Ответов: 621
Ответы эксперта. Бухгалтерский учет
Показать ответ

Агар хизмат вазифасини бажариш учун ходим томонидан корхона манфаатида харажатлар қилинган бўлса, уларни ҳисобда акс эттириш корхонада қабул қилинган тартибга ёки корхона рахбарининг бу бўйича қабул қилган қарорига боғлиқ.

Корхона ушбу харажатларни ходимга қоплаб берса, қуйидагича ҳисобга олинади.

Ходим томонидан қилинган тўлов суммасига:

Дт 4310 “Алоқа хизматига тўланган бўнаклар”

Кт 6990 “Бошқа мажбуриятлар (ходмига)”

Ходимга тўлов амалга оширилганда:

Дт 69 90 “Бошқа мажбуриятлар (ходмига)”

Кт 5010 “Касса” (ёки 5110 “Ҳисоб-китоб счёти” пул ходимнинг пластик картасига ўтказилса)

4310 счётидаги сумма 6010 счётидаги алоқа хизмати компаниясига бўлган қарздолик суммаси билан ёпилади (зачётга олинади).

Агар корхона ходимга ушбу суммани қоплаб бермаса, у ҳолда ушбу сумма корхонанинг даромади ҳисобланади ва “Хусусий капитал” бўлимининг “Текинга олинган мулк” счётида ҳисобга олинади:

Дт 4310 “Алоқа хизматига тўланган бўнаклар”

            Кт 8530 “Текинга олинган мулк”

Бунда ушбу сумма корхонанинг бошқа даромади сифатида асосий фаолият бўйича солиқ ставкаси бўйича солиқ солинадиган базага киритилади ва солиққа тортилади (СКнинг 132,135, 355-моддалари).

Юқорида баён этилган барча амаллар корхонанинг раҳбари томонидан тасдиқдланган ички (локал) ҳужжатларга асосланган бўлиши керак.

Мобиль алоқа хизматини кўрсатувчи корхоналар билан ҳисоб-китоб қилишда шу нарсага эътибор бериш керакки, ҳозирги пайтда ҳисобрақамдан банк орқали пул ўтказиш электрон тарзда интернет орқали амалга оширилади, пул ўтказишда ҳеч бир қийинчилик мавжуд эмас ва ходимлар томонидан пул тўланишига зарурат йўқ. Одатда, масалан, хизмат сафарида баъзи бир тўловларни амалга ошириш эҳтиёжи туғулиб қолиши мумкин ва бундай ҳолатларда қонун ҳужжатларида ходимларнинг харажатларини қоплаб бериш назарда тутилган. Савол мазмунида кўрсатилган тарзда тўловни амалга ошириш келажакда назорат органлари томонидан “тўлов интизомини бузиш” деб эътироф этилиши эҳтимоли мавжуд.

Қуйидаги “йўллар” (ссылка) орқали ўхшаш саволларга берилган жавоблар мазмуни билан танишиб чиқишингиз мумкин:

https://vopros.norma.uz/question/7792

https://vopros.norma.uz/question/3504

https://vopros.norma.uz/question/6661

 

 

 

 

Показать ответ

Жамият устав капиталини шаклланиши, улушлар киритилиши, таъсисчиларнинг жамиятдан чиқиб кетиши масалалари Ўзбекистон Республикасининг “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисидаги” қонуни (06.12.2001 й.№ 310-II)  ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Жамиятдан чиқиб кетаётган таъсисчига унинг улушининг жамият молиявий ҳисоботи (баланс) маълумотлари асосида аниқланадиган ҳақиқий қиймати қайтарилади. Бунинг учун аввал жамият соф активларининг миқдорини ҳисоблаб чиқариш лозим. Соф активлар миқдори активлар қийматидан қарз мажбуриятларини айириб ташлаш йўли билан ҳисоблаб чиқарилади.

Савол мазмунида келтирилган маълумотлар чиқиб кетаётган таъсисчи улушининг ҳақиқий қийматини ҳисоблаб топиш учун етарли эмас. Бунинг учун , юқорида айтигнанидек, баланс маълумотларига эга бўлиш керак.

Шунингдек, саволда кўрсатилган ишларни амалга оширишда қуйидагиларга эътибор бериш лозим:

Жамият иштирокчилари таъсис ҳужжатларида белгиланган ва жамият давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб бир йилдан ошмайдиган  муддат мобайнида жамиятнинг устав капиталига ўз ҳиссасини тўлиқ киритиши керак (№ 310-II қонуннинг 14-моддаси).

 Белгиланган муддатда устав капитали тўлиқ тўланмаган тақдирда, жамият ўзининг устав капиталини амалда тўланган миқдоргача камайтиришини эълон қилиши ва унинг камайтирилганлигини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиши ёки жамиятни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиши лозим (№ 310-II қонуннинг 19-моддаси).

Агар жамиятни таъсис этиш чоғида жамиятнинг бирор-бир иштирокчиси устав капиталига ўз ҳиссасини ўз муддатида тўлиқ миқдорда қўшмаса, унинг улуши жамиятга ўтади.  Бунда жамият иштирокчисига улушнинг у қўшган ҳисса қисмига мутаносиб равишдаги қисмининг ҳақиқий қийматини жамият  тўлаши лозим. Улуш бир қисмининг ҳақиқий қиймати ҳиссани қўшиш муддати ўтадиган кундан олдинги охирги ҳисобот даври учун жамиятнинг бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланади (№ 310-II қонуннинг 22-моддаси).

 Қўшимча маълумотлар учун қуйида кўрсатилган йўналиш орқали ўхшаш саволларга жавоблар билан танишиб чиқишингиз мумкин:

https://vopros.norma.uz/question/8323

https://vopros.norma.uz/question/2290

 

 

Показать ответ

Савол мазмунида кўрсатилган тузатувчи ўтказмалар тўғри эмас. ЯСТ тўловчиларда бундай хатолик солиқ суммасига таъсир қилмайди.

Давр харажатларига чиқарилган сумма ўтган 20117 йилда харажатларга чиқарилиб, йил якунида молиявий натижа шаклланган ва 8710 “Ҳисобот даврининг тақсимланмаган фойдаси (қопланмаган зарари)” счётида акс эттирилган. Демак, 8710 счётига тузатиш киритиш керак:

Дт 8710          10 000 000

            Кт 0200          10 000 000

(0200 счётлар гуруҳига кирувчи тегишли счёт кредит қилинади).

Энди, ишлаб чиқаришга кирган амортизация харажатига келсак (13 500 000 – 10 000 000 = 3 500 000).Ушбу сумманинг бир қисми сотилган маҳсулот таннархи таркибида 2017 йилда молиявий натижаларга чиқарилган, йил охирида корхонада сақланиб қолган маҳсулотга тўғри келадиган қисми эса 2810 “Омбордаги тайёр маҳсулот” счётида ҳисобга олинган маҳсулот қийматида ўтиради. Шунинг учун бундай ҳолларда аввалига харажатларга чиқарилган амортизация суммаси билан маҳсулот қолдиғининг таннархида ўтирган амортизация суммасини ажратиб олиш лозим. Кейин эса юқорида кўрсатилгани каби тузатиш ўтказмаси иккита счётга нисбатан амалга оширилади. Яъни, 8710 счётига ва 2810 счётига тузатиш киритилади.

Мисол. Корхонада ишлаб чиқариш бўйича йиллик амортизация суммаси 3 500 000 сўм. Тайёр маҳсулот ҳисоби FIFO усулида юритилади. Амортизация тўғри чизиқли усулда ҳисобланади. Йил давомида 120 000 000 сўмлик (таннархи) маҳсулот ишлаб чиқарилган, ундан январь-октябрь ойларида ишлаб чиқарилган 100 000 000 сўмлик маҳсулот йил охирига қадар сотиб бўлинган, йил охирида 20 000 000 сўмлик маҳсулот қолган (ноябрь-декабрь ойларида ишлаб чиқарилган). 3 500 000 сўмга тузатиш киритиш керак.

3 500 000 : 12 х 10 = 2 916 667  - ўн ойлик амортизация суммаси

Дт 0200         2 916 667

            Кт 8710         2 916 667

3 500 000 – 2 916 667 = 583 333  - йил охиридаги маҳсулот қолдиғига тўғри келадиган амортизация суммаси.

Дт 02 00        583 333

            Кт 2810         583 333

ЯСТ тўлвчиларида солиқ солинадиган база – ялпи тушум (СКнинг 355, 356-моддалари). Бу каби хатоликлар солиқ солинадиган базага ва тегишинча, солиқ суммасига таъсир қилмайди. Шунинг учун ЯСТ бўйича солиқ ҳисоботига ўзгариш киритилмайди.

 

 

 

Показать ответ

Зарар суммасини моддий жавобгар шахснинг иш ҳақидан ушлаб қолиш мумкин. Бунда Меҳнат кодексининг тегишли моддаларига ҳамда АВда 06.04.2004 йилда 1334-сонбилан рўйхатга олинган Низом(кейинги ўринларда “Низом”) қоидаларига риоя қилиш лозим.

Ўртача ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда етказилган зарар суммаси айбдор ходимдан иш берувчининг фармойишига мувофиқ ундирилади. Фармойиш зарар етказилганлиги аниқланган кундан бошлаб бир ой ичида чиқарилиши мумкин. Зарар суммаси ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан ошиб кетса ёки зарар аниқланган кундан кейин бир ойлик муддат ўтган бўлса, зарар суд тартибида ундирилади (МКнинг 207-моддаси).

Зарар суммаси ходимнинг иш ҳақидан ундириб олинса, аввалига балансдан ташқари счётда ҳисобга олинган инвентарь сони ва қиймати бўйича балансга қайта ўтказилади. Бунда даромад тан олинади:

Дт 1080 “Инвентарь ва хўжалик жиҳозлари”

            Кт 9390 “Бошқа операцион даромадлар”

Инвентарь ҳисобдан чиқарилади ва ходимнинг моддий зарарни қоплаш бўйича қарзи акс эттирилади:

Дт 4730 “Моддий зарарни қоплаш бўйича ходимларнинг қарзи”

            Кт 1080 “Инвентарь ва хўжалик жиҳозлари”

Зарар суммаси бирданига 4730 счётида акс эттилилса ҳам хато бўлмайди. Бунда тегишли бухгалтерия маълумотлари ёзилиши керак.

Моддий зарар суммаси бозор нархларида ҳисобланади (Низомнинг 2-банди). Ундириладиган зарарнинг бозор қиймати жиҳознинг баланс қийматидан ортиқ бўлса, даромад тан олинади:

Дт 4730 “Моддий зарарни қоплаш бўйича ходимларнинг қарзи”

Кт 9390 “Бошқа операцион даромадлар”

Бозор қиймати баланс қийматидан кам бўлса, зарар тан олинади:

Дт 9430 “Бошқа операцион харажатлар”

            Кт 4730 “Моддий зарарни қоплаш бўйича ходимларнинг қарзи”

Зарар суммаси ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолинганда унинг қарзи ёпилади:

Дт 6710 “Ходим билан ҳисоблашиш”

            Кт 4730 “Моддий зарарни қоплаш бўйича ходимларнинг қарзи”

9390 счётида шаклланадиган даромад фойда солиғи ёкиЯСТ солинадиган базага (корхона қандай солиқ тўловчи эканига қараб) киритилади (СКнинг 132, 355-моддалари).

Показать ответ

Юридик шахс томонидан жисмоний шахснинг турар-жой учун харажатини тўлаб берилиши ёки ушбу харажат ўрнини қоплаб берилиши жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромади ҳисобланади (СКнинг 177-моддаси). Жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромади жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилади, лекин ягона ижтимоий тўловига ҳамда пенсия фондига мажбурий суғурта бадалига тортилмайди (СКнинг 355-моддаси).

Меҳмонхона хизматларини ҳисобда акс эттириш счёт-фактура меҳмонхона томонидан кимнинг номига ёзиб берилганига боғлиқ.

Счёт-фактура ФҲШ асосида ишлар бажарган жисмоний шахс номига ёзилган бўлса, счёт-фактура жимсоний шахснинг ҳисоботига илова қилиб бирламчи ҳужжат тарзида қабул қилинади, унинг қиймати харажатларга олинмайди (Дт 9420), меҳмонхонага мажбурият акс эттирилмайди (Кт 6010). Жисмоний шахсга даромад ҳисоблаб ёзилганда унинг қиймати даромад таркибига алоҳида киритилади. Ҳисоб 1С дастурида юритилса, харажат қиймати жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромади сифатида киритилади, яъни харажат моддасини тўғри танлаш керак. Масалан, қоплаб бериладиган харажат суммаси 100 000 сўмни ташкил этса:

Дт (харажатлар счёти: 9400, 2010); Кт 6710 “Ҳисобланган иш ҳақи”        100 000 сўм

Бунда 100 000 сўм “жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромади” сифатида киритилади. Кейин эса жисмоний шахснинг жами даромади таркибида солиққа тортилади.

Счёт-фактура корхонанинг номига ёзиб берилган бўлса, унинг суммаси дебет бўйича жисмоний шахснинг дебиторлик қарзи сифатида акс эттирилади ва кредит бўйича меҳмонхонага мажбурият ҳисобга олинади:

4790 “Ходимларнинг бошқа қарзлари” ; Кт 6010 “Тўланадиган счётлар” 100 000 сўм.

шунингдек, ходнинг даромади ҳисоблаб ёзилади:

Дт (харажатлар счёти: 9400, 2010); Кт 6710 “Ҳисобланган иш ҳақи”        100 000 сўм

Бунда 100 000 сўм “жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромади” сифатида киритилади.

Солиққа тортиш операцияси бажарилганидан кейин, 4790 счётидаги 100 000 сўм миқдоридаги дебиторлик қарзи Кт 6710 счётига ёпилади.

Ҳар иккала ҳолатда ҳам 100 000 сўм ЯИТ ва суғурта бадали солинадиган базага кирмайди.

Показать ответ

Паррандачилик – етарли даражада мураккаб ва специфик соҳа бўлганлиги учун унда бухгалтерия ҳисобини юритишнинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд.

Паррандачиликда харажатлар ва маҳсулот ҳисобини юритишда асосан 4-сон БҲМС, 21-сон БҲМСларга риоя қилиш керак.

Паррандачилик (шунингдек чорвачилик)да ҳисоб юритишнинг айрим томонларини қисқача очиб беришга ҳаракат қиламиз.

Паррандачилик қуйидаги йўналишларни ўз ичига олиши мумкин:

  • Тухум етиштириш;
  • Парранда гўшти етиштириш;
  • Насл олиш (жўжалар етиштириш).

Авваламбор, паррандаларни классификациялаш (ёки гуруҳларга бўлиш) лозим, масалан, қуйидаги тарзда:

  • Тухум етиштиришдаги ёки насл олишдаги паррандалар;
  • Ўстиришдаги жўжалар (тухумдан чиққан кунига қараб, масалан 1-60 кунлик, 61-130 кунлик, алоҳида);
  •  Бўрдоқидаги (семиртиришдаги) паррандалар.

Ҳисобга олиш тартиби корхонанинг ҳисоб сиёсатига киритилган бўлиши керак.

Тухум ёки насл олиш учун мўлжалланган парранда ҳисоби узоқ муддатли актив сифатида 0170 "Ишчи ва маҳсулдор ҳайвонлар" счётида ҳисобга олинади. Ушбу счётга парранда 0840 "Асосий подани ташкил қилиш" счёти орқали киритилади (Дт 0170; Кт 0840) (21-сон БҲМС йўриқномаси, 1-қисм, 8-§).

Ўстиришдаги жўжалар ва бўрдоқига боқишдаги паррандалар, тегишинча, 1110 "Ўстиришдаги ҳайвонлар" ва 1120 "Бўрдоқидаги ҳайвонлар" счётларида ҳисобга олинади (21-сон БҲМС йўриқномаси, 2-қисм, 2-§).

Олинган маҳсулот (тухумлар) таннархи (қиймати) товуқлар қийматини камайтирмайди.

Маҳсулот (тухум) олиш учун қилинган харажатлар 2010 “Асосий ишлаб чиқариш” счётида ҳисобга олинади.

Мисол.Сарфланган ем қиймати – 4 000 000 сўм, иш ҳақи 5 200 000 сўм, ЯИТ – 800 000 сўм. Бухгалтерия ўтказмалари:

Дт 2010 “Асосий ишлаб чиқариш”; Кт 1010 “Хом ашё ва материаллар” (Ем) – 4 000 000

Дт 2010 “Асосий ишлаб чиқариш”; Кт 6710 “Ҳисобланган иш ҳақи”           – 5 200 000

Дт 2010 “Асосий ишлаб чиқариш”; Кт 6520 “Мақсадли жамғармага тўлов” – 800 000

Ой (давр) тугаганида 2010 “Асосий ишлаб чиқариш” счётини ёпиш пайтида харажатлар калькуляция қилиниб, маҳсулотнинг таннархи аниқланади. Маҳсулот таннархини аниқлашда сотиладиган чиқиндилар қиймати чегириб ташланади.

Мисол.Ишлаб чиқаришга кетган харажатлар 10 000 000 сўмни ташкил этди (ем, иш ҳақи, ЯИТ, бошқа харажатлар), сотиладиган чиқиндилар (парранда аҳлати) – 100 000 сўм, 33 000 дона тухум ишлаб чиқарилган, жами таннарх – 9 900 000 сўм (10 000 000 – 100 000 = 9 900 000), бир дона тухумнинг таннархи 300 сўмга тенг бўлади (9 900 000 : 33 000 = 300).

Юқоридаги мисолларда паррандачилик (чорвачилик)да бўладиган энг оддий операцияларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш кўрсатиб ўтилди. Тўлиқ маълумотларга эга бўлиш учун 4-сон БҲМС ҳамда 21-сон БҲМСнинг 1-қисм, 8-§, , 2-қисм, 2-§ билан батафсил танишиб чиқишни тавсия этамиз.

Показать ответ

Корхона мулки бўлган автомобилни жисмоний шахсга (шу жумладан корхонада ишлаган ёки ишлаётган  ходимга) совға сифатида бериш мумкин. Бунда автомобиль ҳадя шартномаси бўйича жисмоний шахсга мулк қилиб берилади. Автомобиль қийматини унинг мулкдори бўлган юридик шахс белгилайди, унинг қийматини мустақил баҳолаш ташкилоти томонидан баҳолаш талаб қилинмайди. Одатда, текинга бериш бухгалтерия ҳисобидаги қолдиқ қиймати бўйича амалга оширилади. Асосий восита қийматини ҳисобдан чиқариш Адлия вазирлигида 29.08.2004 йилда 1401-сон билан рўйхатга олинган Низомга мувофиқ амалга оширилади.

Бухгалтерия ўтказмалари қуйидагича бўлади:

Асосий восита (АВ) ҳисобдан чиқарилади:

Дт 9210 “АВнинг чиқиб кетиши”; Кт 0160 “Транспорт воситаси”

Эскириш ҳисобдан чиқарилади:

Дт 0260 “Транспорт воситаларининг эскириши”; Кт 9210 “АВнинг чиқиб кетиши”

Савол матнида автомобиль қайта баҳоланмаган дейилган. Лекин унинг бошланғич қиймати ва жамланган эскириш суммасига қараганда асосий восита олинганига 3 йилдан ортиқ вақт ўтган. Белгиланган тартибда қайта баҳолаш ўтказиш керак (АВда 04.12.2002 йилда 1192-сон билан рўйхатга олинган Низом).

Қайта баҳолаш натижалари суммасига (сальдога):

Дт 8510 “Қайта баҳолаш бўйича тузатиш”; Кт 9210 “АВнинг чиқиб кетиши”

Агар корхона ҚҚС тўловчиси бўлса, солиқ солинадиган база ҚҚС суммасини ҳам ўз ичига оладиган, уларнинг реализация қилиш нархи билан қолдиқ қиймати ўртасидаги ижобий фарқ сифатида белгиланади (СКнинг 204-моддаси). Лекин сизнинг ҳолатингизда АВ текинга берилаётгани учун фойда юзага келмайди ва ҚҚС солиш базаси мавжуд бўлмайди (СҚнинг 199-моддаси).

Автомобиль қиймати жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромади ҳисобланади ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига (ЖШДС) тортилади (СКнинг 177-моддаси). Моддий наф тарзидаги даромаддан, агар жисмоний шахс корхона билан меҳнатга оид муносабатларда бўлса (масалан, у корхона ходими бўлса), тўлов манбаида солиқ ушлаб қолинади. Агар жисмоний шахс корхона билан меҳнатга оид муносабатларда бўлмаса, корхона жисмоний шахснинг ёзма аризаси асосида ЖШДС ушлаб қолмасликка ҳаққи бор. Бунда жисмоний шахс декларация асосида ЖШДС тўлаши шарт (СКнинг 189-моддаси). Жисмоний шахсларнинг моддий наф тарзидаги даромади ЯИТга тортилмайди ва ундан ПЖга мажбурий суғурта бадаллари ушлаб қолинмайди (СКнинг 306-моддаси).

Бухгалтерия ўтказмалари қуйидагича:

Текинга берилган мол-мулк қиймати суммасида жисмоний шахсга даромад ҳисоблаб ёзилади:

Дт 4790 “Ходимларнинг бошқа қарзлари”; Кт 6710 “Ҳисобланган иш ҳақи”

Ҳисоблаб чиқарилган ЖШДС суммасига:

Дт 6710 “Ҳисобланган иш ҳақи”; Кт 6410 “Бюджетга мажбурият”

Ой тугаганда:

Дт 6710 “Ҳисобланган иш ҳақи”; Кт 4790 “Ходимларнинг бошқа қарзлари”

Асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисида ЎзР МВ ва ДСҚ томонидан белгиланадиган шаклда, солиқ даври тугаганидан сўнг 30 кун ичида давлат солиқ хизмати органларига маълумотнома тақдим этиши шарт (АВда 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатга олинган солиқ ҳисоботи шакллари).

9210 “АВнинг чиқиб кетиши” счётининг қолдиғи, айни ҳолатда зарар кўрилгани учун 9430 “Бошқа операцион харажатлар” счётига чиқарилади (Дт 9430; Кт 9210).

Қўшимча маълумот олиш учун қуйидаги манбаларга мурожаат қилишингиз мумкин:

СБХ газетасининг 2013 йилдаги 11 сонида чиққан мақола.

https://gazeta.norma.uz/uz/publish/doc/text93329_sovga_qilingan_avtomobil_deklaraciyalanadi?paper=sbx

СБХ газетасининг 2014 йил даги 31-32-сонида чиққан мақола

https://gazeta.norma.uz/uz/publish/doc/text107198_sovga_qilish_uchun_hisobdan_chiqarish_kerak?paper=sbx

Показать ответ

Аукцион савдоси орқали мол-мулк сотилганда аукцион комиссияси томонидан савдо натижаси тўғрисида баённома тузилади. Баённома сотувчи ва харидорга топширилади. Ўтказилган савдо натижалари тўғрисидаги баённома асосида аукцион ғолиби билан сотувчи ўртасида қонун ҳужжатларида белгиланган муддатда олди-сотти шартномаси тузилади (ВМнинг 2009 йил 29 январдаги 27-сон қарорига 2-илова).

Аукцион савдоси орқали сотилган мол-мулк қиймати олди-сотти шартномасида савдо натижасида шаклланган якуний қиймат бўйича белгиланади ва шу қийматда харидорга берилади (сизнинг ҳолатингизда – 39 400 000 сўм).

Автотранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 августдаги 683-сон қарори билан тасдиқланган Низомда баён этилган. Автотранспортни давлат рўйхатидан ўтказишда ЙҲХДХ (ГАИ) органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатини кўриш учун юқорида кўрсатилган Низомнинг 16-бандидага қаранг.

Автотранспорт воситасини давлат рўйхатидан ўтказишда сотувчи харажатлар қилмайди, тўловлар автомашинанинг янги эгасидан ундирилади. Тўловлар қуйидагилардан иборат:

  • Давлат рақами белгиси учун;
  • Автомашина рўйхатга олинганлиги учун;
  • Автомашинани мажбурий техник кўрикдан ўтказиш учун;
  • Республика йўл жамғармасига йиғим.

Ундириладиган тўловлар тўғрисида “Норма маслаҳатчи” газетасининг 2018 йилда чиққан 9-сонидаги “Автомототранспорт билан боғлиқ битим: тўғри расмийлаштириш” номли мақолада етарлича маълумот олишингиз мумкин. Шунингдек, Адлия вазирлигида 2011 йил 21 декабрда 2303-сон билан рўйхатга олинган тўлов ставкалари билан, Президентнинг 29.12.2017 йилдаги ПҚ-3454-сон қарорга 22-илова билан танишиб чиқинг.

Асосий восита чиқиб кетиши натижасида, солиқ солиш тизимига қараб, ягона солиқ тўлови, фойда солиғи, қўшимча қиймат солиғи тўлаш мажбурияти юзага келиши мумкин.

Асосий воситаларни чиқариш натижасида олинадиган фойда ёки зарар асосий воситаларни чиқаришдан тушган даромаддан уларнинг қолдиқ (баланс) қиймати, асосий воситаларнинг чиқарилиши билан боғлиқ билвосита солиқлар ва харажатларни айириш орқали аниқланади (сизнинг ҳолатингизда 7%лик хизмат ҳақи чиқариб ташланади) (5-сон БҲМС, 53-модда). Асосий восита чиқиб кетишидан олинадиган фойдани ёки зарарни аниқлашда асосий воситанинг қайта баҳолаш қолдиғи унинг чиқиб кетишидан олинган даромад таркибига киритилади (яъни, ушбу АВ бўйича 8510 “Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар” счётидаги қолдиқ). Юзага келган фойда ягона солиқ тўлови, фойда солиғи  суммасини ҳисоблашда солиқ солиш объекти бўлиб ҳисобланади (СКнинг 355-моддаси,  133-моддаси). Асосий восита реализация қилинганда, ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база унинг реализация қилиш нархи билан қолдиқ қиймати ўртасидаги ижобий фарқ сифатида белгиланади.  Ушбу сумма (фарқ) ҚҚС суммасини ўз ичига олади (СКнинг 204-моддаси).

Мисол тариқасида ҳисоб-китобларни кўрсатиб бериш учун савол мазмунида келтирилган маълумотлар етарли эмас. Асосий воситалар қийматини балансдан чиқариш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг 2004 йил 16 августдаги 101-сон буйруғи билан тасдиқланган (АВда 2004 йил 29 августда 1401-сон билан рўйхатга олинган). Ушбу Низомда асосий восита чиқиб кетишида ёзиладиган бухгалтерия ўтказмалари кўрсатилган.

Қўшимча маълумот олиш ва ўтказмаларга мисоллар билан танишиб чиқиш учун қуйидаги йўл орқали ўтинг:

https://vopros.norma.uz/question/2147

https://vopros.norma.uz/question/6903

https://vopros.norma.uz/question/9689

Показать ответ

Тўлов манбаида олинадиган фойда солиғини юридик шахслар ушлаб қолишлари шарт. Агар сининг корхона ўзга юридик шахсга фоизлар тўлаш шарти билан қарз берса, сизнинг корхонадан қарз олган ушбу юридик шахс сизга фоизларни тўлаган пайтида солиқ суммасини ушлаб қолади (СКнинг 165-моддаси).

Сизнинг ҳолатингизда қарз олувчи – жисмоний шахс. Ушбу жисмоний шахсга фоизлардан тўланадиган солиқнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Мазкур ҳолатда қарз берувчи корхонада фоиз кўринишидаги даромадлар акс эттирилади ва улар жами даромад таркибида умумбелгиланган тартибда солиққа тортилади (СКнинг 132-моддаси, 355-моддаси). ЯСТ тўловчилари солиқ ҳисоб-китобининг тегишли сатрида фоиз кўринишидаги даромад суммасини акс эттирадилар. Фойда солиғи тўловчиси бўлган корхоналар фоиз кўринишидаги даромад суммасини солиқ ҳисоб-китобида акс эттирмайдилар.

Бухгалтерия ўтказмалари қуйидагича бўлиши керак:

Ходимга қарз беришда қарз суммасига:                           Дт 4720         Кт 5110  

Ҳисобланган фоизлар суммасига:                                   Дт 4830         Кт 9530

Ходимдан асосий қарз суммаси ушлаб қолинганда:        Дт 6710         Кт 4720

Ходимдан фоизлар суммаси ушлаб қолинганда:             Дт 6710         Кт 4830

Батафсил маълумот олиш учун “Норма” компаниясининг сайти орқали “НТВ” газетасининг 2017 йилдаги 39 ва 41 сонларида  чоп этилган материаллар билан танишиб чиқишни тавсия этамиз:

https://gazeta.norma.uz/publish/doc/text135638_nalogovye_posledstviya_dogovora_zayma_dlya_platelshchikov_naloga_na_pribyl?paper=ntv

https://gazeta.norma.uz/publish/doc/text136033_zaymy_dlya_platelshchikov_enp?paper=ntv

Показать ответ

6630 счётида ҳисобга олинган суммалар ва 3290 счётида ҳисобга олинган суммаларни ўзаро қоплаш (яъни зачёт қилиш) мумкин эмас.

3290 “Бошқа кечиктирилган харажатлар” счётида ҳисобга олинган курс фарқлари кейинчалик белгиланган тартибда харажатларга чиқарилиб, молиявий-хўжалик фаолият натижаларига киритилади (22-сон БҲМС, 19-банди).

6630 “Таъсисчиларнинг устав капиталини ошириш бўйича улушлари” счётининг кредитида  таъсисчилар устав капиталини ошириш мақсадида киритган улушлари бўйича уларга бўлган қарздорлик суммаси акс эттирилади. Устав капиталини ошириш тўғрисидаги таъсис ҳужжатларига ўзгаришлар давлат рўйхатидан ўтган санада 6630 счётида ҳисобга олинган қарздорлик 8300 “Устав капиталини ҳисобга олувчи счётлар” гуруҳига кирувчи 8330 “Пай ва улушлар “ счётига ўтказилади. Устав капитали оширилганлиги шу тарзда акс эттирилади (22-сон БҲМС, 2-илова, 7-§, 283-1 банди). Сиз 6630 счётида жамланган суммаларни устав капиталига киритиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Уставга ўзгаришлар киритиб, уни давлат рўйхатидан ўтказишингиз лозим (ЎзР “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонуни, 06.12.2001 й. № 310-II).

Показать ответ

Ходимнинг бир ойлик иш ҳақининг миқдори унинг ўқиши учун контракт пулини тўлашга етарли бўлса, контракт пулини ой тугамасдан ўтказиб берса ҳам бўлади, бу қонунга зид эмас. Буни ходимнинг аризасига биноан ўтказиш мумкин. Ходимнинг аризасини раҳбар имзоси билан тасдиқласа кифоя. Бу корхонада ўрнатилган тартиб-қоидаларга боғлиқ.

Бухгалтерия ўтказмалари бундай ҳолатда қуйидагича бўлади:

Контракт пули ўтказилиши  Дт 4210 Кт 5110

Аванс суммаси ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолиниши   Дт 6710 Кт 4210

Агарда олий ўқув юрти контрагент сифатида ҳисобга олинишини (масалан, маълумот бухгалтерия ҳисобида сақланиши учун) истасангиз ўтказмаларни қуйидагича беришингиз мумкин:

 Контракт пули институтга ўтказилиши  Дт 4890 Кт 5110

Ходимга аванс ҳисоблаб ёзилиши Дт 4210 Кт 4330 (дебиторлик қарзи ходимга ўтказилади)

Аванс суммаси ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолиниши  Дт 6710 Кт 4210

Умуман олганда айни ҳолатда 4210 ёки 4790 счётларидан қайси бирини ишлатишнинг принципиал аҳамияти йўқ, чунки ой тугаши билан ходимга иш ҳақи ҳисобланган пайтда бу қарздорлик ёпилади. Фақатгина, иш ҳақи ва ЖШДС бўйича солиқ ҳисоботни тўлдиришда аванс суммасини ёддан чиқарманг.

7117-саводаги 1- ва 2- ўтказмалар бир вақтнинг ўзида қилинади, шунинг учун уларни қайси кетма-кетликда ёзишнинг аҳамияти йўқ, чунки натижа ўзгармайди.

Асосийси қуйидагиларга эътибор қаратинг: биринчи - тўланган суммани ходимнинг қарзи сифатида акс эттириш (аванс бўйича қарз ёки бошқа қарзи), иккинчи - ушбу суммани ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш, учинчи – имтиёзни тўғри қўллаш, тўртинчи – солиқ ҳисоботида тўғри акс эттириш. 

Показать ответ

Ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) жойидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг юридик ёки жисмоний шахси томонидан чет давлатнинг юридик ёки жисмоний шахси учун ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш – ишларни (хизматларни) экспорт қилиш деб эътироф этилади (СКнинг 22-моддаси).

Савол мазмунидан сизнинг корхонангиз пудрат ишларини Ўзбекистон худудида бажариш тўғрисида хорижий компания билан пудрат шартномасини тузмоқчи ва бу шартнома бўйича хорижий валютада пул маблағи олади. Бундай шартнома экспорт шартномаси ҳисобланади, демак у бўйича олинган валюта – экспорт шартномаси бўйича тушган валюта сифатида ҳисобга олинади.

Объект қурилишида ишлатиладиган материалларни сизнинг корхонангиз Республикамиз ичида миллий валютага сотиб олиши эса – бу таббий ҳол. Қурилиш ишларида ишлатиладиган материаллар ушбу ишларни бажарувчи пудратчи (ёрдамчи пудратчи) ташкилотнинг ўзи томонидан таъминланиши шартномада назарда тутилиши мумкин. Товарлар, ишлар, хизматлар  учун ҳисоб-китоблар Ўзбекистон худудида миллий валютада амалга оширилади, яъни сизнинг корхонангиз миллий валютада Ўзбекистондаги етказиб беручилар билан ҳисоблашади, ишчи-ходимларга иш ҳақи тўлайди ва ҳ.к. Буларнинг ҳаммаси сизнинг корхонангизнинг харажатлари ҳисобланади ва экспорт шартномаси бўйича бажариладиган ишларнинг таннархига киради.

Показать ответ

Жамият таъсисчиси қонун ҳужжатларида ва жамият уставида белгиланган тартибда жамият иштирокчилари қаторидан чиқиб кетишга ҳақли. Жамиятдан чиқиб кетаётган иштирокчига унинг улушини мол-мулк билан берилиш ҳам қонунга зид эмас.

Таъсисчининг жамиятдан чиқиб кетиши, улушини олиши ёки сотиши, бошқа жамиятга қўшилиши, устав капиталини ошиши ёки камайиши каби масалаларга тегишли тартиб-қоидалар Ўзбекистон Республикасининг “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар” тўғрисидаги қонунида (06.12.2001 йилдаги  №310-II қонун) (кейинги ўринларда Қонун) белгиланган.

Таъсисчи жамиятдан ўз улушини олиб чиқиб кетишини бир қанча қонуний усуллар билан амалга ошириш мумкин. Масалан,

1. Таъсисчи жамиятдан чиқиб кетади ва ўз улушини мол-мулк билан олади, бунда устав капитали камаяди.

2. Таъсисчи жамиятдан чиқиб кетади ва ўз улушини мол-мулк билан олади, бунда устав капитали камаймайди. Жамият таъсисчининг улушини сотиб олади ва унга тўловни мол-мулк бериш орқали амалга оширади.

Буларнинг барчаси таъсисчилар йиғилишининг қарори асосида амалга оширилади. Ундан ташқари, Қонунда жамият устав капиталининг миқдорига, жамиятнинг соф активлари қийматига нисбатан қўйилган талабларга риоя қилиниши лозим.

3. Жамиятни бўлиш, ажратиб чиқариш, қўшиб олиш ва ҳ.к. каби қайта ташкил этиш орқали жамият активларини бўлиб олиш ва кейин бинони бошқа жамият устав капиталига киритиш.

Буларни амалга ошириш учун ҳам таъсисчилар умумий йиғилишининг қарори талаб этилади. Қайта ташкил этиш тартиби эса юқорида эслаб ўтилган Қонуда баён этилган.

Юқорида кўрсатилган масалалар тўғрисида аниқ бир фикрга келишингиз учун Қонун моддалари билан батафсил танишиб чиқишни ҳамда малакали юристга мурожаат қилишингизни тавсия этамиз. Шундан кейин ҳар бир вазиятни анализ қилиб чиқиб, ўзингизга мос келадиган усулни танлашингиз мумкин бўлади.

Бухгалтерия ўтказмалари таъсисчилар қабул қилган қарорга ва амалга ошириладиган операцияларга боғлиқ. Ҳар қандай ҳолатда ҳам БҲМС талабларига риоя қилиб ўтказмалар бериш лозим бўлади. Жамиятингиз таъсисчиси қай тарзда чиқиб кетиши тўғрисида аниқ фикрга келганингиздан сўнг вазиятни батафсил баён этган ҳолда бизга мурожаат қилсангиз, бухгалтерия ўтказмалари бўйича керакли тавсияларни берамиз.

Показать ответ

1. Саволда кўрсатилган  муаммо ечимини топиш учун уни жойида кўриш керак. Муаммони ҳар хил амаллар билан тузатиш мумкин.

Масалан, аванс тўлашдан аввал ойнинг биринчи ярми учун иш ҳақи ҳисоблаб ёзиш мумкин, бу қонунга зид эмас. 1С программасида иш ҳақини ойнинг биринчи ярми учун ва иккинчи ярми учун алоҳида ҳисоблаш имконияти кўзда тутилган. Фақатгина ундан тўғри фойдаланиш лозим. Агар программани тўғри созлаб, иш ҳақини ойига икки марта ҳисоблаб ёзилса солиқ имтиёзини қўллашда муаммо бўлмаслиги керак. Шунда аванс берилган пайтда 6710 счётининг кредитида иш ҳақи бўйича мажбурият бўлади ва қарз суммасини ундан ушлаб қоласиз (Дт 6710 Кт 4720 ўтказмаси орқали).

Ёки бўлмаса, Дт 4210 Кт 4720 ўтказмасини қўлласангиз, 1С программаси бўйича мутаҳассисдан программани созлаб беришни сўранг. Сизнинг ҳолатингизда ой тугагач иш ҳақи ҳисоблаб ёзилганда аванс суммаси ушлаб қолинган пайтда программага киритилган имтиёзни қўллаш системаси ишламаяпти. Бундай ҳолатда ўтказмалар бўйича аниқ тавсия бериш учун муаммони жойида кўриш лозим. Бу муаммо сиз программадан тўғри фойдалана олмаётганингиз натижаси деб ўйлайман.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам 1С программаси бўйича мутаҳассисга мурожаат қилишингизни маслаҳат қиламиз.

2. Ходим олган қарзини истаганича қайтариши мумкин. Солиқ имтиёзини қўллаш ходим корхонага бўлган қарзини қай тарзда қайтаришига боғлиқ эмас (иш ҳақидан ушлаб қолиш, ҳ/рақамга ёки кассага тўлаш). Солиқ имтиёзлари ходимнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган даромадларига нисбатан қўлланилади, масалан, олий ўқув юртида ўқишга йўналтирган даромадига (СКнинг 179-моддаси).

Агар 1С программасида ҳисоб-китоблар автомат режимида амалга оширилганда хатоликлар бўлса, қўл режимида ишлаш имконияти ҳам бор. Мутаҳассис программист келгунига қадар қўл режимида ишлаб туриш мумкин.

Показать ответ

Таъсисчи улуши камайишида расмийлаштириладиган ҳужжатлар.

Тасисчи улушининг камайиши, унинг улуши мол-мулк билан берилиши таъсисчилар умумий йиғилишининг қарорига асосан амалга оширилади. Бунинг учун таъсисчиларнинг умумий йиғилиши қарорини тайёраш лозим. Кейин жамият уставига ўзгаришлар киритилади ва давлат рўйхатидан ўтказилади. Демак, расмийлаштириладиган ҳужжатлар: таъсисчиларнинг умумий йиғилиши қарори ва уставга ўзгаришлар.

Айни ҳолатда таъсисчи 116 млн.сўмлик бинони қайтиб олса, у ушбу қийматдаги суммани жамиятга киритиши ёки жамият устав фондини шу суммага камайтириш, ёҳуд жамият мазкур таъсисчининг улушини сотиб олиши керак.

Агар жамиятнинг устав фонди ўзгарганда ва унинг активларида ўзгаришлар бўлганда, Ўзбекистон Республикасининг “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар” тўғрисидаги қонунида (06.12.2001 йилдаги  №310-II қонун) жамиятнинг молиявий кўрсаткичларига нисбатан қўйилган шартлар бажарилиши лозим. Хусусан, Қонунда жамият устав капиталининг миқдорига, жамиятнинг соф активлари қийматига нисбатан қўйилган талаблар мавжуд. Уставга ўзгаришлар киритишда қонун талаблари бажарилиши керак. Демак, молиявий ҳисоботларни анализ қилиб чиқиш керак.

Бухгалтерия ўтказмалари.

Таъсисчининг улуши камайиши қуйидагича акс эттирилади:

Дт 8330 “Пай ва улушлар”, Кт 6620 “Чиқиб кетаётган таъсисчиларга улушлари бўйича қарз” 116 мл.сўм

Асосий воситанинг балансдан чиқиб кетиши 5-сон БҲМСга асосан амалга оширилади ва 9210 “Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши“ счёти орқали акс эттирилади. Таъсисчи ўз улушини олганда 6620 счётидаги қолдиқ 9210 счётига ёпилади.

АВда 29.08.2004 йилда 1401-сон билан рўйхатга олинган Низомда асосий воситаларни балансдан чиқаришда бериладиган бухгалтерия ўтказмалари батафсил кўрсатилган.

Таъсисчилар таркиби ёки улуши ўзгариши билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш учун малакали юрист хизматидан фойдаланишни тавсия этамиз (масалан, савдо-саноат палатасининг маслаҳат хизмати).

Показать ответ

Асосий воситаларни сотишда уларни балансдан чиқариш 5-сон БҲМСга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг 2004 йил 16 августдаги 101-сон буйруғи билан тасдиқланган Низомга мувофиқ амалга оширилади (АВда 2004 йил 29 августда 1401-сон билан рўйхатга олинган).

ЯСТ тўловчиларида бухгалтерия ўтказмалари.

Ҳисобда акс эттириладиган

 операциялар

Дт

Кт

Пул келиб тушиши

51 10 Ҳисоб-китоб счёти

63 10 Харидорлардан олинган аванслар

АВни реализация қилиш (60 млн.сўмга)

40 10 Харидорлардан олинадиган счётлар

92 10 Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши

Хизмат ҳақи (7%) харажати

92 10 Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши

40 10 Харидорлардан олинадиган счётлар

Дебиторлик қарзи келиб тушган пул суммаси билан ёпилиши (зачёт)

63 10 Харидорлардан олинган аванслар

40 10 Харидорлардан олинадиган счётлар

АВнинг бошланғич қийматини ҳисобдан чиқариш

92 10 Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши

01 00 Асосий воситалар

Жамланган эскиришни ҳисобдан чиқариш

02 00 Асосий воситаларнинг эскириши

92 10 Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши

Қайта баҳолаш сальдосини ҳисобдан чиқариш

85 10 Қайта баҳолаш натижаси

92 10 Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши

АВни сотишдан фойда

92 10 Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши

93 10 Асосий восита чиқиб кетишидан фойда

ЯСТ тўловчиларида АВни сотишдан олинган фойда солиқ тўловчининг бошқа даромади таркибига киради (СКнинг 132-моддаси) ва ЯСТ бўйича солиқ солиш объекти ҳисобланади (СКнинг 355-моддаси 2-банди). Бундай даромад солиқ тўловчининг асосий фаолияти бўйича ЯСТ ставкасида солиққа тортилади.

Умумбелгиланган солиқлар тўловчиларида бухгалтерия ўтказмалари.

Бошқа даромадлар (СКнинг 132-моддаси) бухгалтерия ҳисобида молиявий натижаларга олиб борилади ва “Молиявий натижалар тўғрисидаги” ҳисоботда (2-сонли шакл) асосий фаолиятнинг бошқа даромадлари сифатида акс эттирилади ва шу йўсинда фойда солиғини ҳисоблашда иштирок этади.

Умумбелгиланган солиқлар тўловчиларида АВни сотишда ҚҚС тўлаш мажбурияти юзага келиши мумкин.

АВ реализация қилинганда, ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база унинг реализация қилиш нархи билан қолдиқ қиймати ўртасидаги ижобий фарқ сифатида белгиланади.  Ушбу сумма (фарқ) ҚҚС суммасини ўз ичига олади (СКнинг 204-моддаси). (фарқ / 120 х 20).

Ҳисобда акс эттириладиган

 операциялар

Дт

Кт

Пул келиб тушиши

51 10 Ҳисоб-китоб счёти

63 10 Харидорлардан олинган аванслар

АВни реализация қилиш (60 млн.сўмга)

40 10 Харидорлардан олинадиган счётлар

92 10 Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши

Хизмат ҳақи (7% ) харажати

92 10 Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши

40 10 Харидорлардан олинадиган счётлар

Дебиторлик қарзи келиб тушган пул суммаси билан ёпилиши (зачёт)

63 10 Харидорлардан олинган аванслар

40 10 Харидорлардан олинадиган счётлар

АВнинг бошланғич қийматини ҳисобдан чиқариш

92 10 Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши

01 00 Асосий воситалар

Жамланган эскиришни ҳисобдан чиқариш

02 00 Асосий воситаларнинг эскириши

92 10 Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши

Қайта баҳолаш сальдосини ҳисобдан чиқариш

85 10 Қайта баҳолаш натижаси

92 10 Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши

ҚҚС ҳисоблаб ёзиш

92 10 Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши

64 10 Солиқлар бўйича мажбурият

АВни сотишдан фойда

92 10 Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши

93 10 Асосий восита чиқиб кетишидан фойда

Показать ответ

Қарз беришда томонларнинг бири (қарз олувчи ёки берувчи) юридик шахс бўлса, ёзма шаклда қарз шартномасини тузиш шарт (ФКнинг 733-моддаси). Қонун ҳужжатларида қарз суммасига нисбатан чекловлар қўйилмаган.

Ўз ходимига қарз бериш каби масалаларни корхонанинг ички ҳужжатларда ўрнатилган қоидаларга мувофиқ ҳал қилиш мумкин. Ёки, корхона уставига мувофиқ корхона раҳбарида бундай ваколат бўлса, унинг ёзма буйруғига асосан, ходим билан ёзма шаклда шартнома тузган ҳолда, исталган суммада қарз бериш мумкин. Бунда албатта берилган қарзни қайтмаслик рискини ҳисобга олиш лозим. Чунки, ходимнинг ойлик иш ҳақи миқдори нисбатан паст, берилмоқчи бўлган қарз миқдори эса анча юқори суммани ташкил этади.

Маълумот учун:

Корхонангиз томонидан ходимга бериладиган 500 000 сўм миқдоридаги ойлик иш ҳақи суммаси 2018 йил 1 ноябрдан бошлаб тариф сеткасининг 1-разряди бўйича бериладиган энг кам иш ҳақи суммасидан паст бўлади ва МКнинг 153-моддаси, ВМнинг 21.07.2009 йилдаги 206-сон қарори, Президентнинг 13.10.2018 йилдаги ПФ-5553 сонли Фармонига мос келмай қолади. Иш ҳақи миқдорини қонун ҳужжатилари талабларига мувофиқлаштириш керак.

Показать ответ

Корхона балансида ҳисобга олинмаган мол-мулк инвентаризация ўтказиш натижасида ҳисобга олинади. Бунинг учун 19-сон БҲМСга мувофиқ, корхона ҳудудида инвентаризация ўтказасиз. Инвентаризация жараёнида ҳисобга олинмаган объектларни аниқлайсиз ва стандартларда назарда тутилган ҳужжатларни расмийлаштирасиз. Инвентаризация натижаларига қараб, ҳисобга олинмаган мол-мулкни ҳисобга оласиз. Ортиқча чиққан мол-мулк жорий (бозор) қиймати бўйича ҳисобга олинади.

Лекин, ушбу объектларни ҳисобга олишдан аввал баъзи бир омилларни текшириб чиқиш лозим. Савол мазмунида кирим қилинмаган иншоотларнинг қаердан пайдо бўлганлиги ёзилмаган. Бу объектлар бинони устав фондига киритган таъсисчига тегишли бўлиши мумкин. Ҳисобга олинмаган объектлар жойлашган ер участкаси сизнинг корхона номига расмийлаштирилганми, ортиқча объекларга бўлган мулк ҳуқуқи бинонинг эски мулкдорида сақланиб қолганми ёки бу объеклар кейинчалик жамият томонидан барпо этилганми, шу масалаларни ўрганиб чиқиш керак. Мазкур объектлар ўзга шахсларга тегишли эмаслигига ишонч ҳосил қилганингиздан сўнг уларни ҳисобга олишингиз мумкин. 

Показать ответ

Ускуна билан бирга олинган эҳтиёт қисмлар ҳисобда нотўғри акс эттирилган.

Ускуна етказиб берувчи (ёки УФга ускуна киритувчи таъсисчи) томонидан берилган ҳужжатларда кўрсатилмаган ортиқча эҳтиёт қисмлар ҳисоби фақат сони бўйича юритилмайди. Айни ҳолатда сиз олган эҳтиёт қисмлар текинга олинган мол-мулк деб эътироф этилади ва жорий (бозор) қиймати бўйича ҳисобга олинади (4-сон БҲМС, 19-банди). Бухгалтерия ҳисобида уларнинг қиймати кредит бўйича 8530 “Текинга олинган мулк” счётида акс эттирилади (Дт 1040 – сони ва қиймати бўйича; Кт 8530 қиймати бўйича).

Солиқ солиш мақсадида текинга олинган мол-мулк (СКнинг 135-моддаси) солиқ тўловчининг бошқа даромадлари таркибига киради (СКнинг 132-моддаси). Унинг қиймати бозор нархи бўйича аниқланади.

Бозор (жорий) нархи ҳужжатлар билан ёки баҳоловчи ташкилотнинг ҳисоботи билан тасдиқланган бўлиши керак. Шу тарзда аниқланган қиймати бўйича улар ҳисобга олинади (4-сон БҲМС, 19-банди) ва ЯСТ ёки фойда солиғини ҳисоблашда солиқ  солинадиган базага қўшилади (СКнинг 355-моддаси, 132-моддаси).

Показать ответ

Солиқ оқибати таъсисчи томонидан пул маблағи қандай шартлар билан киритилганига боғлиқ. Таъсисчи корхона ҳисобрақамига қуйидаги шартлар билан пул киритиши мумкин:

1) Устав капиталини ошириш мақсадида таъсисчилар қарорига мувофиқ;

2) Қайтариб бериш шарти билан қарз сифатида қарз шартномаси асосида;

3) Қайтариб бермаслик шарти билан ҳадя шартномаси асосида.

Биринчи ҳолатда солиқ оқибатлари юзага келмайди. Бундай ҳолларда киритилган пул суммаси таъсисчи киритган улуш бўйича қарздорлик сифатида 6630 счётида ҳисобга олинади. Уставга тегишли ўзгаришлар давлат рўйхатидан ўтганидан кейин 8530 счётига ўтказилади.

Иккинчи ҳолатда, Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан паст бўлмаган ставкада фоиз тўлаш шарти билан пул олинса, корхонада солиқ оқибатлари юзага келмайди. Лекин, қарз суммаси фоизсиз ёки МБнинг қайта молиялаштириш ставкасидан паст ставкада олинган бўлса, корхонада солиқ солиш мақсадида текинга олинган мулк кўринишидаги даромад борлиги тан олинади ва ЯСТ тўланадиган базага қўшилади (СКнинг 355, 356-моддалари). Солиққа тортиладиган даромад суммаси СКнинг 135-моддасига мувофиқ аниқланади. Бухгалтерия ҳисобида асосий қарз суммаси ҳар иккала ҳолатда ҳам бошқа мажбуриятлар сифатида 6990 счётида акс эттирилади. Ҳисобланган фоизлар харажатларга чиқарилади ва мажбурият сифатида 6920 счётида акс эттирилади.

Учинчи ҳолатда эса, яъни таъсисчи қайтиб бермаслик шарти билан пул маблағи киритса, унинг қиймати текинга олинган мулк сифатида 8530 счётида акс эттирилади. Солиқ солиш мақсадида текинга олинган мулк қиймати (айни ҳолатда олинган қарз суммаси) корхонанинг бошқа даромадлари таркибига киради ва ЯСТга тортилади (СКнинг 355-моддаси, 132-моддаси, 135-моддаси). 

Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018 г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. 78-150-11-72, Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+
Яндекс.Метрика