Ответов: 621
Ответы эксперта. Бухгалтерский учет
Показать ответ

Корхоналарда асосий воситаларни қайта баҳолаш 5-сон БҲМС “Асосий воситалар” ва Адлия Вазирлигида 2002 йил  4 декабрда 1192-сон билан рўйхатга олинган Низомга асосан амалга оширилади. Корхона қайта баҳолашни мустақил равишда ёки мутахассис-экспертларни жалб қилган ҳолда амалга ошириши мумкин, лекин унинг натижасини бухгалтерия ҳисобида акс эттириш қайта баҳолаш ким томонидан амалга ошилганига боғлиқ эмас.

Қайта баҳолаш натижасида АВнинг қиймати ошадиган бўлса, унинг қийматига қўшилган сумма Резерв капитали таркибига киритилади ва 8510 "Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар" счётида ҳисобга олинади. Қайта баҳолаш натижасида АВнинг қиймати камаядиган бўлса, камайиш суммаси мазкур объект бўйича 8510 "Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар" счётининг кредитидаги сальдони камайтиришга олиб борилади, счёт сальдосидан ортган суммаси эса бошқа операцион харажатлар таркибига киритилади (5-сон БҲСМ, 5-§).

Тўлиқ амортизацияланган АВлар бўйича (уларнинг қиймати қайта баҳоланганидан кейин ҳам) амортизация ҳисобланмайди, чунки амортизация ҳисоблаш учун база мавжуд бўлмайди. Қайта баҳолаш ўтказилганида АВнинг бошланғич қиймати ҳамда у бўйича жамланган амортизация суммаси бир хил коэффициентга кўпайтилилади, ва натижада АВнинг қолдиқ қиймати нолга тенг бўлиб қолаверади.

Қайта баҳолашни ўтказиш ва унинг натижаларини бухгалтерия ҳисобида акс эттириш бўйича батафсил маълумот олиш учун “1 январь ҳолати бўйича асосий фондларни қайта баҳолашни ўтказиш тартиби” тўғрисидаги Низом билан танишиб чиқишни тавсия этамиз (АВда 04.12.2002 й. 1192-сон билан рўй.олинган). 

Показать ответ

Сотилган маҳсулот сифати бўйича харидорни қониқтирмаган ҳолларда унинг камчиликларини бартараф қилиш учун қайта ишлов беришга қабул қлиш ва камчиликлар бартараф қилинганидан кейин харидорга қайтариб бериш шартлари олди-сотти шартномасида (ёки қўшимча шартномада) белгиланган бўлиши лозим.

Бу каби ҳолларда маҳсулотни қабул қилиш ва қайта топшириш пайтида қабул қилиш-топшириш далолатномасини тузиш ёки юкхат расмийлаштириш мумкин. Бунда маҳсулот балансга кирим қилинмайди, қайта ишлов бериш пайтида балансдан ташқари счётларда ҳисобга олинади, лозим бўлган тақдирда балансдан ташқари счётларга қўшимча счёт киритиш мумкин (21-сон БҲМС).

Сифати бўйича мос келмаган маҳсулот харидор томонидан қайтариб берилса ва кейин эса қайтариб олинмаса, ундай ҳолларда маҳсулотни харидордан қабул қилиш-топшириш далолатномаси ёки юкхат асосида қабул қилиш ҳамда харидорга белгиланган тартибда тузатувчи қўшимча счёт-фактура расмийлаштириб бериш лозим (СКнинг 222-моддаси, АВда 22.03.2013 й. 2439-сон билан рўйхатга олинган  Ҳ/Фларни ҳисобга олиш ва расмийлаштириш тартибининг 11- банди).

04.04.2018 [ID: 10478] 1. Давлат мулкини ижарага бериш бўйича умумбелгиланган солиқлар тўловчиси бўлган давлат корхонасига (балансда сақловчига) келиб тушадиган 40 фоиз улуш корхонанинг қандай даромади ҳисобланади? 2. Умумбелгиланган солиқлар тўловчиси бўлган давлат корхонаси учун унинг мулкини ижарага олиш амалиётлари бухгалтерия ҳисобида қандай расмийлаштирилиши лозим? 3. Давлат мулкини ижараси тўловидан даромад бўйича ҚҚС суммасини ҳисоблаш тартиби қандай?
Показать ответ

1. Ижарадан олинган даромад хизматларни реализация қилишдан даромад сифатида ёҳуд операцион фаолиятнинг бошқа даромадлари сифатида эътироф этилиши мумкин. Ижара бўйича тушум қандай даромад эканини аниқлаш учун унинг жами реализация бўйича тушумдаги улушини аниқлаш лозим. Мол-мулкни ижарага беришдан даромад товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадларнинг умумий суммасидан ортиқ бўлса, хизматларни реализация қилишдан олинган даромад деб эътироф этилади ва 9030 “Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар” счётида ҳисобга олинади. Агарда ижарага беришдан даромад товарларни товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадларнинг умумий суммасидан ортиқ бўлмаса, бошқа даромадлар деб эътироф этилади ва 9350 “Оператив ижарадан даромадлар” счётида ҳисобга олинади.

2. Бухгалтерия ҳисобида акс эттириш учун:

Хизматларни реализация қилишдан олинган даромад сифатида тан олинса 9030 “Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар” счётида ҳисобга олинади;

Операцион фаолиятнинг бошқа даромадлари сифатида тан олинса – 9350 “Оператив ижарадан даромадлар” счётида ҳисобга олинади.

Ушбу операциялар бухгалтерия ҳисобида уч томонлама тузилган ижара шартномаси ҳамда ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган счёт-фактура асосида акс эттирилади. Давлат мулкини ижарага беришда Давлат мулкини ижарага бериш маркази билан Балансда сақловчи ўртасида расмийлаштирилиладиган идоравий ҳужжатлар мавжуд бўлиши мумкин. Уни аниқлаш учун Давлат мулкини ижарага бериш марказларига мурожаат қилиш лозим.

3. Давлат мулкини ижарага бериш хизматлари бўйича оборотлар қўшилган қиймат солиғидан озод этилади (СКнинг 208-моддаси).

Показать ответ

Корхона таъсисчиларидан бири ушбу корхонадаги ўзига тегишли улушига бўлган ҳуқуқини корхона фойдасига текинга қолдирса, яъни улушидан воз кечса, текинга берилган улуш қиймати солиқ солиш мақсадларида корхонанинг бошқа даромади сифатида қаралади ва солиққа тортилади (СКнинг 132, 355- моддалари). ЯСТ бўйича солиқ ҳисоб-китобининг 2-иловасида акс эттирилади ва солиқ солинадиган базага киритилади (АВда 2013 йил 22 мартда 2439-сон билан рўйхатга олинган). Бунда солиқ тўловчи Президентнинг 2016 йил 16 сентябрдаги ПҚ-2595 сонли қарорда (қарорнинг 8-бандида) баён этилган шартларга мувофиқ келадиган бўлса, у мазкур Қарор бўйича берилган имтиёзларни бошқа даромадларга нисбатан ҳам қўллаши мумкин.

Показать ответ

Авизо термини – бу бирор-бир хўжалик ёки молиявий операциянинг бажарилиши ҳақида маълумот беришни билдиради. У контрагентлар, банклар, филиаллар орасидаги иш юзасидан олиб бориладиган алоқада “хабарнома” сифатида ишлатилиши мумкин.

Авизо контрагентлар ўртасида, шунингдек битта корхонанинг таркибий бўлинмалари ёки филиаллари ўртасида қўлланилиши мумкин.

Бухгалтерияда ишлатиладиган авизо турли ўзгаришлар тўғрисидаги хабарнома сифатида қўлланилади. Масалан, моддий бойликларни харакати, молиявий ёки мулкий хусусиятга эга ўзгаришлар тўғрисида, шунингдек контрагентлар орасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар тўғрисида. Бунда авизога бошқа ҳужжатлар илова қилиниши мумкин (тўлов топшириқномаси, ўзаро ҳисоб-китоблар далолатномаси ва бошқалар).

Авизони тўлдиришда қонун ҳужжатларида назарда тутилган расмий ҳужжатлардаги барча реквизитлар бўлиши керак:

  • Авизо тузилган сана
  • Тегишли журналда қайд этилган рақами
  • Юборувчи ва олувчи ҳақида маълумот ва уларнинг реквизитлари
  • Хабарноманинг мазмуни.

Корхонанинг таркибий бўлинмалари ёки филиаллари ўртасида авизо орқали моддий бойликларнинг кўчиб ўтиши тўғрисида маълумот алмашинилади. Масалан, бош корхонадан унинг филиалига асосий восита берилса, авизода (хабарномада) асосий воситанинг номи, қиймати, амортизацияси, қайси счётда ҳисобга олингани тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.

Авизонинг стандарт шакли кўпинча бухгалтерия ҳисобини юритишда қўлланиладиган дастурий таъминотда (масалан 1Сда) бўлади ва бунда уни автоматик тарзда айрим керакли маълумотларни киритиш йўли билан расмийлаштириш мумкин.

Расмийлаштирилган авизо бухгалтерияда тегишли журналда қайд этилади.

Маълумот учун: Авизо шаклида маълумот алмашиш – қонун ҳужжатларида белгиланган мажбурий қоида эмас.

Показать ответ

МЧЖ шаклидаги корхонанинг фойдаси жамият иштирокчилари ўртасида Ўзбекистон Републикасининг 06.12.2001 йилда қабул қилинган 310-II сонли “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар” тўғрисидаги қонунига (кейинги ўринларда “Қонун”) асосан тақсимланиши мумкин. Мазкун Қонуннинг 26-моддасида фойдани тақсилашга нисбатан айрим чекловлар акс эттирилган. Фойда тақсимланганида айнан шу модданинг талабларига риоя қилиш керак. Жамият соф фойдани тақсимлашда ундан ажратмалар қилиш йўли билан захира фондини яратади, захира яратиш тартиби Қонуннинг 27-моддасида баён этилган. Захира миқдори устав фондининг 15 фоизидан кам бўлмаслиги лозим, унинг аниқ миқдори жамият уставида белгиланган бўлади.

Йиллар давомида жамғарилган фойда 8720 “Жамғарилган фойда” счётида акс эттирилади.

Жамиятда тақсимланмаган (жамғарилган) фойдадан дивидендлар тўлаш, захира фондига ажратмалар қилиш тартиби, уларнинг миқдори – жамият устави ҳамда жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг қарорига асосан амалга оширилади. Яъни фойдани тақсимлаш учун жамият иштирокчиларининг ёзма қарори бўлиши лозим.

Дивидендларга солинадиган солиқни ҳисоблашда солиқ солинадиган база тақсимланган (жамланган) фойда эмас, балки тўланадиган дивиденд суммасидир. Яъни жамланган фойда тўлиқ миқдорда тақсимланмаслиги мумкин, солиқ фақат тўланадиган дивидендларга солинади. Дивидендларга тўлов манбаида солиқ солинади (СКнинг 156-моддаси). Ушлаб қолинган солиқ суммаси дивидендларни тўлаш пайтида давлат бюджетига ўтказилади (СКнинг 165-моддаси). Солиқ ставкаси 10 фоизни ташкил этади.

16.04.2018 [ID: 10549] 1. Иш вахта усулида ташкил этилса иш берувчи томонидан йўлга кетган вақт учун суткалик харажатлар (кундалик харажатлар) тўланаши керакми? 2. Темир йўл билети сотувда бўлмаган вақтда, ходим ўз ҳисобидан иш жойига (хусусий йўловчи транспортлар орқали) етиб бориб, қайтиб келганида йўл харажатларини қоплаш қандай усулда амалга оширилиши тўғри бўлади? 3. Вахта усулида ишлаганда объектга борганлигини тасдиқловчи хужжат сифатида сафар харажатлари гувоҳномасини расмийлаштириш лозимми, бундай ҳолатларда қонунчиликка асосан қандай йўл тутиш тўғри бўлади?
Показать ответ

Ишчиларни вахтага жўнатиш хизмат сафари (командировка) ҳисобланмайди. Шунинг учун вахта усулида меҳнат қилувчи ишчиларга суткалик харажат пули тўланмайди, ундан ташқари хизмат сафарида расмийлаштириладиган ҳужжатлар керак эмас.

Қонун ҳужжатларида вахта усулида ишловчиларнинг меҳнат ҳақига туман коэффициентларини қўллаш, вахта давридаги календарь кунлар ва йўлга кетган кунлар учун иш ҳақига устама тўлаш, ишчиларни транспорт воситаси билан ҳамда кунига уч марталик иссиқ овқат билан таъминлаш назарда тутилган. Булар ҳақидаги батафсил маълумотлар АВа 28.11.1998 йил 551-сон билан рўйхатга олинган Низомда, ВМнинг 04.09.1992 йилдаги 407-сон қарори 4-бандида, МКнинг 171-моддасида акс эттирилган:

Юқорида айтилганидек, вахта усулида меҳнат қилувчи ходимларни транспорт билан таъминлаш иш берувчи корхонанинг зиммасига юклатилган. Бирор-бир сабабга кўра ходим йўлкира учун ўз ёнидан харажат қилса, корхона ходимнинг бундай харажатини тўлиқ ёки қисман қоплаб бериши мумкин, қоплаб бериш тартиби ва миқдори корхона билан ишчи ўртасида тузиладиган меҳнат шартномасида ёки коллектив шартномада назарда тутилиши керак. Бироқ, бунда солиқ солиш мақсадларида, қолаб бериш суммаси, хизмат сафари каби, темир йўл чиптаси қиймати доирасида, лекин йўловчиларни авиада ташиш тарифларини 30%дан кўп бўлмаслиги керак (АВда 29.08.2003 йил 1268-сон билан рўйхатга олинган Йўриқнома).

Озиқ-овқат қиймати ходимнинг жами даромадига киритилади ва ЖШДС ҳамда ижтимоий тўловларга тортилади. Ишчиларга белгиланган нормалардан ортиқ миқдорда ҳар бир календарь кун учун устама тўлаш ёки уларнинг транспорт харажатларини (ёки бошқа харажатларини) қоплаб бериш қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган, уларнинг миқдорини меҳнат шартномасида ёки коллектив шартномада белгилаш мумкин. Лекин белгиланган нормадан ортиқ тўланган суммалар ходимнинг даромади ҳисобланиб, ЖШДС ҳамда ижтимоий тўловларга тортилади (СКнинг 172174, 306-моддалари).

Фойда солиғини тўловчи корхоналар учун юқоридаги барча тўловлар корхонанинг чегириладиган харажатлари ҳисобланади (СКнинг 147-моддаси).

Показать ответ

Мазкур ҳолатда хатони тузатиш учун 2018 йилнинг аввалги уч ойи иш ҳақини (ҳар бир ойнинг иш ҳақи алоҳида) ва у билан боғлиқ солиқ ҳамда мажбурий тўловларни қайта ҳисоблаб чиқиб, солиқ ҳисоботларини қайта топшириш мумкин. Хатолик текширув ёки аудит ўтказилишидан олдин тузатилиши керак, унда солиқлар вақтида тўланмагани учун корхонадан фақат солиқ тўлови кечиктирилган кунларга пеня ундирилади (СКнинг 109-моддаси). Ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун 0,033 фоиз миқдорида пеня ундирилади, лекин унинг миқдори тегишли солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарз суммасидан ошиб кетиши мумкин эмас (СКнинг 120-моддаси).

Яна бир варианти, ўтган давр учун қўшимча иш ҳақи ва у билан боғлиқ солиқларни жорий даврда (хатолик аниқланган пайтда) ҳисоблаш мумкин. Мазкун ҳолатда бундай қўшимча ҳисоблашни апрель ойида ҳам амалга оширса бўлади, лекин буни март ойи билан амалга оширилгани, яъни хатолик тезроқ бартараф қилингани маъқул (ЖШДС ва суғурта тўловлари бўйича ҳисоб-китобларни топшириш муддати кейинги ойнинг 25-санасигача). Чунки айни вазиятда корхонанинг мансабдор шахслари томонидан йўл қўйилган хатолик туфайли ходимларга меҳнат ҳақи тўлиқ миқдорда тўланмаяпти ва бу билан Меҳнат кодексининг тегишли моддалари бузилмоқда (МКнинг IX Боби).

Показать ответ

Хорижий валютада амалга ошириладиган операциялар “Чет эл валютасидаги операцияларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисидаги Низом”га (кейинги ўринларда – Низом) мувофиқ акс эттирилади (АВда 2004 йил 17 сентябрда 1411-сон билан рўйхатга олинган). Ушбу Низомнинг 28-моддасига биноан, Устав капитали миқдори хорижий валютада ўрнатилган ҳолларда ҳар бир таъсисчи томонидан улушларнинг киритилиши Марказий банкнинг улушни киритиш санасидаги курси бўйича миллий валютада ҳисобланади. Таъсис ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказиш пайти билан улушни ҳақиқатда киритиш пайти орасидаги давр ичида валюта курси ўзгариши мумкин ва бунда ижобий ёки салбий курс фарқи вужудга келади. Курс фарқларини ҳисобга олиш тартиби юқорида кўрсатилган Низомда баён этилган. Устав капитали оширилганда ёки камайтирилганда бухгалтерия ҳисобида устав капиталининг фақат оширилган ёки камайтирилган қисми таъсис ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар рўйхатдан ўтказилган санадаги Марказий банк курси бўйича миллий валютада акс эттирилади, бунда вужудга келадиган курс фарқлари ҳам Низомда кўрсатилган тартибда ҳисобга олинади.

Жамият иштирокчилардан бирининг устав капиталидаги улуши ошганида, иштирокчиларнинг уставда хорижий валюта белгиланган улушлари нисбати билан бухгалтерия ҳисобида миллий валютада ҳисобга олинган улушлари нисбати бир-бирига мос келмайди. Бунинг сабаби шундаки, устав капиталининг қиймати ва жамият иштирокчилари улушларининг нисбати улар таъсисчи сифатида давлат рўйхатидан ўтган кундаги МБнинг курси бўйича ҳисобга олинади ва қайта баҳоланмайди (22-сон БҲСМ). Бундай вазият тузатиш киритишга муҳтож эмас. Иштирокчилар улушларининг фоизларда кўрсатиладиган нисбати уларнинг хорижий валютада ифодаланган қийматидан ҳисобланади. Мазкур ҳолда АҚШ долларидаги суммалардан ҳисобланган нисбат тўғри.

Показать ответ

Уставда хорижий валютада қайд этилган устав капитали давлат рўйхатидан ўтказилади ва жамият иштирокчилари улушларининг жами устав капиталига нисбати уларнинг хорижий валютада ифодаланган ва уставда белгиланган қийматидан ҳисобланади. Мазкур ҳолда АҚШ долларидаги суммалардан ҳисобланган нисбат тўғри. Жамият иштирокчилари улушларининг нисбати бухгалтерияда миллий валютада акс эттирилган суммалар асосида аниқланмайди ва уларнинг хорижий валютадаги кўрсаткичи билан мос келмаслиги Президентнинг 11.04.2005 йилдаги ПФ-3594 сонли Фармонида белгиланган имтиёзлардан фойдаланишни тўхтатишга сабаб бўлмайди.

Хорижий валютадаги операцияларни ҳисобга олиш бўйича маълумот қуйидаги манбада:

https://vopros.norma.uz/question/10563

Показать ответ

Жамият иштирокчиси жамиятнинг устав фондидаги ўз улушини жамиятнинг бошқа иштирокчиларига сотиши ёки ўзга тарзда улар фойдасига воз кечиши қонунчиликда таъқиқланмаган. Масъулияти чекланган жамият (шунингдек қўшимча масъулиятли жамият) иштирокчилари ўртасидаги бундай битимлар Ўзбекистон Республикасининг “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонунига мувофиқ амалга оширилади (06.12.2001 й. № 310-II, 20-модда). Жамият устав фондидаги улушдан бошқа шахснинг фойдасига воз кечиш, агар жамият уставида бошқа тартиб белгиланмаган бўлса, оддий ёзма шаклда амалга оширилади, яъни улушидан воз кечувчи ва улушни олувчи ўртасида ёзма битим тузиш мумкин. Буни юрист иштирокида амалга оширилгани маъқул.

Бундай битимлар амалга оширилганида корхонада ҳеч қандай солиқ оқибатлари юзага келмайди.

Макур ҳолатда улушидан воз кечувчи шахсда ва улушни олувчи шахсларда солиқ оқибатлари юзага келиши мумкин.

Ўз улушидан ўзганинг фойдасига воз кечувчи Ўзбекистон норезидентида:

Жамият иштирокчиси бўлган норезидент жамиятдаги ўз улушини ўзга шахсга, шу жумладан жамиятнинг бошқа иштирокчисига сотса ва бунда улуш номинал қиймати бўйича ёки ундан паст баҳода сотиладиган бўлса ёҳуд текинга берилса, норезидентда солиқ тўлаш мажбурияти пайдо бўлмайди. Номинал қийматидан юқори суммага сотилса, номинал қийматидан ошган қисми норезидентнинг даромади деб тан олинади ва, норезидент жисмоний шахс бўлса – жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига (ЖШДС) (СКнинг 176 – моддаси) ёки юридик шахс бўлса – юридик шахслардан олинадиган фойда солиғига тортилади (СКнинг 155-1 – моддаси). Бунда даромад тўлаш манбаи, яъни улушни сотиб олувчи юридик ёки жисмоний шахс солиқ агенти бўлиб ҳисобланади ва норезидент даромадидан солиқ ушлаб қолиш, бюджетга тўлаш вазифалари унинг зиммасига юклатилади.

Норезидентнинг улушини ўзга юридик шахс томонидан сотиб олинган тақдирда норезидент юридик шахснинг ўз улушини сотишдан оладиган даромадидан солиқ ушлаб қолиш, бюджетга тўлаш ва ҳисобот топшириш тартиби СКнинг 155-1 – моддасида баён этилган. Лекин улушни сотувчи норезидент ҳамда сотиб олувчи жисмоний шахс бўлган тақдирда норезидентнинг даромадидан солиқ ушлаб қолиш ва тўлаш тартиби аниқлаштирилмаган.

Жамият иштирокчисидан  унинг  улушини олувчи жисмоний шахсда солиқ оқибати:

Улушни номинал қийматидан кам бўлмаган суммага сотиб олса, мазкур (улушни олувчи) жисмоний шахсда солиқ тўлаш мажбурияти юзага келмайди. Улушни номинал қийматидан паст суммага сотиб олса ёки текинга олса, у ҳолда улушни олувчи жисмоний шахсда ЖШДС тўлаш мабурияти юзага келади. Улушни сотиб олиш қиймати номинал қийматидан  паст бўлса, сотиб олиш қиймати билан номинал қиймати орасидаги фарқ суммасига солиқ солинади. Улушни текинга олган тақдирда, номинал қийматига солиқ солинади (СКнинг 178-моддаси). Бундай ҳолатларда даромад кўрган жисмоний шахслар декларация топшириш орқали солиқ тўлашлари керак (СКнинг 189-моддаси).

Показать ответ

Асосий бўлмаган иш жойидан даромад олаётган жисмоний шахслардан солиқ тўлов манбаида, яъни даромад тўлаётган юридик шахсда ушлаб қолинади. Жисмоний шахс асосий иш жойи бўлмаган корхонанинг бухгалтериясига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини (ЖШДС) максимал ставкада ушлаб қолиш тўғрисида ариза берса, тўлов манбаида максимал ставкада солиқ ушлаб қолинади. Акс ҳолда белгиланган шкала бўйича солиқ ушлаб қолинади. ЖШДС суммаси йил бошидан ортиб борувчи якун бўйича ҳисоблаб чиқарилади. Асосий иш жойи бўлмаган жойда ўриндошликда ишлайдиган жисмоний шахслар даромадига ЖШДС ҳисоблаб чиқаришда СКнинг 179-моддаси 1-бандининг тўртинчи хатбошисида ҳамда 180-моддасида назарда тутилган имтиёзлар қўлланилмайди. Жисмоний шахсларнинг асосий бўлмаган иш жойида олган даромадларидан ЖШДСнинг якуний суммаси жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисида тақдим этилган декларациянинг маълумотлари бўйича давлат солиқ хизмати органи томонидан ҳисоблаб чиқарилади (СКнинг 186-моддаси). Жисмоний шахснинг йиллик жами даромади тўғрисидаги декларация топшириш тартиби СКнинг 34-бобида баён этилган.

Пенсия жамғармасига суғурта бадали, ЯИТ, ЖБШПҲга бадаллар суммаларини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш асосий иш жойидаги каби амалга оширилади.

ЖШДС суммасини ҳисоблаб чиқариш бўйича чуқурроқ билимга эга бўлиш учун Норма компаниясининг сайтида берилган маълумотлар билан танишиб чиқишингиз мумкин:

https://www.norma.uz/poleznaya_informaciya

Унда турли вазиятларда ЖШДС суммасини ҳисоблаб чиқариш методикаси кўрсатилган.

Показать ответ

Аввалам бор иш ҳақи (шу жумладан таътил ҳақи) хамда у билан боғлиқ солиқ ва мажбурий тўловларни ҳисоблаб ёзиш механизмини эслатиб ўтсак.

Ҳисобланган иш ҳақи (тўлиқ суммада, солиқ ва суғурта бадали ушлаб қолинишидан аввал) ва у билан боғлиқ ЯИТ ҳисобланган пайтда дебет бўйича харажатлар счётига ўтказилади, масалан 9420 “Маъмурий харажатлар” ёки 2010 “Асосий ишлаб чиқариш” счётига, кредит бўйича эса 67 10 “Ҳисобланган иш ҳақи” счётига ўтказилади (Қулайлик учун кейинчалик счётларнинг фақат рақами берилади). Кейин эса иш ҳақининг ҳисобланган йиллик жами суммасидан солиқ ва мажбурий тўловлар ҳисобланади. Демак, таътил ҳақи ортиқча ҳисобланган бўлса, ортиқча ҳисобланган суммани ушлаб қолиш учун ҳаражатлар счётига (94 20, 20 10 ёки ҳаражатларни ҳисобга олувчи бошқа счётга) тузатиш киритиш лозим. Буни манфий ишорали сумма билан сторно ўтказмаси орқали амалга ошириш мумкин. Масалан, қайта ҳисоблаб чиқариш натижасида маъмурият ходимига 100 000 сўм миқдорида ортиқча таътил ҳақи ҳисоблангани аниқланса, Дт 94 20 Кт 67 10 (100 000) сўм ўтказмаси берилади,  (сумманинг қавс ичида кўрсатилиши унинг манфий ишорали эканини билдиради). Бунда аввал аванс тариқасида ҳисобланган ва 9420 счётига ўтказилган таътил ҳақи суммаси 100 000 сўмга камаяди. Ходимга ундан кейин иш ҳақи ҳисобланганида унинг даромадидан солиқ ва суғурта бадали ушлаб қолиш пайтида ортиқча тўланган солиқ ва суғурта бадали суммаси, шунингдек ЯИТ суммаси текисланиб кетади. Масалан, кейинчалик ходимга 500 000 сўм иш ҳақи ҳисобланди дейлик, бунда ходимнинг йиллик жами жаромадига 400 000 сўм қўшилади (500 000 – 100 000) ва ҳосил бўлган якуний суммадан солиқ ва мажбурий тўловлар ҳисобланади.

Лекин, амалиётда ўзгача ҳолат ҳам бўлиши мумкин. Масалан, ходим таътил вақти тугаган заҳоти ишдан бўшаса, унга бошқа тўловлар ҳисобланмаслиги мумкин (ёки унинг аванс бўйича қарзини қопламайдиган даражада ҳисоблашиши мумкин). Бундай ҳолларда ходим ортиқча олган даромадини корхонага қайтариши керак. Бунда юқорида кўрсатилган сторно ўтказмасида Кт бўйича 67 10 счётининг ўрнига 42 10 “Ходимларга иш ҳақи бўйича берилган аванслар” счётини қўллаш мумкин, натижада сумма манфий ишора билан киритилгани учун 42 10 счётининг Дт бўйича қолдиғи вужудга келади, ортиқча ҳисобланаган  солиқ ва суғурта бадали улар бўйича аванс тўловларни ҳисобга олувчи счётлар билан корреспонденцида ўтказма бериш орқали тузатилади (масалан, бюджетга ортиқча ўтказилган солиқ суммасига Дт 44 10 Кт 42 10 ўтказмаси берилади). Халқ банкига ортиқча ўтказилган ШЖБПҲ бадали бўйича тузатиш киритилмайди, бу сумма ходим томонидан қайтарилади. Ходим қарзини корхона кассасига киритса, кассага киритилган суммага Дт 50 10 Кт 42 10 ўтказмаси берилади. 

Показать ответ

Бухгалтерияда сторно қилиш – бу илгари қилинган ўтказмани ёки ёзувни орқага қайтариш деган маънони билдиради. Илгари бирор-бир сабабга кўра хато ўтказма қилинган бўлса, сторно операцияси ёрдамида шу ўтказмани қайтариб, хато тузатилади.

Сторно икки усул билан амалга оширилиши мумкин:

1. Аввал қилинган ўтказмани айнан ўзини манфий сумма билан қайта ўтказиш. Буни яна қизил сторно деб аташади (масалан, Дт 9420    Кт 6710 суммаси -200).

2. Аввал қилинган ўтказмадаги бухгалтерия счётланини Дт ва Кт бўйича ўрнини алмаштириб қайта ўтказиш. Бунда сумма мусбат ишора билан ёзилади (Масалан, Дт6710    Кт 9420 суммаси 200).

Ҳар иккала усулда ҳам бир хил натижага эришилади. Лекин кўпроқ 1-усулдан фойдаланиш одат бўлиб қолган. 1-усулдан фойдаланишнинг сабаби ҳамда афзаллиги шундаки, бунда ўтказмалар қизил ранг билан (ёки сумма манфий ишора билан) ёзилади, шу сабабли ҳисобот тайёрлаш пайтида қизил рангли ёзув бухгалтер эътиборини жалб қилади ва ҳисоботда ушбу тузатишни инобатга олишга ёрдам беради.

Показать ответ

Хатолик туфайли аввалги ойларда ходимга иш ҳақи кам ҳисобланган бўлса, иш ҳақини хатолик содир бўлган давр бўйича қайта ҳисоблаш шарт эмас, ушбу хатолик аниқланган даврда (ходим бу даврда ишдан бўшаб келган бўлса ҳам) ходимга қўшимча иш ҳақи ҳисоблаб ёзиш мумкин. Масалан, ходимга январь ойи учун 70% устама иш ҳақи ўрнига 50% устама ҳисобланди. Февраль ойида ходим ишдан бўшаб кетди. Хатолик апрель ойида аниқланди. Апрель ойида 20% миқдорида қўшимча устама иш ҳақи ҳисоблаш мумкин. Бунда апрель ойида собиқ ҳодимга қўшимча ҳисобланган даромаддан СКнинг 186-моддаси 7 қисмига мувофиқ ЖШДС ушлаб қолинади. Собиқ ходим ЖШДСни максимал ставкада ушлаб қолиш тўғрисида ариза бермаган бўлса, солиқ шкала бўйича ушлаб қолинади. Корхона собиқ ходимга тўланган даромаднинг жами суммаси ва ундан ушлаб қолинган ЖШДС суммаси ҳақида бу корхона ҳисобга қўйилган жойдаги солиқ хизмати органига 30 кун ичида ёзма шаклда маълумот бериши лозим.

Хато ҳисобланган иш хақини ва улар билан боғлиқ солиқ ва мажбурий тўловларни хатолик содир бўлган давр билан тузатса ҳам бўлади. Лекин хатолик аввалги солиқ даврида содир этилган бўлса, аввал топширилган солиқ ҳисоботини қайта топшириш лозим бўлади.

Показать ответ

Бухгалтерия ҳисобининг бирламчи ҳужжатлари, регистрлари, ҳисоботлари техника воситаларидан, ахборот тизимларидан ва ахборот технологияларидан фойдаланилган ҳолда электрон ҳужжат тарзида яратилиши, ишлов берилиши ва сақланиши мумкин (ЎзР “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонуни 30.08.1996 й. №279-I). Электрон ҳужжатларни сақлашда улардан фойдаланиш (масалан кўриш, ўқиш, олиш) ва қоғоз шаклидаги нусхаларини тақдим этиш имконияти таъминланган бўлиши шарт (“Бухгалтерия ҳисобида ҳужжатлар ва ҳужжатлар айланиши тўғрисида”ги Низом 4-моддаси, АВда 14.01.2004 йилда 1297-сон б-н рўй.олинган).

Показать ответ

Корхона ишчи-ходимлари учун хизмат қилувчи корхона ошхонаси корхонанинг хизмат кўрсатувчи бўлинмаси ҳисобланади. Унинг фаолияти алоҳида фаолият тури бўлиб ҳисобланмайди (ошхона корхонадан ташқарига хизматлар кўрсатмаса). Хизмат кўрсатувчи хўжаликларда амалга ошириладиган харажатлар 2710 “Хизмат кўрсатувчи хўжаликлар” счётида юритилади (озиқ-овқат маҳсулотларига кетган харажатлар, ошпазларнинг меҳнат ҳақи харажатлари, ошхона асосий воситаларининг амортизация харажатлари, газ, электр энергияси ва бошқа харажатлар). Корхона ошхонасида овқат тайёрлаш учун сотиб олинган товарлар (масалан, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари) улар сотиб олинганида 1090 “Бошқа материаллар” счётида ҳисобга олинади.

Бухгалтерия ўтказмалари қуйидагича:

Операция мазмуни

Дт

Кт

1

Ошхона фаолияти билан боғлиқ харажатларни ҳисобдан чиқариш

2710 «Хизмат кўрсатувчи хўжаликлар»

ТМЗни ҳисобга олувчи счётлар, ходимлар иш ҳақини ҳисобга олувчи счётлар ва бошқалар.

2

Ходимларга бепул тушлик бериш

4210 «Меҳнат ҳақи бўйича берилган бўнаклар»

2710 «Хизмат кўрсатувчи хўжаликлар»

3

Бепул овқат қийматини ходимнинг даромадига киритиш

Харажатларни ҳисобга олувчи счётлар (2010, 9410, 9420 ёки бошқалар)

6710 «Меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишлар»

4

Меҳнат ҳақи бўйича бўнакни ҳисобга олиш

6710 «Меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишлар»

4210 «Меҳнат ҳақи бўйича берилган бўнаклар»

Ходимларга бепул берилган овқат қиймати меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромад таркибига кирувчи компенсация тўлови ҳисобланади ва ЖШДС, суғурта бадали, ЯИТга тортилади (СКнинг 172, 174, 306-моддалари). Ходимларнинг жами иш ҳақи таркибига киритилган бепул овқат қийматидан солиқ ва мажбурий тўловлар ушлаб қолинади. Уларни ушлаб қолиш операциялари юқорида кўрсатилган учинчи ва тўртинчи ўтказмалар орасида амалга оширилади.

Ошхона харажатлари (2710 счётида ҳисобга олинадиган харжатлар) корхонанинг жами харажатлари таркибига киради ва 2710 счётининг қолдиғи ой тугагач тегишли счётга ёпилади (21-БҲМС 2-иловаси).

Показать ответ

Ушбу саволда кўрсатилган вазиятда бир хил суммадаги даромаддан турли ойларда ҳисоблаб чиқарилган ЖШДС суммасининг бир бирига мос келмаслиги табиий ҳолатдир, чунки у йиллик жами даромаддан шкала бўйича ҳисобланади ва солиқ суммаси даромад қайси ойда ҳисоблаб ёзилганига боғлиқ бўлади. 10656-саволда айтилганидек, юридик шахс хато йўл қўйилган ойларни қайта ҳисоб-китоб қилиб, солиқ ҳисоботларини қайта топшириши мумкин. Ё бўлмаса хато аниқланган пайтда қўшимча иш ҳақи ҳисоблаб ёзиши ҳамда у билан боғлиқ солиқ ва мажбурий тўловларни ушлаб қолиши мумкин.

Солиқ кодексининг 185-моддасига эътибор беринг. Унга асосан солиқ агенти жисмоний шахсга ҳисоблаган даромадидан ЖШДСни мазкур даромад ҳақиқатда тўланаётган пайтда ушлаб қолиши керак. Даромад февраль ойида тўланса – февраль ойида ЖШДС ушлаб қолинади, апрель ойида тўланса – апрелда ушлаб қолинади. Меҳнат шартномаси бекор қилинганидан сўнг ходимга илгариги асосий иш жойида тўловлар амалга оширилган тақдирда, собиқ ходимдан даромад солиғини максимал ставка бўйича ушлаб қолиш тўғрисида ариза олиш мумкин (ходимнинг розилиги билан), бунда даромад тўлаётган юридик шахс ЖШДСни максимал ставкада ушлаб қолади, акс ҳолда шкала бўйича ушлаб қолади. Шунингдек, юридик шахс бу ходимга тўланган даромаднинг жами суммаси ва ундан ушлаб қолинган ЖШДС суммаси ҳақида бу юридик шахс ҳисобга қўйилган жойдаги давлат солиқ хизмати органига 30 кун ичида ёзма шаклда маълумот беради. Жисмоний шахсдан олинадиган даромад солиғининг якуний суммаси жисмоний шахс тақдим этган декларация асосида солиқ хизмати органи томонидан ҳисоблаб чиқарилади (СКнинг 186-моддаси). Айни ҳолда корхонада йўл қўйилган хатолик натижасида собиқ ходимнинг зиммасига декларация топшириш мажбурияти тушиб қолади. Собиқ ходимнинг аризасига биноан ундан максимал ставкада ЖШДС ушлаб қолинса, у солиқ хизмати органига декларация топшириши шарт эмас (СКнинг 189-моддаси). 

Показать ответ

Саволда корхона брокерлик хизматининг айнан қайси тури билан шуғулланиши кўрсатилмаган, шунингдек акцияларни кимнинг номидан ва кимнинг ҳисобидан сотиб олиши аниқлаштирилмаган. Лекин саволнинг мазмунига қараганда, корхона ўзга компанияларнинг акцияларини ўзининг номига сотиб олади ва кейинчалик уларни четга сотади.

Ўзга компанияларнинг акцияларини сотиб олиш учун қўйилган инвестициялар мазкур вазиятда – молиявий инвестициялар бўлиб ҳисобланади. Молиявий инвестициялар қисқа муддатли ёки узоқ муддатли инвестиция сифатида таснифланиши мумкин. (12-сон БҲМС).

Қисқа муддатли (жорий) инвестициялар – муомала муддати 12 ойдан ошмайдиган осон реализация қилинадиган инвестициялар.

Узоқ муддатли инвестициялар – қисқа муддатли (жорий) инвестициядан ташқари барча инвестициялар.

Саволда айтилишича, корхона акцияларни сотиб олиб, кейинчалик қайта сотади. Агар акцияларни яқин 12 ойлик муддат ичидаги исталган вақтда сотиб юбориш эҳтимоли бўлса,  бундай молиявий инвестициялар қисқа муддатли инвестиция сифатида таснифланади. Акцияларга қилинган қисқа муддатли инвестициялар 5810 “Қимматли қоғозлар” счётида ҳисобга олинади (21-сон БҲМС). Улар бозор қиймати бўйича ёки харид қиймати ва бозор қиймати каби икки қийматнинг энг ками бўйича ҳисобга олиниши керак. Қисқа муддатли молиявий инвестицияларни қайта баҳолаш корхонанинг ҳисоб сиёсатига биноан улар қайси қийматда ҳисобга олинишига боғлиқ.

Агарда инвестиция қисқа муддатли инвестициялар таснифига жавоб бермаса, улар узоқ муддатли инвестициялар сифатида таснифланади. У ҳолда акцияларга қилинган молиявий инвестициялар 0610 “Қимматли қоғозлар” счётида ҳисобга олинади (21-сон БҲМС).

Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларида молиявий инвестицияларни қайта баҳолаш муддатлари бўйича аниқ кўрсатмалар мавжуд эмас. Инвестицияларни ҳисобга олиш усули, қайта баҳолаш муддатлари (қайта баҳолаш лозим бўлса) корхонанинг ҳисоб сиёсатида акс эттирилган бўлиши керак (12-сон БҲМС).

Батафсил маълумот олиш учун 12-сон БҲМС “Молиявий инвестицияларни ҳисобга олиш” ҳамда 21-сон БҲМС “Хўжалик юритувчи субъектлар молиявий-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисоби счётлар режасини қўллаш бўйича Йўриқнома” билан танишиб чиқишни тавсия этамиз. 21-сон БҲСМ йўриқномасида 5800 ва 0600 гуруҳига кирувчи счётларни қўллаш бўйича аниқ кўрсатмалар берилган.

Показать ответ

Йил бошидан бир неча ой давомида ишлаб келган ходим охирги ойда аввалги ойлардагидан кескин даражада кам иш ҳақи олган ҳолларда ЖШДС суммаси минус ишораси билан чиқиши мумкин. Бу ортиқча ушлаб қолинган солиқ суммаси ходимга қайтишини билдиради. Ортиқча ушлаб қолинган ЖШДС суммаси ходимга қайтарилаганида ортиқча суммага Дт 6410 Кт 6710 ўтказмасини беради, ёки манфий ишора билан тескари ўтказма Дт 6710 Кт 6410 берилади, натижа бир хил бўлади. 6710 счётининг кредитида ходимга қайтарилган сумма акс этади.

Масалан, ходимга иш ҳақи ҳисобланганида ЖШДС суммаси -10 000 сўм чиқди (манфий). Ушбу сумма ходимга қайтарилиши керак. Ўтказма берасиз:

Дт 6410          10 000 сўм

Кт 67 10         10 000 сўм

6710 счётида кредит бўйича сальдо таркибига 10 000 сўм кирди. Бу коронанинг ходимга бўлган қарзи.

“Нолга тенглаштиришингиз мумкин” деганда эксперт ЖШДС суммасининг манфий ишора билан чиқадиган бошқа ҳолатларини назарда тутган. Масалан, ходим ишдан бўшаганида эмас, янги ишга жойлашганида, унинг ҳозирги иш жойдаги маоши аввалги иш жойидаги маошидан сезиларли даражада кам бўлган ҳолларда ҳам солиқ суммаси аввалига манфий ишора билан чиқиши мумкин. Бундай вазиятда ходимга тўланадиган сумма ва солиқ суммасини кейинги ойларда текислаб юбориш “нолга тенглаштириш” ибораси билан ифода этилади.

Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018 г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. 78-150-11-72, Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+
Яндекс.Метрика