиявий ҳисобот ва ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботи нотўғри тузилган.

ҚҚС бўйича солиқ ҳисоб-китоби ўсиб борувчи якун билан тақдим этилади (СКнинг 225-моддаси). 2017 йилнинг ҳисоботга киритилмаган счёт-фактура 2018 йилнинг солиқ ҳисоботига (Реестрга) киритиб кўрсатилмайди. Бундай ҳолатда 2017 йилнинг ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботини қайта топшириш лозим бўлади. Ундан ташқари,2017 йилда йўл қўйилган хатолик 2017 йилнинг молиявий натижаси нотўғри шаклланишига олиб келган (газ харажатлари ҳисобга олинмаган). Шу сабабли 3-сон БҲМСга мувофиқ, молиявий ҳисоботларгатегишли тузатишлар киритиш керак бўлади.

Показать ответ

Ўзбекистон Президентининг 21.12.2016 йилдаги №ПҚ-2687 қарорига мувофиқ тўқимачилик ва тикув-трикотаж тармоғининг истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарига 2020 йилнинг 1 январига қадар солиқ ҳамда божхона имтиёзлари ва преференциялари берилган (Қарорнинг 14-бандига қаранг).

Ушбу солиқ имтиёзларидан фойдаланиш учун корхона ПҚ-2687 сонли қарорнинг 7-иловасида (илова рус тилида келтирилган) қайд этилган товарларни ишлаб чиқариши ва ҳисобот даврида уларни сотишдан тушум жами сотишдан тушумнинг 60 фоизидан кам бўлмаслиги лозим.

Маълумот учун.

1. Корхонангиз чиқараётган маҳсулот ПҚ-2687 сонли қарорнинг 7-иловасида қайд этилган товарларга мос келишини текшириб кўринг.

2. ПҚ-2687 сонли қарорига асосан бериладиган солиқ имтиёзлари экспорт ҳажмига боғлиқ эмас.

Показать ответ

Солиқ тўловчи юридик шахслар солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўллаши ёки умумбелгиланган солиқлар тўловчиси бўлиши мумкин.

Умумбелгиланган солиқлар турлари СК 23-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида кўрсатилган. Лекин сизнинг корхонангиз унда кўрсатилган барча солиқларни тўламайди (Масалан, халқ истеъмол моллари ишлаб чиқарувчи корхоналар ер қаъридан фойдаланувчилар учун солиқлар ва махсус тўловларни  тўламайди). (СКнинг 23-моддасига қаранг).

Маҳсулот ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган ва СКда белгиланган ҳолларда ягона солиқ тўлови (ЯСТ) тўлашлашга ўтган юридик шахсларда айрим умумбелгиланган солиқлар ва мажбурий тўловларни ушлаб қолиш ҳамда бюджетга тўлаш мажбурияти сақланиб қолади (СКнинг 349-моддасига қаранг).

Республикамизда чет эл инвестициялари киритган корхоналарга солиқ ва божхона тўловлари бўйича бир қанча имтиёзлар берилган. Қуйида кўрсатилган “йўлак” орқали ўтиб, чет эл инвестициялари критилган корхоналарга бериладиган солиқ имтиёзлари ва уларни қўллаш тартиби ҳақидаги маълумот билан танишиб чиқишингиз мумкин:

https://vopros.norma.uz/question/10551

Ундан ташқари, Солиқ Кодексининг ҳар бир солиқ ва бошқа мажбурий тўлов турига бағишланган бобида улар бўйича имтиёзлар назарда тутилган. Маслан, фойда солиғи бўйича имтиёзлар СКнинг 158-моддасида белгиланган, ЯСТ бўйича имтиёзлар СКнинг 358-моддасида белгиланган ва ҳ.к.

Показать ответ

Корхонанинг устав капиталига хиссалар (уни дастлаб шакллантиришда ва кейинчалик оширишда) таъсисчилар томонидан пул маблағи билан ёки мол-мулк билан киритилиши мумкин. Устав капиталини шакллантиришда (акциядорлик жамиятида акцияларга ҳақ тўлашда) киритилаётган мол-мулкнинг баҳоси таъсисчилар ўртасида келишилган қийматда белгиланади (хусусий корхонада таъсисчининг ўзи белгилайди) (06.12.2001 йилдаги №310-II қонун, 11.12.2003 йилдаги №558-II қонун, 26.04.1996 йилдаги №223-I қонун). Яъни, сизнинг ҳолатингизда таъсисчи устав капиталига киритаётган кўчмас мулк таъсисчилар (ёки таъсисчи) томонидан баҳоланади.

Устав капиталига киритилган кўчмас мулк таъсисчилар ўртасида келишилган қиймат бўйича ҳисобга олинади (5-сон БҲМС 14-банди). Савол мазмунида устав капиталига айнан нима кирилмоқчи экани аниқлаштирилмаган (ер участкаси, бино-иншоотлар ва бошқа объектлар ёки ҳаммаси биргаликда). Шунинг учун айтиб ўтиш лозимки, ер участкаси корхонага мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ҳоллардагина у асосий восита сифатида баланга киритилади (5-сон БҲМСнинг 4-банди). Юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари улар жойлашган ер участкалари билан бирга хусусийлаштирилганда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда вужудга келади (қаранг: Ўзбекистон Республикаси Ер Кодексининг 18-моддаси, ҳамда ВМ 11.04.1995 йилдаги 126-сон Қарори билан тасдиқланган Низом).

Ягона солиқ тўлов (ЯСТ) тўловчиси бўлган корхоналар СК 271-моддасининг иккинчи қисмида ва 283-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳолатлардан ташқари бошқа ҳолатларда мол-мулк солиғи ва ер солиғи тўловчилари бўлмайдилар (СКнинг 265-моддаси ва 279-моддаси).

Умумий майдони 1 гектардан ортиқ бўлган ер майдонига эга бўлган ЯСТ тўловчилари юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлайдилар (СКнинг 349-моддаси, АВда 16.04.2018 йилда 3001-сон билан рўйхатга олинган Низом). Бунда солиқ органларига СКнинг 285-моддасига мувофиқ белгиланган шаклда (АВда 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатга олинган қарорга 8-илова) ҳисобот топширилади. 

Умумий ер майдони 1 гектардан кам бўлган ёки ер майдони бўлмаган ЯСТ тўловчилар ЯСТнинг минимал миқдорини ҳисобга олган ҳолда ЯСТ тўлайдилар (АВда 03.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатга олинган Низом). Бунда солиқ органларига корхона жойлашган ер участкаси бўйича (корхонага биро-бир ҳуқуқ асосида тегишли бўлган ёки ижарада турган) белгиланган тартибда маълумот юборилади (ЯСТ энг кам миқдорининг маълумотнома-ҳисоб-китоби, Низомга 2-илова). 

Показать ответ

СКнинг 177 моддасига мувофиқ жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромади сифатида эътироф этиладиган тўловлар ёки мол-мулк қиймати ходимнинг жами даромадлари таркибига киради. Жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромадлари унинг жами даромадлари таркибида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига (ЖШДСга) тортилади. Ходимнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган даромадлари 6710 “Ходимлар билан иш ҳақи бўйича ҳисоблашишлар” счётида акс эттирилади. Бунинг сабабларидан бири – бу ходимнинг жами даромадини солиққа тортишдир (имтиёзларни ҳисобга олган ҳолда). ЖШДС ҳисоблаш қоидаси шундайки, бунда аввал жисмоний шахснинг жами даромади тўпланади, ундан имтиёзларга эга моддалар чиқариб ташланади, кейин белгиланган ставкаларда солиқ ҳисобланади.

Агар корхонада ходимлар даромадининг бирор-бир тури бўйича алоҳида ҳисоб юритилмоқчи бўлса, уларни алоҳида субсчётда акс эттириш мумкин, лекин автоматлаштирилган бухгалтерия ҳисобида (масалан “1С”да) жисмоний шахснинг барча даромадларини тури бўйича (субконто) алоҳида 6710 счётида акс эттириш кўзда тутилган бўлади. Ёки керакли ҳолатларда ходимнинг даромадларини солиққа тортиш мақсадида аввал 6710 счётида ҳисобга олиб, жами даромаддан солиқ ушлаб қолинганидан кейин тўловларнинг айрим турлари бўйича суммаларни 6990 счётига ўтказиб акс эттириш қонунга зид эмас. “Жорий мажбуриятлар бўйича етказиб берувчилар ва пудратчиларга қарзлар, алоҳида бўлинмаларга қарзлар, шуъба ва тобе хўжалик жамиятларига қарзлар, муддати кечиктирилган даромадлар, солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича муддати кечиктирилган мажбуриятлар, бошқа муддати кечиктирилган мажбуриятлар, олинган бўнаклар, бюджетдан солиқларга оид қарзлар, суғуртага оид қарзлар, давлат мақсадли жамғармаларидан тўловларга оид қарзлар, таъсисчилардан қарзлар, меҳнатга ҳақ тўлашга оид қарзлар, қисқа муддатли банк кредитлари, қисқа муддатли қарзлар, узоқ муддатли мажбуриятларнинг жорий қисми ва бошқа кредиторлик қарзлари суммалари ошкор қилинади (15-сон БҲМС 21-банд). Лекин бунга талаб бор-йўқлигини таҳлил қилиб кўриш керак, чунки бундай  ўтказмаларнинг барчаси ортиқча иш бўлиши ва ҳисоб юритишни керагидан ортиқ мураккаблаштириб юбориши мумкин. 

Показать ответ

СКнинг 271-моддасида  ва Президентнинг 29.12.2017 йилдаги ПҚ-3454 қарори 17 иловасида белгиланган муддатларда тугатилмаган қурилиш объектларига оширилган ставкада мол-мулк солиғи солиниши белгиланган. Лекин ушбу қонун ҳужжатларида турли ҳолатлар назарда тутилган.

Ет майдони тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун мўлжалланган объект ёки тадбиркорлик фаолиятига кирмайдиган фаолият юритишга мўлжалланган объект қуриш учун ажратилиши мумкин. Бу ҳақидаги маълумот ер ажратиш тўғрисидаги ҳужжатда кўрсатилади. Шунга қараб, ёки СКнинг 271-моддаси, ё бўлмаса ПҚ-3454 нинг 17-иловасидаги қоида қўлланилади.

Солиқ Кодексининг 271-моддасига мувофиқ тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун ажратилган ер участкаларида объектлар қурилиши лойиҳа-смета ҳужжатларида белгиланган норматив муддатда тугалланмаган тақдирда, бундай объектлар бўйича мол-мулк солиғи белгиланган ставканинг уч баравари миқдорида ундирилади. Яъни, бундай вазиятда мол-мулк солиғи ҳисоб-китобида (яъни солиқ ҳисоботи шаклида) корхона муддатида тугатилмаган қурилиш объектлари бўйича белгиланган ставканинг уч бараварини қўллаши лозим бўлади.

Агар қурилиш объекти тадбиркорлик фаолиятига кирмайдиган фаолият юритиш учун ажратилган бўлса, у ҳолда мол-мулк солиғи Президентнинг ПҚ-3454 қарорида белгилангани каби икки баравар ставкада тўланади, тегишинча, солиқ ҳисоботида ҳам шу ставка акс эттирилади.

Фикримизча, сизнинг корхонага тегишли объект бўйича солиқ ставкасининг уч баравари қўлланилиши керак.

Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг Давлат архитектура-қурилиш назорати ҳудудий инспекциялари қурилиш объектлари бўйича солиқ органларига ахборот етказиб туради. Шунинг учун муддатида тугатилмаган объектларга оид маълумот корхонангиз рўйхатдан ўтган солиқ инспекциясида бўлиши керак. Агар корхонангизга тегишли қурилиш объекти бўйича бирор-бир шубҳа мавжуд бўлса, у ҳолда солиқ инспекциясидан у бўйича маълумот олишингиз мумкин.

Показать ответ

Президентнинг 16.03.2018 йилдаги ПҚ-3610 сонли қарори билан профессионал футбол клубларига барча турдаги солиқлар, давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар ҳамда божхона тўловлари бўйича имтиёзлар берилган.

Агар сизнинг МЧЖ қонун ҳужжатларига асосан ҳақиқатда ҳам профессионал футбол клуби бўлиб ҳисобланса, у ҳолда Президентнинг 16.03.2018 йилдаги ПҚ-3610 сонли қарорида белгиланган солиқ имтиёзларидан фойдаланишингиз мумкин. Ундан ташқари ҳат қандай солиқ тўловчи, тадбиқ қилинадиган солиқ тизимига қараб, СКнинг тегишли моддаларида кўрсатилган солиқ имтиёзларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Одатда Президент ёки ҳуқумат қарорларида берилган имтиёзларни қўллаш шартлари белгиланган бўлади. Президентнинг 16.03.2018 йилдаги ПҚ-3610 сонли қарорда ҳеч қандай шартлар кўрсатилмаган. Айни ҳолатда солиқ ва мажбурий ажратмалар бўйича имтиёзлар профессионал футбол клубларининг бошқа фаолиятдан оладиган даромадларига тадбиқ қилиниши мумкинлиги аниқлаштирилмаган.

Показать ответ

Ходимларга СКнинг 178-моддаси 16-бандидабелгиланган холатларда бериладиган моддий ёрдам маблағлари жисмоний шахсларнинг бошқа даромадларига киради ва улар мажбурий ижтимоий тўловларга (ЯИТ, ПФга суғурта бадали) тортилмайди (СКнинг 306, 307-моддалари).

Бошқа холатларда бериладиган моддий ёрдам маблағлари жисмоний шахсларнинг иш ҳақи тарзидаги даромадлар сифатида қаралади (СКнинг 173-моддаси 4-банди) ва улар суммаси тўлик пенсия жамғармасига суғурта бадаллари ва ЯИТга тортилади.

Сизнинг холатда жамият ходимларига куз-қиш мавсумига ёрдам тариқасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун маблағлар берилсагина улар мажбурий ижтимоий тўловларга (ЯИТ, ПФга суғурта бадали) тортилмайди.

Шунингдек, ходимларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бериш ёки уларни сотиб олиш учун маблағлар бериш тарзидаги тўловлар ЭКИҲнинг 12 бараваригача миқдорида (солиқ даврида, яъни йил бошидан охиригача бўлган даврда) ЖШДСдан озод қилинади.

Бухгалтерия ўтказмалари иш ҳақи ҳисоблаб ёзилгани каби амалга оширилади. Лекин бунда ЭКИҲнинг 12 баравари миқдоридаги моддий ёрдамларга солиқ солинмаслигини, ҳамда улар ЯИТ ва суғарта бадалига тортилмаслигини ҳисобга олиш керак. Бухгалтерия ҳисоби автоматлаштирилган дастурда юритилса (масалан 1С, 1УЗда), унда солиқ солишга оид маълумотлар ҳамда имтиёзлар қўлланилиши тўғрисидаги тегишли белгилар киритиб қўйилиши лозим.

Показать ответ

СКнинг 349-моддасига кўра, солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини назарда тутилган солиқ тўловчиларда айрим умумбелгиланган солиқ ва мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти сақланиб қолади. Жумладан, марказлаштирилган манбаларни жалб қилган ҳолда танлов савдолари асосида қуриладиган объектлар бўйича қўшимча қиймат солиғини тўлайдилар.

Реализация бўйича ҳисобварақ-фактура расмийлаштирганда ҚҚС суммасини ажратиб кўрсатинг. ҚҚС тўлдириш тартиби АВда 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатга олинган ҚҚС ҳисоботи шаклида келтирилган.

ҚҚС суммаси солиқ солинадиган база ва солиқ ставкасидан келиб чиқиб ҳисобланг. ҚҚС ставкаси 20%ни ташкил этади. Солиқ солинадиган оборотлар ва солиқ солиш базаси тўғрисидаги маълумот СКнинг 35 ва 36 бобларида баён этилган.

Кирувчи ҳисобварақ-фактурада ажратиб кўрсатилган ҚҚС суммаси 4410 “Бюджетга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича бўнак тўловлари” счётида ҳисобга олинади, чиқувчи ҳисобварақ-фактурада ажратиб кўрсатилган ҚҚС суммаси 6410 “Бюджетга солиқлар бўйича қарздорлик” счётида ҳисобга олинади.

ҚҚСни зачётга олиш СКнинг 39-бобига мувофиқ амалга оширилади.

Умуман айтганда, ҚҚС ҳисоблаш тартибни ўрганиш учун СКнинг VII бўлимини ўзлаштириб олиш лозим.

Қўшимча маълумот учун қуйидаги манбани кўринг:

https://vopros.norma.uz/question/6491?us=k10qeq0qvimiodooe67e0ls4p6

Показать ответ

1. ҚҚС тўловчиси олинган товарлардан (ишлардан, хизматлардан) солиқ солинадиган оборотлар мақсадида фойдаланган бўлса, шунингдек СКнинг 218-моддасида белгиланган бошқа шартлар бажарилган тақдирда,олинган товарлардан (ишлардан, хизматлар) бўйича ҚҚСни ҳисобга олишга рухсат этилган. Яъни, ҚҚС билан сотилган маҳсулот, ишлаб чиқаришда сарфланган хом ашё ва материаллар, ишлар, хизматлар бўйича кирувчи ҚҚСни ҳисобга (зачётга) олиш мумкин.

2. ҚҚС тўлаш мажбурияти юзага келган давр бошига олинган товарларнинг қолдиғи бўйича ҚҚС алоҳида ажартиб ҳисобга олинади (СКнинг 218-моддаси). Бунда фақатгина шуни назарда тутиш лозимки, ҚҚСга тортиладиган оборотларда ишлатилган қисми бўйича кирувчи ҚҚСни зачёт қилиш мумкин.

3. ҚҚС тўловчилар учун ЯСТ суммаси бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммасига, лекин ЯСТ суммасининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорга камайтирилади (СКнинг 360-моддаси).Бунда камайтириш ҚҚС тўлаш мажбурияти юзага келган даврга тўғри келадиган ЯСТ суммасига нисбатан қўлланади.

Марказлаштирилган манбаларни жалб қилган ҳолда қуриладиган объектларга келсак, Давлат Солиқ Комитетининг (ДСК) мутахассислари СКнинг 360-моддасига таянган ҳолда, “марказлаштирилган манбалар ҳисобига қуриладиган объектлар бўйича ҚҚС суммасига камайтиришни фақатгина шу қурилиш ишлари ҳажмидан ҳисобланган ЯСТ суммасига нисбатан қўллаш мумкин” – деган фикрни билдирганлар.

Показать ответ

Фикримизча, ЭИЗ иштирокчиси хом ашёни воситачи орқали импорт қилиши қонун ҳужжатлари томонидан таъқиқланмаган. Лекин бунда божхона тўловлари бўйича имтиёзлардан фойдаланиш имконияти бўлиши учун импорт шартномасини тузишда айрим ўзига хос томонларини ҳисобга олиши лозим.

ЭИЗ иштирокчилари томонидан божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўлаш тартиби ВМнинг 10.04.2017 йилдаги 196-сон қарори билан тасдиқланган Низомда баён этилган. Ушбу Низомда белгиланган тартибга асосан, божхона хизмати органлари ЭИЗ иштирокчилари томонидан қилган импорт бўйича тегишли давлат идоралари билан ахборот алмашадилар. Ундан ташқари, импортёр божхона органига Низомда белгиланган ҳужжатларни тақдим этиши лозим. Низомдаги тартиб қоидаларидан шундай хулоса келиб чиқадики, импорт шартномаси бўйича юк олувчи ЭИЗ иштирокчиси бўлиши керак. Демак, воситачи орқали амалга ошириладиган импорт шартномасини Низом талабларини инобатга олган ҳолда тузиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Показать ответ

Ягона солиқ тўловининг энг кичик миқдорини ҳисобга олган ҳолда ягона солиқ тўлови суммасини ҳисоблаб чиқариш АВда 03.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатга олинган Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади. Ушбу Низомнинг I қисми, 2-моддасининг б-бандига асосан, ягона ер солиғи тўловчилари бўлган юридик шахсларга мазкур Низом тадбиқ этилмайди.

Ягона ер солиғи тўловчилари ўзларининг асосий фаолиятидан ташқари яна бошқа фаолият тури билан шуғуллансалар ва бу фаолият тури бўйича ягона солиқ тўловини тўласалар ҳамда асосий фаолият билан боғлиқ бўлмаган бошқа фаолиятига тўғри келадиган ер майдони 1 гектардан ортиқ бўлса, у ҳолда ушбу ер майдони бўйича ер солиғини (ягона ер солиғи билан адаштирманг) тўлайдилар (АВда 16.04.2018 йилда 3001-сон билан рўйхатга олинган Низомнинг 1-банди). Бунда солиқ тўловчи Солиқ Кодексида ер солиғи бўйича берилган имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Ундан ташқари, эслатиб ўтиш жойизки, Солиқ Кодексининг 363-моддасига мувофиқ, ягона ер солиғи тўловчи қишлоқ хўжалик корхоналарининг СКнинг 132-моддасида санаб ўтилган бошқа даромадлари таркибига кирувчи оператив ижарадан олган даромадларига солиқ солинмайди.

Показать ответ

Сизнинг ҳолатингизда солиқ солиш тартибини танлаш мумкинлиги ёки мумкин эмаслиги савол мазмунида кўрсатилган ишлар (маҳсулотни харид қилиш, саралаш, сақлаш, қадоқлаш) қандай шартномалар асосида (олди-сотти шартномаси ёки топшириқ шартномаси асосида) амалга оширилишига боғлиқ.

Агар сизнинг корхонангиз қишлоқ хўжалик маҳсулотларини олди-сотти шартномаси асосида ўзининг номидан харид қилса ва бунда маҳсулотга бўлган мулк ҳуқуқи сизга ўтса, кейин эса уларни саралаб, сақлаб, қадоқлаб харидорга олди-сотти шартномаси асосида реализация қилса, корхонангизнинг бундай фаолияти  улгуржи савдо деб эътироф этилади. Бундай фаолият тури лицензия асосида амалга оширилади. Савдо корхоналарида (шу жумладан улгуржи савдо корхоналарида) солиқ солиш тартибини танлаш ҳуқуқи йўқ (СКнинг 350-моддаси), улар ягона солиқ тўлови (ЯСТ) тўлайдилар. Яъни, бундай ҳолатда корхона умумбелгиланган солиқлар тўлашга ўтиши мумкин эмас.

Агар сизнинг корхонангиз савол мазмунида кўрсатилган амалларни (маҳсулотни харид қилиш, саралаш, сақлаш, қадоқлаш ишларини) ўзга корхона билан (айни ҳолатда Россиялик корхона билан) тузилган  топшириқ шартномаси асосида (ФКнинг 46-бобига мувофиқ) амалга оширса, бундай фаолият улгуржи савдога кирмайди, балки воситачилик фаолияти деб эътироф этилади. Воститачилик фаолияти билан шуғулланувчи корхона солиқ солиш тартибини танлаш ҳуқуқига эга, яъни умумбелгиланган солиқлар тўлаши ёки, СКда назарда тутилган мезонларга амал қилган ҳолда, ЯСТ тўлашга ўтиши мумкин.

Битим бўйича шартномаларни малакали юрист ҳамда солиқ маслаҳатчиси иштирокида тузишни тавсия қиламиз.

Показать ответ

Вазирлар Махкамасининг 24.08.2018 йилдаги 684-сонли қарорида донни кайта ишловчи корхоналарни қўллаб қувватлаш ва уларнинг экспорт салохиятини ошириш чора тадбирлари белгиланган. Унга асосан, 2018 йилнинг 1 сентябридан бошлаб донни қайта ишловчи корхоналарнинг маҳсулотлари учун қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ солинадиган айланма тушум ҳажмидан дон қийматини чиқариб ташлаб ҳисоблаш тартиби жорий этилган.

Қарорда  ишлаб чиқарилган ёки қайта ишланган маҳсулот тўғрисида гап юритилган. Айни ҳолатда  сиз ўз маҳсулотингизни эмас, балки сотиб олинган шолини ишлов бермай туриб қайта сотишни мўлжаллагансиз. Қарор эса айнан дон маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналарнинг чиқарадиган маҳсулотларига нисбатан қабул қилинган.

Бизнинг фикримизча, биринчидан, қайта сотиш учун мўлжалланган товарларга ҚҚС ҳисоблашда мазкур қарордаги ҚҚС ҳисоблаш тартибини қўллаш мумкин эмас. Сизнинг ҳолатингизда, сотиладиган шоли бўйича ҚҚС айланмасини аниқлашда тушум ҳажмидан шоли қиймати чегириб ташланмайди. Иккинчидан, қарорнинг мазмунидан, хусусан, қарорнинг иловасидаги рўйхатдан шудай хулосага келиш мумкинки, қарорда айнан ун олинадиган дон экинларидан (буғдой, арпа, жўхори, тариқ) чиқариладиган маҳсулотлар назарда тутилган.

Савол мазмунида кўрсатиб ўтилган Қишлок хўжалиги Вазирлигининг 14.09.2018 йилдаги 03/021-1218-сонли хати очиқ манбаларда чоп этилмаган. Шу сабабли унинг мазмунини ВМнинг 24.08.2018 йилдаги 684-сонли қарорига нисбатан қўллаш мумкинлиги тўғрисида бирор фикр билдиришнинг имкони мавжуд эмас.

Показать ответ

Саволда кўрсатилган мол-мулк солиғи бўйича имтиёз Солиқ кодексига асосан эмас, Президентнинг қарорига асосан берилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 22.11.2016 йилда чиққан ПҚ-2660 сонли қарорида (рус тилида келтирилган) аҳоли учун арзон ва қулайликларга эга кўп қаватли уйлар қуриш ва реконструкция қилиш бўйича амалга ошириладиган чоралар-тадбирлар Дастури қабул қилинган. Қарорда уйлар қуриши банклар томонидан ажратиладиган ипотека кредитлари ҳисобига молиялаштирилиши белгиланган.

ПҚ-2660 сонли қарорнинг 17-бандига мувофиқ, жисмоний шахсларга Дастур доирасида сотиб олган квартиралари бўйича мол-мулк солиғини тўлашдан озод қилиш шаклида имтиёз берилган. Ушбу солиқ имтиёзи улар АТИБ “Ипотека банк”, АТБ “Ўзсаноатқурилишбанки” ва АТБ “Асака банк”лар томонидан берилган импотека кредитларини сўндиргунларига қадар қўлланилади.

Шунингдек, қарорда жисмоний шахсларнинг ипотека кредитларини сўндиришга йўналтирилган даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилиниши ҳам назарда тутилган.

Показать ответ

Солиқ тўловчи бўлган жисмоний шахснинг манфаатларини кўзлаб текинга, шу жумладан ҳадя шартномаси асосида берилган мол-мулк ушбу жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромади бўлиб ҳисобланади ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига (ЖШДС) тортилади (СКнинг 177-моддаси).

Солиқ кодексига асосан, мол-мулк деганда эгалик қилиш, фойдаланиш, тасарруф этиш объектлари бўла оладиган моддий объектлар, шу жумладан пул маблағлари, қимматли қоғозлар, улушлар (пайлар, ҳиссалар) ҳамда номоддий объектлар тушунилади (СКнинг 22-моддаси).

Жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромади ЯИТ ва суғурта бадалига тортилмайди.

Саволда баён этилган ҳолатда жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромадига декларация асосида солиқ (ЖШДС) солинади (СКнинг 189-моддаси). Солиқ декларациясини жисмоний шахс календарь йил тугаганидан  сўнг 1 апрелга қадар ўзи яшайдиган жойдаги солиқ инспекциясига топширади. Даромадлар тўғрисидаги декларация топшириш ва солиқ тўлаш тартиби СКнинг 192 – 193-моддаларида баён этилган. Солиқ суммасини ҳисоблаб чиқариш декларация қабул қилган солиқ хизмати органида амалга оширилади.

Улушни жисмоний шахсга берган юридик шахс (адаштирманг, таъсисчилари таркиби ўзгараётган корхона эмас, улушини текинга бераётган корхона) йил тугаганидан кейин 30 кун ичида ўзи рўйхатдан ўтган жойидаги солиқ инспекциясига жисмоний шахсга тўланган даромад (берилган улуш) суммаси тўғрисида белгиланган шаклда маълумотнома бериши керак (СКнинг 186-моддаси).

Бухгалтерия ўтказмалари

Аввал тасисчининг (юридик шахснинг) чиқиб кетиши (ёки унинг улушининг камайиши) акс эттирилади:

Дт 8330 “Пай ва улушлар”

Кт 6620 “Чиқиб кетаётган таъсисчиларга улушлари бўйича қарз”

Янги таъсисчининг кириши акс эттирилади:

Дт 4610 “Устав капиталига таъсисчиларнинг улушлари бўйича қарзи”

Кт 8330 “Пай ва улушлар”

Дебиторлик ва кредиторлик қарзлари ўзаро ҳисобга олинади:

 Дт 6620 “Чиқиб кетаётган таъсисчиларга улушлари бўйича қарз”

Кт 4610 “Устав капиталига таъсисчиларнинг улушлари бўйича қарзи”

Устав капиталидаги ўзгаришлар бухгалтерия ҳисобида жамият уставига тегишли ўзгаришлар давлат рўйхатидан ўтганидан сўнг акс эттиилади.

Показать ответ

Корхона ўтган даврлар учун топширилган солиқ ҳисоботларида хатоликларни ўзи мустақил равишда аниқласа, СКнинг 38-моддасида белгиланган даъво муддати ичида (5-йил) аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини топширишга ҳақли. Агар аниқлаштирилган ҳисобот солиқ текшируви ўтказилган давр учун таёрланса ва унда солиқ ва мажбурий тўловлар суммаси камайиши назарда тутилган бўлса, ундай ҳолларда мазкур қоида қўлланилмайди (СКнинг 46-моддаси).

Аниқлаштирилган солиқ ҳисоботда кўрсатилган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар суммаси аввал топширилган ҳисоботдаги суммадан кўп бўлса, солиқ хизмати органи тегишли солиқ ёки мажбурий тўлов бўйича қўшимча мажбурият пеня ҳисоблаб ёзади.

Аксинча, аниқлаштирилган солиқ ҳисоботда кўрсатилган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар суммаси аввал топширилган ҳисоботдаги суммадан кам бўлса, ортиқча тўланган солиқ ёки бошқа мажбурий тўлов суммаси СКнинг 10-бобида белгиланган тартибда ҳисобга олинади ёки қайтариб берилади.

2017 йилда бюджетдан ташқари мактаб фондига ва Республика йўл фондига тўловлар – мажбурий тўловлар таркибига кирган (ЎзР 29.12.2017 й. ЎРҚ-454-сон Қонунига мувофиқ СКдан чиқариб ташланган) ва улар бўйича ҳам юқорида кўрсатилган қоида тадбиқ этилади.

Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018 г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. 78-150-11-72, Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+
Яндекс.Метрика